www.muslimuz

www.muslimuz

Аллоҳ таолонинг иродаси билан дунёга келган ҳар бир инсоннинг миллати, тили, динидан қатъи назар бу дунёда бахтли, саодатли яшагиси келади. Бундай юксак орзуга эришиш, яъни бахтли яшашнинг шарти ва гарови бўлган омиллар жуда кўп. Улар орасида ҳаётимизга маъно – мазмун берадиган ва ҳаётни янада ёрқин ва гўзал қиладиган бир омил борки, у ҳам бўлса инсоннинг ўз оиласидир. Дарҳақиқат, оила қуриб яшаш ҳам бир неъмат. Қай бир инсонга Аллоҳ оила қуришни насиб қилган бўлса, демак у Аллоҳнинг буюк неъматига сазавор бўлибди.

Ислом дини ҳар бир инсонни вояга етганидан кейин оила қуриб яшашини буюрган. Чунки оила қуриб яшамоқлик ҳаётни янада ёрқин бўлишига ва саодатни ҳис қилиб яшашга хизмат қилади. Аслида оила қуриш бир неъматдир. Мана шу неъматни сақлаш, эҳтиёт қилиш, ҳар бир оила қурган инсонга ўз навбатида оила қуриш неъмат эканлигини ҳис қилиб яшаш, бунинг учун Аллоҳга шукр қилишлари керак. Бунинг неъмат эканлигини ҳис қилмасак, ўша неъматдан маҳрум бўлишига сабаб бўлиб қолишини унутмаслик лозим. Аллоҳ ҳар бир кишини оила қуриб яшашга буюради ва оиланинг бузилишига рози бўлмайди. Аллоҳ таолонинг оила қуришга буюришдан муроди инсонлар ўзларидан покиза насл қолдиришларидир. Муқаддас динимизда арзимас дунё ва унинг арзимас матоҳларини деб ёки сабрсизлик ва қаноатсизлик сабабли, ёки бўлмаса жоҳилона такаббурлик сабабли оилаларнинг бузилишига олиб келиш қаттиқ қораланади. Унутмаслик керакки, оиланинг масъулиятини ўзига олмай бунга енгил қараш катта гуноҳдир.

Аллоҳ таоло Фотир сурасининг 6-оятида “Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг” дейди. Ҳаргиз шайтонни дўст тутмаслик лозим. Буни зикр қилишимиздан мурод шуки, кишилар ҳалол йўл билан оила қуриб, аҳил бўлиб яшасалар ва ўзларидан покиза авлодларни дунёга келтирсалар шайтоннинг қаттиқ ғазаби келади. Оилаларнинг ажралиб кетишларида эса Шайтоннинг чексиз мувафаққияти ва қувончи ётади. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Иблис ўз курсисини сув устига ўрнатиб, шайтонвачча малайларини ҳар тарафга инсонларни йўлдан оздириш топшириғи билан жўнатади. Иблисга энг яқин ва яхшиси энг катта фитна қилгани бўлади. Шайтонваччалар ишларни қилиб келгандан сўнг Иблис улардан сўрайди. Шунда улардан бири мен фалончини ҳеч ҳолига қўймадим, фалон гуноҳларни қилдирдим охири йўлдан оздирдим дейди. Шунда Иблис ишидан қониқмасдан, ҳеч нарса қилмабсан дейди. Кейигиси ҳам, ундан кейингиси ҳам турли гуноҳларни қилдирганлигини айтади ва уларга ҳам ҳеч нарса қилмаганлигини айтади. Ваҳолангки, улар қилдирган ишлар катта гуноҳлар эди. Улардан сўнггиси келиб “Мен фалончини ўз хотинидан ажратдим” дейди. Иблис бу ишдан қаноатланиб, шод бўлади ва уни қучоқлаб, “Сен энг зўрисан” дейди”.

