muslim.uz
Ватан ҳимояси муқаддас бурч
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса
Булбулга тикондек ошиён бўлмас эмиш
Ҳазрат Навоийнинг ушбу сатрларидан ақлсиз, забонсиз бир булбул учун олтиндан қафас қилиб, ичига боғнинг энг зўр гулини қўйиб берса ҳам ўзининг туғилиб ўсган жойидаги тикончалик бўлмаслиги тушинилар экан. Дунёдаги энг ақллик мавжудот бўлган инсон учун Ватан ва унинг ҳимояси муқаддасдир. Инсон ўз ватанини севиб уни асраб авайлаши керак. Чунки улуғ алломаларимиз айтганларидек, Ватанни севмоқ иймондандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага кўчиб кетаётганларида Макка шаҳрига қараб “Агар Макка мушриклари мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганларида эди, мен ўз ихтиёрим билан Маккани ташлаб кетмаган бўлар эдим” деганлар. Яна у зот Ватанни ҳимояси ҳақида шундай деганлар: “Икки кўзни (кўз эгаларини) дўзах ўти куйдирмайди. Бири Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни, иккинчиси Ватан ҳимоясида ухламай бедор бўлган кўзни”.
Ривоят: Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Шураҳбийл исмли кишининг олдидан ўтдилар. Шураҳбийл ўша вақтда Форсларнинг бир қалъасини ҳимоя қилиб турган эди. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Шураҳбийлга айтдилар: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман: “Бир кун Ватан ҳимоясида бўлиш бир ой кундузи нафл рўза тутиб кечалари нафл ибодат қилгандан афзал” деганлар. Ушбу ҳадис ва ривоятлардан маълум бўладики Ватан ҳимояси ҳам ибодат саналади. Аллоҳга шукрлар бўлсинки жонажон Ватанимиз тинч, турмушимиз фаровон. Ушбу тинчликни ҳимоясида туну-кун тинмай хизмат қилаётганларнинг хурматлаш ва эъзозлашлик учун ҳар йили 14-январь санасини мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланиши уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади.
Ватан тинчлигини ҳимоя қилишда хар бир одам ўз ҳиссасини қўшишлиги керак. Бунда ёшларимз илму-ҳунарлари билан, кексаларимиз дуолари ва ёшларга ибратли насиҳатлари билан тинчликни бардавом бўлишлигига хизмат қилишлари керак. Аллоҳ барчаларимизни она Ватанимизга бўлган муҳаббатимиз ва садоқатимизни бунданда мустаҳкам айласин.
Миркомил домла Ботиров,
Булоқбоши тумани бош имом-хатиби
Нишонга урилган гаплар: “Яқинларнинг зарбаси ўта хатарлидир. Чунки у яқин масофадан келади”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Авзоий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Агар бировни ёмонлаётган кишини кўрсангиз, билингки, у киши «Мен ўша одамдан яхшироқман» деяётган бўлади».
*****
Хафалигингни онангдан яшир! Хурсанд бўладиган бўлсанг, онангнинг олдида хурсанд бўл! Чунки, сен ташвишингдан бир марта хафа бўлсанг, онанг минг марта сиқилади. Ютуқларингдан бир марта хурсанд бўлсанг, онанг минг марта севинади.
*****
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Ўттиз йилдан бери (устозим) Шофеийнинг ҳаққига дуо қилмасдан ва унинг учун истиғфор айтмасдан туриб уйқуга ётмадим».
«Ал-Калимут тоййиб»
*****
Оталик вазифасини бажариш қўлидан келмайдиган кимсанинг уйланиб, фарзанд кўришга ҳаққи йўқ.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ёмон ниятли кимсалар, бир-бирларини ёқтирмасалар ҳам, ҳамжиҳат бўлиб, бир сафда турадилар. Аммо яхшиликка чорловчи даъватчилар тарқоқдирлар. Мана шу уларнинг заифликлари сиридир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Яқинларнинг зарбаси ўта хатарлидир. Чунки у яқин масофадан келади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бахтли яшай десанг, (тортишув ва иккиюзламачилардан) узоқроқ яша.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Фикрлаш “касаллиги”нинг давоси йўқ. Ҳатто ухлаётганингда ҳам фикрлаган нарсаларингни тушда кўриб чиқасан.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Уларни рози қилиш учун характерингни ўзгартирма.
