muslim.uz

muslim.uz

Маълумки, сўнгги йилларда глобаллашув турли-туман қарашлар асосида, деярли барча ижтимоий ҳодисалар билан боғлиқ равишда талқин этилаётган муаммолардан бирига айланди. Ҳозирги кунда ёшларимиз онгига ҳар хил ёт ғоялар сингиб, уларнинг ақлий фаолиятига ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Ёшларнинг ўз маданияти, урф-одатлари, қадриятларидан воз кечиши ва маънавиятининг сустлашиб бориши глобаллашув жараёнининг бевосита таъсири ҳисобланади.

Глобаллашув ёшлар онгига турфа кўринишлар орқали сингиб келмоқда. Биламизки, ХХI аср – ахборот ва технологиялар асри ҳисобланади. Бугунги кунда интернетга бўлган эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. Ҳар нарсанинг бир манфаати бўлиш билан бирга зарари ҳам бўлиши табиий. Жумладан, интернет ҳам айрим манфур кимсалар учун “қурол” вазифасини бажармоқда. Мана шу қурол орқали маънавиятимиз ҳамда миллий қадриятларимизга ўз  таъсирини ўтказмоқда. Бу эса, ўз-ўзидан маънавий таҳдидни юзага келтиршга сабаб бўлмоқда. Ушбу иллат инсон эркинлиги, уни ўзига ғоявий қарам қилиш, руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган бўлиб, у жозибали шиорлар ва ғоялар остида яширинган бўлади, албатта. Диний ва миллий ришта-ю қадриятлар томирига болта уради, ёшларнинг қалбини ва онгини эгаллашга, уларнинг дунёқарашига зарарли тушунчаларни сингдиришга ҳаракат қилади, охир-оқибат мамлакат хавфсизлиги ва миллий манфаатларга таҳдид солиб, жамиятни инқироз кўчасига олиб келади. Шу ўринда “маънавий таҳдид” жумласига биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг мазкур ибораларини келтириб ўтиш ўринлидир: “Маънавий таҳдид деганда, аввало тили, дини, эътиқодидан қатъий назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларини назарда тутиш лозим, деб ўйлайман”.

Ҳозирги кунда  интернет овчилари қабиҳ ниятларини амалга ошириш учун ёш, ҳали маънавияти тўла қонли шаклланмаган ва ғўр ўғил-қизларни ўз қармоқларига ҳеч қийинчиликсиз илинтирмоқда. Бунинг сабаби нима?! Нима учун ёшларимиз бундай ёт ғояларга ишонувчан? Нима сабабдан ҳозирги кунда интернет ёшларнинг овунчоқ масканига айланди?! Буларнинг асосий сабабларидан бири, уларнинг маънавияти сустлиги ва дангасалигидандир. Маънавиятнинг сустлиги эса, китобхонликдан четда бўлиш, тарбиясизлик, келажакка бефарқлик, ялқовлик, лоқайдлик ва шу каби салбий тушунчалар орқали юзага келади. Яна бир мисолга эътибор қаратадиган бўлсак, оилаларимизда фарзандга эътиборнинг йўқлиги ҳисобланади. Ўсмир ёшдаги болалар эътибор талаб, қизиқувчан, тез-тез фикрини ўзгартирувчи, қайсар бўлиб қолади. Бу даврда ёшларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, уларни ўз йўлини топиб кетади дейишнинг оқибати яхши эмаслиги барчага маълум. Ота-онанинг бефарқ ва лоқайдлиги туфайли фарзанд меҳрни бошқалардан излай бошлайди. Бунинг натижасида интернет овчиларининг қўлига тушиб қолади. Қаерда бепарволик ва лоқайдликлик ҳукм сурса, шубҳасиз, ўша жой парокандаликка юз тутади. Лоқайд одамдан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Бу борада Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Мўмин зийрак, эҳтиёткор ва оқил бўлади” дея таъкидлаган.

Глобаллашувнинг ёшлар тарбиясига ўтказаётган салбий таъсири қуйидагиларда намоён бўлмоқда:

- Информацион воситаларнинг юксак ривожланиши натижасида интернет, уяли алоқа воситаси, телекоммуникациялар ва турли ахборот нашрларининг кириб келишида ота-она ва устозларнинг эьтиборсизлиги.

