www.muslimuz

www.muslimuz

Қиш келиб, кунлар совий бошлаши билан қалин кийимларимизни сандиқлардан олиб киямиз. Танамиз совқотмаслиги, иссиқ туриши учун бутун танамизни ўраб, эҳтиёт қиламиз. Бошимизни ҳам ўраймиз. Уйларимизни иситиш, совуқ кирмаслиги учун зарур чораларни кўрамиз. Мақсад, уй ҳам, танамиз ҳам иссиқ бўлсин. Шу тарзда уйларимизни иситамиз-у, аммо қалбларимизни истишни унутиб қўяр эканмиз.

Қалбни қандоқ иситамиз? Унга ҳам олов ёқамизми? Уни иситадиган нарса нима ўзи? Бу саволларга жавоб топа оламизми?

Қалб тана каби озуқасиз, кийимсиз қолса, оч қолади, совийди, кучсизланади. Шунинг учун қалбнинг озуқасини бериш керак. Аллоҳ таоло қалбимизни бутун танамизнинг подшоҳи қилиб қўйган. Танамизнинг бахиллик, кибр, ҳасад, адоват, кўролмаслик, дангасалик каби иллатларга чалиниши қалбдаги хасталик сабаблидир.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир», дедилар». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.

Демак, қалбни солиҳ қилиш, бошқача айтганда, иситиш учун унинг озуқасини беришимиз керак экан. Унинг озуқаси эса Аллоҳни таниш, илм ўрганиш, Қуръон тиловат қилиш, махсус лафзлар билан Аллоҳни зикр қилиш, ибодат қилиш, уламолар суҳбатига қулоқ тутиш, қалбни тузатишга бағишланган китоблар ўқиш кабилар билан бўлади. Мана шуларни қалб тез-тез қабул қилиб, улардан баҳраманд бўлиб турса, исийди. Исиган қалб эса юмшоқ, таъсирчан қалбга айланади. Бундай қалб эгаси оилада яхши ота, яхши фарзанд, яхши ака-ука, яхши жиян, жамиятда яхши қўшни, яхши қариндош, яхши мусулмон бўлади.

Қалб гуноҳ қилганда қотиб, бошқача айтганда совиб, солиҳ амалларни бажарганда юмшайди, яъни исийди. Қалби иссиқ одамни қалби пок одам дейилади.  Шунинг учун ҳам қалбни поклашнинг омилларидан яна бири бўлган истиғфор ва тавбада бардавом бўлиш керак. Кўп истиғфор айтган одамнинг қалби аста-секин покланиб, тозаланиб, юмшаб, исиб боради.

Катта олимлар, солиҳ инсонлар, авлиёларнинг қалблари иссиқ бўлгани учун ҳамма ундоқ кишиларга яқин бўлгиси, улардаги иссиқликда исиниб олгиси, яъни насиҳатларига қулоқ тутиб, ҳикматли пандларидан баҳраманд бўлгиси келади. Гуноҳ, маъсиятлар ботқоғига ботган кишиларнинг қалблари совуқ бўлгани учун одамлар ундай кишилардан узоқроқ юришга ҳаракат қилишади. Чунки уларда одамларни ўзига тортадиган, ҳаммага улашадиган иссиқлик бўлмайди ёки бўлса ҳам жуда оз, ўзига зўрға етадиган даражада бўлади.

Азизлар, уйимиз ва жасадимизни истганимиздек, танамиз подшоҳи бўлган, аъзоларимизнинг яхши-ёмон ишларни қилишига таъсир ўтказувчи қалбимизни поклашга, иситишга, унга керакли озуқаларни беришга ҳаракат қилайлик!

Зеро, Аллоҳ таоло қиёмат куни фақат покиза, саломат қалб билан келган инсонларгина нажот топишларини, молу дунё ва бола-чақалари ўшандай кишиларгагина фойда беришини Қуръони Каримда баён қилиб қўйган.

