muslim.uz

muslim.uz

Маҳмуд Замахшарий  мероси  асрлар давомида Шарқ ва Ғарб тадқиқотчиларининг диққат марказида бўлган. Алломанинг айниқса,  Қуръон тафсирига оид “Ал-Кашшоф” асари кўплаб тадқиқотчилар эътиборини тортган. Замахшарий ҳақидаги маълумотларни биз Самъоний, Ибнул Анборий, Ёқут Ҳамавий, Қифтий, Ибн Халликон, Ибн Қутлуғбека,  Суютий, Тошкўпризода, Ҳожи Халифа, Абдулҳай Лакнавий, Зириклий каби муаррихларнинг асарларида ҳамда  Брокелман, Б.З.Холидов, А.Б.Холидов каби олимларнинг тадқиқотларида  кўришимиз мумкин. Жумладан, Қози Ибн Халликон:  “Замахшарий тафсир, ҳадис, наҳв ва баён илмида йирик имом эди. Ўз даврида турли фанлардан таълим олиш учун  унинг  ҳузурига илм изловчилар бориб турадиган  замона  пешвоси эди.  Грамматикани Абу Мудар Мансурдан ўрганди ва у бўйича ажойиб асарлар тасниф этди” дея алломанинг 28 асари номини келтиради[1]. Уларни  соҳалар бўйича  қуйидаги шаклда  тасниф этиш мумкин:

  1. Тафсир: “Ал-Кашшоф” (Кашф этувчи)
  2. Ҳадис: “Ал-фаиқ фий ғарибил-ҳадис” (Ҳадис лафзлардаги номаълум маъноларни аниқлаштирувчи)
  3. Фиқҳ: “Руусул-масаил” (Асосий масалалар), “Муъжам ал-ҳудуд” (“Ҳад”лар қомуси), “Ал–минҳаж фил-усул” (Усул илми бўйича йўлланма), “Ар-роиз фий илмил-фароиз” (Фароиз илмининг ўргатувчиси), “Шақоиқ ан-Нуъмон” (Қизил гулдаста),  “Шафий ал-ъай” (Дардлар шифоси).
  4. Дидактика: “Рабиъ ал-аброр ва фусус ал-ахбор” (Яхшилар баҳори ва хабарларга оид асосий маънолар), “Ан-насоиҳ ал-кибар” (Муҳим насиҳатлар), “Ан-насоиҳ ас-сиғор” (Кичик насиҳатлар), “Ар-рисала                 ан-насиҳа”( Насиҳат рисоласи).
  5. Адабиёт: “Муқаддамат ал-адаб” (Адаб илмининг муқаддимаси), “Дийван ар-расаил” (Рисолалар девони), “Дийван аш-шиър” (Шеърлар девони), “Шарҳ абяти Сибавайҳ” (Сибавайҳ байтларининг шарҳи) “Ал-қистос” (Аниқ мезон).
  6. Тилшунослик: “Асас ал-балаға” (Балоғат илми асослари), “Муташабиҳ асамий ар-руват” (Ровийлар исмларидаги ўхшашликлар), “Ал-мустақсо фий амсал ал-араб” (Чуқур ўрганилган арабча иборалар), “Сомийм ал-арабия” (Ҳақиқий араб тили), “Саваирул-амсал” (Сараланган иборалар), “Девонут-тамассул” (“Тамсил” девони),  “Ал-амалий фий кулли фан” (Барча фанларга тегишли имлолар).
  7. Грамматика: “Ал-муфассал”(Муфассал баён), “Ал-унмузаж”(Намуналар), “Ал-муфрад вал-муаллаф” (Ёлғиз ва қўшма сўзлар).

       Замахшарийнинг  Ибн Халликон нақл қилган асарлари орасида унинг  фақат ”Золлатун–нашид” (Изловчининг мақсади) асари   қайси соҳага тегишли экани ҳақида маълумот йўқ.

