muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон делегациясининг Миср давлатида бўлиб турган сафари доирасида олийгоҳларда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар ва меҳнат қилаётган ватандошлар учун меҳмондорчилик ташкил этилди. Дастурхонга она-Ватандаги миришкор деҳқонлар томонидан етиштирилган сархил мевалар – узум, анор, олма ва писта, бодом, ёнғоқ каби қуруқ мевалар тортилди. Энг асосийси заминимиздан олиб борилган масаллиқлар асосида миллий таомлар тайёрланди. Ушбу самимий учрашув ва меҳмондорчилик талаба-ёшларнинг хотирасида бутун умрга муҳрланиб қоладиган бўлди.
Қоҳирадаги “Хилтон” меҳмонхонасининг шинам тантаналар залида ташкил этилган дастурхонга тортилган неъматлар бир оздан бўлса-да, она заминдан келган олма-анор ва узум барчани ватанга бўлган соғинчини бир оз бўлсада босди. Дастурхон атрофидагиларга бир-икки донадан узум донаси тегган бўлса-да, бу донанинг бир узум шодасидан кўп лаззат бахш этди. Бу доналар гўё халқнинг пешона тери томчилари, ватан ва миллат тараққиёти йўлида оналарнинг шодлик билан тўккан кўз ёшларига ўхшар эди. Ҳуддики, мусофирчиликда юрган инсонларни она-Ватан кутаётганига ишорадек бўлди.
Ватандошларнинг мурожаатига муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳудди ўз фарзандларидек ёндошиб, самимий суҳбатлари барчада ажиб бир таассурот қолдирди. Муфтий ҳазратлар бутун зал бўйлаб, талабаларнинг қизиқтирган савол ва муаммоларига қулоқ тутдилар. Барча саволлар ва муаммолар эшитилди, айримлари жойида, мураккаби эса тез фурсатда ҳал этиладиган бўлди.
Муфтий ҳазратлари ушбу талабаларни Ўзбекистон халқи кутаётгани ва диний-маърифий соҳани такомиллаштиришда уларга эҳтиёж юқори экани таъкидладилар. Ўз навбатида талабалар ҳам она-Ватанга ва миллатга хизмат қилиш катта бахт экани, ал-Азҳар каби минг йиллик кўҳна илм даргоҳида олган илму маърифатларини дин равнақи ва ватан тараққиёти учун сарфлашга тайёр эканларини изҳор қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Агар Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, унинг қалбидан ўзидаги яхши амалларни кўриш туйғусини ва тилидан ўша амалларни гапириш одатини тортиб олиб, у бандани ўз гуноҳини кўришга машғул қилиб қўяди. Натижада банда то жаннатга киргунича гуноҳларини кўз ўнгида тутадиган бўлиб қолади.

Яъни ўша банда яхшиликлари билан ғурурланиб, у ҳақида одамларга гапириб мақтанмайдиган, аксинча, доим гуноҳларини ўйлаб, уларни кўздан қочирмай, барча хатоларига йиғлаб, тавба-тазарру қиладиган бўлиб қолади. Бу ишни умр бўйи қилгани, тавба ва истиғфорда бардавом бўлгани учун Аллоҳнинг изни билан жаннатга киради.

«Ал-калимут тоййиб» сайти маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Бу кийик чеккан азоб ва машаққат миқдорини ўйлаб кўрайлик!

У икки қоя орасига қисилганча, қимир этолмай ўлимни кутган. Қанча турган, қанча кутган, билмаймиз? Лекин ҳар ҳолда абадий турмаган, 500 йил турмаган. Маълум муддатдан кейин вафот этиб, чириган.

Аммо қабрда қиёматга қадар турилади. Бу муддат қанчалигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. 

Кийик тош орасида қисилиб қолгач, очликдан, ташналикдан вафот этган. Вафот этгач, оғриқ нималигини билмайди.

Бироқ қабрда азобнинг, қабр сиқишинининг тўхташи деган нарса бўлмайди. Суяклар бир-бирига киришиб кетгач, инсондан азоб тўхтатилмайди. Улар яна жойига келади-да, азоб қайтадан бошланади. Бу жараён ҳамма қайта тириладиган Кун келгунича давом этади.

Қабр азобининг, фитнасининг ҳақлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Шундан бирини келтирамиз. 

عَنْ أَسْمَاءَ بِنْت أَبِي بَكْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا تَقُولُ قَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَطِيبًا فَذَكَرَ فِتْنَةَ الْقَبْرِ الَّتِي يَفْتَتِنُ فِيهَا الْمَرْءُ فَلَمَّا ذَكَرَ ذَلِكَ ضَجَّ الْمُسْلِمُونَ ضَجَّةً.

Асмо бинт Абу Бакр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у аёл айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, хутба қилдилар. Шунда инсоннинг бошига тушадиган қабр фитнасини зикр этдилар. Ўшани зикр қилган пайтларида мусулмонлар ўкириб юбордилар». Имом Бухорий ривояти.

Энди савол туғилади?

Хўш, қабримиз сиққанида ҳолимиз нима кечади?

Қанчалик азоб ва машаққат ичра қолишимизни ўйлаб кўрайлик!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доим Аллоҳ таолодан қабр азобидан паноҳ сўрар эдилар.

 وَلِلشَّيْخَيْنِ وَالنَّسَائِيِّ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَدْعُو: اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ، وَمِنْ عَذَابِ النَّارِ، وَمِنْ فِتْنَةِ الْمَحْيَا وَالْمَمَاتِ، وَمِنْ فِتْنَةِ الْمَسِيحِ الدَّجَّالِ 

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилган ҳадисда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода: «Аллоҳим! Сенинг ила қабр азобидан, дўзах азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ва Масийҳ Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман», дер эдилар», дейилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, ҳадисда айтилган нарсалардан, жумладан, қабр азобидан паноҳ сўрайлик!

Қабр азобидан қутулишимизга, қабримизнинг нурга тўлишига ва кенг бўлишига сабаб бўладиган солиҳ амалларга шошилайлик!

Эй Аллоҳ! Бизларнинг қабримизни Ўзинг кенг ва нурли қилгин ҳамда бизларни қабр азобидан, фитнасидан асрагин, омин! 

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилоятига сафарлари давомида Урганч тумани касб-ҳунар коллежида мазкур ҳудудда яшовчи нуронийлар, имом-хатиблар, зиёлилар, фуқаролар ва талаба-ёшлар билан самимий мулоқот қилдилар.
Муфтий ҳазратлари бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган хайрли ислоҳотлар, улкан ўзгаришлар ва янгиланишларни айтиб, аҳолининг ҳаётини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш бўйича қилинаётган катта-катта ишлар ҳақида батафсил сўз юритдилар.
Шунингдек, муҳтарам Президентимизнинг ўтган йил 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига сафарлари чоғида бир қатор муҳим масалалар билан бир қаторда ижтимоий-маънавий соҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар белгилангани, айниқса, ёшларнинг таълим-тарбия олиши учун зарур шароитлар ҳозирлаш, уларни бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолишдан асраш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида алоҳида таъкидланди.
Учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар. Жумладан, инсон турмуш қийинчиликларига учраган пайтда қандай йўл тутиш, руҳий тушкинликдан чиқиш чоралари ва соғлом ҳаёт кечиришга оид саволарга муфтий ҳазратлари батафсил жавоб бердилар.
Ишчи гуруҳлар таркибидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва масъул ходимлар Исломиддин Зуҳриддинов, Собир Арзиқулов ва Музаффар Камолов кенг аҳоли қатламлари билан учрашиш ва уларнинг муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш ишларини давом эттирмоқдалар.
Хоразм вилояти сафари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунёда яхшиликларнинг тури кўп. Ана ўша яхшиликлар бошида ватан ҳимояси туради десак, муболаға бўлмайди. Бу ҳақида динимизда нималар дейилган?
Қуйида шу борада айтилган таълимотларни ўрганамиз.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيه وسَلَّم: «عَيْنَانِ لاَ تَمَسُّهُمَا النَّارُ أَبَدًا: عَيْنٌ بَاتَتْ تَكْلأُ الْمُسْلِمِينَ فِي سَبِيلِ الله، وَعَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ الله». رَوَاهُ أَبُو يَعْلَى هَذَا إِسْنَادٌ رِجَالُهُ ثِقَاتٌ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кўзни ҳаргиз (дўзах) ўти тутмайди: Аллоҳнинг йўлида мусулмонларни қўриқлаб тонг оттирган кўз ва Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз”, дедилар”.
Абу Яъло ривоят қилган. Ҳадис санадидаги кишилар ишончлидир.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيه وسَلَّم يَقُولُ: «عَيْنَانِ لاَ تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ اللهِ، وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ في سَبيلِ اللهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: “Икки кўзни дўзах ўти тутмайди: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳнинг йўлида қўриқлаб тонг оттирган кўз”, дедилар”.
Термизий ривоят қилган.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَلاَ أُنَبِّئُكُمْ بِلَيْلَةٍ أَفْضَلَ مِنْ لَيْلَةِ الْقَدْرِ حَارِسٌ حَرَسَ فِى أَرْضِ خَوْفٍ لَعَلَّهُ أَنْ لاَ يَرْجِعَ إِلَى أَهْلِهِ». رَوَاهُ الْحَاكِمُ وَ الْبَيْهَقِيُّ وَهُوَ صَحِيحٌ

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга Лайлатул Қадрдан афзал кеча ҳақида хабар берайми?! У аҳлига қайтмаслик эҳтимоли бор, хавфли ерда посбонлик қилган қўриқчидир”, дедилар”.
Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилган, саҳиҳ ҳадис.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَوْقِفُ سَاعَةٍ فِي سَبِيلِ اللهِ، خَيْرٌ مِنْ قِيَامِ لَيْلَةِ الْقَدْرِ عِنْدَ الْحَجَرِ الأَسْوَدِ» رَوَاهُ ابْنُ حِبَّان وَالْبَيْهَقِيُّ وَهُوَ صَحِيحٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг йўлида (ватанни қўриқлаб) бироз туриш Ҳажарул асваднинг ёнида Лайлатул Қадрни қоим қилишдан афзалдир”, дедилар”.
Ибн Ҳиббон ва Байҳақийлар ривоят қилган, саҳиҳ.
Мусулмонларнинг қонлари, обрўлари, юртлари, молларию жонларини сақлаш учун ухламай тонг оттирган кишига шундай улкан даража берилар экан.
Лайлатул Қадр кечасини қоим қилиб, ухламай, гарчи бу бедорлик Аллоҳнинг байти бўлмиш муқаддас Каъбадаги Ҳажарул асваднинг олдида бўлса ҳам, унинг фойда-савоби ўша одамнинг ўзига бўлади. Ватан сарҳадларини қўриқлашнинг фойдаси эса, кишининг ўзидан ошиб, кўпчиликка, жамиятга ҳам етади.
Якунда айтар сўзимиз Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни тинч ва осуда айласин. Шу замин сарҳадларини кўз қорачиғидек қўриқлаб келаётган барча ватандошларимизни тану-жонларини саломат, қилаётган барча хайрли ишларида Яратган ёр ва мадодкор бўлсин!

Равшанбек домла ЎРИНБОЕВ
“Ҳазрати Билол” жоме масжиди имом-хатиби

Top