muslim.uz

muslim.uz

samedi, 06 août 2022 00:00

Сохта мужоҳидлар

“Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир” (Ҳужурот сураси, 15-оят).

  Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла росулиллаҳ, ва баъд. Оламларнинг Робби ва мақтовларнинг энг яхшиси Унга хос бўлган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Шафоатчимиз пайғамбарлар саййиди Муҳаммад Мустафо сололлоҳу аълайҳи ва салламга салоту саломлар бўлсин. Бизгача илмни омонат билан етказган барча уламолардан Аллоҳ рози бўлсин. Дунёнинг бугунги ҳолати ҳеч кимга сир эмас. Ўзини ҳақиқий мусулмон деб қолганларни адашганга чиқараётган фитначи бемазҳаблар дунёни бузиб юборишгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат саналади. Бундай адашган тоифаларга эргашганларга эътибор берилса, уларнинг аксарининг ақллари ноқис, илмдан узоқ ва кўр-кўрона мутаассиблик қилувчи одамлар эканлиги кўринади.

Баъзилари эса қандайдир обрў ёки мол-мулк орқасидан қувган гумроҳ кимсалардир. Яна баъзилари эса аламзада ҳаётда мақсадларига эришолмаган одамлардир. Улар умуман илм ҳам олишмайди, олимни ҳам тинглашмайди. Шундай экстремистик оқимлар Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмаган мусулмонларни куфрда, жоҳилликда ва кўпхудоликда айблайдилар. Уларнинг фикрича ислом ер юзидан бундан неча юзлаб йиллар илгари йўқ бўлиб кетган ва ҳозирги қонунлар, конституциялар ва ҳокимлар барчаси куфр ҳисобланади. Буларни тўғрилаш учун эса барча “адашган” мусулмонларга қарши жиҳод қилишимиз шарт деб билишади. Ҳақиқат эса тамоман бошқачадир.

Аллоҳ таоло жиҳодни айнан урушга боғлаб қўймаган ва бу сўзнинг асли ислом манфаатлари йўлидаги уринишларни ифода этади. Энди қачонки жиҳод фарз бўлиб қолса ҳам унда дарахтлар кесилмаслиги, чорвалар ўлдирилмаслиги ва бошқа дин вакиллари ўз ибодатхоналарида қатл қилинмаслиги каби бир қанча шартларни қўядики бундан исломнинг фақатгина олий манфаатларни кўзлагани тушунилади. Уни Аллоҳ инсонлар учун раҳмат, адолат ва ўзаро ҳурмат қилиб жорий қилган. Бундан бошқаси жиҳод эмас золимлик ва ноҳақ урушлардан бошқа нарса эмас. Энди бугунги кунга келиб бу разил мақсадли адашган экстремистларнинг қилмишлари туфайли исломни дунё босқинчилик, зулм, ноҳақлик ва мутаассиблик сифатида кўрмоқда. Улар эса “намоз ўқишни билмайдими демак кофир”, “конституцияга амал қиладими демак кофир” ҳатто “соқоли йўқми демак адашган” деб иддао қилишдан чарчашмаяптилар. Буларнинг исломга келтираётган зарарларининг чегараси йўқ, афсуски. Бир ҳадис мисолида уларнинг йўллари нақадар хато ва нақадар суннатдан узоқлигини исботлаб берамиз инша Аллоҳ.

Муҳаддислар имоми Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг машҳур сахихларида Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорийдан қуйидаги сахих ҳадисни ривоят қилганлар: “Бир куни кечки пайт бир киши туяда масжидга келди ва Муоз розиаллоҳу анҳунинг орқаларида туриб у кишига эргашган ҳолда намоз ўқишни бошлади. Ўшанда Муоз розиаллоҳу анҳу жамоат билан намозда Бақара ёки Нисо сурасини ўқиб тургандилар. Шунда ҳалиги киши жамоат намозидан чиқиб ёлғиз ўзи намоз ўқиб олди ва кетиб қолди. Унга бу ишини Муоз розиаллоҳу анҳу маъқулламаганлигини айтишганда у пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб Муоз розиаллоҳу анҳунинг намозни узун ўқишларидан шикоят қилди. Шунда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розиаллоҳу анҳуга уч бора: “Эй Муоз, фитна қиляпсанми?” деб туриб яна шундай дедилар: “Нега намозингда “Саббиҳисма Роббикал Аъла”, “Вашшамси ва дуҳаҳа”, “Валлайли иза яғша” каби кичик сураларни ўқимадинг?” – дедилар. “Сенинг орқангдан қари одамлар, кам қувватлар ва иши борлар намоз ўқишини унутма” – дедилар.”

