muslim.uz
Европа давлатида икки тилда Қуръони карим ўқитилмоқда
Ғарбий Европада жойлашган Голландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган Ал-Кавсар маданият институти томонидан ташкил этилган Қуръони карим курсларида ёши катталар ва ўспиринлар учун алоҳида, болалар учун алоҳида дарслар бўлиши белгиланган.
Ёши катталар ва ўспиринлар учун «Воқеа» сурасини ёд олиш ва тафсири ўргатилса, болаларга «Набаъ», «Назиат» ва «Абаса» сураларининг тиловати ўргатилади ва ёдлатилади.
Жорий йилнинг 1 февралида бошланган ушбу курсларнинг биринчи даври 12 апрелгача давом этади. alcauther.com нашрининг хабар беришича, дарслар Ал-Кавсар маданият институтининг етук мутахассислари томонидан араб ва голланд тилларида ҳар жума куни бериб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ким авф этиб, ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир
Ҳасан Басрий бир кун тунда:
"Аллоҳим менга зулм қилган кишини кечир, Аллоҳим менга зулм қилган кишини кечир", дея кўп дуо қилар эди...!
Бир киши:
"Эй Абу Саъийд! (Ҳасан басрийнинг куняси) , Кеча тунда сизга зулм қилган кишига дуо қилаётганингизни эшитиб қолдим, ҳаттоки мен ўша зулм қилган кишилар қаторида бўлиб қолишликни орзу қилдим, сизни бундай дуо қилишликга нима ундади?!"
Ҳасан басрий:
Аллоҳнинг ушбу сўзи:
"Ким авф этиб, ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир!
(Шуро-40 оят)
Албатта у қалбларни Қуръон ислоҳ қилиб, тарбия қилган қалблардир !
Саидаброр Умаров тайёрлади
Бойлик ва беморлик
Бир киши ҳашаматли қасрлар, бойликлар ҳақида хаёл суриб турди-да, кейин дўстига: “Бу мол-дунёлар, бойликлар тақсим қилинаётган пайтда биз қаерда эканмиз-а?” деди. Шунда дўсти уни шифохонага олиб борди ва унга: “Мана бу беморларга теккан касалликлар тақсим қилинаётган пайтда биз қаерда эканмиз-а?” деди.
Ҳа, азизлар, чиндан ҳам саломатлигимиз қадрига етмоқчи бўлсак, шифохоналарга бориб, у ердаги беморларга назар солайлик. Кимнингдир юраги оғрийди, бировнинг танаси куйган, яна бирининг оёғи синган, бошқаси кўзидан, белидан, бошидан шикоят қиляпти. Ўзи юра олмагани учун шифохонанинг аравачасига ётқизиб қўйилган беморлар ҳам бор. Қўлини, бошини, оёғини бинт ва гипс билан боғлаб олганлар бор. Оғриқдан инграётганларни эшитганимизда, уларга раҳмимиз келади, Аллоҳ таолодан улар учун соғлик-саломатлик сўраймиз.
Мана шуларни кўрганимизда, сиҳҳат-саломатликнинг нақадар улкан неъматлигини ҳис қиламиз, кўпроқ шукр қиламиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки неъмат борки, у ҳақда кишиларнинг кўпчилиги бебаҳра қолишади. Сиҳҳат-саломатлик ва бўш вақт», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Азизлар, саломатлигимизни асрайлик, унинг қадрига етайлик!
Ҳар қандай ҳолда, ҳар доим Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтайлик!
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
“Ховатир роқия журнали” маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёралади
Янгилик: Диний саволларга жавобларни овозли ҳам тинглаш мумкин
Диний идора Фатво ҳайъати бир неча ойдан бери шаръий масалаларга асосли жавобларни туну кун “SavollarMuslimUzBot”, "Дин ва ҳаётга оид саволлар" телеграм канали ва savollar.muslim.uz сайти орқали тақдим этиб келмоқда.
Ушбу телеграм орқали ҳар куни 250-260 тадан ортиқ турли мавзудаги саволларга Фатво ҳайъати томонидан жавоблар берилмоқда. Бунинг учун SavollarMuslimUzBot га аъзо бўлинг ва ҳафтада 7 кун, кунда 24 соат давомида саволларингизни йўлланг.
Яна бир қулайлик – берилган саволларни омма учун аҳамияли бўлган жавоблар аудио шаклда "Дин ва ҳаётга оид саволлар" телеграм каналида эълон қилиш жорий этилди. Эндиликда мухлислар муҳим жавобларни овозли шаклда ҳам тинглашлари мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.