muslim.uz

muslim.uz

Викинглар даврига тааллуқли қабристонда тадқиқот олиб бораётган швециялик олимлар “Аллоҳ” ва “Али” исмлари ёзилган кийимларни топишди.

“Викинглар Исломнинг жаннатдаги абадий ҳаёт тушунчасидан таъсирланган бўлса керак”, дейди Упсала университети тадқиқотчиси Аника Ларсон. 

Кўфийда ёзилган ушбу сўзлар Швециянинг тарихий Бирка шаҳридаги викинглар қабристонидан топилди. Улар қайиқ қабр ва ёпиқ қабрдаги ипак либосларга битилган экан.

“Қуръони каримда “Жаннат аҳллари ипак либослар кияди” деб айтилган. Айнан ана шу ҳақиқат викинглар даврида ипак либосларнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган деб тахмин қилинмоқда”, дея гапини давом эттирди тадқиқотчи.   

Университет хабарида “Шунга ўхшаш куфий ёзувлар Марказий Осиёдаги қабр тошларидан ҳам топилган”,  дейилади.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йил Стокгольм университети  тадқиқотчилари викинглар қабридан IX асрга оид узук топган эди ва узукда “Аллоҳ учун” деган ёзув бор эди.  

Викингларнинг машҳур савдо шаҳри – Биркадан узук ва “Аллоҳ” ва “Али” сўзлари битилган ипак буюмлар Швеция ва Ислом тамаддуни ўртасида дўстона муносабатлар бўлганидан дарак беради. 

Хабар The Muslim News сайтидан олинди.

Таржимон Алишер САТТОРОВ

Эроннинг илм, тадқиқот ва технология ишлари вазири ўринбосари Абдул Ҳусайн Фарайдун Эрон Ислом Республикаси илм-фан ривожланиши поғонасида 18-ўринни эгаллаб турганини айтди.

 “Ҳозирда Эронда 235 дан ортиқ хорижий давлатлар билан қўшма корхоналар доирасида фундаментал илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда”, - деди Абдул Ҳусайн Фарайдун. Шунингдек, Абдул Ҳусайн Эрондаги илмий-технологик ташкилотларнинг бугунги кундаги фаолияти борасида 39 та илмий-технологик боғлар фаолият юритаётганини ва уларнинг маҳсулотлари мамлакатга 215 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда келтираётганини таъкидлади.

Эрон нанотехнология соҳасида ҳам сезиларли ютуқларга эришди. Ферейдуннинг айтишича, нанотехнологияларни ишлаб чиқиш борасида Эрон Ислом Республикаси жаҳон миқёсида 6 ўринга чиққан. 

Моҳира Зуфарова

Халқаро алоқалар бўлими

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом академияси, Ислом цивилизация маркази, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходимлари, Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти, “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчилари ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов нутқ сўзлади:

Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳийм.

– Муҳтарам Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқини кенг жамоатчилик қизғин муҳокама қилмоқда. Ушбу маърузада дунёнинг ўткир муаммолари бўлган глобал масалаларга эътибор қаратилди. Муаммолар ечими юзасидан билдирилган аниқ, ҳаётий таклифларни сессия иштирокчилари якдиллик билан қўллаб-қувватлади.

Ушбу тарихий нутқда алоҳида эътибор берилган масалалардан бири – ислом маърифати масаласи бўлди. Юртбошимиз нуфузли минбардан туриб, қуйидаги муҳим ташаббусни илгари сурдилар: «Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат».

Динимизнинг мўътабар манбаларида маърифатли бўлиш ҳақида кўплаб ривоятлар келган. Жумладан, ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

"مَن أَرَادَ الدَّنيَا فَلِيَتَّجِرْ وَ مَن أَرَادَ الآخِرَةَ فَلِيَتَزَهَّدْ وَ مَن أَرَادَهُمَا فَلِيَتَعَلَّمْ

яъни, “Ким дунёни хоҳласа тижорат қилсин, кимки охиратни хоҳласа зоҳид бўлсин ва кимки иккисини ҳам хоҳласа илм олсин”.