Юқоридаги набавий ҳадисдан кўриниб турибдики кимки исломни инсонлар ўртасида ёймоқчи, жорий қилмоқчи бўлса бу ишида уларнинг қийинчилигига сабаб бўладиган ишлардан узоқ бўлиши уқдирилмоқда. Бу ишнинг фитнага, норозичиликка олиб келиши ва хавфли экани тушунтирилмоқда. Бундай ишни қиладиган ҳатто исломдаги энг яхши амал бўлмиш намоз ўқиятганлигига қарамай уни фитначи деб атамоқдалар. Аслида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозни қанчалар яхши кўришлари ва кўп ўқиганликлари маълум ва машҳур. Шундай бўлсада жамоат намозларини орқадаги эргашувчиларнинг ҳолларини инобатга олиб доим қисқа қилишга ҳаракат қилганлар. Ушбу ҳадисда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кимки ислом қонунларини инсонларга сингдиришни хохласа асло уларга қўполлик ёки қийинчилик етказмаслиги лозимлиги ва агар шундай қиладиган бўлса бу иши билан у фитнанинг ёйилишига сабаб бўлиши ва исломдан одамларни нафратлантириб қўйиши айтилмоқда.

Экстремистик оқимлар ҳозирда бутун дунё мусулмонларига жиҳод фарзи айн бўлган деб ҳисоблаб барча мусулмонларни уларнинг наздидаги кофирларга қарши жангга чорламоқдалар ва бу ишда қатнашмаганларга ҳеч қандай узр йўқ деб ҳисобламоқдалар. Бу билан улар ҳақиқий олимларнинг жиҳодга берган таърифига тескари иш қилмоқдалар. Ислом уламолари жиҳодга Аллоҳнинг йўлида турли хил фойдали мақсадларда ҳаракат қилиш деб таъриф берганлар ва нафс жиҳоди, илм билан жиҳод қилиш каби маънолар берганлар. Шунингдек баъзида ҳолатдан келиб чиқиб куч ишлатиш йўли билан ҳам жиҳод қилинади деганлар. (Бундай ҳолатни уламолар кенгашлари ҳал қилади)

 Адашган тоифаларнинг жиҳод борасидаги катта адашувларидан бири улар жиҳодни исломнинг мақсадларидан бири сифатида билишидадир. Тохир ибн Ашур роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мақасидуш Шариъа” китобларида жиҳод исломнинг мақсади бўлмай балки асосий мақсад учун бир восита деб айтганлар. Яъни баъзида экстремистик тоифалар сингари жиҳодни фақат уруш деб билиб уруш қилгандан тескари натижа чиқади ва буни бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Бир овоздан айтилган гап шуки исломда жиҳоднинг асоси одамларни тўғри йўлга бошлашдир. Залолатдан ҳидоятга, жоҳилиятдан илмга ва қоронғуликдан нурга олиб чиқишдир. Бунга мисол пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбар ғазотига Али розиаллоҳу анҳуни юбора туриб шундай деган эдилар: “Аллоҳ сен туфайли бир кишини тўғри йўлга ҳидоят қилиши сен учун энг қиммат туялардан кўра яхшироқдир.” Мана шу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики ғазотнинг асл мақсади йўлда учраганларни қиришмас балки одамлар ҳидоятига сабаб бўлиш эканлиги. Ҳақиқий дин уларни Аллоҳга, тўғри йўлга чақиришда эканлиги маълум бўлмоқда.

Аллоҳ барчамизни Ўзининг мустақим йўлида собитқадам қилсин. Амин.

 

Ҳайбатулло РАШИДОВ - Шўрчи тумани “Толли ота жоме масжиди” имом-хатиби

2022-2023 ўқув йили кундузги таълим йўналиши бўйича Тошкент ислом институтига ҳужжат топширган абитуриентларга "Имтиҳонга кириш рухсатномаси" 2022 йил 28 июлдан 6 августга қадар институт қабул ҳайъати томонидан тарқатилмоқда. Бу ҳақда oliymahad.uz хабар бермоқда.

Абитуриентлар "Имтиҳонга кириш рухсатномаси"ни олиш учун Тошкент ислом институтига келиб, қабул ҳайъати томонидан берилган тилхат ва паспорт (ID карта) аслини кўрсатган ҳолда олишлари мумкин.

Абитуриентлар паспорт (ID карта) асли ва "Имтиҳонга кириш рухсатномаси" билан имтиҳонларга киритилади.

"Имтиҳонга кириш рухсатномаси"ни бериш вақти:

Соат: 9:00 - 17:00;
Тушлик: 12:30 - 14:00.

"Имтиҳонга кириш рухсатномаси"ни бериш 2022 йил 6 август соат 12:30да тўхтатилади.