Мана, азизлар, биз эҳтиёт бўлишимиз керак бўлган иш қаерда? Оила бузилишида шайтоннинг хурсандчилиги, Аллоҳнинг эса ғазаби бор. Доимо Аллоҳни рози қиладиган ишларни қилайлик. Ҳаргиз, оилаларнинг бузилишига сабаб бўлиб қолмайлик. Оиланинг бузилишида катта хатарлар бор. Хусусан, оила эгалари ва аҳлларининг қалбида аламли оғриқ ва изтироб пайдо бўлади. Бу ўз навбатида, қариндошлар орасида ҳам катта адоватни пайдо қилади. Бунинг оқибатида қанча кўнгилсиз ишлар пайдо бўлади. Қолаверса, ўртада фарзандлар тирик етим бўлиб қолиши бор. Уларнинг меҳр-муҳаббатсиз бўлиб қолишларию, таълим-тарбиясининг нуқсонли бўлиши бор. Ота-онасидан тўлиқ тарбия ололмаган фарзандлардан келажакда ноқобил инсонлар пайдо бўлиши бор. Бундан кўринадики, бир оиланинг бузилиши, жамиятга қай даражада зарар келтиради. Демакки, оила жамият ва давлат ҳаётида, унинг ривожи йўлида катта аҳамият касб этади. Арзимас сабаблар ила ажралишнинг оқибати қанчалар аянчли экан. Мана нима учун ажралиш сабабидан Аллоҳнинг арши ларзага келади. Бугун атрофга ибрат кўзи билан қарамасак, келажак авлодларимизнинг ҳаётига бепарволик билан енгил қарасак, бошимизда ташвишимиз ортиб бораверади. Агар биз оила қуришни бир неъмат билиб, уни қадрласак, арзимас ишлар учун ажрашиб кетишнинг гуноҳ эканлигини  ҳис қилсак, оилани сақлаб қолишимиз мумкин бўлади.

Аллоҳ барча оилаларга офият берсин.

 

Усмон бин Мазъун жомеъ масжиди имом-хатиби Ўткир Ҳакимов

 

“Фириб” сўзи форс тилида алдаш, йўлдан оздириш, макр-ҳийла, маъноларини билдиради. Шу ишни қилган ёки буни касбга айлантириб олган кимсани эса фирибгар дейилади. Алдов, фирибгарлик, ўғрилик шу қадар кенг тарқалдики, у кириб бормаган жой, у кириб бормаган соҳа қолмади: имтиҳонларда, тижоратда ва ҳатто никоҳ муносабатларида ҳам одамлар ёлғонни кенг ишлатишмоқда.

Исломда алдов, фирибгарлик, бировни чув тушуриш, савдо-сотиқда алдамчилик каби иллатлар қораланган. Сир эмаски, кейинги вақтларда баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзини пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушуриш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талофат етказади” , -деганлар (Имом Бухорий ривояти)

Савдо-сотиқ вақтида харидорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қўйидаги ҳадис бунга очиқ далил бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нимаси?”, деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расулуллоҳ, унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига чиқариб қўймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

 

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

 

Дунёда глобаллашув жараёнлари жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда манфаатлар тўқншуви минтақа, миллат ва дин танламас  иллатларни юзага чиқармоқда.

 

Ана шундай иллат ва инсоният оёғига болта бўлиб урилаётган разолат экстремизм ва терроризм деб аталмоқда. Бу иллатларни нима деб аташимиздан қатъий назар,қайсидир ташкилот ёки тузулмаларнинг манфаати учун хизмат қилишини яхши билишимиз даркор.

 

Экстремизм “кескин ҳаракат қилиш” деган луғавий маънони берса, истилоҳий маъноси “аҳоли орсида ўз ақийдавий фикрларини муросасизларча сингдиришга уриниш”дир. Унинг хавфли томони минг йиллардан бери халқимиз орасида амал қилиб келинаётган ақидавий аҳкомлар ва урф одат ва анъаналарни рад этиб, ўзларининг манфаатларига мос келувчи ақидаларини сингдиришларидир. Бундай бузуқ ақида эса мусулмонни “кофир”, давлатни “куфр давлати” ва бундай жамият “куфр жамияти” деган қарашларни сингдиришга қаратилгандир. Ақиданинг бундай тарзда бузилиши эса ҳақиқий мўминни кофирликда айблаб қонини тўкишга фатво беришга қаратилганлиги билан хавфлидир. Бундай қарашлар эса ўз навбатида терроризм каби ўта хавфли иллатга замин пайдо бўлишига сабаб бўлади.

 

Терроризм қўрқитиш, ваҳима солиш ва жамиятда беқарорлик келтириб чиқаришга қаратилган хатти-ҳаракатлардир. Бугун дунёда бу балодан азият чекмаган бирорта давлат йўқ десак муболаға бўлмайди. Ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тормайдиган тузилмалар ўз ғаразли мақсадларига эришиш йўлида ёшлардан фойдалинишни кўзда тутганлар.