Уларни қизиқтириш учун овозингни ўзгартирма.
Уларга мос бўлиш учун асосингга зид иш қилма.
Уларни рози қилиш учун сунъийлашма.
Аллоҳ таоло сенга ўзингга хос характер, овоз, тузилиш берган. Ўзлигингни йўқотма.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Қуръондаги гўзал қиссалардан намуналар
Ҳудҳуд бир умматнинг мусулмон бўлишига сабабчи бўлди.
Қуръони Каримнинг Намл сурасида Сулаймон алайҳиссалом билан Ҳудҳуд номли қуш ўртасида бўлиб ўтган суҳбат келтирилган. Ўша суҳбатда Ҳудҳуд Сабаъ мамлакати, ўша мамлакатга бир аёл маликалик қилиши, малика ўз қавми билан Қуёшга сиғинаётгани ҳақида хабар келтиради. Сулаймон алайҳиссалом Ҳудҳуд орқали ўша маликага бир мактуб юборадилар. Мактубда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Менга қарши бош кўтармай, таслим бўлган ҳолингизда келинг» деб ёзилган эди. Мактубни ўқиган малика ўз аёнлари билан маслаҳатлашади. Аёнлар унга истаган ишини қилишини, нима деб буйруқ берса, улар шунга рози бўлишларини айтадилар. Малика Сулаймон алайҳиссаломга ҳадя юбориб, натижаси нима бўлишини кутади. Элчи Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳузурларига келганида, у зот: «Сизлар менга мол-дунё ила мадад бермоқчимисиз?! Бас, Аллоҳ менга берган нарса сизга берган нарсадан яхшидир. Аммо сизлар ҳадяларингиз билан қувонурсиз. (Эй элчи!) Сен уларга қайтиб бор. Бас, албатта, Биз улар бас кела олмайдиган қўшин ила борурмиз ва у ердан уларни хору зор ҳолларида чиқарурмиз» дейдилар. Кейин малика Сулаймон алайҳиссаломнинг олдиларига қўшини билан келишга қарор қилади. Малика келгунича унинг Сабаъдаги тахти ўзидан олдин олиб келиб қўйилади. У келиб тахтини кўради-да «Худди ўшанинг ўзи» дейди. Кейин унга саройга кириши айтилганда, у биллурдан силлиқ қилиб ясалган саройга киради ва «Эй Роббим, албатта, мен ўзимга зулм қилиб юрган эканман, Сулаймон ила оламларнинг Робби– Аллоҳга мусулмон бўлдим!» деб айтади.
Шу тариқа Ҳудҳуд бир мамлакат аҳолисининг мусулмон бўлишига сабабчи бўлади.
Чумоли қўшин йўлини ўзгартириб қўйди.
Қуръони Каримнинг Намл сурасида Сулаймон алайҳиссалом билан чумоли қиссаси келтирилган. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга турли жонзотлар билан гаплаша олиш қобилиятини ато этган. Бир куни Сулаймон алайҳиссалом жин, инс ва қушлардан иборат ўз қўшинлари билан урушга кетаётганларида йўлдан чумолилар водийси чиқиб қолади. У зот бир чумолининг ўз қабиласига «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деган гапини эшитадилар. Унинг гапини эшитиб табассум қиладилар ва қўшинга йўлни ўзгартириб, чумолилар водийсидан узоқлашишни амр этадилар. Шу билан чумолилар жамоаси ҳалокатдан қутулиб қолади.
Қарға инсониятга дафн қилишни ўргатди.
Қуръони Каримнинг Моида сурасида Қобил ва Ҳобил қиссаси келтирилган. Улар икковлари қурбонлик қилишганда, Ҳобилнинг қурбонлиги қабул қилиниб, Қобилники қабул қилинмайди. Бундан ғазабланган Қобил укаси Ҳобилни ўлдиради. Шундай қилиб, ер юзидаги илк жиноят инсонни ўлдириш, қотиллик бўлиб, Одам алайҳиссаломнинг шу икки ўғиллари ўртасида содир бўлди. Бу жиноятга Иблиснинг васвасаси, ҳасад, гина, адоват сабаб бўлган эди. Кейин Қобил қилган ишига надомат қилиб, энди нима қилсам экан деб ўтирганда, Аллоҳ таоло унга укасини қандай дафн этишни ўргатиши учун қарғани юборади.