Мурожаат учун телефон:
(71) 240-03-58, (99) 004-55-51

Тошкент ислом институти манзили: Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўча, 47-уй.

https://goo.gl/maps/Ng8xP1yVfJwJvB3e7 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни ғусл қилиб, иложи борича покланиб, ўз мойидан, уйидаги хушбўйлардан суртиб, сўнгра чиқиб, икки кишининг орасини ёрмай (жой топиб) ўзига битилган намозни ўқиса ва имом гапирганда жим туриб, қулоқ солса, албатта, унинг ўтган жумадан бунгача бўлган нарсалари мағфират қилинади», дедилар».

Абу Ҳурайра:

«Уч кун зиёдаси билан. Чунки ҳар бир яхшилик ўн мислга кўпайтирилур», деди».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Абу Довуднинг лафзида:

«Ким жума куни ғусл қилиб, энг яхши либосларидан кийса, агар хушбўй нарсаси бўлса, ундан суртса, сўнгра жумага бориб, одамларнинг елкасидан ҳатлаб ўтмаса, кейин ўзига битилган намозни ўқиса, имоми чиқса, у намозидан фориғ бўлгунча қулоқ осса, бу (жума) билан ундан олдинги жума орасидаги нарсага каффорот бўлади», дейилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аллоҳ таоло жума кунида ҳеч бир мусулмоннинг гуноҳини кечирмай қўймайди».

Табароний ривоят қилган.

 

islom.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла ҳазратлари

Ислом шариатда суннатнинг тутган ўрнини янада яхшироқ англаб олиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони карим оятларини қилган тафсирларидан мисоллар келтирайлик.

  1. Намоз – Ислом шариатининг беш устунидан бири, фарз саналган ибодатлардан, шаҳодатдан кейин турувчи амал. Қуръони каримнинг 70дан ортиқ оятларида намоз ўқишга буюрилади. Аммо бирорта оятда уни қандай адо этишнинг тартиблари баён этилмаган.

Тўғри, намоздаги: руку, сажда, қиём каби айрим ҳаракатлар ҳақида оятлар бор, аммо намозни тўлиқ адо этиш тартиби ҳақида ҳеч қандай оят учрамайди. Бу борада, фақатгина суннат орқали намоз ўқишни ўрганиш мумкин. Суннатдан бошқа бирор манба орқали уни ўрганиб бўлмайди.

Демак, Аллоҳ таоло 70 дан ортиқ оятларда намоз ўқишга буюриб, уни қандай адо этишни тўлиқ баён этмаганлигининг сабаби бу – суннатнинг аҳамияти ва унинг ўрнини билдириш учундир. Зеро, Қуръони каримда илмларнинг асоси баён этилади, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, изоҳлаш Пайғамбар алайҳиссаломнинг вазифасидир. 

  1. Аллоҳ таоло Қуръони каримда намозни ўз вақтида ўқишга буюради. Бу ҳақда Аллоҳ талол бундай марҳамат қилади:

إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ كَانَتۡ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ كِتَٰبٗا مَّوۡقُوتٗا ١٠٣

Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир (Нисо сураси, 103-оят).

Аммо бирорта оятда намозни қачон ўқиш кераклигининг аниқ вақти баён этилмаган. Ҳатто фарз намози беш маҳал экани ҳам Қуръонда келмаган. Намознинг беш маҳаллиги ва бир кеча-кундузда уларнинг ўқилиш вақтларини фақатгина суннат орқали билиш мумкин. 

  1. Қуръонда намознинг ракатларининг сонини билдирувчи бирорта оят йўқ. Фақатгина суннат орқали бомдод намози 2 ракат, пешин, аср, ҳуфтон намозлари 4 ракат, шом эса 3 ракат фарздан иборат эканини билиш мумкин. Суннатни ўрганмай туриб ҳатто Ислом динининг устунларидан бўлган – намозни ҳам тўғри адо этиш мумкин эмас. 
  1. Ислом динининг учинчи устуни – закот. Қуръони каримда 30 дан ортиқ оятда таъкидланган фарз амал. Аммо закот кимларга фарз? Закотни қачон бериш керак? Нималардан закот берилади ва нималардан берилмайди? Агар суннат бўлмаганда бу саволлар очиқ қоларди. Айнан Набий алайҳиссалом ким ва кимга зкаот берилишини аниқ, очиқ-равшан тушунтириб берганлар. 
  1. Ислом динининг тўртинчи устуни – ҳаж. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَلِلَّهِ عَلَى ٱلنَّاسِ حِجُّ ٱلۡبَيۡتِ مَنِ ٱسۡتَطَاعَ إِلَيۡهِ سَبِيلٗاۚ ٩٧

"Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир" (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Ушбу оятда ҳаж амалини неча маротаба бажариш лозимлиги баён этилмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам банда умри давомида соғлом ва молиявий жиҳатдан қодир бўлганда бир маротаба адо этиши фарз эканини таъкидлаганлар. 

