muslim.uz

muslim.uz

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров  Алепподаги бош масжид тикланиши учун 14 миллион доллар ўтказди.

Алеппо масжидини террорчилар 2013 йилда вайрон қилган эди. Масжидни қайта тиклаш учун Аҳмад Қодиров жамғармаси 14 миллион доллар ўтказди.

Бу ҳақда Сурия муфтийси Маҳмуд Акама хабар қилди.

Муфтийнинг айтишича, масжидни қайта тиклаш учун сарф-харажат қилинадиган маблағни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров таклиф қилган. “Рамзан Қодиров бизга ёрдам қўлини чўзди, биз ниҳоятда катта қийинчиликлар гирдобида қолганимизда у бизга кўмакчи бўлишга қарор қилди.

У террорчиликка қарши астойдил курашади ва бу балодан инсониятни халос қилиш учун жон куйдираётган давлат раҳбарларидан биридир. Биз у билан бир хил фикрлаймиз, мен унинг сурияликларга қанчалик меҳрибонликлар қилаётганига гувоҳман”, дейди у. Тахминларга кўра, Алеппо масжидини қайта қуриш ишлари икки йил давом этади.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.


 

Ўтган ҳафта Москвада Қуръон байрами нишонланди. Байрам  Москва концертлар саройининг Crocus City Hall концерт залида XVIII халқаро қорилар мусобақаси финали доирасида ўтказилди. Мусобақа финалида бешта энг зўр қори қатнашди. Финалда Россиядан вакил бўлиб Зариф Баракатулло иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз: ҳар йили Қуръон байрамида минглаб одамлар йиғилади. Бу йилги меҳмонлар кенг дастурлар доирасида кутиб олинди. Унга кўра, хоҳлаганлар амру маъруф тинглаши ва мастер классда қатнашиши мумкин. Шунингдек, байрам дастурига ҳаж ва умрага ҳамда Туркия ва Мароккога саёҳат ютуқларини қўлга киритадиган ютуқлар ҳам киритилди.  Шунинг билан бирга, ҳалол маҳсулотлар хайрия тадбири ҳам ташкил этилди. Болалар учун эса махсус дастур тайёрланди.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади

 

 

vendredi, 15 septembre 2017 00:00

Аллоҳнинг Ўзи замондир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз зинҳор «Замон ўлсин» («ундан кўнглим қолди»), демасин. Чунки Аллоҳнинг Ўзи замондир», дедилар.

Шарҳ: Бунинг маъноси шуки, замонда бўлаётган ҳамма иш Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунинг учун замондан шикоят қилиш мумкин эмас.

Одатда, одамларга бирон зиён етса, «Қандай замонга қолдик ўзи?» дея замонни сўкишга ва ундан шикоят қилишга ўтадилар. Аслида замонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг, ўзгаришларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади. Шунинг учун, замонни сўкиш, ундан норози бўлиш. Аллоҳ азза ва жалланинг иродасига қарши чиқиш, Унга куфр келтириш билан тенгдир. Аслида, замоннинг ўзгариб туриши Аллоҳ таолонинг синовидир. Бас, мўмин-мусулмон киши ҳар қандай замонда ҳам иймонни пок сақлашга жидду жаҳд қилмоғи керак.

Кўпинча инсоннинг бошига етган мусибатга ўзи сабабчи бўлади. Баъзида ғафтада қолади. Гоҳида керакли чора-тадбирларни кўрмайди. Қилиниши керак бўлган ишларни ортга суради. Қилинмаслиги лозим бўлган ишни ҳаддан зиёд ошиқчаси билан қилади ва ҳоказо. Бундай пайтда замондан шикоят қилиш ўз айбини замонга тўнкашдан бошқа иш бўлмай қолади. Мана бу ҳолат эса айни адашишнинг боши ва манбаидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз «Замон ўлсин» демасин. Чунки, Аллоҳ азза ва жалла: «Мен замонман. Тунни ҳам, кунни ҳам келтираман. Қачон хоҳласам, икковини ҳам олиб қам қўяман», деган. Яна узумни зинҳор «карм» демасин. Чунки карм мусулмон одамдир», дедилар».

 Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ўзидан олдингисини такидлаб ва тўлдириб келмоқда. Бунда Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўзининг замон эканини айтмоқда.