- “Оммавий маданият”нинг турли хил кўринишлари ёшлар орасида тобора кенг тарқалиши. Бундай ҳолатлар асосан кийиниш маданиятида, турли ғарбона одатларга қизиқишларда, бўш вақтини бекорга  сарфлашда, миллий қадриятларга салбий муносабатда бўлишларида намоён бўлмоқда.

- Ёшлар орасида тақлидчилик, ғарбона “идеал”ларга кўр-кўрона эргашиш каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Бунда, хорижда кенг тарқалган ахлоқий ва маънавий юриш-туриш андозаларининг кинофильмлар, мода ва турли хил рекламалар орқали ёшларнинг онгини чулғаб олаётганлигини сезиш қийин эмас. Оқибатда, ёшлар ўртасида китоб ўқишдан кўра компютер ўйинлари олдида вақтини бекорга ўтказиш, мазмунан саёз бўлган турли хил жанрдаги фильмларни томоша қилиш одат тусига кириб бормоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бизнинг бундай салбий ҳолатларга қарши қуролимиз глобаллашувнинг маънавиятга салбий таъсирини бартараф этиш, ғоялар кураши даврида ёшлар дунёқарашини кенгайтириш, миллий-маънавий қадриятларимизни улар онгига сингдириш, жамият  асоси бўлмиш оилаларда соғлом муҳитни  шакллантиришдир. Ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур.

 

Хадичаи кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Алишержонова Моҳирахон

Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани, Қўшчинор МФЙ, Сайроб қишлоғида жойлашган “Сайроб” жоме масжиди шу йилнинг декабрь ойида ҳашар йўли билан тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилиб, намозхонлар учун фойдаланишга топширилди.

Масжид қишлоқ номидан келиб чиқиб, “Сайроб” деб номланган. Мазкур масжид биноси 1992 йил халқ ҳашари йўли билан қурилган. Ҳозирги кунда 700 нафар намозхонни сиғдира олади. Хонақоҳ ва меҳроб ўзига хос миллий нақшлар билан безатилган. Хонақоҳга шарқона услубда қурилган эшиклар ўрнатилган.

Ҳовли саҳнига замонавий рангли қуйма ғиштлар (брусчатка) ётқизилган. Таҳоратхона биноси ҳам замонавий услубда безатилиб, барча қулайликлар яратилган.

Шукрлар бўлсинки, истиқлол шарофати ила бу каби хайрли, савобли ишлар кўплаб амалга оширилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан мўмин-мусулмонларга яратиб берилган кенг имкониятлар ҳамда шароитлар натижасида “Сайроб” жоме масжидининг қайта таъмирдан чиққан биносининг фойдаланишга топширилиши ҳам истиқлол ҳамда тинчлик шарофатидандир.

Ҳозирда мазкур масжидда “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртини тамомлаган Қаршиев Саттор имом-хатиб вазифасида фаолият олиб бормоқда.

Қўйида масжиднинг эски  ҳолатидаги расмлари

 Сарвар Муҳаммадиев,

ЎМИ Масжидлар бўлими ходими

Бутун олам яратгувчиси бўлган Аллоҳ Таолога беадад ҳамдлар ва оламларга раҳмат қилиб юборилган Расули Акрам (с.а.в.) салоту саломлар бўлсин.

Биламизки, давлат ўз мустақиллигига эришгандан сўнг у бошқа  давлатлар билан ўзаро алоқа қилиши орқали жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга бўлади. Албатта, Давлатнинг ташқи сиёсати жамият тараққиётида муҳим ўрин касб этади.  “Дипломатия”  ҳам ташқи сиёсатнинг асосий жиҳатларидан бири ҳисобланади. Мадомики, бу борада сўз юритилар экан аввало, бу тушунчанинг маъносини билиб олиш зарур ҳисобланади. “Дипломатия” деганда “давлатнинг айрим органлари билан сиёсий мақсадда халқаро муносабатларнинг турли соҳаларида вакил орқали ҳамкорлик қилишдаги саъй-харакатлар мажмуи”тушунилади..

Энди унинг тарихига назар солсак, Дипломатия – халқаро ҳуқуқнинг энг қадимги соҳалардан бири бўлиб, давлат тушунчаси пайдо бўлгандан бошлаб, дипломатия сўзи    ҳам муомалага киритилган.

Давлатлар орасида бирдамликни таъминловчи, ўртада воситачи вазифасини бажарувчи шахс бу элчидир. Элчи ўз санъати ва қобилияти билан уни юборган  мамлакати номидан турган мамлакатда мустақил иш олиб боради. Шу сабабдан ҳам элчиликка оқил, зукко, тадбирли ва ҳар қандай вазиятдан чиқиб кета оладиган шахс тайинланади.

Исломда, яъни ислом дипломатиясидаги  элчилар мақоми ҳақида сўз юритганда,  уларнинг ўрни беқиёслигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Исломнинг олий кучга эга бўлган Қуръони Каримдаги  элчиларга доир ояти карималарда  соф ақидавий жиҳатдан ёндашилса, элчи – Аллоҳнинг каломини етказиш учун ёлланган ёхуд махсус танланган шахс ёки фаришта дейилади.

Тарихимиздан бизга маълумки, ота-боболаримиз  бошқа юрт подшоҳлик, амирликлари билан ўзаро алоқа қилиш учун чопар юборишган ва улар орқали кўп масаларни ҳал этишган. Масалан, Амир Темур Кастилия ва Леон қироли Дон Энрике III (айрим манбаларда – Испания қироли Генрих III), Франция ҳукмдори Шарл VI (айрим манбаларда – Карл VI деб ҳам қайд этилади), Англия қироли Генрих IV саройларига элчилар юбориб, мутаносиб равишда испаниялик, франциялик, англиялик, хитойлик ва бошқа бир қатор – жами 20 дан ортиқ хорижий давлатлар элчиларини ўз салтанатида қабул қилгани ҳақида атрофлича баён этилган кўплаб тарихий ва илмий асарлар бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Жамиятда дипломатик муносабатларнинг долзарблиги шундан иборатки, у муайян давлатнинг ташқи сиёсатини ривожлантириш мақсадида бошқа мамлакатлар билан тинчлик ва дўстона ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишдир. Икки давлат орасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро низоларга барҳам бериш учун хизмат қилувчи “масъул шахс” эса, “элчи”деб номланишини юқорида билиб ўтдик. Демак, жамият ва давлат равнақи учун муҳим омил ҳисобланган дипломатия соҳасининг ривожида элчининг ўрни беқиёсдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирги “тинчлик” деган тушунча давлатлар орасида ноёблашиб бораётган бир замонда, барча давлатлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаши ва бундай ҳолатларга тезда барҳам бериш учун бирикишлари лозимдир.

Биламизки, бугун дунёни ташвишга солаётган энг долзарб муаоммо бу – диний экстремизм ва терроризм ҳисобланади. МДҲ ва БМТ томонидан бундай таҳликали вазиятларга барҳам бериш учун чоралар кўриб чиқилмоқда. Бундай замонда барча давлатлар ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришлари, ўзга давлат елчиларини ҳурмат қилишлари, тинчлик йўлида қабул қилинаётган қонунлар, чора тадбирларни тўғри йўналтира олишлари мақсадга мувофиқдир.  

Элчилик қанчалар масъулиятли ва ўз ўрида шарафли касб. Бир юртнинг тинч ёки нотинч бўлиши унинг олиб бораётган сиёсатига боғлиқ. Шу сабабдан ҳам сўзимни Юсуф Хос Хожиб ўз асарида элчиларга берган таърифини  келтириш билан якунлаш ўринлидир:

 

Эй Хоқон, бу ишда билимни ишга сол,

Бу ишга бутун эр сараси керак-

Билимли, уқувли, етук шер керак.

Одамзод наслининг энг сайлангани,

Кишилар эзгуси-элчи бўлгани.

