muslim.uz

muslim.uz

Пойтахтимизнинг Олмазор туманида яна бир кўркам иншоот – Имом ат-Термизий жомеъ масжидининг янги биноси тез орада фойдаланишга топширилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 21 апрель куни пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш жараёнида Юқори Себзор маҳалласида бўлиб, Имом ат-Термизий жомеъ масжидини қайта қуриш юзасидан кўрсатмалар берган эди.

ЎзА хабарига кўра, 1876 йилда ушбу маҳаллада яшаган сувоқчи Исмоил ота бошчилигида ҳашар йўли билан қурилган масжид 1989 йилда қайта таъмирланган. 2007 йилда эса битта қўшимча хонақоҳ қурилган. Шу маҳалладан ҳам алломалар, Термизийлар чиқсин, деб яхши ният қилинган ҳолда масжид номи шундай атала бошланган. Ҳайит намозларида анча гавжум бўладиган масжид айвонига бир вақтнинг ўзида мингга яқин намозхон сиғар эди.

“Ижод-Ижод” хусусий корхонаси мутахассислари томонидан қарийб бир йил давом эттирилган қурилиш ишларидан сўнг ушбу маҳалла ва масжид қиёфаси тубдан ўзгарди. Усталарнинг айтишича, қурилиш ишларининг етмиш фоизи ниҳоясига етган. Айни вақтда ички ва ташқи безак ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Юртимизнинг барча ҳудудларидан жам бўлган икки юздан зиёд уста, муҳандис, ҳунарманд, безакчи ва бошқа мутахассислар тарихий обидани қайта тиклашда фаол қатнашмоқда.

– Сурхондарё вилоятидаги Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳи қурилишида ҳам қатнашганман, – дейди уста Нурозхон Пўлатов. – Алломалар мажмуаси, зиёратгоҳи ёки масжидларни қайта қуриш жараёнида тарихни янада чуқурроқ ўрганамиз. Иш жараёнида бу жуда асқотади. Лойиҳалардаги фарқли жиҳатлар ёки ўхшаш томонларини солиштирамиз. Бу ўз-ўзидан фарзандларимизга ҳам шу ҳақда маълумот беришга ундайди. Уларнинг саволларига иккиланмай жавоб бера оламан.

Биринчи қавати ертўла, иккинчиси асосий айвон ва учинчиси қўшимча айвон шаклида қурилаётган масжиднинг баландлиги 23 метр. Бу ерда 1800 ўринли катта хонақоҳ, кутубхона ва бошқа хизмат хоналари барпо этилган. Масжидга ёндош жойдан аёллар учун алоҳида ибодатхона бунёд этилди. Унда бир вақтнинг ўзида юздан зиёд аёл намоз ўқиши мумкин.

– Баҳор кўкаламзорлаштириш фасли, – дейди маҳалла оқсоқоли Шомаҳмуд Шоалиев. – Маҳалла фаоллари усталарга ёрдам беряпти. Улар нафақат қурилиш бўлаётган ҳудуд, балки бутун маҳаллани ободонлаштириш ва тозалашда қатнашмоқда.

Ушбу маскандаги қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини тез орада якунлаш режалаштирилмоқда. Маҳалла аҳли бу йил Рамазон ҳайити намозини янги масжидда ўқишни ният қилган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

\

ЎМИ Матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Туркиянинг “Turkish Airlines” авиакомпанияси 2018 йил 16 март кунидан бошлаб “Истанбул — Самарқанд — Истанбул” ҳаво рейсларини йўлга қўяди.
Мазкур авиакомпаниянинг маълум қилишича, парвозлар ҳафтада икки марта — пайшанба ва жума кунлари бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда “Turkish Airlines” “Истанбул — Тошкент — Истанбул” йўналишидаги рейсларни амалга ошириб келаяпти.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Музейлар инсоният тараққиётининг турли босқичларини намоён қилувчи, тарихни ойнадек акс эттирувчи масканлардир. Бундай маънавият гўшаларига ташриф буюрган киши борки, мозийни сарҳадсиз сайр қилади, ўзи учун олам-олам маъно ва хулоса олади.
Дунёнинг қайси чеккасидаги музейга борманг, Ўзбекистон тарихига оид экспонатлар энг ноёб ашёлар сифатида қадрланишига гувоҳ бўласиз. Жумладан, жаҳоннинг етакчи музейларидан бири бўлган Британия музейида ҳам ана шундай манзарага дуч келасиз.
“Халқ сўзи” нашрининг билдиришича, яқинда Лондонда қатор учрашув ҳамда музокаралар ўтказган Ўзбекистон делегацияси Британия музейига ташриф буюрди. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази раҳбарларидан иборат делегацияни Британия музейи директори Ҳартвиг Фишер қабул қилди.
Британия музейида 8 миллионтадан зиёд ашёлар жамланган бўлиб, ҳар йили бу ерга 7 миллион нафарга яқин кишилар ташриф буюради.
Аҳамиятлиси, музейда мамлакатимиз тарихига оид ўта ноёб экспонат — Мирзо Улуғбек сув ичган пиёла сақланади. Узунлиги 15 сантиметр бўлган пиёла юзига “Улуғбек Кўрагон” деб ёзилган. Пиёла яшил рангли нефрит тошдан ўта моҳирлик билан сайқалланган ҳолда ишланган. Унинг банди аждар шаклида бўлиб, оғзи пиёла учини тишлаган, оёқлари ерга тегиб туради. Пиёланинг оғиз тегар ери лаб шаклида бўлиб, унга “Карами Ҳаққа ниҳоят йўқдур (Аллоҳ таоло карамининг чеки йўқ)” деган ёзув битилган. Ўша вақтлар нефрит Мовароуннаҳрда ноёб тош саналган. Пиёланинг нефритдан ишланишининг сабаби, у чақмоқ уришидан сақлаган. Энг асосийси, нефритга солинган заҳар ўз таъсир кучини йўқотган. Натижада бундай пиёла эгалари ичимликни бехавотир ича олган.
Учрашувда юртимизнинг қадимий, бой тарихи, буюк аллома ҳамда мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий мероси жаҳон тамаддунига беқиёс улуш қўшгани, бугун мамлакатимизда халқимизнинг чинакам ифтихори бўлган ана шу хазинани асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш, унинг ноёб ғоя ва қадриятларини истифода этган ҳолда, келажак авлодга ҳам етказишга юксак эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда сўз олган Британия музейи масъуллари Жонатан Табб, Ладан Акабарниа, Фаҳмида Сулаймон, Жон Уиллямс ушбу ҳамкорлик икки томон учун ҳам ғоят манфаатли эканини қайд этдилар.
— Менинг ҳаётимда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга бўлган, — дейди Яқин Шарқ тўплами раҳбари Жонатан Табб. — “Амударё хазинаси” деб номланган экспонатлар музейимизнинг юраги, десам, хато бўлмайди. Айни пайтда унинг янги каталоги устида иш олиб бораяпмиз. Бунда ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.
Марказий Осиё маданий меросини тадқиқ этаётган яна бир олим Фаҳмида Сулаймон Ўзбекистоннинг бой маданияти ҳали ҳам дунёни ҳайратга солишга қодир эканини таъкидлаб, жумладан, шундай деди:
— Европа жамоатчилиги, айниқса, илмий доиралари “Ислом маданияти XIX асрга келиб ривожланишдан тўхтаган”, деган фикрни ёқлайди. Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонга ташриф буюрган киши борки, бунинг аксини кўради.
Британия музейи мутахассислари Ўзбекистон тарихига оид экспонатларнинг ёзув-шарҳларини юртимиз олимлари билан биргаликда тайёрлайдиган бўлди.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини изҳор этдилар. Музокаралар натижасида Британия музейи ходимларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, музей фондида сақланаётган мамлакатимиз тарихига оид нодир экспонатларни тадқиқ қилиш, каталогларини яратиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг Британия музейида амалиёт ўташларини жорий этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Британия музейи Мирзо Улуғбек фойдаланган нодир пиёланинг нусхасини Ўзбекистон буюртмаси бўйича тайёрлаб беришга ҳозир эканини маълум қилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида Британия музейи олимларининг мамлакатимиз музейшунослари билан онлайн маърузаларини йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матубот хизмати

Мақолалар

Top