muslim.uz
Нишонга урилган гаплар: “Эй, Роббим! Мени ва ота-онамни мағфират этгин!” деган дуони кўп қилинг!”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
“Эй, Роббим! Мени ва ота-онамни мағфират этгин!” деган дуони кўп қилинг! Чунки, бу дуо ўзида учта ибодатни жамлайди:
- дуони;
- ота-онага яхшиликни;
- истиғфорни.
“Ховатир роқия журнали”
*****
- Ким айбсиз дўст хоҳласа, ёлғиз яшайди.
- Ким нуқсонсиз жуфт хоҳласа, бўйдоқ яшайди.
- Ким муаммоларсиз қадрдон хоҳласа, ўшандай қадрдонни излаб ўтади.
- Ким комил қариндош хоҳласа, қариндошларидан алоқани узган ҳолда яшайди.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Агар «Деворнинг ҳам қулоғи бор» деган мақолни «Фариштанинг қалами бор» деган гапга алмаштирсак, одамлардан эмас, Аллоҳ таолодан қўрқиб, гуноҳдан тийиладиган ва Унинг Ўзидан умид қиладиган авлод етишиб чиққан бўларди.
«Ховатир роқия журнали»
*****
- Уламоларнинг ёнида ақлинг билан ўтир.
- Раҳбарларнинг ёнида илминг билан ўтир.
- Дўстларнинг ёнида одобинг билан ўтир.
- Оила аъзоларинг ёнида меҳринг билан ўтир.
- Нодонларнинг ёнида ҳалимлигинг билан ўтир.
- Ҳар бир жойнинг муносиб гапи бор.
«Ховатир роқия журнали»
*****
- Оқила аёл эрига айтадиган ҳар бир гапига шакар қўшиб гапиради.
- Оқила аёл эрига айтадиган ҳар бир гапидан тузни олиб ташлаб гапиради.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Тўрт киши борки, уларни ҳаётингда йўқотиб қўйишдан эҳтиёт бўл:
- Ғазабланганингда сенинг гап-сўзларингга чидаган инсонни;
- Йўқлигингда сени ғийбат, ҳақорат ва бошқа нарсалардан ҳимоя қилган инсонни;
- Сиқилган пайтингда сени хурсанд қилишга уринган инсонни;
- Мағлуб бўлганингда сенга ёрдам берган инсонни.
“Ховатир роқия журнали”
*****
БЕШ ТОИФА ОДАМ УЙЛАНИШГА, ОИЛА ҚУРИШГА ЯРОҚЛИ ЭМАСЛАР:
- ДИНДОРЛИГИ КАМ.
- АХЛОҚСИЗ.
- БАХИЛ.
- АЁЛЛАРГА КЎЗ ОЛАЙТИРАДИГАН.
- ФЕЪЛ-АТВОРИ, ХАРАКТЕРИ ЁМОН.
“ХОВАТИР РОҚИЯ ЖУРНАЛИ”
*****
Фақирлар бойлардан кўра кўпроқ қўли очиқроқ, сахийроқ бўлишади. Чунки, улар эҳтиёж сезгиси нималигини жуда яхши билишади.
“Ховатир роқия журнали”
*****
- Менга жаннатнинг неъматларини васф қилиб бер, деди.
- У ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам борлар, деди.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Ҳаётингдаги муҳим шахс - сен унинг борлигини ҳис қиладиган эмас, балки, сен унинг йўқлигини ҳис қиладиган шахсдир.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Эй Роббим! Бизни раҳмат назаринг билан қараб, раҳм қилган, дуоларини эшитиб, ижобат қилган бандаларингдан айла!
Эй Роббим! Бизни, шукридан ожиз қоладиган неъмат билан ризқлантир! Бизни, сабридан ожиз қоладиган мусибат билан имтиҳон қилма!
«Ховатир роқия журнали»
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Маййит чиққан хонада чироқ ёқиш мумкинми?
