muslim.uz
Ой балқиган тун
Юмшоқ баҳор шабадаси жажжи қизалоқларнинг жамалак сочларини силаб-сийпаб, дарахтлар шохини силкитиб рақсга чорлаган, зилол сув юзини жимир-жимирлатиб ўйноқлаб турган кун.
Янги туғилган қўзичоқлар оналарининг пинжига тиқилиб, улоқчалар эса кўзни яшнатиб бир-бирлари билан қувлашмачоқ ўйнашмоқда. Бўталоқлар меҳрибон оналарини маза қилиб эмиш билан овора. Майсаларнинг ипори димоғни қитиқлайди, найсон ёмғири одамга ўзгача ҳузур бағишлайди.
Ана шундай кунларнинг бирида янги ой туғилди. Бу аввалгиларидан анча фарқ қиларди. Биринчи кунидаёқ ўн тўрт кунлик тўлин ойдек нур таратиб, тоғу тошга, гулу гиёҳга, ҳайвоноту набототга, инсу жинсга порлоқ нурини бирдай, аямай соча бошлади. Ундан мушку анбар ҳидидан-да хушбўйроқ муаттар ҳид анқиб турар, бу бўйни таърифлашга инсоният тили мутлақо ожиз. Унинг зиёсидан машриғу мағриб ёришди. Ҳатто Шомдаги Бусро қасрлари ва ундаги осмонга бўй чўзиб турган туяларнинг бўйни яққол кўринди. Одамлар шу куни самодаги юлдузларни шунчалик аниқ ва яқин ҳолда кўрганидан устиларига сочилиб тушишидан хавфсирашди.
Ойни илк бор кўрган киши Аллоҳга илтижо ила унинг қадри буюк, нуқсонсиз, олийҳиммат, ҳар томонлама комил бўлишини сўраб дуо қилди. Унга ўзига ярашган янги бир исм берди. Бошқалар бундай исмни олдин эшитмаганлари боис ҳайрон қолишганида, бу унга тушида илҳомлантирилганини айтиб қўя қолди.
Ўша заҳоти унинг нури курраи заминнинг қоқ ўртасида жойлашган Масжиди Ҳаромдаги Каъбатуллоҳ ичига киришга ҳам улгурди. Унинг нурига дош беролмасдан бутун бутлар юзтубан бўлди. Баъзисининг аъзоси синган бўлса, айримлари ерга чилпарчин бўлиб сочилди.
Ой балқиган кун инсоният душмани Иблис алайҳил лаъна наъра тортиб инграб юборди. Унинг уввос солиб йиғлаганига осмону фалак гувоҳ бўлди.
Мадоин шаҳрида Эрон ҳукмдори Кисронинг Эрон салтанати, Византия қудратию Хитойнинг довруғи бўлмиш сарой тўсатдан силкиниб, ўн тўрт устуни йиқилиб, мустаҳкамликда тенги йўқ тахти вайрон бўлди.
Истахрабод шаҳридаги форсларнинг ибодатхонасида минг йилдан бери ўчмай турган куфр олови ўз-ўзидан сўнди. Сава кўли бир зумда қуриди, Самова дарасидаги сув ўзанидан тошиб кетди, Эроннинг энг буюк ҳукмдори Мобизон тушида бир сурув араб туялари ва араб отларининг Дажла дарёсини кечиб Эрон тупроқларига тарқалганини кўрди. Аммо бу ажабтовур туш таъбирини айтиб берадиган киши топилмади.
Яҳудий савдогарлардан бири ой ҳақида эшитиб, уни кўрмасдан тўлиқ таърифлаб берди. Уни кўрганда эса ҳасад ўтида ёниб, ҳушидан кетиб, дод солиб ерга қулади. Унинг овозига атрофдагилар тўпланишди. Ҳушига келиб, ойнинг таърифу тавсифи то қиёматгача тилдан тилга кўчиб, қалбларда мустаҳкам жой олишини сўзлаб берди.
Сувайба исмли чўри ўз хожасига янги чиққан ойнинг хабарини берганида, хожаси шодликдан ўша заҳоти ундаги чўрилик тамғасини олиб, озодлик хатини қўлига тутқазди.
Балқиган ой баракасидан баъзи оилаларнинг қорни нонга тўйиб, хонадонларга қут-барака кириб, яйловлар яшил гиламга бурканиб, чорвалар ялтираб семира бошлади. Шу пайтгача туғишидан умид узилган қўй ва эчкилар икки-учтадан туғди. Чорва эгалари уларнинг сутларини соғиб улгурмай қолди.
Бундан кўплар хафа бўлди. Чунки ҳақиқат ҳаммага ҳам бирдек ёқавермайди. Унинг нуридан баҳраманд бўлганлар тўғри йўлда, хилоф йўлни тутганлар залолатда қолди.
У туғилганда денгиз тубидаги балиқлар рақсга тушди, осмондаги қушлар турнақатор бўлиб тизилди, сайроқи булбуллар шундай хониш қилдики, тоғу тошлар кўз ёши тўкди, гулу райҳонлар ҳиди оламни тутди. Унга бўлган муҳаббат чексиз, таърифлашга эса тил ожиз.