Уйларимизни ва танамизни иситиш чорасини кўраётган чоғимизда қалбимизни унутиб қўймайлик! Уни иситувчи омиллар бўлмиш ибодатлар, зикрлар, илм ўрганиш ва бошқа амалларни бажаришни бошлайлик! Танамизга ташқаридан иссиқ урилаётган чоғда қалбимиз бутун ички дунёимизни иситиб, аъзоларимиз яхши амаллар қилишига сабабчи бўлсин!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган кишилар афв этилиб, жамиятимизда муносиб ўрин топиши учун кўмак бериб келинмоқда.

Муҳтарам Юртбошимизнинг афв этиш тўғрисидаги фармони билан оиласи бағрига қайтган шайхонтоҳурлик отахон ўтмиши ҳақида бундай сўзлаб берди: “Отакасб – устачилик орқали оила тебратар, рўзғордаги кам-кўстни уловимда киракашлик қилиб тўлдирардим. Турмушим шу зайлда ўтардиБу ҳолат бир киши билан танишгунимча давом этди. Кутилмаган “дўст”нинг ғамхўрлиги сабаб тезда яқин қадрдонга айландик. У менинг диний билимим етарли эмаслиги, илм ўрга нишим кераклиги, бунинг учун ҳар қандай ёрдамга тайёрлигини айтарди. Давомий насиҳатлардан сўнг у берган китобларни ўқидим.

Унинг тавсияси билан “Ҳалқа” деб номланган ҳафталик, сўнгра ойлик катта йиғинларга ҳам қатнаша бошладим. Шу тариқа дунёга бошқача назар билан қарайдиган бўлдим. Учрашувларнинг бирида мени “Ҳизбут таҳрир” оқимига аъзо қилишди. Кейин эса тарафдорлар йиғиб, дарс ўтишим кераклигини айтишди. Баъзида гуруҳнинг айрим аъзолари қўлга тушиб қолар, бундай пайт ишни бироз тўхтатиб турардик. Мендаги ўзгаришни сезган яқинларим тўғри йўлга қайтаришга ҳаракат қилишди. Аммо уларнинг гап-сўзи қулоғимга кирмас, баъзида кўнглимда уйғонган қўрқув ва иштибоҳлар йиғинлардаги таъсирли даъватлардан сўнг йўқоларди…

2005 йил февраль ойида бир хонадонда устачилик қилаётганимда ички ишлар идораси ходимлари мени олиб кетишди. Айбимга иқрор бўлдим. Узоқ йилга озодликдан маҳрум этилганим тўғрисидаги суд ҳукми ўқилганида яқинларимнинг кўзларига қаролмадим. Нафақат ўзим, балки бутун оилам шаънини топтаганимни билдим, аммо кеч бўлган эди…

Жазони ижро этиш муассасасидаги кутубхонада соф Ислом динига оид китобларни ўқиб чиқдим. Маънавий-маърифий тадбирларда доимий қатнашиб бордим. Натижада қилган хатойимни тушуниб етдим…

Алҳамдулиллаҳ, жазо муддатим тугамасдан оилам бағрига қайтдим. Бунинг учун ҳукуматимиздан миннатдорман. Ҳозир яқинларим даврасида, фарзандларим қуршовида
кексалик гаштини суряпман. Қолган умримда куч
-ғайратимни халқимиз ишончини оқлашга, фақат яхшилик қилишга, набираларимнинг тарбиясига бағишлайман, иншоаллоҳ”.

Бу – бир кишининг бошидан ўтказганлари. Суҳбатдошимиз каби кўплаб юртдошларимиз ўз оиласи бағрига қайтди…

– Динимиз таълимотларида афв мақталган фазилат ҳисобланади, – дейди Чилонзор туманидаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов. – Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ушбу сифат билан зийнатланишга буюради: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят). Ушбу оят нозил бўлганда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраганлар. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло зулм қилган кишини афв этинг, бермаган кишига беринг, сиздан узилиб кетган кишига яқин бўлинг, деб буюрмоқда”, деганлар (Имом Табарий тафсири).