Аллома қолдирган бой  мерос мустақиллик йилларида кўплаб илмий изланишларга асос бўлди.  Замахшарийшунослик соҳасида  тадқиқот олиб борган ва бу борада  қимматли маълумотларни тақдим этган академик                  А.Рустамов профессорлар У.Уватов, А.Ҳасанов, фан номзодлари   М.Ҳакимжонов, Б.З.Холидов, У.З.Қориев,  Р.Обидов,  таниқли шарқшунос А.Абдужабборов каби олимларимиз сафига фил.ф.н. Н.Сулаймонова, фил.ф.н. М.Носирова, т.ф.н. А.Абдуллаев каби тадқиқотчилар келиб қўшилди[2].  

Бугунги замахшарийшуносликнинг тараққий этишида аллома  меросига ўз илмий фаолиятининг асосий  қисмини бағишлаган профессор Зоҳиджон Исломов хизматларини  алоҳида қайд этиш зарур. Сўнгги йилларда З.Исломов томонидан аллома меросининг барча қирраларини қамраб олишга қаратилган тадқиқотлар олиб борилди, китоблар ва  рисолалар чоп этилди,  мақола ва кўрсатувлар тақдим этилди, номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди[3]. Олиб борилган илмий изланишлар натижасида Замахшарийнинг 66 та асари борлиги, улардан 40 таси дунёнинг турли фондларида сақланаётгани маълум бўлди[4]

Профессор  З.Исломов каби фидойи олимларимиз меҳнати самараси ўлароқ, кейинги пайтда ўзбек замахшарийшунослиги янги босқичга кўтарилди ва унинг ҳосиласи сифатида юртимиз таълим муассасаларидан улуғ аждодлар ишини давом эттирадиган, Ўзбекистон довруғини халқаро илм марказларида тараннум этадиган олиму алломалар етишиб чиқгусидир, иншааллоҳ.

 

Кўкалдош ислом ўрта махсус билим юрти 4-курс талабаси

Раҳматуллоҳ Саиджалолов

[1] Шамсиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Ибн Халликон. Вафаятул–аъян ва анбауз–заман .–Амман: Дарус–сақофа, 1968. Ж. 6. –Б. 323

[2]  Рустамов А. Маҳмуд Замахшарий. -Тошкент.1971.; Маҳмуд Замахшарий. Нозик иборалар / Таржимон ва нашрга тайёрловчи У.Уватов. -Т.: Камалак, 1992. Маҳмуд аз-Замахшарий. Ал-Унмузаж / Нашрга тайёрловчи, муқаддима ва атамалар шарҳи муаллифи Абдуҳафиз Абдужабборов. -Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2001. Абдуллаев А. Абул-Қосим Маҳмуд Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асари ва унинг тафсир илмида тутган ўрни // Шарқ машъали, 2-сони, 2005.

[3] Исломов З. М. Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддаматул-адаб” асаридаги туркий феъллар таҳлили:  Филол. фан. ном.  дис... автореф. –Т: Тошкент Давлат Университети (ЎзМУ),1993. Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддаматул-адаб” асарининг қўлёзма манбалари ва арабча-туркий феъллар сўзлигининг йиғма илмий-танқидий матни:  Филол. фан. докт.  дис. автореф. –Т: ЎзР ФА Қўлёзмалар институти, 1998.; Адаб илмининг дурдонаси –Т.: Тошкент ислом университети (ТИУ) нашриёти, 2002.; Муқаддаматул-адаб (манбашунослик таҳлили) Т.: ТИУ нашриёти, 2002.; Муқаддаматул-адаб (матн) Т.: ТИУ нашриёти, 2002.; Шарқ манбашунослигида “Муқаддима” ва унинг аҳамияти // Тарихий манбашунослик муаммолари: Тўплам. Т.: 2003.; Маҳмуд Замахшарий // Мовароуннаҳрнинг буюк алломалари (араб тилида) : Тўплам. Т.: ТИУ нашриёти, 2004.

[4] Исломов. З.М.Маҳмуд Замахшарий асарларида тасаввуфий ғоялар талқини // Тошкент ислом университети илмий-таҳлилий ахбороти. 2-сон, 2003.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларига 2018-2019 ўқув йили учун қабул эълон қилади.

Ўрта махсус ислом билим юртларига 2018 йилнинг 15 июнидан
5 июлигача абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинади.

Мазкур билим юртларига “Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ умумий ўрта таълимни (11-синф базасида) тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатнома (аттестат) ёки академик лицей, касб-ҳунар коллежи дипломига эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари танлов асосида қабул қилинади.