Юртимизнинг баъзи жойларида маййит ўлган хонадонда чироқ ёқилади. Халқ орасида “чироқ” дея зикр қилинадиган, пахтадан ясалган ва ёғга ботириладиган пилик ёки оддий шамни аёллар таъзия ўтгандан кейин маййит ўлган хонада 40 кун ёқиб қўйишади. Бу “чироқлар” маййитнинг руҳи учун ёқилар экан. “Маййит ўлган хонада чироқ ёқилишига муносабатингиз қандай?” деган саволга аёлларнинг 27% и “Маййитнинг руҳи учун чироқ ёқилади”, 38% и “Чироқ ёқиш керак деб ўйлайман”, деган жавобларни белгилашган. Тошкент шаҳрида яшовчи асли қорақалпоғистонлик бир аёлдан сўралганда шундай маълумотларни бердилар: “Ёшим 48 да. Мен Қорақалпоғистонда туғилиб ўсганман. Ака-укаларим, опа-сингилларим, онам ўша ерда туришади. Ўтган йили отам қазо қилдилар. Отамнинг таъзиясида кўрганларим ва шу пайтгача таъзияхоналарда кўрганларим мени анчагина ташвишга солади. Авваламбор, бизда яъни Қорақалпоғистонда маййит уч кунгача кўмилмайди. Таъзиянинг биринчи куни қўй сўйилади. Келганлар худди “тўёна” олиб келгандек пул, баъзилар мато, тўн кўтариб келишади. Олиб келинган пулларни ким қанча олиб келганини билиш ва уларнинг ҳам уйларида таъзия бўлганда олиб бориш учун рўйхат қилиб ёзиб қўйишади. Уч кун овқатлар пишириб, меҳмондорчилик қилишади. Бу орада маййит бирор хонага қўйилади. Қиш кунлари бўлса майли, аммо ёз кунлари маййитни ҳидланиб кетмаслиги учун махсус муз ичига солиб қўйишади. Ўз отамнинг жасадларига ҳам шундай муомала қилишди. Маййитни вақтида кўмиш кераклигини тушунтирмоқчи бўлдим. Аммо қулоқ солишмади. Уч кундан кейин маййит кўмиб келингач, ўша хонада чироқ ёқилади. 40 кун давомида “ис” чиқариб, қатлама пиширилади. Пайшанба куни аёл-эркак, ёш-қари аралаш, ҳатто ёш болалар билан бирга қабристонга боришади. Тоғораларда ҳар хил нарсалар пишириб олиб боришади. Аёллар очиқ-сочиқ кийинган, зиёрат одобларига риоя қилишмайди. Аввал қабр ёнига бориб тиловат қилишади, сўнгра қабристон қоровули ёки гўрковнинг хонасига кириб биргалашиб ўша нарсалардан ейишади. Қолган нарсаларни яна тоғораларига солиб, қайтариб олиб кетишади.
Ҳалиги йиғилган пуллардан қолганига қабр устига мақбара қурдиришади. Ушбу одатлар бизнинг оиламизда ҳам бор. Афсуски, бу ишларнинг нотўғри эканини уларга ҳечам уқтира олмайман...”.
Бу аёлнинг гаплари аввалига мени ҳайрон қолдирди. Кейинчалик афсуски у айтган ношаръий ишлар бўлар экан.
Марҳумнинг дафнини кечиктириш таҳримий макруҳдир. Марҳум дафнини унга катта жамоат жаноза намозини ўқиши учун кечиктириш макруҳдир. Шундай экан, шунчаки кечиктириб ёки узоқ қариндошларни кутиш мақсадида дафн ва жаноза намозини кечиктириш ундан-да макруҳдир.
Афсус, бундай ва бунга ўхшаш ношаръий ҳолатлар, урф-одатлар Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам учраб туради.
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги аёллардан бирининг гапига кўра, аксар аёллар чироқ ёқилиши керак деган фикрни билдиришган. “Нега?” деган саволга деярли бир хил – “Ўлган одамнинг руҳи учун ёқилади”, “Ота-боболаримиз шундай қилишган, чироқ ёқмасак бўлмайди-да!” каби жавоблар олинди. Баъзилар 40 кун ёқишини, баъзилар эса 40 кун ёқиб ўтирмасдан, бир кунда 40 та чироқ ёқишини маълум қилди.
Ислом шариатида чироқ ёқиш деган нарса йўқдир. Динда йўқ нарсани қилиш бидъатдир. Баъзи китобларда бу амал ширк дейилган.
“Мусибатга тоқатсизлик қилиб, юз ва қўлларини қорага бўяш, ёқа йиртиш, юзни тирнаб қон чиқариш, бошига тупроқ сочиш, сон ва кўкракларига уриб фарёд солиш, қабристонга чироқ ёқиш каби ишлар ботил ва жоҳилият одатларидандир”.