Ана шу олижаноб сифатларга эга бўлган киши бу дунёда инсонларнинг меҳр-муҳаббати, олқиши ва мақтовига сазовор бўлади, турли ё монликлардан сақланади. Охиратда эса улуғ неъмат – жаннатга ва Раббимизнинг розилигига эришади. Аллоҳ таоло барчамизни афв қилиш фазилати ва одоби билан сийласин.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ тайёрлади

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Одамларнинг тадбирларидан безовта бўлма. Уларнинг қўлларидан келадигани – Аллоҳ таолонинг иродасини амалга оширишдир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Яқинларнинг зарбалари хатарлидир. Чунки у яқин масофадан келади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Кўплаб муваффақиятларнинг ортида онамнинг дуолари бор.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Агар сенинг икки кўзинг бўлса, унда нега одамларни қулоқларинг билан кўрасан?

“Ховатир роқия журнали”

*****

Овозингни эмас, сўзларинг савиясини кўтар. Гулларнинг униб-ўсишига сабаб бўладиган нарса момақалдироқ эмас, ёмғир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Инсонларнинг ишончини қозониш учун йиллар керак бўлади. Ўша ишончни йўқотиш учун эса сониялар етади. Энди ўша ишончни қайта қозониш учун аср керак бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Куч-қувват билан кўп нарсага эришишинг мумкин. Аммо муҳаббат ва эҳтиромга эмас.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Иззат-нафс қўпол тил, кибрли табиатга эга бўлиш эмас. Балки иззат-нафс қийматингнинг тушишига сабаб бўладиган барча нарсадан узоқ бўлишингдир.

Муҳаммад Али

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Намоз арабчада «Салот» дейилиб, луғатда «яхшиликка дуо» маъносини англатади.

Истилоҳда эса такбир ила бошланиб, салом бериш ила тугайдиган, махсус шартлари бор гаплар ва ишлар намоздир. Намоз Исро кечасида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан олдинроқ фарз бўлган. Намоз калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарздир. У, банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг дийний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари жуда кўпдир. Намоз мўъминнинг меърожидир. Намоз орқали банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножот қилади, барча дардларини тўкиб солиб, руҳий, маънавий лаззат олади. Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди. Намоз шу қадар буюк ибодатки, уни адо этаётган бандадан ўзига хос эътиборни, сергакликни талаб қилади. Намозда унга оид бўлмаган бирор иш ва сўз қатнашмаслиги лозим, акс ҳолда намоз бузилишига олиб келади. Барча мусулмонлар бир кунда беш маҳал фарз намозини ва ундан ташқари бир қанча нафл намозларини ҳам адо этадилар. Намоз ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Намознинг банда дунёси ва охирати учун тақдим қиладиган фойдаларининг чеки йўқ. Шундай экан ҳар бир мусулмон ушбу буюк ибодатимизнинг қандай адо этилишини мукаммал тарзда ўрганиб олиши зарур. Қуйида эса намоз ибодатининг бузилишига сабаб бўладиган амалларни келтирамиз:

