muslim.uz

muslim.uz

Ҳозир барчамиз коронавирус ҳақида кўп ва ҳўп гапларни эшитиб турибмиз. Фикримиз илмий асосга эга бўлмасада, бироқ мақсадимиз битта, кўрсатмаларга беэътибор бўлиб, карантин қоидаларига амал  қилмаётганларни афсусдан аввал огоҳликка чақириб қўйишдир.

Коронавирус, таъбир жоиз бўлса, эшикни беркитсангиз тешикдан бўлса ҳам ичингизга киришга ҳаракат қиладиган хавфли душман экан. Унинг мақсади битта, ҳаётимиз хизматчилари бўлган ички аъзоларимизни бирин-кетин фаолиятини яроқсиз ҳолга келтириш.

Аллоҳ аъзоларимизни жуда гўзал яратган. Коронавирус биринчи қайси аъзомизга айёрлик билан хужум қилса, у бошқа аъзоларга вазиятни сездирар экан. Кўнглимиз айниб, ичимиз бузилиб, ё иссиғимиз чиқиб: “Ҳой, инсон ичинга душман кирди. Ҳаракат қил, огоҳ бўл! Биз Аллоҳ берган имкониятларни ишга соляпмиз, иммунитетлар қарши курашяпти, лекин кучимиз етмайди, бизга ёрдам кучларини жўнат», дея хабар бераркан. Аллоҳнинг тавфиқи билан танамиз айтганларига “қулоқ солиб”, қўшимча дори-дармон кучларини юборганлар ўз ҳаётини сақлаб қоларкан. Бефарқлар ўзларига жабр қиларкан.

Қизиғи, дори ичингизга тушиши билан душман коронавирус билан қизғин, шафқатсиз жанг бошланаркан.

Азиз биродарим, бу жанг сизнинг ҳаётингиз устида, ҳа айнан сизнинг жонингиз учун бўларкан. Дори-дармон сақлаб қоламан, – деса, коронавирус мен ҳаётини поёнига етказиш учун кирганман, дер экан.

Энг қизиғи, ўша жанг сизни ичингизда, уни жанговор овозини қорнингиз қулдираши, алғов-далғов овозлар орқали, ожизгина тинглаб, дунёдаги ҳамма нарсаларни Яратгувчиси, фақат Ўзи хоҳлаган ишни қилувчи, Хокими мутлақ Аллоҳга таваккал қилиб, Ўзидан умид қилиб, ҳақиқатни тан олиб беҳол ётаркансиз.

Муддат-муддати билан безовта бўлиб хожатга борасиз. Ичингиздан бавл билан жангда қурбон бўлган қоп-қора чиқиндилар тушиб кетади. Хайратланасиз.

Жойингизга келиб, умидла ҳаёл сурасиз. Бу тушиб кетаётганлар шифо бўлсин деб, қабул қилган доривор сувларим, дори-дармонларим, ҳалок қилган вируслар чиқиндиси бўлсинда, дейсиз. Озгина ҳотиржам бўлиб, кайфиятингиз кўтарилади.

Афсуски, бироздан сўнг яна жанг бошланаркан, иссиқ чиқиб, иштаҳа бўғилиб, ғала-ғовур овозли жанга гувоҳ бўлиб ётаркансиз. Ҳаёлиздан: «И-е бояги чиқиб кетган, вируслар билан жангда ожиз қолиб, қурбон бўлган, шифо бўлсин деб ичган дори-дармон, ва таомларим эканмикин, наҳотки, вирус ғолиб келяпти, коронавирус сабаб ўлаётган инсонлар сафида кетиб қолсам-а”, деб тушкунликка тушиб қоларкансиз.

Бу жараён неча кун давом этишини ва натижа қайси томонни ғалабаси билан тугашини эса сиз ҳам, шифокор ҳам билмайди. Уни фақат Аллоҳ биларкан….

Азизлар, сизга хамир учидан патир қилиб, ҳаёлотдаги кечинмаларимни айтиб ўтдим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Каъба зиёратига келиб,туясини боғламай Аллоҳга таваккал деб, кейин бебош туяни йўқотган шикоятчи бадавийга: “Аввал туянгни боғлагинда, кейин Аллоҳга таваккал қил!” дея бежиз айтмаганликларини унутмайлик.

Аввал карантин қоидаларига амал қилиб, бемор бўлсак шифокорга мурожаат қилиб, зарур дори-дармонларни ўз вақтида олиб, Аллоҳга таваккал қилсак, тўғри йўл тутган бўламиз. Чунки Аллоҳни иродаси сабаблар билан юзага чиқади. Йўқса қуруқ таваккал билан, юқоридаги бадавийга ўхшаб қоламиз. Аллоҳ асрасин!

Аллоҳ ҳамма беморларимизга Ўзи шифои комил берсин, уларга туну-кун хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари, соғлиқ-саломатлик, илмий муваффақиятлар, оилавий бахт ато этсин! Бу дардга чалинмаганларга эса дарддан омонлик берсин!

Бизни ёзишдан умидимиз, Яратган дуоиларингизда бизни ҳам ёдингизга солсин. Амин!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Миршавкат Музаффар,

Паркент тумани «Бешкаппа» жоме

масжиди имом-хатиби

 

Бозордан бирор бемаза мева ҳарид қилсак ё сифатсиз кийим сотиб олсак дарҳол сифатлисига алмаштириб оламиз. Ота-она нобакор фарзандни вояга етказди ёки ўқитувчи қулоқсиз, беуқув, дангаса шогирд етиштирди. Бундай фарзанд ёки шогирдни яхшисига алмаштиришнинг ҳечам иложи йўқ. Шундай эмасми?

Динимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёс. Муаллимлик, мураббийлик ‒ буюк шараф. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари пайғамбарлар ҳам муаллим ва мураббий қилиб юборилганлар.

Ўқитувчилик касби вакиллари жамиятга сув ва ҳаводек зарур. Бу муҳтарам зотларни қуёшга ўхшатиш мумкин. Қуёш нуридан барча бирдай манфаат кўрганидек, устозларнинг маърифати бутун башариятга наф келтиради. Бежиз Абдураҳмон Жомий ҳазратлари:

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон, демаган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун башариятга устоз қилиб юборилганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда: «У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар» (Жумъа сураси, 2-оят), деб марҳамат қилинган.

Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Бир аллома устози ҳақида: “Отам мени кўкдан ерга тушишимга сабабчи бўлган, устозим эса ердан кўкка кўтарилишимга сабабчидир”, деган экан. Ота-она инсоннинг жисмини тарбия қилади, муаллим эса инсоннинг руҳини тарбиялайди.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, бундай деганлар: Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли,  ҳаттоки денгиздаги балиқ  ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига  дуо қиладилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит шогирдлари билан кетаётган эди. Йўлдан чўпон подани ҳайдаб ўтиб қолди. Шунда Абу Ҳанифа отдан тушиб, чўпонга салом бериб, тавозе кўрсатди. Чўпон кетгач, шогирдлари: “Устоз, сиз Куфада, Басрада донғи кетган олимсиз, оддий чўпонга бунчалик тавозе кўрсатишингизнинг боси недир?” дейишди. Абу Ҳанифа: “Бу чўпондан ҳайвонлар ҳақида савол сўрагандим. У менга устозлик қилган эди. Муаллимга тавозе кўрсатиш гўзал фазилатдир”, дедилар.

Худди шундай Алишер Навоий мулозимлари билан кетаётиб, ногоҳ кўзлари йўл бўйида ўтирган ўсмир болага тушди. Ҳазрат отдан тушиб, болакай салом бериб, олдига борди ва: “Бу йигитча устозимизнинг набираси. Биз унга эътибор қаратиб, устоз хотираларини шод айладик”, деган.

Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Ҳадиси шарифда: “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).

Ўткир Ҳошимов “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”ида устозни чархпалакка, шогирдни эса сувга ўхшатади. Чархпалак ўзининг парраклари орқали сувни юқорига кўтаради. Юқорига чиқиб олган сув ортга қайтмайди. Чархпалак эса бундан ранжимайди, яна бошқа сувни юқорига кўтараверади.

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

 

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида маълум қилинди.
Унинг сўзларига кўра, биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак.
“Тарихга назар солсак, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган она заминимиз азалдан юксак цивилизация ва маданият ўчоқларидан бири бўлганини кўрамиз. Халқимизнинг бой илмий-маданий мероси, тошга муҳрланган қадимий ёзувлар, бебаҳо меъморий обидалар, нодир қўлёзмалар, турли осори атиқалар давлатчилик тарихимизнинг уч минг йиллик теран илдизларидан далолат беради. Мен юқорида Аристотелнинг фикрларини бежиз эсламадим. Ҳаммангизга яхши маълум, антик даврда Юнонистонда ёнган илм машъаласи тўққизинчи – ўн иккинчи асрларда Марказий Осиё ҳудудида қайта порлади. Бу даврда юртимиз ҳудудида биринчи Ренессанс юзага келди ва у бутун дунё тан оладиган машҳур даҳоларни етиштириб берди. Хусусан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига беқиёс таъсир кўрсатди”, - таъкидлади Мирзиёев.
Унинг фикрига кўра, “Ислом маданиятининг олтин асри” деб эътироф этиладиган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ уламолар бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори ва чексиз ғурури ҳисобланади.
“Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат, юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди. Донишманд халқимиз ҳар икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор, тараққий этган халқлари қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди. Бир ўйлаб кўрайлик, аждодларимиз бундай юксак чўққиларга қандай эришганлар? Улар, энг аввало, жаҳолатга қарши маърифат байроғини баланд кўтариб, ўз ақл-заковати ва салоҳиятини башарият яратган илм-фан ютуқларини чуқур ўрганиш ва бойитишга бағишлаганлар. Тан олиш керакки, биз ана шундай бебаҳо меросга кўпинча фақат тарихий ёдгорликка қарагандай муносабатда бўлиб келмоқдамиз. Бундай тенгсиз бойликни амалий ҳаётимизга татбиқ этишда бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўймоқдамиз. Ваҳоланки, бундай ноёб мерос камдан-кам халқларга насиб этган. Биргина Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти фондларида сақланаётган 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзмаларга дунё аҳли ҳавас қилади. Биз бу ҳақиқатни ҳар томонлама теран англашимиз зарур. Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Бунинг учун олим ва мутахассисларимиз, ҳурматли уламоларимиз бу маънавий хазинани бугунги авлодларга содда ва тушунарли, жозибали шаклларда етказиб беришлари зарур.

Шу муносабат билан Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Мусулмонлар идораси, Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази буюк мутафаккирларимизнинг илмий-маърифий ва маданий меросини фундаментал асосда нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва кенг оммага етказиш, шунингдек, уни ўрганиш методикасини ишлаб чиқиб, амалда қўллаш чора-тадбирларини кўрсин. Бу масалага Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев масъул этиб белгиланади”, - ўз сўзини якунлади давлат раҳбари.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

"Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот хизмати

Муҳаммадсодиқ Абдуолимов 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Мақолалар

Top