Бошга бир синов келганида, иши юришмаганида, беморлик, тушкунликка тушганда кўпчилик берадиган маслаҳат шундай бўлади: “Фолбинга боринг, бирортаси амал қилиб қўйган бўлмасин”. Фолбин ҳам кутилган гапни айтади: “Амал қилишибди” ёки “Фотиҳа олишингиз керак”. Бунинг учун ҳафталик овқатларни қилиб юборишни тавсия этади. Бундай бидъатлар исрофгарчиликка олиб келиб, Аллоҳ асрасин, энг ёмони ширкка олиб боради.
Ҳафталик овқатлар борасида ҳам иримлар бор бўлиб, ҳар бир куннинг махсус овқати бор эмиш: Душанба куни эр-шерларга атаб норин; сешанба куни – қиймали мошкичири; чоршанба куни – чучвара (тугун оши), чучварани қозонга солишдан аввал ниятлари айтилиб, учта чучваранинг тугуни ечилади; пайшанба куни – қирқ битта нўхат солиниб ош, ҳолвайтар; жума куни – қайсар париларга атаб қайла; шанба куни – шавла билан сомса қилинади; якшанба куни – дастурхонга тўққиз хил нарса қўйилади: мева, қанд, юпқа, чалпак, нон, шунингдек, калла-пойча солинади, чўзма, ҳолвайтар пиширилади.
Фолбинлар инсонни бошига тушадиган ҳар қандай синовларни кетказишни таомга, егуликка боғлиқ деб билишади ва буни ҳузурига келганларга уқтиришади. Аслида, билиш лозимки, ҳар бир мусибат, ҳорғинлик, беморлик Аллоҳ таолонинг изни билан бўлади. Аллоҳ таоло бандасига муҳаббат қилгани учун ҳам синов беради. Ёлғиз Ўзидангина мадад сўралади.
Имом Табароний Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади”, деганлар.
Ҳижрий йил муҳаррам ойидан бошланади. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни деб аталади. Ашуро сўзи “ўнинчи кун” деганидир. Аммо айримлар айнан муҳаррам ойини “ашир ойи” ёки “ширгуруч тарқатиладиган ой” деб нотўғри эътиқод қилишади. Таом қилиб қўни-қўшниларга тарқатиш, албатта, яхши одат, қўшничилик ҳаққи ҳам. Аммо муҳаррам ойини айнан ширгуруч пиширишга сабаб қилиниши хато тушунчадир. Бундан ташқари, олдинги вақтларда арафа кунлари савоб олиш мақсадида муҳтож кимсаларга, қўшниларга таом тарқатилган. Агар қўни-қўшнилар орасида муҳтожлар бўлса, биргина арафа куни эмас, бошқа кунлари ҳам қўшничилик ҳаққи учун таом берилса, савоби улуғ бўлади.
Таъзия маросимларида қилинадиган ҳолвайтар ҳам “маййит чиққан жойда ис чиқариш” маъносида қилинади. Ҳолвайтар “пайшанбалик”, “якшанбалик” ва бошқа маросимларда ҳам қилинади. Бу таомнинг асл моҳияти эса қуйидагича: Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “У киши ўз аҳлларидан бирон киши вафот этадиган бўлса, шу сабабли аёллар тўпланиб тарқагандан сўнг, фақат аҳллари ва хос кишилар қолганда бир декча талбийна қилишга амр этарди. Сўнгра уни нонли шўрва устига қуйиларди. Кейин у киши: “Эй аёллар, шуни еб олинглар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Талбийна беморнинг юрагини қувватли қилувчидир ва баъзи маҳзунликни кетказади”, деганларини эшитганман”, дер эди (Имом Бухорий, Муслим ривояти).
“Талбийна“ – ун, сут ва асалдан пишириб тайёрланадиган таом. Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия қилган, юракни қувватлаб, хафаликни кетказадиган “талбийна” таоми ҳақида сўз кетмоқда. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганлари учун ўзлари иштирок этган таъзияларда мусибатзада аёлларга ўша таомни егизар эканлар.
Ҳозирги вақтда “ис чиқариш”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, ўтганларни “йўқлаш” мақсадида пишириладиган ҳолвайтар таркиби ва тайёрланиши жиҳатидан талбийнага ўхшайди. Кейинчалик сут ўрнига ёғ, асал ўрнига шакар ишлатилган. Ҳолвайтар ҳам ун, ёғ ва шакардан қилинади. Мусибатхонада маййит чиқарилмасдан олдин, “Бурнига ис кирсин учун” деб ҳолвайтар қилинади. Бу мутлақо нотўғридир. Ниятни ўзгартириб, “Одамларга қувват бўлади”, деб қилинган ҳар қандай таом тириклар учун фойдали. Ҳолвайтар ҳам танага қувват бағишлайди.
Халқимиз орасида егуликларга оид турли бидъат тушунчалар борки, буларни эшитиб, асл моҳияти нима эканлигига ҳайрон қоласиз.
- Шафтолини иккига бўлиб еб бўлмайди.
- Шомдан кейин оқлик: сут, қатиқ берилса, сигирнинг сути камаяди.
- Дастурхонга тоқ нон қўйилмайди, тоқ нарсалар аза бўлган хонадонда қўйилади.
- Пиёладаги чой устига чой қуйилса, эри ёки хотини ташлаб кетади.
- Қалампирни қўлга берса, уруш бўлади.
- Биров тишлаган нарсани еса, бошқа одамнинг насибасини еган бўлади.
- Чой устидаги пуфакчаларни суриш бойлик келтиради деб ишонилади.
- Ҳомиладор аёлларни тўлғоқ тутганда мошни қайнатса, тўлғоқ дарди енгиллашади деб ирим қилинади.
- Қозоннинг тагини ялаган ёки қирмочини еган қизнинг тўйида ёмғир ёғади.
- Марҳумнинг қирқи чиққунча таъзийа бўлган хонадон эгалари тухум емайди.
- Таъзия бўлган хонадонга лағмон ёки угра қилиб чиқилмайди, мусибат чўзилиб кетади.
- Чой ичидаги шамаларнинг туриши, меҳмон келишидан дарак беради.
- Қаҳванинг юқи, бировнинг тақдиридан дарак беради.
- Ноннинг ўртасини еса, шаҳарнинг ўртасига келин бўлади ёки куёв бўлади.
Шунга ўхшаш иримлар халқимиз орасида ҳанузгача учраб туради. Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг изни билан бўлади. Ҳаётимизда учраб турадиган турли синовларда фақатгина Аллоҳдан мадад сўрашимиз, Қуръон оятларига, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига оғишмай амал қилишимиз лозимдир.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова
Ҳиндистонда Қуръони карим маънолар таржимаси маҳаллий тилда чоп этилди
Бугунги кунда муқаддас Қуръон турли тилларга таржима қилинган, бироқ жаҳонда шундай маҳаллий доирада фойдаланиладиган тиллар ҳам борки, ушбу тилда сўзлашувчилар Қуръони каримни бошқа тилларда ўқишади. Маҳаллий тилга таржима қилиш ишлари қанчалик қийин бўлмасин Аллоҳ таолонинг ризолиги йўлида эзгу ишлар бажарилмоқда.
Шундай таржималардан бири Ҳиндистоннинг шимоли-шарқидаги Мегалая штати Шиллонг шаҳрида чоп этилди. Бу ерда Қуръони каримнинг маънолар таржимаси ҳаси маҳаллий тилида босилди.
Shillong Times нашрининг хабар беришича, тақдимот маросими жорий йилнинг 2 февраль куни ўтказилди. Ҳаси тилига таржима Сенг Бҳаланг Ислом институти ташаббуси билан 12 йиллик меҳнатдан сўнг амалга оширилган.
Маълумот учун, ҳаси тилида 1,6 миллиондан ортиқ Мегалая штати аҳолиси сўзлашадилар. Ушбу тилда сўзлашувчи Ҳаси халқи Бангладешда ҳам истиқомат қилиши маълум қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Европада 2050 йилга бориб 75 млн мусулмон яшайди
Дунёдаги энг етакчи тадқиқот маркази бўлган Pew Research Center'a маълумотларига кўра, миграция бўлмаса ҳам кейинги 30 йилда Европада мусулмон аҳолиси cони 4,6% дан 7,4% гача кўтарлиши тахмин қилинмоқда.
Тадқиқот маркази мусулмонлар сонининг ошишида, бу аҳоли қатлами орасида ёшларнинг кўплиги ва туғилишнинг юқорлигини асосий сабаб эканини маълум қилган. Маълум бўлишича, 2010 ва 2017 йиллар орасида 3,7 млн. мусулмон Европага кўчиб келган. Буларнинг 2,5 млн.ни ишчи ходимлар, талабалар ва бошқа мунтазам муҳожирлар ташкил этади. Муҳожирлар тоифаси мунтазам келиб ўрнашиб бораётган мамлакат бу – Буюк Британия ҳисобланади. Натижаларга қарайдиган бўлсак, агар Европага мўътадил миграция давом этадиган бўлса, кейинги 30 йилда қитъадаги мусулмон аҳолиси 11,2 фоизга ошади. Агар 2014–2016 йилларда бўлгани каби кучлироқ миграция бўлса, 2050 йилга келиб мусулмон аҳоли бу қитъада 14 фоизга кўпаяди.
Германияда мусулмонлар бутун аҳолининг 6 фоизини ташкил этса, 2050 йилга келиб бу рақам 20 фоизга етиши кутилмоқда. Европада мусулмонлар сонининг ортиши Европа Иттифоқи учун янги синов палласини бошлаб беради. Аслида ҳам мусулмонлар Европадаги иккинчи катта дин гуруҳи ҳисобланади. Бугун Европадаги бутун аҳолининг 5 фоизини мусулмонлар ташкил этмоқда ва бу рақам ўсишда давом этяпти. Бироқ қитъадаги аҳолининг умумий ўсишида камайиш кузатилмоқда. Масалан, ҳозир Европадаги аҳолининг умумий сони 495 млн. ташкил этса, 30 йилдан кейин бу кўрсаткич 463 млн. тушиб қолиши айтилмоқда. Лекин ҳозирда 25 млн. бўлган мусулмон аҳолиси сони 30 йил ичида уч мартага ошиб 75 млн.га етиши тахмин қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Илмнинг мол-дунёдан афзаллиги
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Албатта, илм пайғамбарларнинг меросидир. Мол эса, подшоҳ ва бойларнинг меросидир.
Илм ўз соҳибини қўриқлайди, молни эса унинг эгаси қўриқлайди.
Илм сарфлаш, бировга бериш билан кўпаяди, мол эса сарфлаш билан тугайди.
Илм ўз соҳиби билан қабрда ҳам бирга бўлади, мол эса киши вафот этгандан кейин ажралади, фақат садақаи жориянинг савоби бориб туради.
Илм мол устидан ҳукм қилади. Илм ҳоким, мол эса маҳкумдир.
Мол яхшига ҳам, ёмонга ҳам, мусулмонга ҳам, кофирга ҳам насиб қилиши мумкин. Фойдали илм эса фақатгина мўмин кишига насиб этади.
Олимга подшоҳлар ва улардан қуйи мартабадаги барча кишилар муҳтождир. Мол эгасига эса, фақат йўқсиллар, фақирлар ва камбағалларнинг иши тушади.
Мол эгаси баъзан бир лаҳзада бор будидан айрилиши, ҳеч вақосиз қолиши мумкин. Илм эгаси эса, агар ўзи илмга бепарволик қилмаса, ҳеч қачон илмидан ажралиб қолмайди.
Мол-давлат инсонни дунёга чорласа, илм инсонни Аллоҳга ибодат қилишга чорлайди.
Мол-дунё гоҳида ўз эгасининг ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин. Қанчадан қанча бойлар молу давлатлари туфайли ҳалок бўлишган. Илм эса ўз эгасининг вафотидан кейин ҳам унинг номи абадий тилга олинишига сабаб бўлади.
Илмнинг саодати доимийдир, молники эса вақтинчаликдир.
Олимнинг қадр-қиммати ўз зоти билан ўлчанса, бойники моли билан ўлчанади. Мол тугаса қадр ҳам тугайди.
Бой киши ўз моли билан инсонларни дунёга чақирса, олим киши илми билан кишиларни охиратга чорлайди.
Имом Молик айтадилар: “Ҳикмат (илм) ва амал нурдир. Аллоҳ хоҳлаган бандасини улар сабабли ҳидоят қилади, кўп масала билгани сабабли эмас. Лекин Аллоҳ ҳидоят қиладиган кишининг ўзига хос белгиси бўлади: у банда ғурур, алдов диёри бўлмиш дунёдан узоқлашиб, абадийлик диёри бўлган охиратга юз тутади”.