  • Намозда қасдданми, унутибми, билмасданми, хато тариқасидами ёки мажбуранми гапирилса, у ботил бўлади. Бу нарса икки ҳарфни ёки фаҳмласа бўладиган бир ҳарфни нутқ қилиш билан бўлади. Намоз бузилиши учун гапирган одам ўз овозини эшитадиган даражада гапирган бўлиши керак, агар ўзи эшитмайдиган даражада бўлса бу гапириш бўлмайди. Агар намозхон намозида ухлаб қолиб гапириб юборса намози бузилади, чунки намозда ухлаган одам уйғоқ одам ҳукмида бўлади. Агар намозхоннинг қўлида бўлмаган ишлар содир бўлса намоз бузилмайди. Булар йўтал тутиб қолиши, акса уриш, кекириш каби ишлар бўлиб, булардан сақланишнинг иложи бўлмагани учун шаръий узр саналади. Лекин шундай бўлсада одатда баъзи инсонлар акса урганда чиқарадиган ортиқча товушларни найдо қилиш эса намозни бузади.[1] Бу ҳукмнинг далили: Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Намозда гаплашар эдик. Бир одам намозда ёнида турган шеригига гапираверар эди. Токи, «Аллоҳ учун тоат ила жим туринглар» ояти тушганда сукут сақлашга амр қилиндик, гапдан наҳйу қилиндик». Бешовлари ривоят қилишган.
  • Қасдан берилган салом ва унга алик олиш. Ноқасдан бировга салом бериш намозни бузмайди. Чунки, салом хитобни ўз ичига олган зикрдир. Бас, у қасдан бўлганда одамларга хитоблиги эътиборга олинади ва намоз бузилади. Ноқасдан бўлган ҳолатда эса, зикрлиги эътиборга олинади ва намоз бузилмайди. Саломнинг зикрлиги ташаҳҳудда ўқилишидир. Аммо алик олганда қасдан бўлса ҳам, ноқасдан бўлса ҳам, намоз бузилади. Чунки, аликнинг лафзи намознинг зикрида йўқ.
  • Инграш ва унга ўхшаш овозли нарсалар. Оҳ уриш ва уф тортишга ўхшаш нарсалар ҳам икки ҳарфдан иборат бўлса, намозни бузади. Бу нарсалар беморлик, дунё иши учун бўлса, намоз бузилади. Аммо охират учун бўлса, бузилмайди.[2]
  • Намозда балоғатга етган одамнинг қаҳқаҳа отиб кулиши намозни ҳам таҳоратни ҳам бузади. Унинг чегараси эса кулганида ўзининг ёнидаги одамнинг эшитишидир. Намозхон ўзи эшитадиган даражада кулса, намози бузилади, тоҳарати кетмайди. Агар ёнидагилар ҳам эшитадиган даражада кулса, намоз ҳам, тоҳарат ҳам бузилади. Овоз чиқармай табассум қилса, намоз ҳам, тоҳарат ҳам бузилмайди.
  • Охират ишидан бошқа сабаб ила овоз билан йиғлаш. Агар охират учун намоз ичида овоз чиқариб йиғланса, намоз бузилмайди. Чунки бундай йиғи раҳмат ва мағфират сўраб дуо қилиш ўрнига ўтади. Мусийбат ёки оғриқ туфайли овоз чиқариб йиғласа, намози бузилади. Чунки бу ишлар шикоят қилиш ҳисобига киради. Лекин оғриқ шу қадар кучли бўлса ва намозхон ўзини йиғидан тутиб тура олмай овозсиз йиғласа бу узр ҳисобланади.
  • Узрсиз томоқ қириш. Мажбур бўлиб ёки овозини яхшилаб олиш учун томоқ қирган кишининг намози бузилмайди. Аммо узрсиз икки ҳарф миқдорида овоз чиқариб томоқ қириш намозни бузади.
  • Акса урганга соғлик тилаш. Каломга зикр билан бўлса ҳам жавоб бериш.

Мисол учун, намозхон ўзига хурсандчилик ҳақида хабар етганда «алҳамдулиллааҳ»  ёки  “субҳаналлоҳ” деса, намози бузилади. Намозхоннинг оғзидан чиқаётган сўзлар намоздаги сўзларга ўхшаш сўзлар бўлса ҳам барибир бу жавоб учун айтилганлиги сабабли намозни бузади. Ёмон хабар келганда “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” дейиш ҳам намозни бузади.[3]

  • Узрсиз томоқ қириш. Мажбур бўлиб ёки овозини яхшилаб олиш учун томоқ қирган кишининг намози бузилмайди.

Имомидан бошқага луқма бериш. Имомдан бошқага луқма бериш таълим қаторига киради. Шунингдек, агар имом бошқа оятга ўтиб кетган бўлса, олдинги адашган оятини луқма берса, луқма берувчининг намози бузилади. Агар имом унинг ноўрин луқмасини олса, унинг ҳам намози бузилади.