  1. Ислом динининг навбатдаги устуни – Рамазон ойининг рўзаси. Қуръони каримда рўзанинг асосий шартлари баён этилган оятлар мавжуд. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз ва амаллари орқали ушбу ибодат батафсил тушунтирилган. Хусусан, рўзадорлар учун еб-ичиш ва жинсий яқинлик қилишдан ташқари яна қандай амалларни бажариш тақиқланган? Қайси шартларга кўра кундуз куни рўзани очиб юбориш мумкин? Рўзадорнинг хулқи қандай бўлиши керак? Бу саволларга фақат суннат орқали жавоб топиш мумкин. 
  1. Қуръони каримда жунубликдан покланиш алоҳида таъкидланади. Аллоҳ таоло бундай буюради:

وَإِن كُنتُمۡ جُنُبٗا فَٱطَّهَّرُواْۚ ٦

"Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!" (Моида сураси, 6-оят).

Бошқа оятда эса, жунуб ҳолатда намозга яқинлашмаслик айтилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَقۡرَبُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَنتُمۡ سُكَٰرَىٰ حَتَّىٰ تَعۡلَمُواْ مَا تَقُولُونَ وَلَا جُنُبًا إِلَّا عَابِرِي سَبِيلٍ حَتَّىٰ تَغۡتَسِلُواْۚ ٤٣

"Эй, иймон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз! Яна жунуб (нопок) ҳолларингизда ҳам, то покланмагунча (намозга яқинлашмангиз)" (Нисо сураси, 43-оят).

Аммо оятларда жунубнинг таърифи ва жунуб одам қандай покланиши лозимлиги баён этилмаган. Албатта бу саволларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил жавоб берадилар. 

  1. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَٱلَّذِينَ يَكۡنِزُونَ ٱلذَّهَبَ وَٱلۡفِضَّةَ وَلَا يُنفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ فَبَشِّرۡهُم بِعَذَابٍ أَلِيمٖ ٣٤

«Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида "хушхабар" беринг!» (Тавба сураси, 34-оят).

Ушбу оятда мол-дунёни Аллоҳ ризолиги йўлида сарфлаш мақталмоқда, аммо уларни тўплаб қўйиш, сарфламаслик қаттиқ қораланмоқда. Лекин қанча мол-дунёни йиғиш мумкин ва уни қаерларга сарфлаш кераклиги баён этилмаган. Бу саволларга ҳам суннат орқали жавоб топиш мумкин. 

  1. Қуръони каримда никоҳи ҳаром қилинган аёлларнинг бирин-кетин рўйхати келтирилиб, унда икки опа-сингилни қўшиб никоҳга олиш ҳаром экани алоҳида таъкидланади:

وَأَن تَجۡمَعُواْ بَيۡنَ ٱلۡأُخۡتَيۡنِ ٢٣

"Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди)" (Нисо сураси, 23-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни кенгроқ шарҳлаб, бу тақиқ нафақат икки опа-сингилга, балки она ва ота томондан хола ва жиянга[1] ҳам тегишли эканининг хабарини берганлар.

  1. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

ٱلۡيَوۡمَ أُحِلَّ لَكُمُ ٱلطَّيِّبَٰتُۖ ٥

"Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди" (Моида сураси, 5-оят).

Нималар покиза нарсалар эканини билиш, уларнинг рўйхати билан танишиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мурожаат қилиш талаб этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол бўлган нарсалар билан бирга ҳалол бўлмаган нарсаларнинг ҳам хабарини берганлар. Агар у зот алайҳиссалом уларнинг рўйхатини умматларига эълон қилмаганларида ҳар бир инсон ўзича бу оятни талқин қилган бўларди. Оқибатда ҳалол билан ҳаром нарсаларнинг чегараси бузилиб кетарди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин, лекин юқорида келтирилган далиллар мавзунинг моҳиятни кўрсатиш учун етарли.

[1] Бир киши бир вақтнинг ўзида опа-сингилни, жиян билан амма, холаларни никоҳига олиши мумкин эмас. Ҳадисда "Бир аёлнинг устига аммаси ёки ҳоласи ёхуд ака-укаларининг қизлари, опа-сингилларининг қизлари никоҳ қилинмайди" дейилади (Имом Бухорий ривояти).

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

 

1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм, 8-қисм, Давоми бор...

Мақолалар

Top