Қабул квоталари қуйидагича:

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Тошкент ш.,
(0371) 244-48-27;

  • 30 нафар (ўғил болалар учун).

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Китоб шаҳри
(0375) 54-27-425;

  • 30 нафар (ўғил болалар учун).

Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Андижон ш., (+99895) 201-68-70, (0374) 228-00-91;

  • 30 нафар (ўғил болалар учун).

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Наманган шаҳри
(0369) 226-60-60;

  • 30 нафар (ўғил болалар учун).

“Мир Араб” ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Бухоро ш.,
(0365) 224-10-11;

  • 30 нафар (ўғил болалар учун).

Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Урганч ш., (+99895) 606-92-55, (+99895) 602-92-57;

  • 30 нафар (ўғил болалар учун).

Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом таълим муассасаси,
Нукус ш., (0361) 229-03-26, 229-03-20;

  • 30 нафар (ўғил болалар учун).

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Тошкент ш., (0371) 299-24-11;

  • 20 нафар (аёл-қизлар учун).

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Бухоро ш., 221-77-44;

  • 20 нафар (аёл-қизлар учун). 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасига 2018 йилнинг 15 июнидан 10 июлигача абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинади.

Мазкур таълим муассасаларига “Олий таълим муассасаларига абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртини битирганлиги ҳақида дипломга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари танлов асосида қабул қилинади.

Қабул квоталари қуйидагича:

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Тошкент ш., (0371) 227-23-47;

  • 42 нафар (ўғил болалар учун);
  • 8 нафар (аёл-қизлар учун).

Мир Араб олий мадрасаси, Бухоро вилояти, Когон тумани
(+99895) 604-45-97;

  • 25 нафар (ўғил болалар учун). 

Шунингдек, Тошкент ислом институтининг махсус сиртқи бўлимига 2018 йилнинг 15 июнидан 30 июнигача абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинади.

Махсус сиртқи бўлимга ўрта махсус ислом билим юртларини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжатга (диплом) эга бўлган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 5 йил иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Махсус сиртқи бўлимнинг қабул квоталари тўғрисидаги маълумот қўшимча эълон қилинади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

«Рўзани улаб тутиш» деганда ифторлик ва саҳарлик қилмай икки ва ундан ортиқ кунда рўза тутиш тушунилади. Бу иш инсонга қийинчилик келтиради ва рўза тутиш мобайнида жисмонан заифлашишга сабаб бўлади. Улаб тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида содир бўлган бўлса-да, кишиларга тоқатлари етмаслиги боис бундай қилмасликни тавсия қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улаб тутишдан наҳий қилдилар. Шунда одамлар: «Сиз улаб тутасиз-ку, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Сизларнинг қай бирингиз менга ўхшайсиз?! Мени тунда Роббим таомлантиради ва сероб қилади», дедилар. Бас, қачонки, улар улаб тутишдан тўхташдан бош тортган эдилар, улар билан бир кун улаб тутдилар, сўнг яна бир кун улаб тутдилар, кейин эса (Шаввол) ҳилолини кўриб қолдилар. Ўшанда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам худди уларга иқоб берувчидек бўлиб: «Агар (ҳилол) кеч қолганида, сизларга яна зиёда қилар эдим», дедилар. Бошқа бир ривоятда: «Сизлар улаб тутишдан ҳазир бўлинглар», деб икки марта айтдилар. «Сиз ўзингиз улаб тутасиз-ку?» дейилди. У зот: «Мен Роббим ҳузурида тунайман. У мени таомлантирур ва сероб қилур. Амалдан ўзингиз тоқат қиладиганингизни такаллуф қилинглар», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ҳадиси шарифдан маълум бўладики, рўзани улаб тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос ҳисобланиб, саҳобаларни бундай қилишдан қайтарганлар. Ушбу қайтариш умматга шафқат ва раҳмат сабабидан бўлгани сабабли, кўпчилик уламолар наздида улаб тутишнинг ҳукми макруҳ саналади. Шофеийлар наздида эса ҳадисда маън қилингани ва заифликка сабаб бўлгани учун ҳаром ҳисобланади[1].

Бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш, уни кечанинг охирига суриш, қуёш ботиши билан намоздан олдин тезда ифторлик қилиш, ширин ва хўл нарса ила оғизни очиш рўзанинг мустаҳаб амалларидан саналади.

Саҳарлик инсон кечанинг охирги қисмида ейдиган ёки ичадиган нарса бўлиб, саҳар вақти яъни туннинг охирида ейилгани учун саҳарлик деб номланган[2]. Кўплаб ҳадиси шарифларда саҳарлик қилишга тарғиб этилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар. Албатта, саҳарликда барака бордир», дедилар (Бухорий ва Термизий ривояти). Шунинг учун ҳам рўзадор саҳарлик қилишга одатланмоғи лозим. Қуйидаги ҳадисда эса саҳарликнинг яна бир фазилати зикр қилинган.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизнинг рўзамиз ила аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик емагидадир», дедилар» (Муслим ривояти). Яъни бизнинг ва уларнинг рўзаси орасидаги фарқ ва ажратувчи жиҳат саҳарлик бўлиб, улар саҳарлик қилмайдилар, биз учун эса саҳарлик қилиш мустаҳаб саналади[3].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан саҳарлик қилиб, уларга намуна бўлганлар ва таомланишга оид тавсиялар берганлар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдик. Сўнгра у зот намозга турдилар», деди. «Азон билан саҳарлик орасида қанча бор эди?» дедим. «Эллик оят миқдорича», деди (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган). Насаий ва Абу Довуд ривоятларида: «Саҳарлик емагини лозим тутинглар. Чунки у муборак емакдир», дейилган. Абу Довуднинг бир ривоятида: «Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик», дейилган. Шунинг учун ҳам ҳар бир киши саҳарлик қилишни канда қилмаслиги ва иложи бўлса хурмо билан оғзини ёпиши афзал ҳисобланади.

Қуйидаги ҳадисда саҳарликнинг асл фойдаси ва мустаҳаб саналиши сабаби баён қилинган.  Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳар таомидан кундуз рўзасига, қайлула уйқусидан кечанинг қиёмига ёрдам олинглар», дедилар (Ибн Можа, Ҳоким ва Табароний ривоят қилишган). Демак, саҳарлик рўза учун, кундузги уйқу тунги намоз учун қувват бўлар экан. Киши хаддан ташқари жисмонан толиқиб қолмаслиги ва бунинг натижасида ибодат ҳаловатидан маҳрум бўлмаслиги учун ушбу кўрсатмаларга амал қилиши лозим.

Ифторлик ҳам рўзадаги мустаҳаб амаллардан саналади. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир», деди», дедилар» (Термизий ва Аҳмад ривояти). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик қилар ва қиш кунлари хурмо билан, ёзда сув билан оғиз очар эдилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини намоз ўқишдан олдин бир неча ҳўл хурмо билан очар эдилар. Агар ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан, у ҳам бўлмаса, бир неча хўплам сув ичар эдилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

 Вақт кириши билан оғизни очиш нафсни бир оз қондириб олишга хизмат қилади. Саҳарлик қилишдан мақсад эса рўза учун тайёргарлик кўриб олиш бўлиб, бирор нарса танаввул қилмай рўза тутган киши кун давомида қийналиб қолади. Инсон ўзини қийинчиликка қўйиши ва ортиқча машаққат келтирадиган ҳолатларни ўйлаб топиши лозим эмас. Барча соҳалардаги каби рўза тутиш борасида ҳам шариат ҳукмларига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига бўйсунишимизни ва ибодатларни буюрилганидек мукаммал адо этишимизни Аллоҳ таоло насиб этсин! 

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом билим юрти мударрисаси

Турсуной Исамуҳамедова

 

[1] Ваҳба Зуҳайлий. Мавсуатул фиқҳул исламий вал қозоял муосара. -Дамашқ: Дорул фикр, 2010. - Б. 559.

[2] Ибн Манзур. Лисонул араб. - Байрут: Дору содр, 1968. - Б. 351.

[3] Яҳё ибн Шараф Абу Закарийё Нававий. Шарҳи Нававий ала Муслим. - Ливан: Дорул Хойр, 1996. - Б. 169.

Бандаларига Рамазон рўзасини фарз қилган Аллоҳ Таолога ҳамду санолар бўлсин. Умматларига рўза тутишни ўргатиб, таълим берган пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога саловоту саломлар бўлсин.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримни набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муборак рамазон ойида нозил қилди.Унда қалблар шифоси, иймон озуқаси, Аллоҳ ва бандани боғлаб турувчи ришта бордир. Аллоҳ таоло айтади:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

Рамазон ойики -  одамлар учун ҳидоят ва тўғри йўл хамда ажрим этувчи хужжатлардан иборат  Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса , бас, рўзасини тутсин[1]1.

 Рамазон ойи “Қуръон ойи” деб аталади. Унда Қуръонга бўлган аҳамият: тиловат қилиш, ёд олиш, маъноларини тушуниб етиш тобора ортади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алауҳи васаллам ҳар йили Рамазон ойида Қуръони каримни Жаброил алайҳиссалом ҳузурларида ўқиб ўтказар эдилар. Саҳобалар ҳам Рамазонда Қуръонни хатмқилишга қаттиқ киришардилар, баъзилари уч кечада хатм қилса, баъзилари етти кечада хатм қилар яна бошқалари ўн кечада Қуръонни хатм қилишарди. Улар Қуръонни кечаси-ю кундузи, ҳоҳ намозда, ҳоҳ намоздан ташқари бўлсин тиловат қилишар эди.

 Имом Молик  роҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кириши билан барча илм китобларини ёпиб фақат Қуръонга шўнғиб кетар эдилар, Имом Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ эса: бу фақат Қуръон ўқиш ва таом улашиш ойи деб бир ой давомида фақат шу икки ибодат билан машғул бўлардилар. Имом Заҳабийдан ривоят қилинишича Имом Шофеъий Рамазон ойида Қуръонни олтмиш марта хатм қилар эканлар. Қандай қилиб дейсизми? Чунки улар Қуръондан бошқа барча нарсани тарк қилишарди.

 Рамазон ойида фарз ибодатларнинг савоби бир неча баробар кўпайтирилади, нафл ибодатларнинг савоби эса фарз ибодати савобига тенглаштирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса унга битта савоб бўлади, битта савоб эса ўн баробар кўпайтириб берилади, мен: Алиф, Лом, Мим битта         ҳарф демайман, лекин Алиф ҳарф, Лом ҳарф ва Мим алоҳида ҳарфдир”. Энди ушбу муборак ойда қилинган Қуръон тиловатидан ҳосил бўлувчи савобни бир ҳисоблаб кўрайликчи? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинишича: Рўза ва Қуръон қиёмат кунида бандага шафоатчи бўлар экан. Демак, Рамазон ойида  иложи борича беҳуда ишларни тарк қилиш ва Қуръон ўқишга катта аҳамият бериш лозим экан.

 Рамазонда карамли бўлиш. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнингэнг сахий пайтлари эса, Рамазонда Жаброил мулоқотларига келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча У зотнинг ҳузурларига келар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилиб (ўқиб берар) эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар орасида энг карамлиси эдилар: ҳоҳ илм бериш бўлсин, ҳоҳ Аллоҳ йўлида нафсни фидо қилиш бўлсин, ҳоҳ мол сарфлаш билан бўлсин, ҳоҳ очни тўйдириш билан бўлсин,  ҳоҳ ҳожатини чиқариш билан бўлсин, барча соҳада инсонларнинг энг сахийси эдилар. Айниқса Рамазон ойида яна ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар. Яна баъзи ривоятларда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда саховат борасида эсган шамолдан ҳам ўзиб кетишлари зикр қилинган.

Имом Термизийнинг ҳадис тўпламларида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Садақанинг энг афзали Рамазонда қилинган садақадир» дейилган. Юқорида зикр қилганимиздек, Рамазонда қилинган ҳайрли ишларнинг савоби икки баробар кўпайтириб берилади. Демак,  Рамазон ойида иложи борича сахийлик кўрсатиб, бева–бечора, етим-есир, мискин ва муҳтожларга ҳайр эҳсон қилишимиз лозим экан.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом билим юрти мударрисаси

Мухлиса Қодирова

Top