Балиқ пайғамбарни қутқарди.
Юнус алайҳиссалом қавмларидан ғазабланиб, Найнаво қишлоғидан чиқиб кетадилар. Йўлда бир қавмга йўлиқиб, улар билан бирга кемага минадилар. Кема денгиз ўртасига етганда, бир томонга оға бошлайди. Кемадагилар нима қилишни ўйлаб-ўйлаб, охири бир кишини денгизга улоқтириш керак деган қарорга келадилар. Денгизга улоқтириладиган шахсни аниқлаш учун қуръа ташлашади. Қуръа Юнус алайҳиссаломга чиқади. Улар Юнус алайҳиссаломнинг яхши, солиҳ инсон эканликларини кўриб, шундай яхши одамни денгизга отамизми, келинглар, яна қуръа ташлаб кўрайлик дейишади. Бу сафар ҳам қуръа Юнус алайҳиссаломга чиқади. Учинчи сафар ташлаганларида ҳам шундай бўлади. Охири улар у кишини денгизга отишади.
Аллоҳ таоло у кишини ютиб юбориши учун бир катта балиқни юборади. Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнига тушганда, “Вафот этдимммикин” деб ўйлайдилар. Қарасалар, оёқ-қўллари ишлаяпти, ҳеч қаерлари синмаган, зарар ҳам етмаган. Дарҳол Аллоҳ таолога сажда қилиб, шукр келтирадилар ва тинмай тасбеҳ айтадилар. Шу тарзда балиқ қорнида Аллоҳ хоҳлаганича муддат турадилар. Бу муддат давомида “Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим”, деб нидо қилдилар. Кейин Аллоҳ таолонинг амри билан балиқ у кишини бир қирғоққа отади. Аллоҳ таоло оятда бундай деган: “Агар у кўп тасбиҳ айтгувчилардан бўлмаганида эди. Унинг қорнида қайта тирилтирадиган кунгача қолиб кетар эди”.
Ҳа, балиқ у кишини ейиш, ўлдириш учун эмас, балки қутқариш учун ютиб юборган эди. Шу тарзда Аллоҳ таоло у кишини денгизга ғарқ бўлишдан ва ғамдан қутқарди.
Фил Каъбани бузишдан бош тортди.
Яман волийси Абраҳа бир каниса қурдиради ва барча араблар Каъбани эмас, ўша канисани тавоф қилишларини истайди. Араблар бундан бош тортиб, асло қиблани ўзгартирмасликларини айтишади. Бундан ғазабланган Абраҳа Каъбани бузишга қарор қилади ва катта қўшин билан Макка сари йўлга тушади. Қўшиннинг энг олдида Маҳмуд исмли катта фил ҳам бор эди. Ушбу фил Маккага юришдан бош тортади. Абраҳа уни қаттиқ уради. Фил барибир юрмайди. Яман томонга юзини бурсалар, югуриб юра бошлайди. Аммо Маккага юришга ундасалар, тўхтаб олар эди. Шу пайт бир тўда Абобил номли қушлар келади. Ҳар бир қуш икки чангалида ва тумшуғида сопол тошчалар олиб келиб, Абраҳа ва унинг қўшини устидан ота бошлайди. Кўп ўтмай Абраҳа ва унинг аскарлари ҳалок бўлади. Бу қисса Қуръони Каримдаги Фил сурасида баён қилинган.
Аллоҳ таоло ушбу сурада бундай деган:
“Роббинг фил соҳибларини қандоқ қилганини билмадингми? Уларнинг макру ҳийласини зое кетказмадими? Ва уларнинг устига тўп-тўп қушларни юбормадими? Лойдан пиширилган тошларни отадиганларни? Бас, уларни қурт еб ташлаган ўсимликка ўхшатиб юбормадими?”