Яна бир ҳадиси шарифда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتُ فِي الْبَحْرِ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ"

яъни, “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, уясидаги чумоли,  ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчи олимга салавот айтадилар” (Имом Термизий ривояти).

Муҳтарам Президентимиз ўз нутқида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини жаҳон афкор оммасига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини алоҳида таъкидлар экан, жумладан, шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Нутққа хорижий мамлакатларнинг кўплаб таниқли вакиллари ўз муносабатларини билдирмоқда. Жумладан, Латвия Фанлар академияси Иқтисодиёт илмий-тадқиқот институти директори Нина Линде хоним шундай деган: “Ўзбекистон етакчисининг мазкур нутқини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Ўзбекистон неча-неча асрлар давомида анъанавий, инсонпарвар ҳамда бағрикенг исломнинг маркази бўлиб келган. Шу боис Шавкат Мирзиёевнинг ислом динининг асл қадриятлари халқаро ҳамжамият томонидан теран англаниши муҳимлиги ҳақидаги таклифлари мутлақо мантиқлидир.

Бу ислом динига нисбатан сабрли ва ҳурматда бўлиш, Европа жамоатчилигини бир қолипдаги қарашлардан халос этишга кўмаклашиш имконини берган бўлур эди”.

Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори Моҳд Юсуф Усмон эса бундай дейди: “Бугунги кунда турли бузғунчи кучлар одамлар онгини заҳарлашнинг кўп қиррали услубларидан кенг фойдаланмоқдаки, бунда улар ҳар бир инсон учун муқаддас бўлган динни ниқоб қилишдан ҳам тап тортишмаётир. Бундай вазият, аксарият ҳолларда, мусулмон бўлмаган мамлакатлар вакилларининг ҳақиқий ислом қадриятларини тўла тушунмаслигига олиб келаётгани баробарида, ислом динига асоссиз маломатлар ёғилишига ҳам сабаб бўляпти. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу муқаддас динни зўравонлик ва хунрезлик билан бир қаторга қўймаслик зарурлиги, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини жаҳон жамоатчилигига етказиш тўғрисидаги даъватлари жуда долзарбдир”.

Дарҳақиқат, ана шундай мураккаб бир шароитда муҳтарам Президентимиз дунёнинг энг юксак минбарида туриб Ислом динининг асл моҳияти инсонпарварлик ва тинчлик экани, уни қораловчилар билан ҳеч қачон муроса қилинмаслигини баралла айтиши мустаҳкам эътиқод, катта шижоат, чинакам жасоратдир. Буни кўплаб давлатлар раҳбарлари ҳам, нуфузли сиёсатчилар ҳам эътироф этмоқда. Дунёда, айниқса, мусулмон оламида Ўзбекистоннинг дўстлари янада кўпаймоқда.

Ўрни келганда айтиб ўтиш керакки, муҳтарам Президентимиз ҳар бир чиқишларида “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” шиорини илгари суриб, олимларнинг кўпайиши жуда ҳам фазилатли ҳодиса эканини таъкидлаб келадилар. Ана ўша фикрларини умумлаштириб, юқори минбардан туриб, барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашадиган “Маърифат ва диний бағрикенглик” борасида махсус ҳужжат қабул қилиш зарурлигини баралла айтиб ўтдилар.

Дарҳақиқат, динимиз манбарларида, хусусан, ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида ҳам олимнинг ҳатто обиддан ҳам афзаллиги тўғрисида ривоятлар келган. Жумладан, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги мавжудотлар, ердаги мавжудотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли ҳудди тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди», деганлар» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Президентимиз нутқи якунлангандан кейин залда ўтирганларнинг олқишлари хийла вақт давом этди. Кўплаб давлат раҳбарлари муҳтарам Президентимизни табриклаб, ўз фикрларини билдирди. Хусусан, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳеч ким ислом динининг қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмагани, ҳеч қачон Имом Бухорийдек улуғ алломанинг номини тилга олмаганини алоҳида таъкидлаб, таҳсинлар айтди.