  • Мусҳафга қараб қироат қилиш. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздларида, Мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилади. Чунки, бу иш кўп амалга қўшилади. Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимонинг наздида, Мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилмайди. Чунки, намоз ҳам, қироат ҳам ибодатдир. Аммо бу иш аҳли китобнинг иши бўлгани учун, макруҳ бўлади. Мактубга назар солиб ундаги маънони англаса, намози бузилмайди
  • Нажосатга сажда қилиш. Чунки, сажда намознинг бир бўлагидир. Бир бўлаги бузилган намознинг ўзи ҳам бузилади. Шунингдек, нажас икки тизза ёки кафт қўйиладиган жойда бўлса ҳам, намоз бузилади.
  • Одамлардан сўраладиган нарса сўраб дуо қилиш. Намозхон қаъдаи охирда ташаҳҳуд миқдорича ўтирмасдан олдин «Аллоҳим! Менга минг динор бергин! Аллоҳим! Менга фалончини хизматчи қилиб бергин!» каби дуоларни қилса намози бузилади. Ташаҳҳуддан кейин мазкурларга ўхшаш дуо қилган одам ўша нарса ила намоздан чиқади ва намози бузилмайди.
  • Емоқ ва ичмоқ. Чунки, бу икки иш кўп амалга киради. Бунда қасдан еб-ичдими ёки унутибми – фарқи йўқ. Тиши орасига кириб қолган таомни еса, намози бузилмайди.
  • Кўп амал қилиш. Икки қўлга муҳтож бўладиган ёки намозхон кўп ҳисоблайдиган ёхуд назар солувчи «Буни қилаётган одам намоз ўқимайди» деб гумон қиладиган иш кўп амалдир. Агар кўрган одам ўни намоз ўқияпти деб ўйлаши ҳам ўйламаслиги ҳам мумкин бўладиган ҳолатларда бир амални уч марта кетма кет бажарсагина намози бузилади. Намоздаги кам амаллар авф этилади, чунки улардан сақланиш жуда қийин. Агар аёл киши намозида боласини кўтариб олса ва уни эмизса, намози бузилади. Аммо уни эмизмаса ва кам амал билан уни кўтариб олса намози дуруст бўлади. Расулуллоҳ сав ҳам набиралари Умомани намозда кўтариб олардилар ва сажда қилаётганларида қўйиб қўярдилар, қиёмда яна кўтариб олар эдилар. Намозхонни бир одам итариб юборса ва у шу сабабдан уч қадам юриб кетса намози бузилади. Намознинг амалларидан бўлмаган ва намозни тузатиш учун бўлмаган кўп амал намозни бузади. Одатда икки қўл билан қилинадиган салла ўраш, кўйлак кийиш, иштон кийиш, камон отиш каби амални бир қўл билан қилинса ҳам, намоз бузилади. Агар намозхонга биров кўришиш учун қўлини чўзса, ва у ҳам қўл берса намози бузилади. Агар намозхон унга салом берган одамга бош силкиб алик олса намози бузилмайди. Намозда турган ҳолида ёнида салласини бошига бир қўли билан кийса намози бузилмайди. Намозхон намозда туриб бировни қўли билар ёки қамчи билан урса намози бузилади, чунки бу жазолаш ёки тарбия қилиш амалиёти ҳисобланади. Намозхон олдидан ўтиб кетаётган ҳайвонни бир уриб ҳайдаса намоз бузилмайди. Лекин бу ишни уч марта қилса бузилади.[4] Агар ердан тошни олиб кейин уни қушга отса намози бузилади, чунки бу кўп амалдир, лекин тош унинг ўти билан бирга бўлса ердан олмаса, ва уни қушга отса намози бузилмайди. Аммо тошни ёки кесакни инсонга отса ҳар қандай ҳолда бузилади, чунки бу урушиш маъносини билдиради. Агар намозхон кийими ёки елпиғич билан ўзини бир ёки икки марта елписа, намоз бузилмайди. Агар уч марта елписа намоз бузилади.
  • Қалбидан ўтказган нарсаси учун намоз бузилмайди. Лекин бунда аъзоларнинг иштирок этмаслиги шарт. Агар хаёлан шеър ёки хутба тўқиса, лекин тилига чиқармаса, намози бузилмаса ҳам гуноҳкор бўлади. Аллоҳ таолога нисбатан одобсизлик қилган бўлади.
  • Қибладан юз ўгириш. Бу, узрсиз равишда кўксининг қибладан бурилиши ила содир бўлади. Аммо тоҳарат қилиб келиш учун бурилса, зарари йўқ. Ёки кимдир уни итариб юборганда бурилиб кетса ва уч тасбеҳ миқдори вақтда тўғирланиб олса намози дуруст бўлаверади.
  • Авратни қасдан очиш. Агар шамол ва шунга ўхшаш нарсалар сабабли аврат очилса, уч тасбиҳ айтгунча вақтда ёпиб олса, зарари йўқ. Ундан кўп вақтда аврати очиқ ҳолда қолса, намози бузилади.
  • Катта ёки кичик бетоҳаратлик ориз бўлиб қолса, намоз бузилади.
  • Баданда, кийимда ва маконда афв қилиб бўлмайдиган даражада кўп нажосат пайдо бўлса, намоз ботил бўлади.
  • Таяммум ила намоз ўқиётган одам охирги қаъдага ўтиришидан олдин сувни кўриб, уни ишлатишга қодир бўлмоғи. Икки махсига тортилган масҳнинг муддати чиқиши.
  • Махсини ечиш. Якка ўзи намоз ўқиётган уммий одамнинг бир оят ўрганиб олиши. Ўша оятни ўқиб намозни адо этиши лозим бўлиб қолгани учун.
  • Имо билан намоз ўқиётган одамнинг рукуъ ва саждага қодир бўлиб қолиши.
  • Яланғоч намоз ўқиётган одамга авратини ёпадиган кийим топилиб қолиши.
  • Яранинг устидаги боғич тушиб кетиши.
  • Ҳушидан кетиш.
  • Жинни бўлиш.
  • Назар солиб туриб, жунублик етиши.
  • Аёл кишининг намозда эркак киши билан баробар туриб қолиши.
  • Муқтадийнинг имомдан олдинга ўтиб кетиши.
  • Намозхоннинг қалбан муртад бўлиши намозни бузади.
  • Вақтнинг чиқиб кетиши ҳам баъзи намозларни бузади. Бомдод намозида қуёш чиқиб қолиши, икки ҳайит намозларида қуёшнинг заволга келиши, жума намозида аср намозининг вақти кириб қолиши кабилар намозни бузади.

