muslim.uz
Салоҳиддин домла Шарипов: Аллоҳ суйган амаллар
Хавфли касалликлар сабабчиси...
Ривожланиш суръати ва техника мўъжизалари билан оламни ҳайратга солаётган японлар: “Биз аввало ёлғонни йўқотдик”, – дейишар экан. Чунки, улар ёлғоннинг жамият тараққиётига жиддий хавф туғдиришини англаб етган эди.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида япон олимлари ҳеч қандай ер ости ва ер усти табиий бойликларисиз фақатгина инсон “капитал”ига эга бўлган давлатни қандай қилиб шиддат билан ривожлантириш устида бош қотиради. Бир гуруҳ олимлар инсон қобилияти ва иқтидорини ривожлантирувчи омилларни шакллантириш устида бош қотиради ва шундай хулосага келади: “тараққиёт ва ривожланиш йўлидаги энг катта тўсиқ бу ЁЛҒОН ва унинг барча кўринишларидир”. Натижада, японлар аввало ёлғондан воз кечадилар ва тараққиёт сари энг улкан қадамни ташлайди.
Германиянинг нуфузли Халле-Виттенберг университет олимлари ўтказган тадқиқотлар натижасига кўра ёлғон фақатгина жамият ва ахлоққа тегишли салбий ҳолат бўлибгина қолмасдан инсон саломатлиги учун ҳам жиддий хавф туғдирар экан. Хўш қандай?
- Энг аввало, киши ёлғон гапирган вақтда юз ва унинг пешона ва ёноқ қисмларидаги нерв томирлари беихтиёр қисқарар ва қизарар экан. Худди шу пайт ошқозонда ҳам қизариш юз беради. Муттасил ёлғон гапирувчи инсонларда кўз касалликлари, қон босими кўтарилиши ва ошқозон билан боғлиқ муаммолар кўп учрайди.
- Кўп ёлғон ишлатадиган кишиларда марказий асаб системаси ва руҳий ҳолат мувозанати бузилиши оқибатида мунтазам бош оғриғи, невроз ва психик касалликларга мойиллик ортади.
2.Муттасил ёлғон гапирган одамнинг ошқозонида қизариш ва салбий ўзгаришлар рўй бериб ошқозон ости безида панкретик оқим бузилиши хавфи ортади.
3.Инсон ёлғон гапираётган вақтида юрак уруши оддий ҳолатдан кўра бир неча маротабага ортар экан. Бундан ташқари ёлғончиларнинг руҳиятидаги фош бўлишдан ҳадик ва қўрқув юрак қон томирлари қисқариши ва циркуляция бузилишига олиб келади.
Демак, юқоридаги фикрлардан келиб чиқсак ёлғончиларда қуйидаги касалликлар пайдо бўлиш хавфи кучли:
- Ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак касалликлари ва яраси
- Мигрен
- Қандли диабет
- Инфаркт
- Инсулть
- Невроз
Хўш, шунчалик инсон саломатлигига катта салбий тасир кўрсатувчи ёлғон ўзи нима? Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “ёлғон” сўзи – “ҳақиқатга зид, уйдирма, чин эмас, сохта, қалбаки” каби тушунчалар орқали изоҳланган. Туркийда “ўтрук”, форсчада “фириб”, арабчада “кизб” калималари ҳам айнан шу маънода бўлиб, луғат китобларида бу сўзларга “воқеъликдаги нарсанинг хилофини хабар бериш” дея таъриф ёзилган.
Ҳозирги кунда кўпчиликка яхши таниш “алдамчи, фирибгар, айёр, ҳийлагар, найрангбоз, товламачи, қаллоб” каби сўзларнинг ҳам “ҳақиқатга зидлик, воқеликнинг хилофини хабар бериш, борни йўқ, йўқни бор қилиб кўрсатиш” маънолари бор. Шунинг учун мазкур лафзлар нутқимизда “ёлғончи” деган сўзнинг маънодоши сифатида кенг қўлланади.
Ёлғон катта гуноҳлар жумласидан бўлиб, бу амални содир қилган киши динимизда қаттиқ қораланади. Дўзахга элтувчи бу гуноҳи кабиранинг даҳшатини жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай баён қиладилар: “Рост сўзда хатар кўрсангиз ҳам, рост сўзланг! Нажот рост сўздадир. Ёлғон сўзда нажот кўрсангиз ҳам, ёлғон гапирманг! Хатар ёлғон сўздадир”.
