muslim.uz

muslim.uz

— Мен қурилиш ишларида ишлайман. Баъзан раҳбар (прораб) буйруғи билан қурилиш материаллари аслида етарлича олиб келинган бўлса ҳам, тежаб қолинади. Баъзан ишни тезроқ тугатишимизни айтади, натижада чала қилишга мажбур бўламиз. Бундай ҳолларда ишчилар нима қилиши керак? Ўша прорабнинг гуноҳига шерик бўлиб қолмайдими?

— Бу очиқ-ойдин хиёнат ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олдилар. Шунда саҳобалар таҳорат сувига шошилдилар. Кимдир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан тушган сувни юзларига суртди, кимдир ичди, яна кимдир нимадирлар қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нега бундай қиляпсизлар” деб сўрадилар. “Сизга муҳаббат қилганимиз учун” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларга бир амални айтайми, уни қилсаларингиз Аллоҳ ва расулига муҳаббат қилган бўласизлар ва сизларнинг муҳаббатингиз Аллоҳ ва расулининг наздида мақбул бўлиб, Аллоҳ ва расули ҳам сизларни яхши кўради”, дедилар. “Ҳа, Расулуллоҳ”, дейишди.

“Уч амал бор. Шуни қилсаларингиз Аллоҳ ва расулига муҳаббат қиласизлар, Аллоҳ ва расули ҳам сизларга муҳаббат қилади. Биринчиси, гапирсангиз фақат рост гапиринг. Яъни ҳеч қачон ёлғон гапирманг. Иккинчиси, омонатга хиёнат қилманг. Яъни ҳеч кимса ҳақида маккорлик қилманг. Учинчиси, қўшнингизга яхши муомалада бўлинг” дедилар.

Яна бир ҳадисларида “Мўмин ёлғончи бўлиши мумкин эмас” дедилар. Яна бир ҳадисларида “Мўмин мўминнинг ҳақига хиёнат қиладиган маккор бўлмайди” дедилар.

Афсуски, ҳозирги кунда ёлғон гапириш, бошқаларни молини ноҳақдан қўлга киритиш маҳорат бўлиб қолди. Хусусан, машина бозорларида, мол бозорларида, корхона ва заводларда ва яна ҳозирги тилда айтилганда прораб бўлиб ишловчилар хонадон эгаларига буюртма берганларнинг ҳақини маккорлик билан ўғирлашмоқда. Дўкондан оладиган нарсаларнинг рўйхатини тузиб берилса, дўкончи билан келишиб уй эгасини ҳақини ўмаряпти. Усталар билан тил бириктириб, уй эгасини ҳақини ўмаряпти. Сиз каби ҳунармандлар ўртасига тушиб мижознинг ҳақини ўғирлаяпти. Энг ачинарлиси, ўша уриб қолувчиларни маълум бир йил ўтиб баданига пес тушмоқда, рак касалига дучор бўлмоқда, ўғирлаб едириб катта қилган боласи куйдирмоқда. Қизи эрдан ажрашиб келиб, бузуқлик йўлига кириб кетмоқда. Буларнинг барчасининг гуноҳи эса макр қилганнинг зиммасида қолади. Ишчилар ишни пухта, чиройли қилиб бажаришлари керак. Прорабни бундай йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлашлари керак. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов

Вилоят бош имом хатиби Тоҳир Рўзиев

Орзиқиб кутилган онлар яна келди. Бугун, 22 сентябрь куни эрта тонгда “Умра – 2022” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

Мана шундай улуғ бахтга эришган юртдошларимизни кузатиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлишди.

Муборак сафарга отланган юртдошларимизнинг кўзларида қувонч, тилларида шукроналик сўзлари сира аримаганига гувоҳ бўлдик. Кузатиш жараёнида хайрли дуолар қилинди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, эндиликда ҳар куни битта авиақатнов юртимиздан Саудия Арабистонига йўл олади.

Аллоҳ таоло умрага отланганларнинг сафарларини муборак қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Куни кеча, 21 сентябрь куни республикадаги туман-шаҳар бош имом-хатибларининг ўта танқидий руҳда ўтган йиғилишида Муфтий ҳазрат барча диний соҳа ходимларини жиддий огоҳлантирди.

Мажлисда айрим имом-домлалар босар-тусарини билмай қолгани, амалдаги қонун талабларини менсимаётгани ва мўмин-мусулмонлар бўлинишига сабабчи бўлаётгани диний соҳага катта доғ эканини афсус билан қайд этилди.

Муфтий ҳазрат юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳуқуқий давлат ва қонун устувор бўлган жамиятда истиқомат қилиши, барча қонун олдида тенг эканини, шу боис, нима касб қилиш ва қандай лавозим эгаси бўлишидан қатъий назар барча қонунга амал қилиши зарур эканини алоҳида таъкидлади.
Агар-да, ҳуқуқий нормаларини менсимай, одамларни тафриқага чақирса, муайян шахс, ҳудуд ё касб эгаларига нисбатан таҳқирлашларга йўл қўйса, мавжуд ҳолатни қонун доирасидан четда ҳал қилишга уринса, ҳар қандай диний соҳа ходими салоҳияти ёки қанча йил меҳнат қилганига қарамай вазифасидан озод қилинишини Муфтий ҳазрат қатъий билдирди. Қонунга итоат – раҳбарга итоат, бу эса динимиз талаби ҳисобланиши эслатилди. Асосий мезон ҳалоллик, тақво, садоқат ва итоатда экани баён этилди.

Мана шундай қўпол хато-камчиликларга йўл қўйган 15 нафар имом-хатиб, 6 нафар имом-ноиби ва 2 нафар вилоят муҳтасиби ўтган 8 ойда вазифадан бўшатилгани, шунингдек, 19 нафар диний соҳа ходимига “ҳайфсан” жазоси берилгани маълум қилинди.
Шунингдек, ушбу йиғилишнинг ўзидаёқ 4 нафар туман бош имоми ишдан олинди ва 1 нафарига интизомий чора қўлланди.

Шунингдек, барча диний соҳа ходимлари иш фаолиятини тартибга солиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Фатво маркази мутахассиси Ёрқинжон домла Жумабоев

Мақолалар

Top