muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 15 декабрь куни «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони”нинг навбатдаги хайрия юклари Сирдарё вилоятига етказилди.

Ушбу вилоятда ўтказилган хайрия тадбирлари давомида озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, диний-маърифий китоблар ва бошқа зарурий буюмлар муҳтожлар, кам таъминланган оилалар, масжидларга тарқатилди.

Бунда 20 дона ногиронлик аравачаси, 315 метр аёллар газламаси, 500 кг шакар, 500 литр ёғ, 74 дона Росулуллоҳ рамазонда аудио диски, 296 дона китоблар (Ҳазрати Қусам ибн Аббос-Шоҳизинда, Тафсири Ирфон (19-22 жуз), (22-25 жуз), (26-28 жуз)) ўрин олган.

Маълумот учун, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 73 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар беғараз тарқатилди.

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Франция ва бутун Оврўпанинг тарих чархпалагини остин-устун қилиб юборган император Наполеон Бонапарт ҳақида бугунгача юзлаб китоблар ёзилган. Уларда Наполеоннинг ҳаёт йўли ва шахсий сифатлари кенг ёритилган. Баъзи китобларда эса унинг ҳеч кимга ўхшамаган жиҳатлари тасвирланган. Генерал Жорж Сулаймоннинг “Наполеон ва Ислом” китоби ана шундай асарлар сирасига киради. 

Маълумки, Наполеон Ийсо алайҳиссаломнинг устунга михлаб ўлдирилганига ишонувчилар доирасида катта бўлган. Онаси бўйнига ҳамиша хоч осиб юрарди. Шундай экан, демак Наполеон насоро бўлган. Аммо кўпгина кузатув ва мушоҳадалар Наполеоннинг Ислом дини ва мусулмонларни ғоятда ҳурмат қилганини кўрсатмоқда. Жумладан, у Мисрга ҳужум қилиш арафасида қўмондонларига бундай дейди: “Биламанки, кўпчилигимиз иймонли кишилар эмасмиз. Лекин биз урушадиган ўлка мусулмонлар мамлакатидир. Биз уларнинг динини ҳурмат қилишимиз, урф-одатлари ва байрамларига аралашмаслигимиз лозим”.

Наполеон ҳижрий 1213 йилнинг 18 муҳаррам куни (милодий 1793 йил) Миср халқига бундай мурожаат қилди: “Эй қозилар, шайхлар, имомлар! Халқингизга бизнинг ҳам мусулмонлигимизни айтинг. Шаҳодат этамизки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг элчисидир. Сизларга бир саволим бор: “Биз Исломга тажовуз қилган Папани йўқ қилмадикми?...” 

Бир қарашда бу сўзлар буюк саркарданинг ҳийласидек туюлади. Наполеон ўзини Ислом динини ҳурмат қилаётгандек кўрсатиб, арабларни ўзига оғдирмоқчи бўлаётгандек, гўё. Бундай шубҳанинг туғилиши табиий. Бироқ Наполеон Мисрдан Францияга жўнаётиб фаранг адиби Хатю Брайэндга (1768–1848) айтган ушбу сўзлари мазкур шубҳаларни бирмунча тарқатади: “Мен мисрликларни чўлда қиблага қараб тавозеъ ичра руку ва сажда қилаётганларини сира унута олмайман. Уларнинг Парвардигори сурати ва тимсоли йўқ олий бир қудратдир”.

Наполеоннинг дўсти Жоржнинг эътироф-хотираномаси буюк саркарданинг бу борадаги қарашларини янада ойдинлаштиради. Жорж ўз хотираларида император Наполеоннинг бўғиқ овозда Қуръон ўқиганини ва Муҳаммаднинг алайҳиссаломнинг дини барча динларнинг энг олийси деганини очиқ айтади. Жорж бошқа бир хотирасида эса Наполеоннинг: “Барча динлар мўъжизаларга ва биз кўра олмайдиган қудратга таянади, лекин, менимча энг олий дин Исломдир, чунки унда тотемчилик (ҳайвон ва ўсимликларга сиғиниш) ва бутпарастликка йўл қўйилмайди”,деган сўзларини келтиради. Бу далилларнинг ўзиёқ императорнинг Исломни бошқа барча динлардан устун кўрганини исботлайди.