Азизлар! Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, Аллоҳнинг амрига барча жонзотлар итоат қилишади. Бунинг айрим мисоллари юқорида кўриб чиқдик. Аммо барча жонзотлардан мукаррам ва ҳурматли қилиб яратилган инсон баъзида бандалигини унутиб, ҳою ҳавас ва нафсининг истаклари кетидан юради. Ибодатларда сусткашликка йўл қўяди.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Диний-маърифий соҳа ходимларининг малака ошириш ўқувлари давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Андижон вилояти фаолият кўрсатиб келаётган масжид имом-хатиблари, имом-ноиблари ва отинойилари учун малака ошириш ўқувлари ўтказилмоқда.
Шу кунгача Андижон вилоятининг Асака, Шаҳрихон, Марҳамат, Булоқбоши, Бўз ва Улуғнор туманларидаги масжид имом-хатиблар, имом-ноиблари, отинойилар малака оширишган бўлсалар. Жорий йилнинг 12-январидан бошлаб Қўрғонтепа тумани, Қорасув ва Хонобод шаҳарларида фаолият кўрсатиб келаётган диний-маърифий соҳа ходимларининг малака ошириш ўқувлари ўтказилмоқда.
Малака ошириш ўқувларини ўтказишдан кўзланган мақсад Юртимизда бўлаётган ислоҳатлар, эришилаётган ютуқларни ҳалққа етказишлик, аҳоли ўртасида соғлом ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, диний-маърифий соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини оширишдан иборатдир.
Малака ошириш ўқувларига қатнашаётган тингловчиларга барча туманлардаги касб-хунар коллежларида махсус синф хоналарда дарслар кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда ва ўтказилмоқда. Ҳар бир ўтилаётган дарсларни мутаҳассислар томонидан махсус видео-проекторлар орқали замонавий педагогик теҳнологиялар фойдаланган ҳолда ўтмоқдалар.
3-жуфлик (пара) дарслардан сўнг тингловчилар учун туман ҳокимлиги томонидан ташкил қилинаётган тушлик дастурхонига махсус автобусларда олиб борилмоқда. Тингловчиларнинг Пешин намозларини ўқишлари учун ҳам барча шарт-шароитлар яратилмоқда.
Малака ошириш ўқувларида маърузачилар томонидан “Ҳаракатлар стратегияси ва диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун моҳияти”, “Замонавий мусулмон жамияти ва ислом омили”, “Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий китоблар ва масалаларнинг мартабалари”, “Имом-хатибларга ижтимоий ҳаётдаги долзарб масала ва муаммолар юзасидан тушаётган саволларга жавоблар ва замонавий фатволар”, “Абул Муъин Насафийнинг мотуридийлик таълимоти ривожига қўшган ҳиссаси ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамияти”, “Замонавий мафкуравий хуружларга қарши курашда имом-хатибларнинг тутган ўрни”, “Диний-соҳа ходимларининг асосий вазифалари ва мажбуриятлари” ва ўтилган дарслар муҳокамаси каби мавзулар илмий асосланган ҳолда кенг ёритилиб берилмоқда.
Дарс жароёнлари муҳокамаларида тингловчиларнинг қизиқтирган саволларига мутаҳассислар томонидан батафсил жавоблар берилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Хоразм вилоятига сафарлари бошланди
Бугун, 14 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида бир гуруҳ мутасаддилар жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан самимий мулоқот ўтказиш мақсадида Хоразм вилоятига хизмат сафарлари бошланди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йил 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифлари чоғида ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, халқ манфаатларини таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берган эдилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ана шу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, ҳудуддаги диний-маърифий муҳитни яхшилаш, аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш ва қилиниши зарур бўлган ишлар бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” бандларини кўриб чиқдилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари ушбу “Йўл харитаси”сига асосан сектор раҳбари ва масъуллар билан ҳам учрашиб, ишчи гуруҳлари тузилди ва бажариладиган вазифалар кенгашиб олинди.
Ишчи гуруҳлари таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов, Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулло Абдуллаев ва масъул ходимлар Исломиддин Зуҳриддинов, Собир Арзиқулов, Мирзатилло Алихонов ва Музаффар Камолов кабилар ҳам белгиланган вазифаларни адо этишда фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати