muslim.uz

muslim.uz

Жидда шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси Саудия Арабистонидаги “Masic Holding” инвестицион компаниясида мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган тадбир ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Саудиялик ишбилармонлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ёзувчилар қатнашган ушбу тадбирда Бош консулхона томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, иқтисодиётни либераллаштириш ва ташқи савдони ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун мамлакатимизда яратилган қулайликлар, республикадаги инвестицион ва туристик муҳитнинг жозибадорлиги, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижалари ҳамда республикадаги эркин иқтисодий ҳудудлар фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, республикада меҳмонхона хўжалигини такомиллаштириш доирасида хорижий инвесторларга яратилаётган шароитлар ва имтиёзлар ҳақида ҳам сўзлаб берилди.

Анжуман доирасида Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф ал-Утайбий икки томонлама муносабатлар ҳақида ўз фикрларини баён қилди. Дипломатнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳнинг Ўзбекистонга 2021 йил январь ойидаги ташрифидан сўнг ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ривожи янада фаоллашди.

Подшоҳликнинг йирик компанияси бўлмиш “Acwa Power” ҳам Ўзбекистон ҳудудларида электростанцияларни барпо этиш учун 2,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар киритмоқда. Шунингдек, икки давлат компаниялари ўртасида фармацевтика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳам ҳамкорлик ўрнатилмоқда.

Юсуф ал-Утайбининг сўзларига кўра, ислом олами ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк уламолар, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Маҳмуд Замахшарий каби мутаффаккир олимлар Ўзбекистон заминидан етишиб чиққанини инобатга олиб, ушбу илмий меросни ўрганиш юзасидан икки давлат олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда.

Тадбир доирасида “Ўзбекистон... Алломалар юрти: Имом Бухорий ватанига саёҳат” номли араб тилидаги китобнинг тақдимоти ўтказилди. Йиғилганларга ушбу китоб ҳақида батафсил маълумот берилди. Китобда республикамиздаги тарихий қадамжолар, диний-маърифий масканлар, табиат манзаралари, ўзбек халқининг урф-одатлари, миллий таомлари ва мевалари ҳақида ҳам батафсил ҳикоя қилингани қайд этилди.

Шу ўринда муаллиф Абдулазиз Қосим мазкур китобнинг ёзилиш тарихи ва унинг мазмун-моҳияти, умуман олганда Ўзбекистоннинг инвестицион ва туристик салоҳияти ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Тадбир якунида саудиялик йирик тадбиркорлар ва инвесторлар Ўзбекистонда турли лойиҳаларни амалга оширишга ва сармоялар киритишга чақирилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

«Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди. Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир» (Аҳзоб сураси, ٦٩–٧١-оятлар).

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига тақ­водор бўлишни, худди У зотни кўриб тургандек ибодат қилишни буюрди. Аллоҳ­дан қўрққан ва У зотни кўриб тургандек ибо­дат қилувчи киши тўғрисўз бўлади.

Оятдаги “...тўғри сўзлангиз”дан мурод истиқоматда бўлиш, қинғир-қийшиқ йўлларга юрмаслик ва ўзгармасликдир. Агар бандалар шундай қилсалар, Аллоҳ таоло уларнинг амаларини ислоҳ этишни ваъда қилмоқда. Яъни, биз тўғри йўлда юрсак, Раббимиз бизни солиҳ амалларга муваффақ қилади ҳамда гуноҳларимизни афв этади.

Икрима розийаллоҳу анҳу оятдаги “тўғри сўз”ни “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган. Айрим олимлар барча ҳақ ва ишончли сўз “тўғри сўз” эканини таъкидлашган.

Имом Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ “Кашшоф” асарида: “Тилни ёлғондан тийиш ­ва ҳар доим тўғри сўзлаш ҳар бир яхшиликнинг бошидир”, деган. Аждод­ларимиз буюк муфассирнинг ана шу гапига асосланиб: “Бошингга қилич келса ҳам, рост сўзла”, деган ва бу гап кўп ишлатилгани боис мақол даражасига етган.

“Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғам­барига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди”. Раббисига итоатли ва Пай­ғамбарининг суннатларига сўзсиз бўй­сунган киши дўзахдан озод бўлиб, жаннатга кириши баён этиляпти.