Бонапартнинг Исломни афзал тутиши мутлақ ҳақиқат ва мустаҳкам асосга таянган. Чунки у ўз қарашларини бир неча марта бошқа-бошқа муносабатлар билан такрорлаган. Наполеон жуда кўп мутолаа қиларди, шу аснода Ислом ҳақида маълум тушунчага эга бўлгани аниқ. 
Наполеон император бўлишига қарамай, адабиётга муносабати фавқулодда кучли эди. Унинг “Маскалий” номли театри ҳам бор эди. Бу театрнинг бир дастурида Наполеон билан мисрлик уч уламо ўртасида қуйидаги мунозара кечади: Наполеон уламолардан бири Сулаймонга: “Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадар Расулуллоҳ, шаҳодат этаманки, мен иймонлиларданман”, дейди. Сулаймон унга жавобан: “Ассаламу ъала Расулуллоҳ, сизга салом бўлсин, эй музаффар қўмондон”, дейди. Наполеон эса: “Эй навқирон олим, саломинг учун кўп раҳмат. Сенга шуни очиқ айтишим керакки, Қуръон қалбимни очди, кўзимни нурлантирди. Ҳазрати Муҳаммадга муҳаббатимнинг чек-чегараси йўқ. Иншааллоҳ, яқинда Байтуллоҳни ҳаж қилурман, буни тезлатишга ҳаракат қиламан. Бироқ Аллоҳнинг иродаси ва истаги мени сипоҳиларни қўлга олиш учун Мисрга жўнатди”, дейди.

Юқоридаги сўзлар саҳна асарининг кичик бир парчаси, холос. Наполеон Сайнт Хейлайн оролига сургун қилинганида сиёсий ҳаётдан мутлақо узилган, ташқи дунё билан алоқаси йўқ эди. Ўша кезда у Исломдан сиёсий мақсадларни кўзлаб иш тутиши ҳам мумкин эмас эди. Чунки қаршисида урушиш учун на бир мусулмон лашкари (ўрдуси), на бир оддий мусулмон бор эди. Шунга қарамай, Наполеон Исломдан алоқасини узмади. У вафот этганида ёстиғи остидан Қуръон топилгани бежизга эмас.

Наполеондек тарихий шахснинг Исломга муносабатини янада чуқурроқ тадқиқ қилиш қийин. Лекин шу нарса аниқки, у Исломдан фақат сиёсий манфаатлари учун фойдаланмади. Ёшлигида Исломга нисбатан ҳавас туйғулари уйғонган бўлса, кейинчалик бу ҳавас иймон туйғусига айланган эди. Мана бу эътироф сўзлари ҳам, айнан Наполеон Бонапартга тегишли: “Аллоҳ таолонинг бирлигини ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Ийсо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса, бутун инсониятга маълум қилди”; “Бир миллатнинг эркаклари мард ва жасур, аёллари иффатли ва ҳаёли бўлса, у миллатни ҳеч бир куч мағлуб этолмайди, бу миллат мусулмонлар миллатидир”.

Бу ҳаққоний сўзларга қўшимча қилишга ҳожат бўлмаса керак?!

Islom.uz портали таҳририяти

Манба: https://islom.uz

Пиар деган нарса бор. Бу кўпроқ ўзини реклама қилишга уриниш, рейтингини кўтаришга чираниш маъноларига яқин келади.

Бу нарса кўпроқ оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари, телеграм, инстаграм каналлари, фейсбук саҳифалари ва газеталарда учрайди.

Пиар – бирор воқеани беришда, унинг сарлавҳасини “ўзига тортадиган”, “жарангдор”, “жимжимадор”, “ҳеч қаерда учрамаган”, “ўқисанг ҳам ўқийсан, ўқимасанг ҳам ўқийсан” қабилида бериш орқали кўзга ташланади.

Бундан эса фақат обуначиларнинг сонини кўпайтириш, ўз рейтингини ошириш, машҳурликка эришиш, шов-шув кўтариш каби нарсалар мақсад қилинган бўлади. Яна бошқа бирор мақсад ҳам кўзда тутилган бўлиши мумкин.

Шунингдек, маълум гуруҳларнинг ёки шахсларнинг манфаатини кўзлаб, ахборотни яхши текширмай ёки атайин бузиб тарқатиш, бунинг ортидан келадиган ижтимоий, ҳуқуқий, руҳий-маънавий ва бошқа оқибатларини ўйламаслик ҳоллари учрамоқда. Буларнинг барчаси амалдаги қонун нормаларига зиддир.

