muslim.uz
Қозоғистонда имомлар электрон шаклда аттестациядан ўтказилди
Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Серикбай ҳожи Ўраз Тарозда Эксперт ҳайъатининг фаолиятида иштирок этди.
«Ушбу аттестация жараёнининг мақсади диний соҳа вакилларининг билими ва кўникмалари даражасини аниқлашга йўналтирилган. Имтиҳондан ўта олмаган имомлар қайта ўқиш учун юборилади», - деган Бош муфтий.
Жамбил вилоятининг 400 нафардан ортиқ имомлари электрон шаклда тузилган махсус тест тизими ёрдамида имтиҳондан ўтказилди. Дин ишлари бўйича бўлим мудири Нурбек Исмагамбетовнинг айтишича ушбу лойиҳа Эксперт ҳайъатининг фаолиятини янада ривожлантиради.
«Электрон тестда ақида, фиқҳ, қонун, ҚМИ тузилмаси борасида саволлар берилган. Имомлар оғзаки имтиҳондан ҳам ўтказилган», - деди Н.Ауезханули.
ЎМИ Матбуот хизмати
Еру осмоннинг маййит учун йиғлаши
Мўмин кишини чексиз неъматлар билан сийлаб, унда умр неъматини вақти соати билан ундан насибаси ниҳоясига етиб вафот топса ортидан биргин фарзанди эмас, еру осмонни ва унга ҳизмат қилган барча нарсаларни мотам тутиб йиғлашига яраша инсон бўлишига тавфиқ ҳидоят берган Аллоҳ субханаҳу ва таолога беҳисоб ҳамд ва санолар бўлсин.
Ушбу мақомни ўзида мужассам қилган, хатто вафотидан сўнг, Масжидида суянган устун ва бир умр ҳизматида бўлган улови ҳам мотам тутган. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга, оиласи ва асҳобларига саловату саломлар бўлсин.
Термизий, Абу Яъло ва Ибн Абу Дунёлар, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Ҳар бир, инсон учун осмонда икки эшик бор, биридан амали кўтарилиб, биридан ризқи тушади. Агар мўмин банда вафот этса, бу икки эшик унга йиғлайди».
Ибн Абу Дунё, Абу ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мўмин киши вафот этса, унинг учун ердаги намоз ўқиган жойи йиғлайди» дедилар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бирор мўмин банда ернинг бирор ўрнида Аллоҳ учун сажда қилган бўлса, вафот қилган куни ўша жой унга йиғлайди ва қиёмат куни ўша ер гувоҳ бўлади» (Ибн Абу Дунё ривояти)
Ибн Адий «Комил» да Ибн Мунда ва Ибн Асокир «Тарих» китобида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: « Мўмин киши вафот этиши муносабати билан қабрлар безатилади ва дафн ўринлари маййит ўзига қўйилишини орзу қилади» дедилар.
Ҳа дархақиқат бу ёруғ оламга инсон бўлиб келиб, инсон бўлиб кетишнинг ўзи катта фазилатдир, унинг ортидан инсонлар эмас еру осмонлар йиғлаб мотам тутиш эса энг катта бахтдир, бу даражага етишишнинг ўзи катта машаққатдир. Ва лекин уни топмоқлик Аллоҳ таолодан иноятдир. Барчаларимизни мўмин холимизда дунёдан ўтиб оримизда йиғлаб қолувчилар сонини кўпайтириб қўйсин. Омин...
Авазбек домла МЎМИНОВ
Андижон шахар
«Чинор» жоме масжиди имом-хатиби
Тавозелик фазилати
Одаб – аҳлоқ ҳақида сўз юритганимизда машҳур уламолар, “Тавозе” сўзини мулойимлик, камтарлик ва ғурурдан узоқда бўлиш деб баён қилишган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Раҳмоннинг суюкли бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин”, деб жавоб қиладиган кишилардир”. (Фурқон сураси, 63-оят).
Тавозелик хорлик билан мутакабирлик ўртасидадир, у кибру-ҳаво ва манманликнинг зиддидир.
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ таоло менга тавозеликда бўлинглар, ҳатто бир киши бошқаси устидан фаҳрга бормасин ва бир киши иккинчи кишига зулм қилмасин”, деб ваҳий юборди. (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мутакабирларни шундай маломат қилиб айтди: “Мутакаббирларнинг жойлари нақадар ёмон”. (Наҳл сураси, 29-оят).
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Қалбида заррага кибри бор инсон жаннатга кирмайди”. (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Шайбонинг қуйидаги сўзини, Рисолатул Қушайрия соҳиби нақл қилган: “Шараф – тавозеда, иззат-икром – тақвода ва ҳуррият қаноатдадир”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Ойбек Маърупов
Исломда суннатга эътибор.
Маълумки, динимизда шариат манбалари 4 та ҳисобланади:
- Қуръони карийм
- Суннати Набавийя
- Ижмоъ
- Қиёс
Биз бу манбаларнинг иккинчиси ҳособланган суннати Набавийя ҳақида тўхталмоқчимиз.
Аввало бу илмни ўрганиш Аллоҳ таолонинг розилигига эришишимиз учун сабаб бўлса, ундан кейин қилаётган амалларимиз, ибодатларимизнинг мукаммал бўлишлиги учун пойдевор бўлади. Чунки шариатимизнинг жудаям кўп буйруқлари ва қайтариқлари Қуръони каримда қисқача буюриб кетилган бўлса, Расулуллоҳ с.а.в. уларни ўз суннатлари орқали шархлаб қачон ва қандай ҳолатда бажарилишини таълим бериб кетганлар. Ислом дини икки қоида асосига бино қилинган: 1)Аллоҳга ибодат қилиш ҳамда 2)шу ибодат жараёнида Расулуллоҳ с.а.в.га итоат қилиш. У зотга эргашиш бўлмаган ва суннатга хилоф бўлган ҳар қандай амал рад этиладиган бидъатдир.
Пайғамбар с.а.в.нинг саҳобалари ҳар бир ишларида у зотга тақлид қилишар эди.
Аллоҳ таолодан фармон бўлган амалларни Расулуллоҳ с.а.в.га хос эмаслигини билган заҳоти ўша амални ҳаётларига тадбиқ қилиш учун мусобақалашар эдилар.
Лекин Расулуллоҳ с.а.в.нинг вафотларидан кейин Рофизийлар каби турли хил бидъатчи адашган тоифалар у зотнинг суннатларини инкор қилиб, фақатгина Қуръони карим шаръий далил бўла олади деган ботил даъволар билан чиқдилар. Бу ҳақида Сарвари коинот с.а.в. олдиндан хабар бериб: “Шундай кунлар келадики, бирортангиз мендан бир ҳадисни эшитганда: ““Биз фақат Қуръонни биламиз, унда нима ҳалол дейилган бўлса ўшани ҳалол деймиз. Унда нима харом дейилган бўлса ўшанигина харом деймиз” – деб айтади” – деганлар.
Шиалар, хорижийлар ва уларнинг маслакдошлари суннатни чалкаштириш, бузиш, динда фасодни кўпайтиришга қанчалик уринмасинлар қалби пок мусулмонларнинг “Жумҳури аъзам”и суннати Набавийни маҳкам ушлаган ҳолда уни бузғунчилардан ҳимоя қилдилар. Имом Бухорий, Имом Ат-Термизий каби ватандош алломаларимиз умрларини Расулуллоҳ с.а.в.нинг суннатларини қоим қилишга сарфладилар.
Дархақиқат, Расулуллоҳ с.а.в. Аллоҳ таолонинг каломи ҳамда ўз суннатлари орқали инсониятни ҳидоят йўлига бошлаш учун келдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён қилинган: “Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатур. Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам” (Оли-имрон, 164) Муфассирларимиз оятдаги “ҳикмат”дан мурод суннатдир деб айтганлар.
Расулуллоҳ с.а.в.нинг суннатлари у зотнинг ҳаёт тарзларидан иборат бўлиб, уларга амал қилиш Пайғамбар с.а.в.нинг шафоатларига дохил бўлишга сабабдир. Беэътиборлик натижасида унутилган бирор суннатни қайтадан амалга татбиқ қилиш у зотнинг ўзларини ҳаётга қайтариш билан баробар ажрга эга эканлиги ҳақида ҳам ҳадислар мавжуд.
Аллоҳ таоло ўзининг муборак Каломида ўттиздан ортиқ ўринда Расуллуллох с.а.в. га итоат қилишга буюрганлигининг ўзи суннатнинг аҳамиятини белгилаб беради. Қолаверса, бир неча ўринларда Пайғамбар с.а.в.га эргашмаганларни қаттиқ огоҳлантиради. Жумладан, Нур сурасининг 63-оятида шундай марҳамат қилади: “....Пайғамбаримизнинг амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!”
Демак Расулуллоҳ с.а.в. нинг суннатларига хилоф иш тутган кишига бу дунёнинг ўзида ҳам турли хил мусибатлар, қийинчиликлар етиши аниқ экан. Бунинг мисолини ҳозирги хаётимизга ибрат кўзи билан қарасак жудаям кўпларини кўришимиз мумкин.
Суннатнинг долзарблигини биз шариат ҳукмларида кўрамиз. Муҳаммад с.а.в.нинг суннатлари гўё Қуръони каримнинг шарҳи бўлиб у Қуръон оятларининг маъноларини янада кенгроқ тушунишга, ундаги аҳкомларни батафсил идрок этишга хизмат қилади.Суннат Қуръони каримда умумий тарзда баён қилинган хабарларга тафсилотлар киритади ва уларни бойитади. Масалан: намознинг вақтлари, ракаатлари, ўқилиш тартиби, рўза, закот, ҳаж, никоҳ, талоқ, ҳалол ва харомни белгилашдаги мезонлар каби ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб кетган ибодатларнинг барчасининг адо қилиниш кайфияти фақатгина суннат орқали жорий бўлган.
Шунинг учун уламоларимиз суннатни таърифлаб айтишадики : “Суннатнинг маъноси Аллоҳ ҳузуридан нозил бўлган, лафзи эса Расулуллоҳ с.а.в.га мансубдир. Шу сабабли суннатнинг маъносини ривоят тариқасида келтириш мумкин. Унинг арабча лафзини келтирсалар ҳам бўлади, келтирмасалар ҳам бўлади. Суннат фаришта воситаси билан уйқуда ҳам, уйғоқликда ҳам нозил бўлгани учун, унинг лафзи мўъжиза эмас, тиловати ибодат эмас”
Улар ўзларининг ушбу сўзларига Аллоҳ таолонинг: “Ботаётган юлдуз билан қасам, Сизнинг биродарингиз адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. У ҳаводан нутқ қилмас” (Нажм,1,2,3) – деган сўзини ҳужжат қиладилар. Шунинг учун Суннат Қуръондан кейинги муҳим манбадир. Ривоят қилинишича бир куни Имрон ибн Ҳусайн (р.а) жамоатга шафоат масаласига доир ҳадисни айтиб бераётганларида, ўша ерда ўтирган кишилардан бири: “Эй Абу Нажийд, нега сен бизларга Қуръонда айтилмаган нарса хақида гапиряпсан?”-деди. Шунда Имрон ибн Ҳусайннинг (р.а) жаҳли чиқиб: “Сен ўзинг Қуръон ўқиганмисан ?-дедилар. У: “Ҳа” – деди. “Ўқиган бўлсанг, унда хуфтон намозининг фарзи тўрт ракаат, Шом уч ракаат, бомдод намози икки раккат, пешин ва аср намозларининг фарзи тўрт ракаат деб ёзилганини кўрганмисан?” – дедилар. У: “йўқ” – деди. “Ундай бўлса сен буларни қаердан билдинг, биз Расулуллоҳ с.а.в.дан ривоят қилиб айтган ҳадислардан эмасми?!” – деб Қуръонда тафсилоти берилмаган нарсалар суннат орқали билинишига ишора қилдилар. (Байҳақий)
Манбаалар асосида Олмазор туманидаги "Мевазор” масжиди ноиб имоми Исломов Ёрбек тайёрлади.
“Мурувват карвони” Бухоро вилоятида
Куни кеча, «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири Бухоро вилоятида ўтказилди. Юк автомашинасига ортилган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ва диний-маърифий китоблар ушбу вилоятга етиб борди. Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасаси, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мутасаддилари ва Бухоро вилояти бош имом-хатиби Элов Жобир билан биргаликда Бухоро шахридаги “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири ўтказилди. Тадбирда 100 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари, 15 нафар ногиронлиги бор шахсларга аравачалар тақдим қилинди. Шунингдек, ўз хизмат вазифаларини самарали бажариб келаётган 103 нафар имом-хатибга диний-маърифий мазмундаги китоблар туҳфа этилди.
Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасаси ва Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртининг 245 нафар талабаларига диний-маърифий мазмундаги китоблар ва иссиқ кийимлар тарқатилди. Шунингдек, Бухоро шаҳридаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 4 нафар фуқаронинг уй-жойини таъмирлаб бериш режалаштирилди.
“Мурувват карвони” бошқа вилоятлар бўйлаб хайрия ишларини давом эттиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати