muslim.uz

muslim.uz

Буюк Британиянинг Бирмингҳем шаҳридаги “Грин Лейн” масжидида қишнинг совуғида қийналаётган уйсиз кишиларга ёрдам лойиҳаси бошланди.

Birmingham Mailга таяниб Азон.уз нашрининг ёзишича, уйсизларни масжидга таклиф этиш фикри Ҳумоюн Салимга тегишли. У биродарлари билан бирга ёрдамга муҳтож ва одатда ҳеч кимга керак бўлмаган кишиларга ғамхўрлик қилишга киришди.

Лойиҳа икки ҳафта олдин бошланди. Биринчи куни масжидга 4 киши келди, учинчи куни эса уларнинг сони 12 нафарга етди.

Масжид менежери Камрон Ҳусайннинг айтишича, қиш кунлари уйсизларга кўчада таом тарқатиш унчалик фойдали эмас, чунки бундай кишилар совуқдан ўлиши мумкин. Шунинг учун уларни масжидга таклиф этиб, овқатланишлари ва ётиб қолишларига рухсат беришга қарор қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўтган ҳафтада халқимиз республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти учун ниҳоятда муҳим бўлган иккита муҳим янгилик билан танишди. Улар: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарори бўлди. Ушбу иккита муҳим ҳужжат, халқимизни, зиёлиларимизни, айниқса, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ноширларни жуда ҳам мамнун қилди.
Бу мамнуниятнинг сабаби шундаки, фармоннинг кириш қисмида айтилганидек, мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришнинг институционал-ҳуқуқий асосларини шакллантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича самарали тизим шаклланмаган.
Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари матбуот хизматларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаган эди. Ваҳоланки, матбуот хизматларининг асосий вазифаси жамоатчилик билан ишлаш ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишдан иборатдир. Бунинг сабаблари кўп ва улар ушбу фармон ва қарор асосида бартараф этилади деб умид қиламиз.
Хўш, ўша кўп дейилган сабаблар қайсилар? дерсиз. Биринчиси, давлат сирларига дахл қилиб қўйишдан чўчиш; иккинчиси, соҳа раҳбариятининг ошкораликка мойил эмаслиги; учинчиси, нотўғри гапни айтиб қўйиб, ишдан айрилиб қолишдан чўчиш, эҳтиёткорлик; тўртинчиси, лоқайдлик, ўзига ўзи чегара ўрнатиб олиши ва бошқалар.
Аммо Ўзбекистон Президентининг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов ва Республика Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова фаол равишда ОАВ билан ишлагани, журналистлар берган саволларнинг барчасига баҳоли қудрат жавоб берганлари туфайли матбуот котиби сифатида ўзларини намоён эта олдилар. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз аҳолиси уларни матбуот котиби сифатида танийди.
Фармоннинг 2-бандида Тошкент матбаа-ноширлик касб-ҳунар коллежи, унинг номини Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежига ўзгартирган ҳамда амалдаги молиялаштириш тизимини сақлаб қолган ҳолда Агентлик тасарруфига ўтказилиши айтилгани ҳам айни муддао бўлди. Негаки, бугунги кунга келиб матбаа-ноширлик соҳаси тобора ривожланиб бормоқда ва ёш кадрларга бўлган талаб ҳам шунга муносиб равишда юксалиб бораверади.
Фармоннинг 3-бандида Агентликнинг вазифалари ҳақида сўз борган ва биринчи бўлиб фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларининг рўёбга чиқишини таъминлаш масаласига эътибор қаратилган.
Бинобарин, Бош қомусимизнинг 29-моддасида “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга...” дейилган. Лекин айни чоқда айрим юртдошларимиз ушбу моддадан фойдаланган ҳолда ўзининг мустақил фикрини айтиш ва истаган ахборотни талаб қилиб олиш ҳуқуқидан фойдалана олмаётгани ҳам бор гап. Агентлик ана ўшандай фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларининг рўёбга чиқишини таъминлаши демократик жараёнларнинг бундан-да жадаллашишига, халқ ҳокимиятининг янада тезроқ ўрнатилишига хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Зотан, Ислом таълимотига кўра, ҳар бир киши одоб-ахлоқ доирасида ўз фикрини тақдим қила олади. Бунга тарихда мисоллар жуда ҳам кўп. Айниқса, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, Ҳорун ар-Рашид, Маъмун кабилар, Маҳмуд Ғазнавий, Амир Темур каби ҳукмдорлар ҳақида ўқиган китобларимизда уларнинг ҳар бирининг оддий халқ билан қанчалар самимий суҳбатлашгани, уларнинг насиҳатларига амал қилганларидан хабар топганмиз.

Ушбу бандда хорижда ўзбек адабиётини оммалаштириш соҳасида дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш масаласининг таъкидлангани хорижий тилларни биладиган ижодкорларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш, чет эллардаги элчихоналаримизнинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўзбек ва ўша мамлакат (айтайлик, улар Олмония ёки Эрон ёхуд бошқа бирор мамлакат бўлиши мумкин) тилида оммабоп журналлар, электрон нашрлар ташкил этишни талаб қилади.
Шунингдек, Агентликка давлат хизматчиларига оммавий ахборот воситалари билан очиқ, оммавий ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини сингдиришда, шу жумладан, уларнинг матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлинмалари) фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий жиҳатдан таъминлаш орқали кўмаклашиш вазифаси ҳам юклангани бу борадаги ишларнинг янада самарали бўлишини таъмин этади.
Президент қарорида босма маҳсулотлар ҳамда даврий босма нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини олувчи ташкилотлар рўйхатини қисқартиришни ҳисобга олган ҳолда уларни тарқатиш тартибини қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилгани босма нашрлар раҳбарларининг кўнглидаги гап бўлди.Чунки кўплаб ташкилотларга босма нашрларни бепул тарқатиш баъзи нашрларга оғирлик қилиб қолганидан соҳа ходимлари яхши хабардор.
Юртбошимизнинг 2 февраль куни чиқарган фармони ва қарори замирида ҳам сўз ва ахборот эркинлигини янада такомиллаштириш асносида давлат ва халқ орасидаги масофани янада яқинлаштириш, мамлакатимизда чинакам халқ ҳокимиятини барпо этиш каби олийжаноб мақсад барқ уриб турибди.
Умид қиламизки, эзгу ниятлар билан ташкил этилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Давлатимиз раҳбарининг ана шу орзулари амалга ошишига кўмакдош бўлади.


Дамин ЖУМАҚУЛ

Ҳазрат Навоий ўз ижоди учун танлаган  тил ўзбек тили бўлгани эътиборидан ўзбек шоири, ўзбек шеърияти мулкининг султони ҳисобланади. Аммо у кишининг асарларининг асл манбаларига назар солинса, уларнинг булоғини суриштирилса, «Навоий – буюк Ислом шоири» экани аниқ равшан бўлади.

Шоирнинг обрўси шу қадар юқори эдики, ҳунармандлар ўз маҳсулотларининг бозоргир бўлиши учун Навоийнинг номи билан атар эдилар.

Навоийнинг қулоғи оғриб қолади  ва рўмол боғлаб юради. Буни кўрган Ҳирот аёллари рўмолларини қийшайтириб ўраб, бу усулни “Нози Алишерий” деб атайдилар.

Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийни шундай улуғлайди:

Эрур сўз мулкининг қаҳрамони,

Эрур гар чин десанг — соҳибқирони.

Ҳазратнинг деярли барча асарларида ояту-ҳадисларнинг, айниқса ислом тасаввуфининг,  исломий ҳикматнинг ифори шундоқ уфуриб туради.

Мовароуннаҳр маданий-маънавий муҳитида Алишер Навоий Қуръон илмлари, жумладан тафсир илмини ривожлантириш мақсадида мазкур соҳага ўз даврининг етук олим ва муфассирларини жалб қилган ҳамда уларга ҳомийлик ҳам  килганлар.

Ҳазрат Навоий ўз асарларида Қуръони каримдан ҳам кенг фойдаланган. Унинг “Хамса”, “Ситтаи зарурия”, “Насойим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” каби асарларида, умуман назм ва насрдаги ёзма меросида ислом масалалари бўйича кўп ҳолларда Қуръон оятларига асосланган мулоҳазалар баён қилинганини кўриш мумкин.