Динимизда шуҳратга интилишдан қайтарилади. Шуҳратнинг офати ҳақида кўплаб кўрсатмалар келган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади: “Кимки бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини хоҳласа, бу борадаги амалларининг (самараси)ни тўлиқ берурмиз. Улар бунда камситилмаслар. Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди” (Ҳуд сураси, 15-16-оятлар).

Оятда бир ишни дунё ва унинг зийнатига эришиш учун қилган кимсаларга охиратда насиба бўлмаслиги, аксинча, дўзах олови уларни кутиб тургани баён этилмоқда.  

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитганман:

“Қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинувчи инсонларнинг аввалгиси шаҳид бўлган инсондир. Уни келтирилади ва Аллоҳ унга неъматларини танитади. У уларни тан олади. Аллоҳ унга: “Неъматларга эга бўлиб нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сенинг йўлингда курашдим, ҳатто шаҳид бўлдим” дейди. Аллоҳ айтади: “Ёлғон айтдинг. Сен “Бу одам ўта журъатли” дейишлари учун курашга кирдинг ва бу гап айтилди” дейди. Сўнгра буюрилади ва уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга ташланади.

Кейин илм ўрганиб ўргатган, Қуръон ўқиган одам келтирилади. Аллоҳ унга неъматларини танитади, у уларни тан олади. Аллоҳ унга: “Неъматларга эга бўлиб нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сен учун илм ўрганиб, ўргатдим, Сен учун Қуръон ўқидим” дейди. Аллоҳ айтади: “Ёлғон айтдинг. Сен “Бу одам олим” дейишлари учун илм билан шуғилландинг, “Бу одам қори” дейишлари учун Қуръон ўқидинг ва бу гап айтилди” дейди. Сўнгра буюрилади ва уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга ташланади.

Кейин Аллоҳ унга кенгчилик бериб, турли моллар ато қилган киши келтирилади. Аллоҳ унга неъматларини танитади, у уларни тан олади. Аллоҳ унга: “Неъматларга эга бўлиб нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сенинг йўлингда Сен рози бўладиган нима иш бўлса, барчасини қолдирмай садақа қилдим” дейди. Аллоҳ айтади: “Ёлғон айтдинг. Сен “Бу одам жуда сахий” дейишлари учун садақа қилдинг ва бу гап айтилди” дейди. Сўнгра буюрилади ва уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга ташланади”.

      Муовия розияллоҳу анҳуга ушбу ҳадис айтилганда қаттиқ йиғлаган эканлар, ҳатто ҳушларидан кетиб қолган эканлар. Ўзларига келгач: “Аллоҳ ва Расули рост айтадилар” деган эканлар.

Уламолар, буюк устозлар ҳам шуҳратнинг офати ҳақида кўп таъкидлаганлар.

Жумладан, Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ “Шуҳратдан эҳтиёт бўлинг! Кимнинг олдига борган бўлсам мени шуҳратдан қайтарди” деганлар.

Бишр ибн Ҳорис раҳимаҳуллоҳ эса “Шуҳратни яхши кўрган кимса Аллоҳга тақво қилмабди” деганлар.

Яъни шуҳратни яхши кўрган одам Аллоҳга тақво қилмаган ҳисобланади.

Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳ “Шуҳрат офатдир!” деган ҳикматни ривоят қилганлар.

Баъзида шу пиар қилиш, шуҳратга интилиш, аниқроғи, айрим кўнгли ўксик инсонлар ҳақидаги мақоланинг сарлавҳасини “теша тегмаган” тарзда бериш юракни оғритадиган, қўпол ва ҳақиқатдан узоқ мазмунда бўлиб қолади. Бунинг ортидан ўша мақолада тилга олинган инсонларнинг дилига озор етиши, қалблари “синиши” мумкин.