 

 

 

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 Сурайё Ибрагимова

 

[1] Абдулҳамид Маҳмуд Таҳмоз “Ал Фиқҳул ҳанафиййу фий савбиҳил жадид” “Дарул қалам” Димашқ 2014

[2] Убайдуллоҳ ибн Масъуд. “Ниқоя мухтасарул виқоя” Лито типография И.И.Харитонов. Казан 1911.

[3] Абдулҳамид Маҳмуд Таҳмоз “Ал Фиқҳул ҳанафиййу фий савбиҳил жадид” “Дарул қалам” Димашқ 2014

[4] Абдулҳамид Маҳмуд Таҳмоз “Ал Фиқҳул ҳанафиййу фий савбиҳил жадид” “Дарул қалам” Димашқ 2014

Хоразм вилояти Шовот туманидаги «Қори эшон бобо» жоме масжиди вилоятнинг чекка ҳудудидаги масжидлардан бири ҳисобланади. Чегара ҳудудда жойлашган ушбу ибодатгоҳ 1975 йилдан фаолият юритиб келади. Ўша вақтларда қишлоқ аҳли қабристон ёнида лой сувоқдан кичик хонадон шаклида масжид қуриб, ибодат қилиб келишган, жаноза намозлари адо этилган. 

2018 йилда Оқ кўл қишлоғи аҳолисининг талаб ва истакларига биноан масжид қишлоқ марказига кўчирилиб, янгидан бино қилинмоқда.

Ўтган вақт мобайнида бу жойда Аллоҳнинг байтини обод этишга ихлоси, ҳиммати баланд кишиларнинг меҳнати билан 400 кишилик кенг сиғимга эга мўъжаз хонақоҳ қад кўтарди.

 Ҳозирда бинонинг ички пардоз қисми ва иссиқ пол тизимини ўрнатиш ишлари қолган. Шунингдек, таҳоратхона қурилиши ҳам жорий йилга режалаштирилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг байтини обод қилувчиларни қуйидагича таъриф этади: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси, 18-оят). 

 Олис, чекка ҳудудларда ҳам масжидлар ободлиги сари ҳисса қўшаётган, қишин-ёзин меҳнат қилаётган саодатманд кишиларимизга янада куч ғайрат, олиб бораётган ишларига файзу баракотлар тилаб қоламиз.

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Мақолалар

Top