muslim.uz

muslim.uz

Тўғри сўзлик ҳар қандай ҳолатда ҳам гапнинг ростини айтиш, тўғри гувоҳлик бериш мусулмон аҳлоқининг энг зарур сифатларидан биридир. Аллоҳ таоло тўғри сўз, ҳаққоний сўзлайдиган бандаларни даражасини кўтариб, уларни мақтайди. Аксинча ёлғон сўзлайдиган ёлғон гувоҳлик берадиган кимсаларни қаттиқ қоралайди.

Аллоҳ Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва рост сўзланглар. Шунда Аллоҳ ишларингизни ўнглайди ва гуноҳларингизни мағфират этади. Ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, демак у улуғ ютуққа эришибди”. (Аҳзоб сураси, 70-71-оятлар)

Гапга ёлғон-яширинни қўшиб гапириш, ҳақиқатни яшириб, бошқаларга зулм кўрсатиш энг қабиҳ иллатлардандир. Бундайларга қарата Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Ҳақни ботил билан аралаштирманг ҳамда била туриб ҳақиқатни яширманг”. (Бақара сураси 42-оят)

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Гуноҳларга пушаймонда, надоматда бўлиш – айни тавбадир”. (Имом Аҳмад ва имом ибн Можа ривояти).

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилади: “Ҳар бир одам боласи хатокор ва хотокорларнинг энг яхшиси Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтгувчилардир”. (Имом Термизий, Имом Ахмад ва имом ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло сени тавба қилишга муваффақ қилиши, тавбангни қабул бўлганидан далолатдир.

Аллоҳ таоло ҳар биримизни гуноҳларимизга тавба қилиб улгуришимизни насиб қилсин, Аллоҳ таоло марҳаматли ва раҳмли Зотдир.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Ойбек Маърупов

Қрим мусулмонлар идораси онлайн Қуръон курси бошланиши ҳақида маълум қилди. Ушбу курс 24 машғулотдан иборат бўлиб, уч ой мобайнида давом этиши айтилган.

Курсда араб алифбоси ва тажвид қоидалари ўргатилади, “Фотиҳа”, “Ихлос”, “Фалақ”, “Нос” ва “Кавсар” суралари бўйича амалий машғулот ўтилади ҳамда мазкур сураларнинг тафсири тушунтирилади.

Онлайн дарслар жорий йилнинг 15 ноябридан бошланиши маълум қилинган. Бунбан ташқари дарсларнинг ҳафтада икки марта ўтказилиши қайд этилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2017 йилдан бошлаб етти фандан онлайн дарслар ташкил этилган бўлиб, улар бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда. Дарслар Facebook.com ижтимоий тармоғидаги Muslim.uz порталининг расмий саҳифасида мухлисларга тақдим этилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, онлайн дарсларнинг ўтган сонларини Youtube.com ҳамда itv.uz сайтларида кўриш мумкин.

ЎМИ Матбуот хизмати

Дубай шаҳрида очилган илк замонавий санъат маркази иш бошлади.

“Жамил” санъат маркази ўзида замонавий санъат намуналарини жамлаган. Мазкур музей асосчиси Фади Муҳаммад Жамил мамлакатдаги биринчи замонавий санъат мажмуаси сифатида иш бошлаган нодавлат ташкилотига доир ўз маълумотларини берди. Бу ҳақда Турон24 агентлиги хабар берди.

Бу музей 10 та кўргазма зали, тадқиқот маркази, маданият ва санъат кутубхонаси ҳамда ҳаваскор ва профессионаллар ижод қилишига мўлжалланган ҳудудлардан ташкил топган. Шунингдек, келгусида 17 та араб рассомининг жамоавий кўргазмаси ҳамда “Нефт” деб номланган кўргазмани очиш ниятида эканини билдирган.

Айни пайтда Жамил замонавий санъат марказида Хелен Блуменфельд, Таллин Хазбар, Латифа Саид, Муҳаммад Аҳмад Иброҳим, Давид Нэш ҳамда славян ва татар санъат асарлари жамланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Куни кеча, «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири Навоий вилоятида ўтказилади. Юк автомашинасига ортилган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ва диний-маърифий китоблар ушбу вилоятга етиб борди. Вилоятнинг марказий масжиди ҳисобланган “Алишер Навоий” жомесида хайрия тадбири бўлиб ўтди. Унда ёрдамга муҳтож кишиларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ва имконияти чекланган шахсларга ногиронлик аравачалари ҳамда диний соҳа ходимларига маърифий адабиётлар тақдим этилди.
Шунингдек, вилоятдаги айрим кам таъминланган оилаларнинг таъмирга муҳтож уйлари бориб ўрганилди, яқин кунларда ёрдам бериш режалаштирилди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Меҳрибонлик уйи”га ҳам ташриф буюрилиб, 118 нафар болаларга эҳсон дастурхони ёзилди ва инглиз тили бўйича дарслик китоблари тарқатилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 2025 йилгача соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича концепция лойиҳасини пухта ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ҳақда 9 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Давлат раҳбари соҳани молиялаштиришнинг амалдаги смета усули эскиргани, тиббиёт муассасалари қанча бемор даволанганига қараб эмас, койка-ўринлар сонига қараб молиялаштириб келинаётганини айтган.

"Бугунги замон талаблари ва хориж тажрибасидан келиб чиқиб, синов тариқасида мамлакатнинг 14 та ҳудудида биттадан тиббиёт бирлашмасини аҳоли жон бошига ва стационар шароитда даволанганлар сонига қараб молиялаштириш бўйича топшириқ берилди", дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Статистикага кўра, камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш оқибатида Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга, одамларнинг 46 фоизи қон таркибида меъёрдан ортиқ холестерин мавжуд, 31 фоизида қон босими юқори.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top