 

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзини жарангдор  номлар билан атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида уруш бўлаётган ҳудудларга бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Афсуски, ёшлар муайян қисми бундай бузғунчи оқимларни ҳақиқатда ҳам Ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари — “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ деди: “Уч (киши) борки, Қиёмат куни мен уларга хусуматчиман: Менинг номим билан (аҳд) бериб, кейин хиёнат қилган киши; ҳур одамни сотиб, пулини еган киши; ишчи ёллаб, ундан (ишни) тўла талаб қилиб олиб, ҳаққини бермаган киши”.

Гўёки “ҳижрат” савобини оламиз деб даъво қилаётганлар баъзи адашган юртдош ёшларимиз юқоридаги каби онакуш ва одамфурушлардан ўрнак олмоқчими?

 

Қуръони Каримда айнан шундай ҳолатлар ҳақида “Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин...” (“Ҳуд” сураси, 113-оят), дейилган. Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи гуруҳларнинг Исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида фатво бермоқдалар. Жумладан, Бутун дунё Ислом уламолари кенгаши раиси Юсуф Қаразовий: “Биз уламолар бузғунчиларга қарши курашмоғимиз зарур. Ҳозир экстремистик ташкилоталр таркибида алданган ёшлар жуда кўп. Улар “кофирларга қарши жиҳод қиляпмиз, орзуимиз жаннат”, дейишяпти-ку, аммо мусулмонларни қатл этиб, оғир гуноҳга ботмоқда. Биз бундай нобакорликнинг олдини олишимиз даркор”, деб таъкидлаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсадан ҳижрат қилган (қайтган) мусулмондир” деб марҳамат қилганлар. Ислом дини Ватанга хиёнат, қотиллик, бузғунчилик, ўзини ўзи ўлдириш, ўзгаларга зум қилиш, ота-онага оқ бўлиш кабилардан қайтаради.

 

“Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади.

 

Истилоҳда дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимоясини шариат рухсат берган йўллар билан амалга оширишни англатади. Кишининг ўз ватанини босқинчилардан, исёнкорлардан ҳимоя қилиши ҳам айни жиҳоддир. Ҳадисда инсоннинг ўз нафси ёмонликларига қарши туриши, яхшиликларга интилиши катта жиҳод эканлиги таъкидланади. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят килган ҳадисда айтилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”.

 

Адашган ва бузғунчи оқимларга аъзо бўлган киши қонуний жазога тортилиши ёки “ҳижрат” даъвосида хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини бўлган оилаларда парокандалик юзага келади, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади;

 

жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавият пасаяди;

 

экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиши орқали жамиятда “ёвузлик чегараси” пасайиб, одамлар қотиллик, қийноқ, босқинчилик, гаровга олиш, қулчилик каби жиноятларга кўникиб қолади. Айни чоғда, ушбу ёвузликлар жамиятнинг муайян қисмида ваҳима уйғотади, қочоқлар оқими пайдо бўлади;

 

 терроризм ва экстремизм, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади;

 

давлат томонидан хавфсизлик чораларини кўриш учун бюджет маблағларини сарфлаши, шунингдек, террористик ҳаракат оқибатида кўрилаётган моддий зарар жамиятга иқтисодий жиҳатдан катта зарар етказади. Натижада ишсизлик ошади, ижтимоий муҳофазага йўналтирилган лойиҳалар бажарилмай қолади, аҳолининг турмуш даражаси пасаяди;

 

мамлакатнинг тақдири иқтисодий донор ва қурол-аслаҳа сотувчи давлатларга боғлиқ бўлиб қолади.

 

Жамиятимиз келажаги бўлган ёшлар орасидан қўлларини қонга белаб, ўз она-юртига қурол ўқталиш даражасидаги манқуртга айланиб қолаётган кишиларнинг чиқиши бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо қилмоқда. У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар.

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни бошқаларга озор ва азият беришдан қайтариб,  “Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар, деб марҳамат қилади. (Аҳзоб сураси, 58-оят).

 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: Нимага куляпсизлар? дедилар. “Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз”, дейишди. У зот: “Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас”, дедилар.

 

Яна Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам “Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, деб марҳамат қиладилар.

 

Имом Термизий Абу Сирмадан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди”, деганлар.