Бу ойнинг туғилганига ўн тўрт аср бўлди. Ҳали ҳануз ўз нури ва меҳри ила оламни чароғон этиб турибди. Ўйлаганингиздек, у пайғамбарлар сўнггиси, уммат шафоатчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар.
Уммат бу ойнинг нуридан тўғри йўлни топди, ҳақиқатни англаб етди, ҳаётда қандай яшаш кераклиги ҳақида тўғри хулосага эга бўлди. Бундай тўлин ойни биз умматлар учун неъмат қилиб берган Зотга қанча қуллик қилиб, шукрона айтсак, шунчалар оз.
Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси
Ўзбекистонликларга Туркияда 90 кун визасиз юришига рухсат берилди
Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ливия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари Туркияда визасиз 90 кун қолиши мумкинлиги тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Hurriyet.com интернет нашри хабар берди.
Туркия президенти имзолаган қарорга кўра, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари ҳар 180 кун ичида 90 кун Туркияда қолишлари мумкин. Шу вақтгача ўзбекистонликлар Туркияда 30 кун визасиз юриши мумкин эди.
Марказий Осиё давлатларидан фақат Қирғизистон учун 90 кунлик визасиз режим амалда эди. Туркманистон учун эса 30 кунлик визасиз режим сақланиб қолди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Дўзах харом қилинган кишилар
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўзахга харом кишини ёки унга дўзах харом бўлган кишини сизларга хабарини берайми? У (биродарига ҳожат вақтида) яқин турадиган, тавозуъли ва мулойим кишилардир”, дедилар. (Имом Термизий ривояти)
ШАРҲ: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидан маълум бўладики, Аллоҳ таоло уч нафар инсонни дўзахга киритмас экан. Булардан биринчиси биродарига ҳожат вақтида яқин турадиган, яъни, бошқа бир мусулмоннинг бошига мусибат ёки ташвиш, синов ёки имтиҳон келганда, кимнидир ёрдамига мухтож бўлиб турган пайтда, унинг ҳожатини раво қиладиган, унга ёрдам қўлини чўзадиган, таскин ва тасалли берадиган кишидир. Ўзгаларнинг хожатини чиқариш бу Аллоҳ таолони рози қиладиган амаллардан бири бўлишлиги билан биргаликда банданинг дунё ва охират яхшиликларга етишлиги учун муҳим воситадир. Бошқа ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмон айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади”. (Имом Муслим ривояти)
Иккинчиси эса, тавозуъли яъни, камтар инсондир. Чунки камтарлик инсон учун зийнат бўлган хислатлардан биридир. Камтарлик бу - гунохларнинг боши бўлган, оқибати хатарли ва аянчли бўлган, Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган сифат ҳисобланган кибр ва манманликнинг аксидир. Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли бандаларини васф қилиб: " Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида "салом" дейдиганлардир", (Фурқон,63)дея марҳамат қилган. Бошқа бир оятда эса Муҳаммад алаййиссаломга хитоб қилиб: "Ўзингизга эргашган мўмин кишилар учун қанотингизни паст тутинг. ( Яъни, уларга хуш хулқ билан камтарона муносабатда бўлинг)" (Шуаро,215) деган. Ушбу оятга эътибор қилсак, Аллоҳ таоло тавозеъ ва камтарликни қанотга ўхшатмоқда. Бу ҳам бежиз эмас албатта. қушларнинг парвоз этиши ва баланд марраларни забт этиши учун энг зарур восита уларнинг қаноти бўлса, инсон учун бу қанот тавозеъ ва камтарликдир.
Шунинг учун Росулуллоҳ (с.а.в.): " Садақа бериш билан мол дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ кечиримли банданинг иззатини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун тавозуълик бўлса, Аллоҳ у банданинг даражасини кўтаради", (Имом Муслим ривояти) дедилар.
Учинчиси эса мулойим яъни, ҳалим киши. Албатта мулойимлик, Аллоҳ таоло яхши кўрадиган хислатдир. Росулуллоҳ (с.а.в.) Ашаж Абдулқайсга: "Сенда икки ҳислат бордир. Аллоҳ ўша икки ҳислатингни яхши кўради: 1) ҳалимлик. 2) Босиқлик", дедилар. (Имом Муслим ривояти)
Оиша (р.а.) онамиздан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса Росулуллоҳ (с.а.в.): " Албатта, Аллоҳ мулойимдир. Ва мулойимликни яхши кўради. Ҳамда қўполлик ва бундан бошқа хислатларга бермайдиган савобни мулойимликка беради", дедилар. (Имом Муслим ривояти)
Мулойимлик инсон учун берилган яхшиликларнинг барчасини ўзида жамлаган, Пайғамбарлар ва муқарраб бандаларнинг хислатидир. Ҳилмга эга бўлиш жами яхшиликларга эга бўлиш бўлса, ундан махрум бўлиш эса, барча яхшиликлардан махрум бўлиш билан баробардир. Бу ҳақда ҳам Набий (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: " Кимики мулойимликдан маҳрум қилинса, яхшиликларнинг барчасидан маҳрум қилинибди". (Имом Муслим ривояти)
Албатта, юқорида зикр қилинган ҳислатлар билан безанмоқлик осон иш эмас. Чунки, ўзгалар ҳожатини чиқариш, ҳар қандай ҳолатда ҳам тавозуъли бўлиш, қолаверса ўзгалар билан бўладиган муомалада мулойимлик ва босиқ бўлиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Балки шунинг учун ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло бу ҳислатларни ўзига одат қилиб олган кишиларни жасадларини жаҳаннам азобига гирифтор қилмаслигини айтмоқдалар.
Демак, дўзах азобидан омонда бўлишни истаган ҳар қандай мўмин ушбу уч ҳислатга эга бўлмоқлиги лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу гўзал ҳислатлар билан безантирсин.
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек
Нақшбанд туризм фестивали иштирокчилари Самарқандда
11 ноябрь куни Юртимизда меҳмон бўлиб турган “Нақшбанд туризм фестивали – 2018” қатнашчилари Бухорои шарифдаги саёҳатларини якунлаб, Самарқандга етиб келдилар. Меҳмонлар вилоят ҳокимлиги, вилоят ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги мутасадди ходимлари, ''Ўзбектуризм'' Самарқанд минтақавий бўлими ходимлари томонидан муносиб кутиб олинди.
Дунёнинг 18 давлатидан келган 150 дан зиёд нақшбандий тариқати вакиллари Самарқанд бўйлаб саёҳатларини Имом Бухорий мажмуаси зиёрати билан бошладилар. Зиёрат асносида қизиқарли суҳбатлар бўлди. Мажмуа меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг Хўжа Аҳрори Валий зиёратгоҳи ва Регистон мажмуаси зиёрат қилинди. Айниқса Регистон мажмуасидаги Тиллоқори мадрасаси меҳмонларда ўзгача таассурот қолдирди.
Гид таржимонлар томонидан зиёрат қилинган ҳудудлар тарихи, мустақиллик йиллари давомида кўрсатилган эътиборлар ҳақида атрофлича маълумотлар бериб борилди.
Фестивал Ўзбекистонда Малайзиянинг “Умумжаҳон Сўфийлар ташкилоти” ташаббуси билан “Hilal travel” сайёҳлик ташкилоти ҳамкорлигида ҳамда бевосита Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида ташкил этилмоқда.
Фестивалга Малайзия, Индонезия, Туркия, Буюк Британия, Янги Зеландия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, АҚШ, Замбия ва бошқа мамлакатлардан меҳмонлар ташриф буюрган.
Самарқанд зиёрати 12 ноябрда ҳам давом этади.
Ахсикентнинг 2300 йиллигини нишонлаш юзасидан ЮНЕСКОга таклиф берилди
2021 йилда Ахсикент шаҳрининг 2300 йиллигини ўтказиш юзасидан ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига таклиф берилди. Бу ҳақда Ахсикент археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси директори Тоҳиржон Қозоқов “Ўзбек давлатчилиги тарихида Ахсикент шаҳрининг ўрни” мавзусидаги халқаро анжуманда маълум қилди.
“Дирекция ўтган йил декабрда ташкил этилган бўлса, шу кунгача 3 та халқаро анжуман, 20 дан ортиқ илмий экспедиция уюштирдик. 100 га яқин маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди, — дейди Тоҳиржон Қозоқов. – “Ахси — Фарғона шаҳарларининг онаси”, “Ибрат ўрганган Ахси”, “Ахсикент туристлари ва зиёратчилари учун йўл кўрсаткич”, “Ахсикент вайроналари” каби 9 та китоб ва тўплам чоп этилди. Энг асосийси, ЮНЕСКОга 2021 йилда Ахсикент шаҳрининг 2300 йиллигини ўтказиш юзасидан таклиф берилди”.
Турон24 нашрининг қайд этишича, Халқаро анжуманда “Келажакдаги Ахсикент” мавзусидаги маъруза билан иштирок этган KOICA вакили Чон Жин Ёнг Ахсикентни ўрганиш ва дунёга танитишда Жанубий Кореянинг Кёнджу тарихий шаҳри тажрибаси асқотиши мумкинлигини айтган.
Чон Жин Ёнгнинг қўшимча қилишича, Кёнджу тарихий шаҳрига Жанубий Корея томонидан берилган эътибор ва маблағ туфайли ҳудуд вайроналари таъмирланган. Ундаги 3 та объект ЮНЕСКО рўйхатига киритилиб, жаҳон миқёсида оммалаштирилди. Ҳозирда бу шаҳарга ҳар йили 15 миллион сайёҳ келади.
Тадбир давомида Япония тарих институти тадқиқотчиси Шун Такакуранинг “Ахсикент ва олтин бешик ривояти”, Бенжамин Арестиннинг (АҚШ) “Ахсикент тарихий даврларда” каби маърузалари тингланди.
ЎМИ Матбуот хизмати