Имом Моликнинг бу гаплари Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган нурдан бир бўлакдир. У зот: “Илм кўп ривоят қилиш эмас, балки, илм Аллоҳдан қўрқишдир”.
Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Амал қилинган илмгина ҳақиқий илмдир. Амал қилиш эса, насия нарсага эришиш мақсадида нақд нарсани тарк этишдир”.
Али розияллоҳу анҳу Камил ибн Зиёдга шундай дедилар: “Эй Камил, илм сен учун молдан яхшироқдир. Илм сени қўриқлайди. Молни эса сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол эса маҳкумдир. Молни ишлатиш билан тугаса, илм сарф этиш билан кўпаяверади”.
Қуйида келтириладиган ҳикоя илмнинг молдан афзаллигини яққол намоён этади. Воқеа аббосий халифалардан Ҳорун ар-Рашид замонида бўлиб ўтган. Бу Имом Аъзамнинг шогирдлари Имом Абу Юсуф ҳақларидаги ҳикоядир. Али ибн Жуъд ривоят қилади: “Менга Абу Юсуф қуйидагича хабар беради: “Отам Иброҳим ибн Ҳабиб вафот этди. Мен онамнинг қучоғида ёш болача ҳолимда қолдим. Онам мени газлама оқловчига шогирдликка берди. Мен унга бир муддат хизмат қилиб юрдим. Кейинчалик уни қўйиб, Абу Ҳанифанинг халқасига бориб, унинг суҳбатини тинглардим. Онам ортимдан халқага келиб, қўлимдан тутиб, яна мени газлама оқловчига олиб борарди. Абу Ҳанифа менинг илмга қизиқишимни, у кишининг илм мажлисига ҳадеб бораверганимни кўриб, менга ёрдам берарди. Ҳар сафар онам мени илм халқасидан олиб кетавергач, ҳунарни қўйиб, халқага боришим унга малол келди ва Абу Ҳанифага: “Бу болани сиздан бошқа ҳеч ким бузиб, йўлдан урмаяпти. Ахир у етим, ҳеч нарсаси йўқ. Мен ип йигириб топган пулим билан уни боқяпман. Орзуйим у ҳам шу касбда ишлаб, озроқ пул топса, ўзига ишлатарди”. Бу гапларни эшитган Абу Ҳанифа ҳалиги аёлга: “Хотиржам бўл, эй Раъно, мана бу илм ўрганаётган ўғлинг ҳали писта ёғига аралаштирилган қиём тановвул қилади” дедилар. Бу гапни эшитган аёл Абу Ҳанифага: “Эй Шайх, сен ақлдан озибсан. Менга беҳуда гапларни гапирма!” дея эътироз билдирди...
Яна Абу Юсуф сўзида давом этади: “Шундай қилиб мен Абу Ҳанифанинг дарсларига доим қатнашадиган бўлдим. У киши мени мол билан таъминлаб турарди. Менда қандай эҳтиёж туғилса, барчасини у киши тўлдирар эди. Аллоҳ таоло илм туфайли менга кўп яхшиликлар ато этиб, мартабамни кўтарди. Ҳатто қозилар ҳам менга эргашар эди. Ўзим эса халифа Ҳорун ар-Рашид билан бир дастурхон атрофида ўтириб, у билан бирга овқатланардим. Баъзан халифага писта ёғига аралаштирилган қиём келтириларди. Шунда мен кулиб қўярдим. Халифа бунинг боисини сўраганда, унга ҳаётимда бўлиб ўтган юқоридаги воқеаларни бошидан охиригача гапириб берардим. У менинг гапларимдан ҳайратга тушиб: “Албатта, илм мартабани кўтаради, динга ҳам, дунёга ҳам фойдаси тегади. Аллоҳ Абу Ҳанифани раҳмат қилсин. У зот ташқи кўзи билан кўрмаган нарсасини ақл кўзи билан кўрарди” деди”.
Убайдуллоҳ ибн Касир отасидан ривоят қилади, отаси деди: “Илмни мерос қилиб қолдириш олтин, кумушни мерос қилиб қолдиришдан яхшироқдир. Солиҳ нафс марваридлардан яхшироқдир. Жисм роҳати билан илмга эришиб бўлмайди”.
Аллоҳ таоло барчамизга фойдали илм ато этсин. Қўлимиздан келганича билганларимизга амал қилишимизни насиб айласин, омин!
Нозимжон Ҳошимжон
Манба: https://islom.uz
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.