«Яна, узумни зинҳор «Ал-карм» демасин. Чунки «Ал-карм» лафзи мусулмон, деган маънони англатади» дейишади, баъзида уни «карм» (кўпроқ «курм») сўзи билан ҳам атайдилар. «Карм» «Карам»дан олинган бўлиб, бу сифатга мўмин киши сазовордир. Узум сазовор эмас.

Фойда: бу ҳадис узумни «Ал-карму», деб айтишдан қайтармоқда. Сабаби жоҳилият даврида узум мевасидан маст қилувчи шаробни тайёрловчилар уни шундай айтишар эди. Ҳозир ҳам баъзилар шундай дейишади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай аташдан қайтармоқда.

Дарҳақиқат, бугунги кунда айрим кишилар ўзи билмаган ҳолда Аллоҳ қайтарган сўзларни айтиб қўйиб гуноҳкор бўлиб қолганини билмай қолмоқда.

Шунинг учун мусулмон киши ҳар бир сўзни ўйлаб гапирса, кейин афсус ва надомат чекишига ҳожат қолмайди. Яратган Раббимиз тўғри йўлдан адашиб қолишимиздан асрасин. Омин!

 

Одилжон РАСУЛОВ,

Марҳамат туманидаги 22-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

 

vendredi, 15 septembre 2017 00:00

Намоз гуноҳдан сақлайди

Намоз – инсоннинг қалбини поклаб жисмига саломатлик улашувчи ибодат. У ҳар бир мусулмонга фарз амал. Аллоҳ таолонинг бу раҳматини киши тоқати етганича ғайрат қилиши айтилган. Шунинг учун ибодатининг қай даражада ажру мукофотга эга эканини билмоқчи бўлган инсон ўзининг ушбу амалга қачондан киришганига эътибор қилсин.

Ёшликда киришган бўлса, ибодати ва савобининг сурати ҳам ёш ва чиройли бўлади. Қарилик чоғида берилган бўлса, унинг ҳам сурати шунга ярашадир. Аммо инсон қачон ҳидоятга етса, ўшандан буён ҳамду сано айтиши ва қолган умрига барака тилаб, ғафлатда ўтган умрига истиғфор билан ўрнинг қопламоғи керак. Шунинг учун ибодатни ҳар қачон ғанимат билмоқ зарур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрнинг сўнгги дақиқаларида ҳам намозни маҳкам ушлашни қайта-қайта тайинлаганлар.          

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин касал бўлганларида: “Намозни (маҳкам ушланглар), қўл остингиздагилар (риоясини қилинглар)”, дедилар, тиллари ҳаракатланмай қолгунича шу сўзларни қайтаравердилар (Ибн Можа, Аҳмад, Абу Яъло ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Намоз Исломнинг асосий устунларидандир. Қуръони каримни эътибор билан ўқиган инсон намоз бошқа ибодатлардан кўра кўпроқ зикр этилганини, уни комил суратда ўқиш бот-бот эслатилганини билади. Намозни қоим қилган инсон бошқа амалларни ҳам тўкис бажаради. Намозга эътиборсиз одам бошқа ишларга ҳам лоқайд қарайди. Ҳаётда кўриб турганимиздек, намози чиройли, тартибли одамнинг қолган амаллариям кўнгилдагидек бажарилади. Ибодати чала кишининг дунёвий ишлари ҳам ўлда-жўлда бўлади.

Намозга эътиборсизлик ортидан шаҳватларга мутелик, дунёга кўнгил қўйиш каби иллатлар эргашиб келади. Зеро, намоз инсонни гуноҳ-маъсиятдан қайтаради, бандага Аллоҳни, охиратни эслатиб туради. Намозда ажиб бир куч-қувват бор. Мўмин киши шундан ҳамиша куч олади. Натижада қалби мустаҳкам, имони бақувват бўлади. Инсон ибодатга эътибори, ташналиги билан Аллоҳга севимли бандага айланади. Намозга бепарво кимса илоҳий раҳматдан бебаҳра қолади.

 

Зиёвуддин Раҳимнинг “Намозда хушуъ” китоби асосида Марҳамат туманидаги “Обиджон Ботиров” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадсодиқ Каримов тайёрлади.