 

“Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 71-оят).

 

“Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз” (Оли Имрон сураси, 103-оят).

 

Хулоса қиладиган бўлсак, мўминлар бир бирлари билан ака укадирлар. Қандай қилиб ака ўз укасига ёмонлик қилади ёки кофирликда айблаб, унинг жони ва молига тажовуз қилади. Қуйидаги ҳадиси шарифда мўминлар гўёки бир жонли жасаднинг аъзолари каби экани айтилади.

 

Саҳоба Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Мўминларни ўзаро бир-бирларига дўстликда, меҳрибонликда ва яхшилик кўрсатишдаги мисоллари, гўёки бир жасад кабидирки, унинг битта аъзоси бетобликдан оғриса, қолган аъзолари бедор ва нотинч бўлади” (Имом Бухорий ва муслим ривояти).

 

 

Қ.Искандаров

Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом хатиби

"Ал-калимут тоййиб" нашрида шундай келтирилади:

"Агар Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, унинг қалбидан ўзидаги яхши амалларни кўриш туйғусини ва тилидан ўша амалларни гапириш одатини тортиб олиб, у бандани ўз гуноҳини кўришга машғул қилиб қўяди. Натижада банда то жаннатга киргунича гуноҳларини кўз ўнгида тутадиган бўлиб қолади".

Яъни ўша банда яхшиликлари билан ғурурланиб, у ҳақида одамларга гапириб мақтанмайдиган бўлиб қолади. Чунки, амалларини гапириш сумъа дейилса, амалларини бошқаларга кўрсатишга уриниш риё бўлади. Қилган амалларидан ғурурланиш эса ужб дейилади. Сумъа, риё, ужб амалнинг савобини йўққа чиқарадиган иллатлардир.

Аллоҳ таоло яхши кўрган банда доим гуноҳларини ўйлаб, уларни кўздан қочирмай, барча хатоларига йиғлаб, тавба-тазарру қиладиган бўлиб қолади. Бу ишни умр бўйи қилгани, гуноҳлардан узоқ юриб, тавба ва истиғфорда бардавом бўлгани учун Аллоҳнинг изни билан жаннатга киради.

Аллоҳ таоло барчамизни риё, сумъа, ужбдан асраб, тавба-истиғфорда бардавом қилсин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 6 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини қабул қилиб, 70 йиллик таваллуд айёми билан самимий табриклади.

Давлатимиз раҳбари муфтий ҳазратларига мамлакатимизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ишига қўшган муносиб ҳиссаси, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, бағрикенглик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолиятининг юксак эътирофи рамзи сифатида “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширди.

Куни кеча Саудия Арабистонида ўтказилган Ислом олами уюшмасининг 44-қурултойида иштирок этиб, юртимизга қайтган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларидан кейинги кунларда ҳаётларида юз берган қувончли воқеалар ҳаяжони, Президентимизнинг диний уламоларга кўрсатаётган алоҳида эътибори, умуман, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида эксклюзив интервью олдик.

— Аввало, яқинда давлатимиз раҳбари Фармонига мувофиқ, давлатимизнинг нуфузли мукофоти — “Эл-юрт ҳурмати” ордени ила тақдирланганингиз билан табриклаймиз. Сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, келгуси ишларингизда муваффақият тилаймиз.

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Эътибор учун ташаккур. Президентимиз томонларидан берилган ушбу юксак орден менинг шахсим тимсолида бутун диний соҳа вакилларига берилган мукофот, деб ўйлайман. Чунки юртимизда диний-маърифий соҳада эришаётган ютуқларимиз — бутун жамоамиз меҳнатлари маҳсулидир. Юртбошимиз олиб бораётган ишларимизни эътироф этганларидан беҳад миннатдормиз.

Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асрашда яқин ёрдамчи сифатида диний соҳа вакилларига алоҳида эътибор қаратдилар. Шу билан бирга, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда имом-хатиблар, уламоларнинг ўз таклиф ва маслаҳатлари билан фаол иштирок этишларига шарт-шароитлар яратилди. Биз бу эътиборни қадрлаб, бор куч ва салоҳиятимизни халқимизнинг маърифатини, маънавиятини юксалтириш, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш йўлида сафарбар этишга доимо тайёрмиз.

— Кейинги йилларда Президентимиз томонидан барча соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар шиддатли тус олди. Шу маънода, мамлакатимизда фуқароларнинг диний эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик, маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида нималар дея оласиз?

— Президентимиз томонларидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бугун ижобий ўзгаришларни юртимиздаги ҳар бир инсон ўз тақдири мисолида яққол ҳис қиляпти.

Диний-маърифий жабҳада ҳам аҳамияти беқиёс ишлар амалга оширилаётганини ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Янгидан барпо этилаётган масжидлар, улуғ аждодларимиз номидаги мажмуалар, очилаётган диний таълим муассасалари, соҳада халқаро ҳамкорлик ривожланиб, чет эллик таниқли уламоларнинг диёримизга ташриф буюраётгани, нуфузли ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилаётгани юртдошларимизга чексиз қувонч, ғурур-ифтихор бағишламоқда.

Амалга оширилаётган ишларнинг мазмуни, улардан кўзланган муддаолар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Масалан, Президентимиз ташаббуси билан Бухородаги Мир Араб мадрасасига олий мақом берилишида катта маъно бор. Зеро, ушбу таълим даргоҳи беш юз йил аввал ана шундай юксак мақомда ташкил этилганди. Йиллар давомида бу ерда юзлаб олиму уламолар камолга етган. Бироқ ўтган асрдаги эътиборсизлик оқибатида муассаса ўз мавқеини йўқотганди. Давлатимиз раҳбари томонидан мадрасага олий мақом берилиши яна бу ердан алломалар, мутафаккирлар етишиб чиқишига умид уйғотади. Шахсан мен ушбу мадрасанинг Мисрдаги Ал-Азҳар университети билан бир хил мақомга кўтарилишига ишонаман. Бундан ташқари, юртимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби фаолияти йўлга қўйилдики, бу эзгу ишларидан мақсад дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг тарихий юксак мақомини қайта тиклаш, Ватанимизни илм-фан марказларидан бирига айлантириш, шу орқали диёримизда навбатдаги ренессансни — уйғониш даврини юзага келтириш, халқимизни янада маърифатли, бахтли-саодатли кўришдир.

Мамлакатимизда буюк аждодларимиз руҳини шод қилиб, уларнинг қадамжолари обод этилаётгани, илмий-маънавий меросини кенг миқёсда ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этишга муҳим шароитлар яратилаётгани ҳаётимизни миллий қадриятлар асосига қуриш, юксак маънавиятли авлодни камолга етказиш, энг олий неъмат — тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш, дунёда тобора долзарб масалага айланиб бораётган терроризм, экстремизм, ақидапарастлик каби иллатларга қарши маърифат билан курашишга хизмат қилмоқда.

— Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишларга жаҳон жамоатчилиги ҳамда халқаро экспертлар қандай баҳо бермоқда?

— Дунё аҳли бугун инсоният тараққиётида кескин бурилишлар рўй бераётган тарихий босқичда яшамоқда. Инсон онгу қалби учун кураш тобора шиддатли тус оляпти. Энг афсусланарлиси, кўплаб инсонлар умрига зомин бўлаётган терроризм, ақидапарастликни айрим ғаразли кучлар томонидан тинчлик ва инсонпарварлик дини бўлган исломга боғлаш орқали дунё мусулмонларига нисбатан салбий кайфиятни шакллантириш, исломофобияни кенг ёйишга ҳаракатлар кузатилмоқда. Бу эса жаҳоннинг турли минтақаларида этно-конфессионал зиддиятлар вужудга келиши, янгидан-янги низо ўчоқлари пайдо бўлишига сабаб бўлаётир.

Ана шундай мураккаб бир даврда Президентимиз ҳатто жаҳоннинг энг юксак минбарларидан туриб, халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини жаҳолат ва муросасизлик ташкил этишини, шу боис одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканини таъкидлаб келяптилар. Мазкур ёндашувни халқаро экспертлар, дунё жамоатчилиги юксак баҳолаяпти. Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган сўзлари жаҳон бўйлаб кенг акс садо берди. Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи қўллаб-қувватланди ва қабул қилинди. Бу терроризм, экстремизм, зўравонлик, муросасизлик каби бугунги куннинг ўткир муаммоларига илм-маърифат, ўзгаларга адолатли ва бағрикенг ёндашув ҳамда тинчликпарвар сиёсат энг тўғри ечим эканини дунё жамоатчилиги тан олгани ва англаётгани ифодасидир.