Ибн Абу Ҳотим Абу Ҳурайра ва Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисни келтиради: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга пешин намозини ўқиб бердилар. Намоз тугагач, қўллари билан ишора қилдилар, биз ўтирдик. У зот: “Менга Аллоҳ таоло сизларга Аллоҳдан қўрқиш ва тўғри сўзлашни буюришимни амр этди”, дедилар. Сўнгра аёлларнинг олдига келиб: “Менга Аллоҳ таоло сизларга Аллоҳдан қўрқиш ва тўғри сўзлашни буюришимни амр этди”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Абу Дунё “Тақво” китобида Ойша она­миздан ривоят қилинган ҳадисни келти­ради. Ойша розийаллоҳу анҳо айтади: «Ра­сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга чиққанларида у зот: “Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз!” оятини кўп ўқир эдилар».

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: “Кимни инсонларнинг энг улуғи бўлиш хурсанд этса, Аллоҳдан қўрқсин”, деган.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтади: «Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга айтди: “Мен омонат (фарзлар)ни осмонлару Ерга ҳамда тоғларга таклиф қилдим. Улар: “Эй Раббимиз, у нималардан иборат?” дейишди. Мен: “Агар яхшилик қилсангиз, мукофотини кўрасиз, ёмонлик қилсангиз, жазоланасиз”, дедим. Улар: “Эй Раббимиз, биз бунга тоқат қила олмаймиз. Борди-ю, уни бизга юкласанг, жидду жаҳд қиламиз”, дейишди.

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга: “Сен уларни ўз зиммангга оласанми?” деди. Одам алайҳиссалом: “Эй Раббим, улар нималар?” деди. Аллоҳ таоло: “Агар яхшилик қилсанг, мукофотини кўрасан, агар ёмонлик қилсанг, жазоланасан”, деди. Шунда Одам алайҳиссалом омонатни зиммасига олди.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда: “Одам алайҳиссалом омонатни қабул қилиб олгач, кўп ўтмай жаннатда уни кўтара олмасдан тақиқ­ланган дарахт мевасидан еб қўйди”, дейилган.

Имом Молик Зайд ибн Асламдан ривоят қилади: “Омонат уч хил: 1) намоз; 2) рўза; 3) жанобатдан покланишдир”.

Бу сўзлар асло бир-бирига зид эмас, балки таклиф ҳамда буйруқлар ва қайта­риқларни қабул қилиш жиҳатидан тўғри­дир. Чунки мукаллаф киши зиммасидаги буйруқларни бажарса, мукофот олади, бажармаса, жазоланади.

Ибн Абу Ҳотим Ҳасан Басрийдан ривоят қилади. Ҳасан Басрий “Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик” оятини тиловат қилгач, деди: «Юлдузлар билан безатилган етти қават осмонга омонат таклиф қилиниб: “Бу омонатни зиммангизга оласизми?” дейилганида, улар бош тортди. Сўнгра тоғлар қозиқ қилиб мустаҳкамланган етти қават ерга таклиф қилинганида, Ер ҳам, тоғлар ҳам бош тортди».

Муқотил ибн Ҳайён раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Аллоҳ таоло махлуқотларини яратгач, инсонлар ва жинларни, осмонлар ва Ерни, тоғни бир Ерга жамлади. Уларга омонат (тоат)­ни таклиф қилди ва ким бу таклифни қабул қилса, унга жаннатда фазл, улуғлик ва савоб кўп берилишини айтди. Осмонлар “тоқатимиз етмайди”, ерлар “саб­римиз етмайди”, лекин: “Эй Раббим, ас­ло Сенга осий бўлмаймиз, итоат этамиз”, дейишди.

Одам алайҳиссалом бу омонатни зиммасига олди. Одамнинг бошқа махлуқотлардан афзал ва мукаррам қилиниши боиси ҳам шундадир: у Раббисининг таклифига сўзсиз итоат этиб, улуғ фазлга эришди».

Ҳа, азизлар, бизга отамиз Одам алайҳис­саломдан Аллоҳ таолога итоат этиш гўзал мерос бўлиб қолган. Ана шу меросга риоя қилиб, Раббимиз буйруқларига лаббай деб жавоб бериш, қайтариқларидан қайтиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг суннатларига риоя қилиш орқали омонатни адо этган бўламиз, иншоаллоҳ.

“Ибн Касир”, “Баҳрул улум”,

“Кашшоф” тафсирлари асосида

Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

أُوْلَٰئِكَ عَلَىٰ هُدًى مِّن رَّبِّهِمْ ۖ وَأُوْلَٰئِكَ هُمُ ٱلْمُفْلِحُونَ
Маъноси: «Улар Раббилари томонидан ҳидоятдадирлар ва ана ўшаларгина фалоҳ (нажот) топувчилардир». Бу оятда икки нарса – ҳидоят ҳамда фалоҳ мукофот сифатида зикр этилган. Чунки бундан олдин ғайбга ҳамда пайғамбарларга иймон келтириш сифатлари келтирилган.

Мана шу иймонга мукофот ўлароқ бу оятда ҳидоят билан фалоҳ ваъда қилинмоқда. Фалоҳни амалга мукофот бўлишини тушунса бўлади, чунки фалоҳнинг маъноси мурод ва мақсадга етмоқдир. Лекин ҳидоят деб йўлни кўрсатишга айтилади. Бир нарсанинг йўлини кўриб олиш бир мақсад ҳам эмас, шу билан бирга у бирор амалга мукофот бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий мана шу шубҳани дафъ қилиш учун айтдиларки, менинг ўзим билан содир бўлган бир воқеа мана шу шубҳага жуда яхши жавоб бўлади.

– Воқеа шундай бўлдики, бир одам Мератга кетаётган поездга минмоқчи экан, адашиб Руркийга, яъни қарама-қарши тарафга кетаётган поездга миниб олибди. Поезд юрганидан кейин хато қилганини билди. Мен ҳам ўша поездда Руркийга кетаётган эдим. У одамнинг ниҳоятда қаттиқ изтиробга тушганини кўрдим. Мен эса ўз жойимда хотиржам ўтирибман. Унга тасалли бераман десам, менга илтифот ҳам қилмади. Поезд тезлагани сайин уни ҳавотири яна ортиб бораверди. Ўша вақтда билдимки, манзил ва мақсад томон тўғри йўлда кетаётганини аниқ билишнинг ўзи ҳам инсон учун бир катта неъмат ва роҳат экан. Шунинг учун буни амалга мукофот қилиб белгиланса бўлаверади. Бу оят мўминларни «Сизлар саҳиҳ ва тўғри йўлдан бормоқдасизилар, ҳеч ташвиш қилманглар», дея хотиржам қилмоқда. Бундан ортиқ яна қандай неъмат бўлиши мумкин?

"Мажолиси ҳакимул умма" китобидан

Туркиянинг Шонлиурфа шаҳри муфтийси ва шаҳар ҳокимлиги кўзи ожизлар учун бошлаган "Брайл алифбоси ва Қуръон курси" давом этмоқда.

Курсга қатнайдиган ўнлаб кўриш қобилияти заиф кишилар ҳар бир ҳарфга тегиб, Қуръон ўқиб, қалбларини унинг ёғдуси билан мунаввар қилишмоқда.

Қуръон курси ўқитувчиси Зайнаб Оқбошнинг айтишича, сўнгги йилларда Дин ишлари бошқармаси ногиронлар учун турли курслар ташкил қилган.

Кўзи ожизлар учун Брайл алифбоси курси 6 йил олдин иш бошлади: "Кўриш қобилияти чекланган биродарларимиз ва опа-сингилларимиз Шонлиурфа шаҳар муниципалитетидаги ногиронларни мувофиқлаштириш ва ҳаёт марказида Қуръонни ўрганмоқдалар. Бундан ташқари, талабаларимиз Фиқҳ, Сира ва Ислом асосларини ўрганишади", - дейди Зайнаб Оқбош.

Кўриш қобилияти заиф одамлар бармоқ учлари билан ўқишни ўрганишини айтиб, Оқбош Брайл алифбосини ўрганиш жуда қийин ва кўп куч талаб қилишини таъкидлади.

"Талабаларимиз тегиниш, идрок ва ҳиссиёт ёрдамида ўқийдилар. Бу жуда қийин. Аммо ҳеч ким: "Мен ўқий олмайман, буни қила олмайман", - демайди.

Islam.ru хабар беришича, 10 ёшли талабалардан бири Иремсу Сабах курсни ўтган ҳафта бошлаганини, қисқа вақт ичида Брайл алифбосини ўрганиб, Қуръон ўқишни бошлаганидан хурсанд эканлигини айтди.

"Мен Қуръонни ўрганяпман ва жуда хурсандман. Онам ва устозим Зайнабга қилган меҳнатлари учун миннатдорчилик билдираман. Бизни қўллаб-қувватлайдиган ҳар бир киши учун ибодат қиламиз. Мен ҳар доим Қуръон ўқишни орзу қилардим. Орзуимни амалга оширдим. Менинг дўстларимга маслаҳатим ҳеч қачон воз кечмасликдир",- деб фикрларини бўлишди 10 яшар муслима аёл.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top