 

 

jeudi, 14 septembre 2017 00:00

“Bilmaslikning shifosi savoldir”

Hozir Internet orqali xohlagan narsamizni bemalol qidirib topib, u haqda ma’lumot olishimiz mumkin. Ha, bu ko’pchilikka juda qo’l keladi. Ammo, buning salbiy tomonlari ham bor. Internet orqali sharqona madaniyatimizga zid, yoshlar odobiga ta’sir ko’rsatuvchi axborotlar tarqatilishi hammaga ma’lum. Bu orqali yoshlarimiz Yevropa madaniyatiga, yurish-turishi, kiyinish uslubiga taqlid qilishi ham hech kimga sir emas. Oqibatda  yoshlarning ma’naviy ongi, fikrlash olamida o’zgarish bo’lishi turgan gap.

To’g’ri, bir qarashda buning zarari yo’qdek. Lekin, milliy qadriyatlarimiz bu orqali sekin-asta yemirilib borayotgani kuzatilmoqda. Masalan, hozirgi paytda qilinayotgan ba’zi to’ylarni oladigan bo’lsak. Kelinlarni kiyadigan ochiq kiyimi, to’ylardagi aksar holatlar, yana kelin va kuyovning qanday qilib topishgani-yu, to’ygacha bo’lgan holatlari haqidagi “Love story” larda ommaviy madaniyat ta’siri aksini ko’rishimiz mumkin.

Yana bir narsaga e’tibor qarataylik: ko’pchilik kiyib yurgan, xorijdan kirib kelayoygan ko’ylak, futbolkalarda chet tilida yozilgan so’zlarni uchratamiz. Ularning aksaridan bu so’zlarning  ma’nosi so’ralsa, bilmasliklari ma’lum bo’ladi. Ular bu bilan qiziqib ham ko’rmaydilar. Kuzatishlar natijasida aksarining ma’nosi bema’ni ekani ma’lum bo’ldi.

Yuqorida keltirilganlarning hammasini  ko’r-ko’rona ergashish, taqlid qilish, deya olamiz, menimcha. Bosniya-Gertsogavinaning marhum prezidenti Ali Izzatbekovich shunday degan ekan: “Islom olami g’arbdan ish, tashkilotchilik va intizom ruhini, ilmiy izlanish va texnik taraqqiyot uslublarini o’rganishi kerak. Lekin g’arb dunyoqarashlari, falsafasi, axloqiy va oilaviy hayot asoslarida bizga o’rnak bo’lolmaydi. Chunki bunday ishlarda g’arbcha hayot tarzi “Hayotimizni qanday yashamasligimiz kerak” ko’rinishida bo’ladi”.

Diqqatimizni qaratadigan yana bir katta muammo mavjud.

Bilamizki, “ekstremizm” so’zi “haddan oshish, chegaradan chiqish” degan ma’noni anglatadi. Payg’ambarimiz alayhissalom hamma narsada o’rta bo’lish haqida doim ta’lim berganlar. Ammo, ekstremistlar aynan  farz, vojib kabi masalalarda emas, balki sunnat yoki  mustahab masalalarda  haddan oshib, ixtilof qilishga urinadilar. Aynan o’sha masaladagi bir holatni ushlab olib, undan boshqasini rad etadilar. “Nima uchun biz Payg’ambarimiz turganlarida, hanafiy yoki molikiylar mazhabiga bo’ysunishimiz kerak. Yana, u kishi biror mazhabga e’tiqod qilmaganlar. Biz o’z rahbarlarimizga itoat qilamiz”,- degan gaplarni aytadilar. Yetarli bilimga ega bo’lmagan kishilar esa ularga ko’r-ko’rona ergashadilar. Shu kabilarga ergashish to’g’ri emas. Chunki ularning gaplari ko’pincha asossiz bo’ladi. Shu o’rinda Rumiy hazratlarining bir gaplarini aytib o’tishimiz maqsadga muvofiq bo’lardi: “O’zing bilmagan, tushunmagan ishga kirishma, qaysi ishga kirishmoqchi bo’lsang, o’zing bilgan aqlli, tajribali kishi bilan kengash, uning maslahatiga quloq sol, so’ngra ish boshla. Shunday qilsang, o’zingni xatolardan saqlaysan”.