Мисрнинг “Ал-Вафд” газетасида “Ўзбекистон Президенти БМТ минбаридан туриб ёшлар ҳақида ташаббус билан чиқди” сарлавҳали катта мақоласини эълон қилди. Унда Ўзбекистон Президенти БМТнинг йиғинида ёшлар ҳуқуқини таъминлаш хусусида қонунни ишлаб чиқиш борасидаги таклифига юқори баҳо берилган. Шунингдек, ҳозирда ёшлар учун мос бўлган шароитларни яратиш ва экстремистик ғоялар қаршисида тўсиқ қўйиш жуда ҳам аҳамиятли иш экани таъкидланган. Бу нарсага эришишнинг бирдан бир йўли, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш экани таъкидланган.

“Аш-Шарқул ал-Авсат” ахборот агентлигининг хабарида, дунёда террорга қарши куч ишлатиш унчалик манфаат бермаётгани таъкидланган. Ўз навбатида Ўзбекистон бу борада фаол иш олиб бориб, тинч йўл билан яъни, маърифат билан кураш олиб боришга барчани даъват этаётгани алоҳида эътироф қилинган.

Ғарб нашрларида муҳтарам Президентимизнинг “энди фуқаролар давлат ташкилотларига эмас, давлат ташкилотлари фуқароларга хизмат қилиш керак” деган гапларига урғу берилган. Шунингдек, уларда Ўзбекистон халқи учун ҳозирги давр – жадал тараққиёт даври эканини таъкидланиб, тез суръатлар билан қадамлар ташланиши Президент томонидан ишончни мустаҳкамланганини таъкидлаган.

Биз мўмин-мусулмонлар ана шундай эътироф ва таҳсинлардан юксак ифтихор туйғусини юракдан ҳис этиб, қалбларимизнинг энг нозик нуқталари ҳам таъсирланганини очиқ-ойдин айтишимиз керак. Бунинг учун Яратган Парвардигорга чексиз шукроналар келтиришимиз даркор.

Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Мунавваров ўз нутқида ёшларни пухта илм олишга тарғиб этиб, очилаётган янги марказлар, олий билим юртлари, академия-ю марказлар... уларнинг барча-барчаси Президентимиз нутқида алоҳида урғу берилган маърифатли бўлиш воситалари экани, бу даргоҳлар пухта илм эгаллаган ёшларни қучоқ очиб кутиб олишини айтиб, ёшларни илм сирларини яхши ўзлаштиришга даъват этди.

Ислом академияси ректори, академик Неъматулло Иброҳимов домла мустабид тузум даврида диний олимлар қандай машаққатлар остида илм қилганини ёшларга ибрат учун сўзлаб берди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Ортиқбек Юсупов ҳамда Ислом институти ректори Уйғун Ғафуровлар Президентимизнинг “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” шиори тўғрисида сўз юритиб, агар одамлар ёшлигидан илм ўрганса, оқ-қорани таниб вояга етса, ҳар бир инсон ўзининг  фикрида собит тура оладиган шахс сифатида шаклланса, бундай жамиятда нафақат террорчилик, балки бошқа муаммолар ҳам ўз-ўзидан барҳам топиб кетиши ҳақида сўз юритдилар.

Шундан кейин ёшлар вакили сифатида сўзга чиққан Тошкент ислом институти талабаси Улуғбек Ҳусанов Давлатимиз раҳбарининг ҳатто БМТ Бош минбарида туриб ҳам ёшларни ўйлаганлари, нафақат Ўзбекистонимиз ёшлари, балки дунё ёшлари ҳақида қайғурганини кўриб ниҳоятда тўлқинланиб кетганини изҳор қилди ҳамда муҳтарам Президентимиз ишонч билдирганидек, малакали мутахассис бўлиб етишиш учун астойдил илм олишда давом этишини маълум қилди.

Анжуман сўнгида муфтий ҳазратлари юртимизга тинчлик, юртбошимизга омонлик, юртдошларимизга фаровонлик, ёшларимизга илму ирфон сўраб дуога қўл очдилар.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Шу йилнинг 7-11 октябрь кунлари  Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Маккаи мукаррама шаҳрида XXXIX  Халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади. Вакилларимиздан Тошкент ислом институти битирувчиси Сайдуллоҳ қори Тоҳиров ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Абдулбасир қори Камолов мазкур мусобақада иштирок этиш учун 2 октябрь куни Саудия Арабистонига жўнаб кетишди. 

Ушбу мусобақада 50 дан ортиқ давлатдан келган, 200 га яқин қорилар иштирок этади. Мусобақа шартлари қуйидагилардан иборат:

  1. Қуръон каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериши билан бирга Қуръони каримдаги ояти карималарнинг тафсирини билиши.
  2. Қуръон каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериши.
  3. Қуръон каримнинг 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериши.
  4. Қуръон каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериши.

Вакилларимиз мусобақанинг 2 ва 3 шартлари бўйича иштирок этади.

Шунингдек, шу йилнинг 7 – 9  октябрь кунлари Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида XVIII Халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтади. Ҳар йили дунёнинг шарқ ва ғарб мамлакатлари вакиллари ушбу мусобақада иштирок этиб келмоқда.  Ҳозирда мазкур мусобақада қатнашиш учун 32 та мамлакат  вакиллари ташриф буюришди. Қувонарли жиҳати шундаки, ушбу мусобақада юртимиз вакили  Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги “Ҳазрати Умар” жоме масжиди имоми ноиби Азимбоев Валихон қори ҳам қатнашади.  Вакилимиз сўзига кўра, Россия Федерациясида ўтказиладиган XVIII Халқаро Қуръони карим мусобақаси шартлари Қуръони каримни тажвид қоидаси билан ўқиш ва уни чиройли талаффуз қилишдан иборат. Қориларимизга мазкур халқаро нуфузли мусобақаларда олий ўринларни эгаллашини Аллоҳдан сўраб қоламиз. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими ходими,

А.Парпиев

Мусулмон умматини улуғлаган, уларни яхшилик билан хослаган Зотга ҳамд бўлсин. Аллоҳ таоло айтди: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз(Оли Имрон, 110). Бу умматни ҳидоят уммати қилди, халқларнинг обрўсини илм билан, маърифат ва манавият билан кўтарди. Бу умматга расулларнинг афзалини юборди, китобларнинг афзалини туширди. Уларни жами инсонларга гувоҳ уммат қилди. Аллоҳ айтди: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик(Бақара, 143).

Саййидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларни илму маърифатга чақирдилар ва “Илм излаш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”, деб илмнинг фарзлигини баён қилдилар.

Албатта, илм унга қизиққан, рағбат қилган киши учун энг афзал нарсадир. Илмни улуғлиги шундаки, у уни эгаллаганга манфаат келтиради, эл олдида унинг шарафини, ҳурматини оширади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда олимларни улуғлади. Фақат олимларгина Унинг оятлари, мўъжизалари тўғрисида ақл юритиши ва тушунишини, фаҳмлашини хабар берди: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!»” (Зумар, 9) ва яна айтди: “(Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар(Анкабут, 43). Барча нуқсонлардан пок бўлган зот айтдики: “Йўқ, у (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларидаги аниқ оятлардир(Анкабут, 49).

Албатта, Аллоҳ таоло олимларнинг гувоҳлигини Ўз гувоҳлиги билан ёнма-ён зикр қилиб айтди: “Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб,  шундай гувоҳлик берди: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир», фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир(Оли Имрон, 18). Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражасини дунё ва охиратда баланд қилди. Аллоҳ айтдики: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала, 11). Шунинг учун инсонлардан уламолар Раббиларини яхшироқ танийдилар, Раббиларининг сўзларини инсонларга етказадилар, бошқалардан кўра Раббиларидан кўпроқ қўрқадилар. “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар” (Фотир, 28).

 Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) илмни талаб қилиш вожиблигини айтиб, “Илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз”, дедилар. Имом Термизий Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан  ривоят қилди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитдим айтдилар: “Ким илм талабида бир йўлдан юрса, Аллоҳ унга ана шу илм сабабли жаннатга йўлни осон қилиб қўяди. Албатта, малоикалар ўз қанотларини илм толиблари учун рози бўлган ҳолда қўяди. Албатта, илм толиби учун осмондаги ва ердаги бор нарса, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан афзаллиги ўн тўрт кунлик ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир.  Баъзи балоғат олимлари дедики: “Илм ўргансанг, у сени кичиклигиндан улуғ қилади, катта бўлганингда сени тўғри йўлга йўллайди.

Дунёнинг ривожланиши илм билан. Инсон ҳар бир нарсага илм билан эришади. Чунки илм ўз аҳлининг ҳаёти. Ана шу илм сабабли ҳаётнинг маъносини англайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло илмсизликни Ўзининг Китобида ўлим деб номлади. Айтдики: “Ўлик (кофир) бўлган одамни (ҳидоят билан) тирилтириб, унга одамлар ичида ўзи билан олиб юрадиган нур (имон)ни берганимиздан кейин (у) зулматлар ичида (қолиб,) ундан чиқмайдиган кимсага ўхшайдими?!” (Анъом, 122). Аллоҳ таоло илмни руҳ ва жон деб номлади: (Эй, Муҳаммад!) Шундай қилиб, амримиз билан Сизга Руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик” (Шўро, 52). Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмадилар. Балки улар илмни мерос қолдириб кетдилар. Ким уни олса, мўл-кўл насибани олибди” (Имом Термизий ривояти).

Анас (розияллоҳу анҳу) айтди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Албатта, уламолар юлдузларга ўхшайдилар, одамлар улар билан йўл топадилар. Агар юлдузлар яширинса ёки кўринмай қолса, улар йўлдан адашадилар”. Олимлар охиратда халққа шафоатчи бўладилар. Абу Умома (розияллоҳу анҳу) айтди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Олим ва обид қайта тирилади. Обидга “Жаннатга кир!” дейилади. Олимга эса “Сен тўхтаб тур. Одамларга шафоат қиласан”, дейилади”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Илм ўрганинглар. Албатта, илм ўрганиш Аллоҳдан қўрқишдир. Илмни таълим олиш ибодатдир. Уни музокара қилиш тасбиҳдир. Илм излаш жидду жаҳд қилишдир” (Хатиб Бағдодий ривоят қилган). Илмни ўргатиш садақадир. Илмни аҳли учун тақдим қилиш Аллоҳга қурбатдир. Албатта, илм ҳалол ва ҳаромнинг белгисидир. Илм қўрқинчда ҳамроҳ, ғурбатда дўст, хилватда ҳамсуҳбат, хурсандчилик ва қийинчиликда шерик,  душманларга қарши қуролдир. Илм сабабли Аллоҳ таоло илм билан халқларни юксалтиради. Албатта, илм қалбларнинг ҳаёти, кўзларнинг чироғи. Банда дунё ва охиратдаги баланд даражаларга илм билан етади, илм сабабли қариндошлик боғланади, илм сабабли ҳалол ва ҳаромни билади. Илм амалнинг имоми, амал унга эргашади. Ундан бахиллар маҳрум бўлади. Аллоҳим, бизни фойдали илм билан ризқлантиргин, илм билан Сендан қўрқишни насиб эт. Илмларига амал қилувчиларни бахтли қил.

Ҳасан Расулов,

Имом Бухорий халқаро маркази мутахассиси

Мақолалар

Top