Элчи билан битар бўлган барча иш,

Элчи билан бўлар букур зўр юмуш"

 Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси

 Моҳирахон Алишержонова

 

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Маълумингизким, ҳар йили юртимиз раҳбари томонидан янги қарши олинаётган йил учун алоҳида ном берилади. Бу билан, шу йилда мазкур мавзуга катта аҳамият қаратилиши эълон қилинади. Зеро, халқимизда Йўл билмаган манзилига етолмас”, деган гап бежизга айтилмаган. Ҳар бир иш, ҳар бир кун, ҳар бир йил режалик бўлса, кўзланган мақсадларга эришиш осон бўлади. Шунга кўра, янги қарши олинаётган 2017 йил ҳам юртимиз раҳбари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилинди. Аллоҳ таоло бу йилни халқимиз учун манфаатли йил қилсин! Динимизда инсонларга манфаат етказувчи киши Аллоҳ таоло учун энг суюкли бандалардан ҳисобланади дейилган. Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

(عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعَهُمْ ... (رواه الطبراني

яъни:  Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир”, дедилар”. Имом Тобароний ривоят қилган.

Динимиз мўмин-мусулмонларни бир тану бир жон бўлиб, ўзаро бир-бирига ёрдам бериб, манфаат келтириб яшашга тарғиб қилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

(عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: مَثَلُ المُؤْمِنينَ في تَوَادِّهِمْ وتَرَاحُمِهِمْ وَتَعَاطُفِهمْ، مَثَلُ الجَسَدِ إِذَا اشْتَكَى مِنْهُ عُضْوٌ تَدَاعَى لَهُ سَائِرُ الجَسَدِ بِالسَّهَرِ والحُمَّى. (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

яъни:  Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг бир бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат ва меҳрибонлигининг мисоли худди бир жасад кабики, унинг бирорта аъзоси оғриса, жасаднинг қолган (аъзолар)и унинг учун бедорлик ҳамда иситма ила безовта бўлишади”, дедилар. Муттафақун алайҳ.

Ушбу ҳадисда барча мўмин- мусулмонлар ҳар доим бир бири билан ўзаро меҳр-шафқат ва ёрдамда бўлишлари ҳамда бирор мўмин-мусулмонга етган мусибатга қолган мусулмонлар ҳам мазкур мусибат худди ўзларига етгандек бефарқ бўмаслиги лозим экани баён қилинмоқда.

Дарҳақиқат, динимиз инсонпарвар, яхшилик динидир. Доим инсонларга манфаат етказиш, доим яхшилик қилишга чорлаган диндир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳмат қилган:

وَافْعَلُوا الْخَيْرَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

яъни:  “Ва эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж сураси, 77-оят)

Ушбу оятда эзгу иш дейилмоқда. Бу дегани – сиздан зинҳор ёмонлик, фасод содир бўлмасин деганидир. Шунингдек, шоядки, нажот топсангиз! сўзи билан эзгу иш қилиш бандаларнинг нажот топишига сабаб экани баён қилинмоқда. Аллоҳ таолонинг “шояд” дейиши аниқ амалга ошадиган нарсани ифодалайди. Яъни, эзгу иш қилган бандалар аниқ нажот қучади, деганидир. Чунки Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсалар амалга ошмасдан қолишининг мутлақо эҳтимоли йўқдир! Бандаларнинг нажот қучиши эса дунёда ҳам охиратда ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ таоло дунёнинг ҳам охиратнинг ҳам раббисидир. Шунинг учун У зот халқига хизмат қилган ва яхшилик қилган бандаларга дунёда ҳам, охиратда ҳам мукофот беради. Демак, жамиятда биз билан бирга яшаётган барча инсонларга яхшилик қилсак, уларни рози қилсак, оғирларини енгил қилсак, орзу интилишларини рўёбга чиқарсак, албатта ажру мукофотлар олар эканмиз.

Аллоҳ таоло бандаларини хайрли ишларни қилишга шошилишни буюрган:

...فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ...

яъни: “...Бас, хайрли (савобли) ишларда (бир-бирингиздан) ўзишга ошиқингиз!...” (Моида сураси, 48-оят)

Ушбу оятга кўра, инсон доим яхши амаллар қилишга, яхши ниятда бўлишга шошилиши лозимдир. Доим яхши ишлар ва яхши ниятлар билан юрган инсоннинг хотимаси ҳам гўзал бўлади. Инсон ҳаёти давомида барча яхши ишларни амалга оширишга имконияти бўлмаслиги мумкин, лекин барча яхши ишларни ният қилишга имкони бордир. Аллоҳ таоло эса унга ниятига яраша савоб бераверади. Чунки Аллоҳ таоло бандалари қилган хайрли амалларнинг бирортасини ҳам зое қилмайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ إِنَّا لَا نُضِيعُ أَجْرَ مَنْ أَحْسَنَ عَمَلًا

яъни: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз”. (Каҳф сураси, 30-оят)

Дарҳақиқат, биз қиладиган амалларимиз ва инсонлар манфаати йўлида қилган холис хизматларимиз учун ниятимизга кўра ажр-савобга эришамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳмат қилганлар:

(عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ ...( مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

яъни: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Амаллар фақат ниятларга кўрадир”, деётганларини эшитганман”, деди.