Bu ekstremistlar  ixtilof qilgan bir masala, xalos. Ular shu va shu singari bir qancha narsalarda din chegarasidan oshadilar. O’zlarining g’arazli niyatlari yo’lida bunday ishlardan tab tortmaydilar. Eng achinarlisi, o’z manfaatlari yo’lida, hattoki, muqaddas kitobimiz – Qur’oni karimni ma’nolarini noto’g’ri ta’vil qiladilar. Imom G’azzoliy: “Agar bilmaganlar sukut etganida odamlar o’rtasida xilof kam bo’lardi”, deganlar. Doktor Mustafo Siboiy esa quyidagi hikmatli so’zini aytgan ekanlar: “Hamma zamonlarda dinga musibat ikki toifadan kelgan:

  1. Dinni noto’g’ri fahmlaydiganlar.
  2. Dinni o’z manfaatiga bo’ysundirganlar.

Birinchisi mo’minlarni adshtirsa, ikkinchisi muxoliflariga hujjat topib berishadi.”

Din chegarasidan oshib, musulmonlar orasida turli ixtiloflarni kelib chiqishiga sabab bo’layotgan bunday kishilarga ergashib ketmaslik uchun nima qilish kerak? Buning uchun, o’ylashimcha, avvalo ilm bo’lishi kerak. Sababi, ilm orqali turli tushunmovchiliklar, savollarga javob topiladi. Abu Umoma al-Bohiliy roziyallohu anhudan rivoyat qilingan hadisi sharifda Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga ikki kishi zikr qilinadi: biri obid, boshqasi olim. Shunda U zot alayhissalom:

 “Olimning obiddan afzalligi xuddi mening sizning eng kichigingizdan afzalligimga o’xshaydi”, dedilar. So’ngra Rasululloh sollallohu alayhi vasallam:

 “Albatta, Alloh, Uning farishtalari, osmonlaru yerning ahli, hattoki, uyasidagi chumoli va baliq ham odamlarga yaxshilikni o’rgatuvchiga salovat aytadilar”, dedilar”.

Bu hadisi sharifda olim va obid tenglashtirilmasligi, ularning orasida odam bolasining eng ulug’i, Alloh payg’ambarlarining eng afzali bilan kichik bir sahobiy orasidagi farqchalik farq borligi ta’kidlanmoqda. Olim bilan obidning farqi shunchalik bo’lsa, olim odam bilan oddiy odamning farqini tasavvur qilib ko’rish kerak. Shuning uchun ham ana o’shanday fazlga ega bo’lishni xohlagan inson diniy ilmlarni o’rganishga kirishmog’i kerak ekan. Aynan manashu hadis insonlarni ilmga targ’ib qilib, unga bo’lgan ishtiyoqini yanada oshiradi.

Hasan Basriy rahimahulloh esa: “Olimlar bo’lmaganda odamlar hayvonlardek bo’lib qolardi”, degan ekanlar.

Yoki bo’lmasa, bilmagan narsasini yuqoridagi kabi yaxshi biladigan, olim kishilardan so’ramoq lozim. Alloh taolo Qur’oni karimda shunday marhamat qiladi: “Agar bilmasangiz, zikr ahlidan so’rang(Nahl surasi, 43-oyat). Ushbu oyati karimada Alloh taolo bandalarini bilmagan narsalariga ergashmasliklariga, agar bilmasalar, zikr ahlidan so’rashlariga chaqirmoqda. Yana, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Bilmaslikning shifosi savoldir”, deb aytganlar (Abu Dovud rivoyati). Demak, Payg’ambarimiz alayhissalom hadislarida bilmaslikning davosi- savol ekanini ta’kidlab o’tibdilar.

Dinda haddan oshuvchi kimsalarga ergashib ketmaslik lozim. Ularning shu singari safsatalariga raddiya sifatida qancha olimlarimiz asarlar bitganlar. Demak, ekstremist, mazhabsiz kishilarning asossiz so’zlariga ergashib taqlid qilmaslik uchun yetarlicha manba’lar mavjud ekan. Shunday be’mani ergashish hamda taqlidlarning oldini olish uchun atrofdagilarga va yaqinlarimizga, vaqti kelsa, o’zimiz uchun ham shunday manbalardan foydalanishni maslahat berish maqsadga muvofiqdir. Menimcha, shu orqali ham bu bema’niliklarni oldini ancha olingan bo’lar, jamiyatimizda ozgina bo’lsada uquvsiz taqlid qiluvchilarni soni kamaygan bo’lar edi, vallohu a’lam.

Xosiyatbonu ERKINZODA,

Xadichai Kubro ayol-qizlar o’rta maxsus islom bilim yurti talabasi

 

 

 

 

 

 

 

                                                

Page 66 sur 264

Мақолалар

Top