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг илмий фаолиятига назар соладиган бўлсак, у зотнинг қаламига мансуб “Жавоҳир ат-тафсир” ва “Мавоҳиби Алийя” асарлари бевосита Алишер Навоийнинг таклифи ва ҳомийлиги остида ёзилган.

Навоий катта мулкдор бўлиб, бойлик ва унга кишининг муносабати қандай бўлишини ўз ҳаётларида кўрсатиб бердилар.Ўзларига тегишли боғлар экин майдонлари ва дўконлардан катта миқдорда даромад олганлар ва бу даромадларнинг деярли ҳаммасини инсонпарварлик, халқпарварлик ва ободончилик мақсадларига сарфлаган.

 Макоримул ахлоқда Хондамир ҳазрат Навоий қурдирган иншаотларни келтиради. Жумладан 40 дан ошиқ работлар, 30 га яқин ҳовузлар, 20 дан ортиқ кўприк, 9 та ҳаммом,

Навоий Қуръони карим таъсири борасида «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарини ёзган. Одам атодан тортиб, Нуҳ, Исо, Яъқуб, Сулаймон, Юсуф, Довуд ва бошқа пайғамбарлар ҳақида маълумотлар берилади.

Навоий Қуръони карим таъсирида «Сирож-ул муслимин» номли китоб ёзади. Бу китобда шариат аҳкомларини, Аллоҳнинг саккиз сифатини англатганидан сўнг, Ислом асосларини назмда баён этади.

Ҳазрат Навоий бутун ҳаёти ва ижодини Қуръон оятлари, ҳадислар асосига қурган комил мусулмоннинг ибратли намунасидир.

 Шоир ҳамиша Қуръон ўқишни ва унга амал қилишни комилликнинг асосий шарти деб тушунади.

Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,

Не дардки, ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур.

Қуръонни тиловат этсун ар огоҳ эрур,

Эл кўнглига чун даво Каломуллоҳ эрур.

Навоий уч марта ҳаж сафарига отланган. Икки марта шоҳ турли баҳоналар билан рухсат бермагач, учинчи марта юзма-юз айтишга андиша қилган ҳолларида гапларини хат орқали баён қилади. Ҳусайн Бойқаро ҳам Навоийга хат орқали жавоб беради.

Жумладан, бундай дейди:

   «Сиз Хуросонда турар экансиз, ҳар қандай илтимосингиз бўлса, ҳурмат билан қабул қилинади. Мен шуни жуда аниқ биламанки, агар бу давлат сизнинг шарофатли вужудингиздан ҳоли бўлса, айрим шахслар ва халқ орасидаги ўзбошимчалик аҳвол ихтилофга айланиб кетади».

Унинг қувваи ҳофизаси жуда кучли эди. Шоир болалигида Қуръондан ташқари Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут тайр» достонини ҳам ёд олган. Навоий йигитлик чоғлари 50 минг байт ғазални ёд билган.

 

Шоир ижодида Қуръон ва ҳадис ифодаси.

وَنُنزلُ مِنَ الْقُرْآنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ وَلا يَزِيدُ الظَّالِمِينَ إِلا خَسَارًا } الإسراء: 82

Бил, кўнгулга истасанг шифони ўқумоқ,

Ким келди кўнгул шифоси они ўқумоқ,

Абдурраҳмон Жомий раҳматуллоҳи алайҳ форс тилида «Арбаъин» тузиб, унда фазилатли амалларга доир қирқта ҳадисни шеърий тўртликлар билан таржима қилган. Кейинроқ у кишининг хос шогирди, мумтоз шоир Мир Алишер Навоий ҳам устоз йўлидан бориб, ўзининг «Арбаъин» асарини битган.

Унинг энг кўзга кўринган асари, шубҳасиз, «Арбаъин» китобидир.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган киши мусулмондир», дедилар».

Шоир ёзади:

Ким мусулмонлиғ айласа даъво,

Чин эмас гар фидо қилур жонлар.

Ул мусулмондурурки, солимдур.

Тилию илгидин мусулмонлар. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَالْكَلِمَةُ الطَّيِّبَةُ صَدَقَةٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ва яхши сўз ҳам садақадир », дедилар».

Шоир ёзади:

Яхши сўз бирла ҳожат аҳлин сўр,

Бермасанг яхши тўъмадин нафақа.

Не учунким Расул қавли билан

Яхши сўз бордур ўйлаким садақа.

Хулоса шулки,

Аристотель, Суқрот, Афлотун, Софокл ўз ижодлари сабаб она  тилларини Оврўпада  мумтоз қилдилар.

Шарқ оламида форс-тожик  адабий тилини Фирдавсий, Низомий, Жомий  каби достоннавислар, Саъдий Шерозий, Хўжа Ҳофиз каби  ғазалнавислар,  Фаридиддин Аттор каби тасаввуф устозлари  мумтозлик даражасига кўтарган эдилар.

 Туркийзабон  адабиётда  эса «Насойим ул-муҳаббат», «Маҳбуб ул-қулуб», «Муҳокамат ул-луғатайн» каба асарларни  ёзилиши билан  Ҳазрат Алишер Навоий ўзбек тилини мумтозлик чўққиларига олиб чиқдилар. Ҳаттоки  иш юритишга оид юридик тилнинг мумтоз намунасини биринчи бўлиб Алишер Навоий  «Вақфия» асарида шакллантириб бердилар.

Мумтозлик — чиндан ҳам мисли йўқ нодир бир афзалиятки, ғарб адабиётларидаги «классика» деган тушунчаси мос келади.

Аристотель ва Платон каби  қадимги юнон алломаларининг асарлари ўз ватанларида йўқолиб кетади. Классик  юнон тили янги Грецияда истеъмолдан чиқди. Классик лотин тили ҳам «ўлик» тилга айланади,  фақат илм-фан  ва  тиббиётда  терминлари қолди халос.

Бизнинг мумтозадабиётимизнинг нодир дурдоналари шукрлар бўлсинки қўлимизда.  Бугун уни асраб авайлаш баробарида  китобхон ҳалқимизга етказишимиз зарур.

 2011 йилда  Ғофур  Ғулом нашриётидан ўн жилдлик  тўлиқ тўплами чиқди. Лекин бу борада ишларимиз кўламини кенгайтиришимиз керак.  Айнан шу тўлиқ тўпламни  тўлалигича  электрон кўринишда ҳам интернет тармоғига жойлаштириш муҳим ишларимиздан.

Бир гуруҳ адабиётшунос  олимлар Алишер Навоий қомусий луғати устида самарали  меҳнат қилдилар.

Навоий «Хамса»сининг ёзилганига беш юз йилдан ортиқ вақт ўтди. Шу асрлар давомида унинг айтганлари чиндан ҳам эл-юртга марғуб, кўнгилларга маҳбуб бўлди.

Деганимни улусқа марғуб эт!

Ёзғонимни кўнгулга маҳбуб эт!

Навоий асарларида  ёр, дилдор, дилбар, гулрў- Аллоҳ ва унинг расули

Жом-орифнинг қалби.

Майхона  -ҳонақоҳ  ёки  пир  ҳузури.

Мастлик -Аллоҳ ва унинг расулига  ошиқлиқ  ва шу муҳаббат ила ҳузурланиш.

Фейсбук ижтимоий тармоғида бир гуруҳ ёшлар  ҳазрат Навоийнинг уйланмаганлари ҳақида  бахс юритмоқдалар. Шу масалада тортишганларини кўрдим. Ҳатто нолойиқ фикрлар билдирилган.  Уларнинг ичида масалага ҳазил билан қараганлар ҳам учради.

Ёки  «Келмади»  ғазали остидаги комментларни ўқисангиз ачинасиз. Ҳатто баъзи адабиётшунослар “гулрў  келмади” ни кўз ёшим келмади деб талқин қилибдилар

Кеча  келгумдур  дебон Ул сарви  гулрў  келмади,

Кўзларимга  кеча тонг Отгунча  уйқу  келмади.

Демак бугун Навоийни  чин маънода англаш даври келди.

 

Раҳимберди Раҳмонов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби   

 

 

mardi, 05 février 2019 00:00

Панду ҳикматлар

Ўз ҳикмати билан бир эшикни беркитса, раҳмати билан юзта эшикни очиб қўяди.

«Ховатир роқия журнали»

*****

Қудуққа туфлама, бир кун ундан сув ичишинг мумкин.

mawdoo3.com

*****

Агар аёл ўқиб-ўрганса, турмушга чиқса, яхши кўрса, ихлосли бўлса, ҳомиладор бўлса, фарзандни дунёга келтирса, эмизса, тарбия қилса, ишласа, безовталик ва қўрқувга бардош берса, охирида буларнинг ҳаммасини ноқис ақл билан қилган бўлса!

Агар ақли комил бўлганда қандай бўларди?!!

«Ховатир роқия журнали»

*****

Аёл каби фазилат манбаи бўлган неъматни кўрмадим.

  • Гўдаклигида отасини жаннатга киришига сабаб бўлади.
  • Балоғатга етиб, турмушга чиққанда эрининг динининг ярмини тўлдиради.
  • Она бўлганда фарзандлари учун жаннат унинг оёқлари остида бўлади.

«Ховатир роқия журнали»

*****

Атрофимиздаги шахсларнинг ҳақиқатини фақат Аллоҳ билади. Шунинг учун доимо: “Эй Аллоҳ, менга яхшиликни раво кўрадиган кишига мени рўпара қил ва уни менга рўпара қил! Менга ёмонликни раво кўрадиган кишидан мени буриб юбор ва уни мендан буриб юбор!” деб айтинг.

«Ховатир роқия журнали»

*****

Дунё сендан беш нарсани ўғирлаб қўймасин!:

  1. Роббинг билан бўладиган соф лаҳзани;
  2. Ота-онангга яхшилик қилишингни;
  3. Оилангдагиларга меҳр кўрсатишингни;
  4. Атрофингдагиларга яхшилик қилишингни;
  5. Амалларда ихлосли бўлишингни.

«Ховатир роқия журнали»

Ўғирлаб қўймасин дегани дунё топаман деб шу нарсаларга бепарво бўлиб қолма маъносидадир. Валлоҳу аълам.

*****

Дунё уч кун...

  1. Кеча ўтди ва у ҳаргиз қайтмайди.
  2. Бугун яшаяпмиз ва у ҳам узоқ давом этмайди.
  3. Эртага эса, қаерда бўлишимизни билмаймиз.

Шундай экан, инсонларни кечир, халқни Холиққа қўйиб бер. Мен ҳам, сен ҳам, улар ҳам, биз ҳам кетувчимиз. Қалбингнинг туб-тубидан сенга ёмонлик қилганни кечир!

«Ховатир роқия журнали»

*****

Инсон нега манманлик қилади?!

- Нутфадан яратилганмиз.

- Аслимиз лойдан.

- Энг қиммат либос (яъни, аёллар киядиган ипак либослар) ипак қуртидан олинади.

- Энг мазали таомимиз (яъни, асал) асаларидан олинади.

- Ётадиган жойимиз ер тагидаги чуқурликдир.

Бас, шундай экан, нега манманлик қиламиз?!

«Ховатир роқия журнали»

*****

Жаннатда неъматлардан учтаси борки, улар дунёда асло топилмайди:

  1. Абадийлик.
  2. Раҳмонга қўшни бўлиш ва Уни кўриш.
  3. Оғриқлар, ғамлар ва касалликларнинг кетиши.

Аллоҳ таоло барчамизга энг олий фирдавсни насиб этсин!

«Ховатир роқия журнали»

*****

Агар инсонлар сиз билан дунё зийнатлари учун мусобақа қилсалар, уларни тарк этинг!

Агар инсонлар сиз билан Охират неъматлари учун мусобақа қилсалар, улардан ўзиб кетинг!

Чунки, Аллоҳ таоло дунё зийнатларини яхши кўрганига ҳам, ёмон кўрганига ҳам беради.

Аммо Охират неъматларини фақат яхши кўрганига беради.

«Ховатир роқия журнали»

*****

 

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тарйёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top