Баъзилар суҳбатдошларини ўзига жалб қилиш учун ёлғон ишлатади. Улар ночор ва паст инсонлардир. Уламолар “ёлғон гапиргандан кўра тилсизлик яхшидир” дея таъкидлаб бу иллатнинг нақадар жирканч эканлигини таъкидлаганлар. Баъзилар душманидан ўч олиш мақсадида ёлғон гапиради. Ёлғонни душманига қарши қурол қилади. Бўлмаган қабиҳликларни тўқиб, душманига ёпиштиради. Шунинг учун динимизда кишининг душманига қарши гувоҳлиги рад қилинган.
Ёлғончилик барча ёмонликларнинг манбаи, ҳамма разилликларнинг асли, оқибати бахтсизлик, самараси тубанлик бўлган гуноҳ. Ёлғондан туҳмат, туҳматдан нафрат, нафратдан душманлик келиб чиқади. Душманлик бор жойда тинчлик ва роҳат бўлмайди.
Ёлғончилик шахс ва жамиятга мана шундай зиёнлар келтириши боис ҳам динимизда ҳаром қилинган. Сафвон ибн Сулайм бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди:
- Мўмин қўрқоқ бўладими?
Ул зот “ҳа” деб жавоб бердилар
- Мўмин бахил бўладими?
Ул зот “ҳа” деб жавоб бердилар
- Мўмин ёлғончи бўладими?
Ул зот “ЙЎҚ” деб инкор қилдилар.
Ёлғончиликнинг бу дунёдаги энг оғир оқибатларидан бири бу Аллоҳ таолонинг назаридан қолиш ва ҳидоятидан бенасиб бўлишдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас” (Зумар сураси, 3).
“Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас” (Фофир сураси, 28).
Яъни, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсани ҳидоятига муваффақ қилмайди, ҳақ динга йўллаб қўймайди.
Энди “Наҳл” сурасининг 105 оятига эътибор берсак:
“Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқирлар. Ана ўшалар ёлғончидирлар” .
Мазкур оятда Аллоҳ таоло қандай кимсалар ёлғон гапиришини таъкидламоқда. Яъни, ёлғонни Аллоҳга ва оятларига иймон келтирмаган кимсагина тўқийди. Чунки у азобга дучор бўлишидан қўрқмайди. У ҳақиқий ёлғончидир. Ёлғон гапириш улкан жиноят бўлгани боис, мўмин унга яқинлашмайди.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди, омонат қўйилса, хиёнат қилади” (Муттафақун алайҳ).
Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсага вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин” (Абу Довуд, Термизий ривояти).
Ҳадиси шарифлардан бирида: “Мўминнинг табиатида хиёнаткорлик ва ёлғончиликдан ташқари ҳар қандай хислатга мойиллик бўлиши мумкин”, дейилган (Баззор, Абу Яъло ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишдан тўхтамайди, ниҳоят унинг қалбида қора доғ пайдо бўлади. Бориб-бориб қалби батамом қораяди ва Аллоҳ наздида ёлғончилардан деб ёзилади”.
Ёлғон қасам ичиш эса ёлғон гапиришдан ҳам ёмонроқдир.
Аллоҳ таоло ёлғон қасам ичувчи мунофиқлар ҳақида хабар бериб Ўз каломида бундай дейди:
“Яна улар (ўзларининг мунофиқ эканликларини) билиб турган ҳолларида (“бизлар мусулмонлармиз” деб) ёлғон қасам ҳам ичурлар” (Мужодала сураси, 14).
Мақолани интернет ва тиббиёт манбалари асосида
Саидаброр Умаров тайёрлади
Қуръоний асарлар Қоҳира кўргазмасида намойиш этилмоқда
Ал Азҳар Ислом маркази томонидан Қоҳирада 50-халқаро китоб кўргазмасида 25 та асарни намойишга қўйди.
Мaspero.eg нашрининг ёзишича, ушбу маданий тадбирда “Қуръоний кўзгу”, “Қуръон тафсири усуллари”, “Қуръонга муҳаббат” ҳамда “Қуръонда яккахудолик” мавзуларидаги китоблар кўргазмага қўйилгани маълум қилинган.
Халқаро китоб кўргазмаси Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида жорий йилнинг 30 январь куни очилган бўлиб, очилиш маросимида Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас Сиси иштирок этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Алишер Усмонов тақдим этган ноёб китоблар Тошкентга олиб келинди
Алишер Усманов томонидан Ислом цивилизацияси марказига тақдим этилган 8 миллион АҚШ долларга тенг ноёб китоблар тўплами Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда «Подробно» нашри хабар берди.