Ушбу ҳадисга кўра, қиладиган хайрли ишларимиз, барча инсонларга қилган яхшиликларимиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлиши ҳамда унга ажр-савоб олишимиз учун ниятимиз тўғри бўлиши лозимлиги маълум бўлади. Ҳар бир хайрли ишни амалга оширишда Аллоҳ таолонинг розилигини кўзласак, ажр-савобга эришамиз. Агар ниятимизда Аллоҳ таолонинг розилиги бўлмаса-да, бирор хайрли ишни амалга оширишга киришсак, гарчи мазкур ишни амалга оширишга эришсак-да, лекин унга бериладиган ажр-савобдан бебаҳра қолиб кетамиз. Шунинг учун ҳар бир амалда ниятнинг ўрни қанчалик муҳим эканини яхши англаб етишимиз лозим бўлади.

Масалан: Касб қилишдан мақсад диним касб қилишга буюрган, оиламнинг таъминоти менинг зиммамдаги фарздир, деган ниятда бўлиши ҳам мумкин ёки фақат мол-дунё орттиришни ният қилган бўлиши ҳам мумкин.

Ушбу ҳолатларда ниятнинг ўрни жуда ҳам муҳимдир. Аллоҳ таоло буларни ниятига кўра мукофотлайди. Ният ва ихлос агар инсоннинг ҳаёти давомида доим тўғри қўлланса, ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси ибодатга айланади.

Динимиз яхши ниятлар ва яхши амаллар динидир. Мусулмон киши яхши ниятли, солиҳ амаллар қилувчи саодатманд инсондир. У нияти орқали ҳаётининг ҳар нафасини, ҳар бир ҳаракатини Аллоҳ учун ибодатга айлантиради. Имонли банда шундайин бахтлики, у динимиз кўрсатмаларини бажара бориб, ниятини уларга мослаб ҳаёт кечирса, унинг оддий турмуши ҳам ибодатга, охиратда ажр-мукофотларга эришиш имкониятига айланади. Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган:

(نِيَّةُ المُؤْمِنِ خَيْرٌ مِنْ عَمَلِهِ  (رواه البيهقى

яъни:  «Мўминнинг нияти унинг амалидан яхшидир» (Имом Байҳақий ривояти).

Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Аллоҳ таоло фарз этган амалларни адо этиш энг афзал амал бўлади. Аллоҳ таоло ҳаром этганидан қайтиш парҳезкорлик (диёнат)дандир. Бу Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсаларда тўғри, рост ният қилишдир».

Демак, бизнинг қилаётган амалларимизда ва холислик билан адо этаётган хизматларимизда ихлоснинг аҳамияти жуда ҳам катта экан. Яъни, дунёвий ишларимизни яхши ният ва ихлос билан бажариб ибодатга айлантира оламиз, худди шунингдек, ихлоссиз қилинган ибодат сабабли ажр-савобдан бенасиб қолиб кетишимиз ҳам мумкин. Аллоҳ барчамизни бундай маҳрумликдан Ўзи асрасин!

Демак, Аллоҳ таоло йўлида қилган яхши амалларимизда, халққа қилган холис хизматларимизда, эзгу ниятларимизда асло умидсиз бўлмаслигимиз лозим. Чунки сизнинг қилган яхши ишингизни ва уларга кўрсатган ғамхўрликларингизни бандалар унутиб юборса ҳам Аллоҳ таоло асло унутмайди. Аллоҳ таоло Ўз шаънига муносиб албатта, тақдирлайди.