Бир одамга ёрдам бераман деб ҳаракат бошланади. Аммо ўша ҳаракат нотўғри услубда ва шуҳратни кўзлаб олиб борилгани учун кўзланган натижага эришилса-да, савобдан қуруқ қолинади. Бордию мақолада эслаб ўтилган бемор, қалби ўксик инсоннинг дили оғриса, шунча қилинган меҳнат ортидан гуноҳ ҳам орттириб олинган бўлади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 20 миллионга етди. Ижтимоий тармоқлар (“Facebook”, “Instagram”, “Telegram”)да бир кунда 1,6 миллион фойдаланувчи фаолдир. Бунинг ижобий жиҳатлари кўп. Лекин шуниси ҳам борки, ижтимоий тармоқ — бу оғизга келганини айтаверадиган, истаган ахборотини тарқатаверадиган жой эмас. Ундан фойдаланишнинг ҳам ўз қонун-қоидаси бор. Афсуски, айримлар бунга амал қилмаяпти. Сабабсиз агрессия, оммавий ҳақорат ва туҳмат қилиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Натижада 2017 йилда 37 минг 805, 2018 йилнинг биринчи ярмида эса 41 минг 841 нафар фуқаро оммавий туҳмат ва ҳақоратда айбланиб, маъмурий жавобгарликка тортилди. Бундан тўғри хулоса чиқариш керак.

Ҳа, ҳозирги кунда айрим кишилар, хусусан, баъзи ёшлар кўчада, ошхонада ёки бирор жойда содир бўлган оғриқли воқеани телефонларига фото ва видеотасвирга олиб, фейсбук, телеграм, инстаграм, одноклассники каби ижтимоий тармоқларда тарқатишга, шу орқали кўп “лайк”, “класс” йиғишга интилмоқдалар. Бировларнинг мусибати устидан шуҳрат қозонишга ҳаракат қилмоқдалар. Бу мусулмончиликка мутлақо тўғри келмайдиган ҳолатдир. Аслида мусулмон одам бир диндош биродарининг бошига мушкул иш тушганини кўрса, суннатда келган дуоларни ўқиб, ўша биродари учраган мусибатдан уни сақлагани учун Аллоҳга ҳамд айтиб, у биродарига соғлик тилаши керак эди.

Хуллас, пиар қиламан, машҳурликка эришаман деб бир инсоннинг қалбини оғритиб, ўзингиз гуноҳкор бўлиб қолманг!

Қилмоқчи бўлган ишингизни тўғри ният ва охиратдаги савоб умидида амалга оширинг. Дунёнинг матоҳини, шуҳратини кўзламанг!

Аллоҳ таоло барчамизни нияти соф, қалби пок, ишлари шариатга мувофиқ бўладиган бандаларидан қилсин!

 

  

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида улкан ўзгаришлар, туб янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари шиддат билан давом этмоқда. Бу эса юртдошларимиз қалбида эзгу саъй-ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшишга интилиш, эртанги кунга катта ишонч билан қараш туйғусини янада мустаҳкамлаяпти.
Айтиш жоизки, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш йўлида муҳтарам Президентимиз жуда катта ислоҳотларни амалга оширяптилар. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоя ҳаётда ўз ифодасини топаётгани халқ манфаатлари таъминланишига хизмат қилмоқда.
Ана шу мақсад йўлида жамиятнинг барча соҳалари чуқур ислоҳ қилинаётир. Улардан бири халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш масаласидир. Диний соҳа ходимларининг замон талабларига жавоб берадиган даражада фаолият юритиши бугунги кунда жуда ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, имом-хатибларнинг ҳудудларда диний вазиятни соғломлаштириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлашдаги ўрни муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.
Самарқанд вилоятидаги масжидларда меҳнат қилаётган имом-хатибларнинг касб-маҳоратларини ошириш, юртимиздаги ислоҳотлардан хабардорлигини таъминлаш ва мана шундай амалга оширилаётган хайрли ишларни кенг халқ оммасига етказишда диний соҳа ходимларининг ролини оширишда қилинаётган ишларни қуйидаги лавҳа орқали кўришингиз мумкин бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида «Моддий ва номоддий меросни сақлаш» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Turon24 хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ушбу тадбирни ташкиллаштирди. Унда кўплаб тадқиқотчилар, санъатшунослар, музей соҳаси вакиллари, соҳа мутахассислари ўз-фикр мулоҳазаларини билдиришди.
Улар қаторида тадбирда сўзга чиққан Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров Мовароуннаҳр олимларининг жаҳон фанига қўшган ҳиссалари ҳақида батафсил гапириб берди, уларнинг меросини сақлаш ва ўрганиш масалаларини кўтарди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Top