muslim.uz

muslim.uz

Ўткир Ҳакимов

Тошкент шаҳар "Усмон ибн Мазъун" масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳар йили эски милодий йил тугашидан чамаси бир ой аввал бошланиб, янги милодий йил кириб бир ҳафтага қадар инсонларни тинчлигини бузадиган, турли кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўладиган халқ тилида пақилдоқ деб аталувчи пиротехника воситаларининг шовқини эшитила бошлайди.

Қани эди болалари қўлида ўйнаётган “ўйинчоқ” қанчалик хавфли эканлигини ота-оналар билишса.

Бу “ўйинчоқ”дан аввало уни ўйнаётган ёшларнинг ўзлари жабр чекяптилар. Маълумотларга  қараганда, уларнинг ораларида турли тан жароҳатларни олаётганлар, баъзи аъзолари куйиб жабр кўраётганлар, кўриш ва эшитиш қобилиятини йўқотганлар, ҳатто қўл-оёғидан ажраб қолганларни ҳам учраши ачинарли ҳолатдир.

Ёшларни бу “ўйин”ларидан турли ёшдаги инсонлар, беморлар, ёш ҳомиладор келинлар ҳам азият чекмоқдалар.

Шифокорлар сўзларига кўра, “пақилдоқ” одамни бехосдан чўчитгани боис юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатар экан.

Буни ўйнаётган ёшлар пиротехника воситаларини салбий оқибатларини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Балки улар пиротехника воситаларини  портлаганига, ундан чиқадиган шовқинли ва даҳшатли овозларга, дўст ва синфдошларини чўчитиб қўрқитганларига хурсанд бўладилар. Ахир улар инсонларни чўчитиш ва уларни қўрқитиб азият етказишдан динимиз қайтарганлигини қаердан ҳам билишсин.

Аллоҳ таола Қуръони каримда инсонларни бошқаларга озор ва азият беришдан қайтариб, Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устиларига бўҳтон ва очиқ ойдин гуноҳни олибдилар», деб марҳамат қилади. (Аҳзоб сураси, 58-оят).

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: «Нимага куляпсизлар?» дедилар. «Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз», дейишди. У зот: «Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас», дедилар.

Яна Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам «Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир», деб марҳамат қиладилар.

Мутахассислар маълумотига кўра пиротехника воситалари ишлатилганда ёниш ҳарорати 3000 даражагача етиши мумкин бўлиб, кучли ёнғин келиб чиқиши хавфини кучайтиради.

Бу арзимас кўринган иш сабабли инсоннинг бошига турли хил кулфатлар ёғилиши, ўзининг ҳаёти хатарда қолиши ва ҳатто жони ҳалокатга учраши мумкин экан. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни ўз жонларини хатарга солишдан қайтариб, “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг деб марҳамат қилган.

Яна пиротехника воситаларини сотиб олишда исрофга йўл қўйиб гуноҳкор бўлиш ҳам бор. Чунки ҳар бир неъматни нотўғри тассарруф қилиш ўша неъматни зое бўлишидир. Неъматни зое қилиш эса исрофдир. Исрофгарни эса Аллоҳ яхши кўрмайди.

Аллоҳ таоло Ўзини Каломида айтади: «Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас». (Аъроф сураси 31-оят). 

Кўриниб турибдики, баъзан ўйламасдан қилинган ишлар, эътиборсизликлар нафақат инсонни ўзига, балки ўзгаларга ҳам зарар етказиб, кўнгилсизликлар ва гуноҳларга сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ» деганлар.

Имом Термизий Абу Сирмадан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди», деганлар.

Пиротехника воситалари савдоси билан шуғилланувчилар ҳам инсонларга зарар етказиб, гуноҳ ишларга шерик бўлаётганликларини билиб қўйсалар ҳамда бу йўл билан бола-чақа боқиб уларни роҳатини кўришни истасалар бошқа тирикчилик қилсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки қиёмат куни ҳамма инсон ҳаёти, илми, қилган касб-ҳунаридар сўралади.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси, умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси, ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси, мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси, ўрганган илмига қандай амал қилганидир» (Баззор ва Табароний ривоят қилган).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддасига мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жиноят кодексининг 2501-моддасида эса бундай қилмишлар содир этганлар учун унинг ким томонидан содир этилгани ва қандай оқибатларга олиб келганлигига қараб турли жазо чоралари, жумладан, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши кўзда тутилган.

Инсон эркакми ё аёл, ҳаёти давомида турли  гуноҳ ва жиноятлар қилмасдан динимиз  кўсатмаларига амал қилиб яшаса ҳамда инсонларга қўлидан келган  яхшиликларни  қилса, фарзандларининг хулқ ва одоби ҳамда тарбияларига эътиборли бўлса, у инсон икки дунё саодатига эришади.      

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» (Наҳл сураси 97-оят).

 

“Бўта бува” жоме масжиди имом-хатиби

Зиёуддин Мирсодиқов

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейни бориб кўрди.

Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида ижод мактаби ва музей барпо этилди. Боққа кираверишда буюк ёзувчи ҳайкали ўрнатилди. 

Давлатимиз раҳбари мазкур ҳайкалнинг очилиш маросимида иштирок этиб, унинг пойига гул қўйди. 
 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги фармойиши билан ташкил этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганишга ихтисослашган.

Жорий ўқув йилида мактабнинг 5, 6, 7 ва 8-синфларига ижодий имтиҳонлар ва тест синовлари асосида 121 нафар ўқувчи саралаб олинди. “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови ғолиби Зилола Шомуродова ҳам ижод мактабига қабул қилинди.

Бу ерда ўғил-қизларнинг таълим-тарбия олиши учун ҳамма шароит яратилган. Хоналар кенг, ёруғ, шинам ва қулай. Фан кабинетлари замонавий технологиялар ва ўқув анжомлари билан таъминланган. Кутубхона адабий асарлар, бадиий адабиётларга бой. Очиқ ва ёпиқ спорт залларида болалар спорт тўгаракларига қатнашиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун қулайликлар мавжуд.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. 

– Абдулла Қодирий ижод мактабида ўқиётган бу болалар янги Ўзбекистоннинг келажаги бунёдкорларидир. Барча умумтаълим мактаблари ушбу ўқув даргоҳидан маънавиятни, маърифатни ўрганиши лозим. Чунки бу ерда таҳсил олаётган болалар нафақат маънавиятли, балки ўз ватанини юракдан севувчи истеъдод эгалари. Биз ижод мактабларида ватанпарвар ёшларни тарбиялашни мақсад қилганмиз, – деди Президент. 

Ижод мактабида “Қодирий издошлари”, “Ёш қаламкашлар”, “Ёш журналистлар” каби тўгараклар, “Ифодали ўқиш”, “Нотиқлик санъати” бўйича қўшимча дарслар ташкил этилган. Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган маърифий тадбирлар тез-тез ўтказилиб туради.

Давлатимиз раҳбари олий ўқув юртларининг олимлари бу ерда дарс ўтиши, таниқли ёзувчи ва шоирлар маҳорат сабоқларини йўлга қўйиши, дарслар замонавий методикалар асосида олиб борилиши зарурлигини таъкидлади. Истеъдодли болалар фақат ўқув жараёни билан чекланмай, университетларда амалий машғулотлар ўташи кераклигини қайд этди. Ўғил-қизларга мамлакатимиз тарихини мукаммал ўргатиш мақсадида ижод кунлари юртимизнинг диққатга сазовор шаҳарларига саёҳатларини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

– Бу мактабда миллатпарвар, ўзлигини англаган авлод камол топишига ишонаман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, бу йил Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланди. Бундай тадбирлар адиб номи қўйилган ижод мактабида ўзгача шукуҳ билан ўтди.

Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғига кираверишда адиб музейи барпо этилди. Мазкур бинога “Турон” кутубхонаси ҳам жойлаштирилди. Бу нафақат етук аждодимизнинг ворислари, балки адабиёт, маънавият ва маърифат аҳлини, бутун халқимизни қувонтирди.

Президентимиз музей ва кутубхонадаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.

Музейга кираверишда Абдулла Қодирийнинг ҳикматли сўзлари битилган. Чап томонда адибнинг ҳаёт ва ижод йиллари хронологияси, қатағон йиллари экспонатлари ҳамда мустақиллик йилларида ёзувчига кўрсатилган эҳтиром акс этган экспозициялар жойлашган. Томошабинлар залдаги улкан мониторда адиб асарлари асосида суратга олинган “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” фильмларини, бошқа картиналарни кўриши мумкин. 

Давлатимиз раҳбари шу ерда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар билан мулоқот қилди.

 

 

 Манба: http://uza.uz

25 декабрь куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида Абул Муин Насафийнинг маърифий фаолиятига бағишланган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашган буюк аллома” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бошланди.
Мазкур халқаро конференцияда Россия, Туркия, Миср, Бангладеш, Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатларнинг етук уламолари ва соҳанинг кўзга кўринган мутахассислари ҳамда Юртимиздаги етакчи олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.
Абул Муин Насафий ҳазратларининг маърифий фаолиятига бағишланган халқаро илмий-амалий конференцияга келган нуфузли меҳмонлар Қарши туманида жойлашган “Абул Муин Насафий” мажмуасини зиёрат қилдилар.
Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Хомиджон Ишматбеков “Абул Муин Насафий меросида тинчлик ва ҳамкорлик ғояларининг ўрни” мавзусида маъруза қилди.
Анжуман тафсилотларини сайтмизда кузатинг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сирдарё вилоятига сафарлари мобайнида Янгиер шаҳрида жойлашган “Мурувват” уйида бўлдилар. Улар томонидан 5 нафар ногиронлиги бор фуқароларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган ногиронлик аравачалари топширилди. Шунингдек мазкур “Мурувват” уйида хизмат қилаётган 110 нафардан ортиқ тиббиёт ходимларига совға-саломлар улашилди.
Шундан сўнг Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжидида кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари ва пул маблағлари тарқатилди.
Мазкур тадбирлар орқали қалби ўксик юртдошларимизга шодлик улашилди, хонадонларига хурсандчилик кириб борди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деб марҳамат қилганлар.
Ушбу хайрия тадбирлари кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимиз кўрсатилган бундай эҳтиром ва эътибордан миннатдор бўлиб, эзгу тилаклар, дуои-хайрлар қилдилар.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top