Амалнинг яхши бўлиши унинг шариатимиз кўрсатмасига зид бўлмаслигидадир. Ундаги ниятнинг тўғри бўлиши эса у амалдан Аллоҳ таолонинг розилиги ният қилинган бўлишидадир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Сўз амал билан бирга бўлмаса фойда бермайди. Сўз ва амал ҳам ният билан бирга бўлмаса, фойда бермайди. Сўз, амал ва ният ҳам агар суннатга мувофиқ бўлмаса, фойда бермайди”.

Азизлар! Аждодларимиз “Халққа хизмат – олий  ҳиммат” деб бежиз айтмаганлар. Бугунги кунда ҳукуматимиз Ҳурматли Президентимиз етакчилигида эл манфаатини барча нарсадан устун қўйиб, фуқароларимизнинг оғирини енгил қилишга тинмай ҳаракат қилмоқда. Биргина Бош вазирнинг “виртуал қабулхонаси” орқали минглаб юртдошларимизнинг қийнаб келган муаммоларининг ўз ечимини топгани бунинг яққол далилидир.

Бунга жавобан фуқароларимиз халқимиз элимиз манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни эътиқодан қўллаб–қувватлашлари, жамиятимизнинг ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишлари лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики:

وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا ...

яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унитмагин....”- дедилар. (Қасос сураси, 77-оят).

Муҳтарам жамоат! Ўзгаларга яхшилик улашишимиз, айниқса, ҳазрати инсоннинг икки дунё саодати ва манфаати йўлида хизмат қилиш, нафақат уларга, балки энг аввало ўзимизга фойдалидир. Чунки қайси бир инсон бошқа бир инсонга яхшилик қилиб, ёрдам қўлини чўзиб, унинг мушкилини енгил қилса, Аллоҳ таоло у бандага Ўзи ёрдамчи бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عن أَبي هريرة  رضي الله عنه، عن النَّبيّ  صلى الله عليه وسلم، قَالَ: مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنيَا، نَفَّسَ الله عَنْهُ كُربَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ القِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّر عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ الله عَلَيهِ في الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِماً سَتَرَهُ الله في الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ، والله في عَونِ العَبْدِ مَا كَانَ العَبْدُ في عَونِ أخِيهِ، ... (رَوَاهُ مُسْلِمٌ

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан дунё ғам-ташвишларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан Қиёмат куни ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмоннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг (айбини) беркитади. Банда ўз биродарига ёрдам қилса, Аллоҳ таола унга ёрдам қилади. ...”, дедилар. (Имом Муслим ривоят қилган).

Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир хайрли ишимизда ният ва ихлосимизнинг тўғри бўлишига муваффақ қилсин! Юртимизни тинч-осмонимизни мусаффо айласин! “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да кўплаб хайрли ишларни амалга оширишга муяссар қилсин! Жадаллик билан олиб борилаётган ислоҳотларга Ўзи барака ато қилсин! Аллоҳ таоло барчаларимизни яхши ниятли, яхши амалли ва ихлосли бандаларидан қилсин! Омин Ё роббал оламин !

Жорий йилнинг 30 декабр куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида йил якунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда 2016 йил – Соғлом она ва бола йилида фидокорона меҳнат қилган бир нечта жонкуяр ишчи-ходимлар Диний идоранинг мақтов ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди.

Қуйида мукофотланган ишчи-ходимлар билан танишишингиз мумкин:

Энг фазилатли уламо

Шайх Абдулазиз Мансур

Абдулҳамид Турсунов

 

Энг фидоий ходим

Муҳаммад-Акмалхон Шакиров

Муҳаммадназар Қаюмов

 

Энг интизомли ходим

Зарифа Қосимова

 

Энг жонкуяр ишчи

Мияссар Дадаева

 

Энг тартибли ҳайдовчи

Носир Халилов

 

Энг фаол ижодий ходим

Жамшид Шодиев        

 

Энг ташаббускор ходим

Баҳром Икромов

 

Энг илғор ўқитувчи

Яҳё Раззоқов (Тошкент ислом институти)

Жалолиддин Аҳмедов (Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти)

Комила Абдувалиева (Ҳадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти)

 

Тадбир якунида келаётган йил юртимиз ва юртдошларимиз учун янада самарали ва сермазмун бўлишини сўраб эзгу дуо қилинди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси

ахборот хизмати

Мақолалар

Top