Ўтган йиллар давомида Америка Қўшма Штатлари, Франция, Испания, Германия, Озарбайжон, Чеченистон, Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Россия Федерацияси, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва қўшни давлатларда хизмат сафарларида бўлганимизда мутасаддилар ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонда диний эркинликлар, инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ютуқлар алоҳида эътироф этилиб, юқори баҳоланди.

Мамлакатимизга ташриф буюраётган нуфузли меҳмонлар ҳам олиб бораётган ишларимизни кўриб, ўз мамнунликларини билдиряпти. Жумладан, Покистон давлати муфтийси Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Ўзбекистон заминига сафарлари чоғида “Мен ушбу заминни зиёрат қилиш тавсия этилган уч муқаддас жойдан — Масжиди ҳарам, Масжиди Набавий ва Ақсо масжидидан кейинги ўринга қўяман. Бу юртни кўриш орзу эди. Йигирма етти йил аввал Ўзбекистонга келган эдим. Ўшанда фақат Самарқандни зиёрат қилишга имкон бўлган. Бу гал Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент ерларидаги табаррук жойларни зиёрат қилишга Ҳақ таоло муваффақ қилди. Аввалги ташрифим билан бу сафарим орасида жуда катта фарқ бор. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон моддий ва маънавий жабҳада улкан юксалишларга эришибди”, деганлари катта эътирофдир.

Шунингдек, Миср Араб Республикаси Бош имоми, “Ал-Азҳар” диний мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари ҳам юртимиздаги ўзгаришлар ҳақида шундай илиқ сўзларни билдирган эди. Бундан ташқари, МДҲ мамлакатлари муфтийларининг эътирофларини оммавий ахборот воситалари орқали доимо кузатиб турибмиз.

— Куни кеча Саудия Арабистонида ўтказилган Ислом олами уюшмасининг 44-қурултойида иштирок этиб, нутқ сўзладингиз. Ушбу нуфузли йиғилишда қандай масалалар муҳокама қилинди?

— Ислом олами уюшмаси бош котиби, доктор Муҳаммад Абулкарим Ийсо таклифига биноан ушбу нуфузли тадбирда қатнашдик. Маккаи Мукаррама шаҳрида ўтказилган йиғилишда дунёнинг турли мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда халқаро исломий ташкилотлар етакчилари иштирок этди.

Йиғилишда айрим мамлакатлардаги можаролар, турли минтақалардаги мусулмон озчиликка қарши зўравонликларга барҳам бериш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, дунё давлатларида тинчлик-осойишталикни таъминлаш, бузғунчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш ва халқларнинг осуда ҳаётига рахна солувчи қора кучларнинг хатти-ҳаракатларига чек қўйишга чақирилди. Ислом қадриятлари ва анъаналарини сақлаб қолиш, уларни ёш авлодга сингдириш, фаровонликка эришиш учун халқлар ўртасидаги биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд қилинди.

Дарҳақиқат, бугун ислом дунёси тобора ўсиб бораётган хавф ва жиддий таҳдидларга дуч келмоқда. Ёвуз кучлар, юқорида таъкидлаганимиздек, исломнинг суратини бузиб кўрсатиш, унинг покиза номини қора қилишга уринмоқда. Ёшларни алдаб, бузғунчи ғоялар ва ахлоқсиз маданиятга эргаштириш ҳаракатлари кўпаймоқда. Шубҳасиз, бу муаммоларнинг ечими — ислом дини қадриятларини тўғри татбиқ этиш, покиза суннатга эргашиш, динга кўр-кўрона ва мутаассибона ёндашишдан сақланишдир.

Йиғилишда сайёрамизнинг барча ҳудудида тинчлик ва хавфсизлик ўрнатилиши, мусулмонларнинг ўзаро бирдам ва иноқ бўлишлари йўлида қатъий ва собит туриш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Биз ҳам муҳокама этилган мавзулар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларимизни билдирдик. Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ишлар, ёшларга қаратилаётган эътибор ҳақида сўзлаб бердик. Фикр ва мулоҳазаларимизни анжуман қатнашчилари жуда илиқлик билан қарши олди. Айтиш керакки, Ўзбекистон делегациясининг бу каби нуфузли анжуманларда қатнашиши мамлакатимизнинг жаҳондаги мавқеи тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.

Дилшод КАРИМОВ

(“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.

Мақолалар

Top