Тўплам XIII асрдан бошлаб шарқий ва исломий оламнинг Европадаги таъсири ҳақида нашр этилган лотин, инглиз, француз ва немис тилларида нашр қилинган 4923 дона ноёб китоблардан иборат.
Улар орасида Авиценна «Тиббиёт илми қонуни» (Ибн Сино)нинг илк лотинча таржимаси бор.
Шунингдек, тўпламда Ибн Арабшоҳнинг «Буюк Темурнинг буюк ва мўъжизавий ишлари тарихи» номли китобининг лотин тилига илк таржимаси бор.
Ислом цивилизацияси Маркази қурилиши тугагунига қадар китоблар Шарқшунослик институтида сақланади.
Ушбу мажмуа халқаро стандартларга мос равишда қурилиши режалаштирилган бўлиб, кутубхона, ахборот ресурс маркази, илмий бўлим, конференция хонаси, офис ва бошқа биноларни ўз ичига олади.
Унинг рамзий пойдеворини 2018 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Президенти қўйган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: «Агар иймонинг заифлашиб, ибодатга дангасалик қилаётган бўлсанг, «Аллоҳумма лаа тажъалний шақийяв валаа маҳрумаа» дуосини лозим тутгин!»
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Шайх Шинқитий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Агар иймонинг заифлашиб, ибодатга дангасалик қилаётган бўлсанг,
اللهُمَّ لا تجعلْنِي شَقِيًّا ولا محْرُومًا
«Аллоҳумма лаа тажъалний шақийяв валаа маҳрумаа» дуосини лозим тутгин!»
Маъноси: “Эй Аллоҳ! Мени бадбахт ва маҳрум қилмагин!”
«Ховатир роқия журнали»
*****
Жим туришнинг фойдалари:
- машаққатсиз ибодат;
- тақинчоқсиз зийнат;
- салтанатсиз ҳайбат;
- тўсиқсиз, деворсиз қўрғон.
«Ховатир роқия журнали»
*****
Бирор банда диндош биродарини бир гуноҳ билан айбласа, ўша гуноҳга ўзи мубтало бўлади. Агар сизга фалончи ҳақида ёмонлик, масалан, намоз ўқимайди, Рамазонда рўза тутмайди каби хабар келса, ичингизда: “Аллоҳ бизни ҳам, уни ҳам мағфират этсин!” деб айтинг!
Умар Абдул Кофий
«Ховатир роқия журнали»
*****
Бахт - дўстларнинг ададида эмас, қадру қийматида
Йил ўтгани сари дўстлар бирма-бир тўкилиб боради. Баъзилари қалбдан тўкилади. Баъзилари хотирадан ўчади. Баъзилари кўздан йўқолади (кўринмай қолади). Ана ўшанда бахт дўстларнинг нечталигида эмас, қадр-қийматида эканини англаб етамиз.
«Ховатир роқия журнали»
*****
Эй Роббим! Олдимда ростгўй бўлиб, ортимда мунофиқ бўладиган қалбдан мени узоқ қил!
«Ховатир роқия журнали»
*****
Дунё ишига маҳзун бўлма. Чунки, дунёдаги барча нарса бизнинг хоҳишимиз билан эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси, амри билан бўлади. Аллоҳнинг амри эса, ҳаммаси яхшиликдир!
«Ховатир роқия журнали»
*****
Агар аёл яхши кўрса, қалбини ўйлаб (яъни яхши кўрганидан ажралса, қалби қийналишини ўйлаб), ўзини қурбон қилади. Агар аёл ёмон кўрса, бошқани қурбон қилади.
«Ховатир роқия журнали»
*****
Бола онасидан: “Ичи тўла пули бор сумкангизни ходимингиз ёнида қолдирасизми?” деб сўради.
Она: “Асло. Уни ходимимга ишониб қолдирмайман” деди.
Шунда бола: “Унда мени ўша ходимингиз ёнида қандай қолдирасиз?” деди.
«Ховатир роқия журнали»
*****
Туз билан шакарнинг рангида фарқ йўқ. Иккисининг ҳам ранги оқ. Лекин тажриба қилиб кўргач, уларнинг орасидаги фарқни билиб оласан. Инсонлар ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин (яъни, уларнинг қандайлиги ҳам тажрибадан кейин маълум бўлади).
«Ховатир роқия журнали»
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.