muslim.uz
Самарқандда янги университет очилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 9-10 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлаган эди.
Мамлакатимиз президенти ўз нутқида Самарқанд шаҳрида туризм йўналишидаги университут очилиши ва унда барча мамлакат фуқаролари таълим олиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтган эди.
"... Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсадга мувофиқ ва ғоят долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан тамаддунлар чорраҳаси – Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли» туризм университети ташкил этишни таклиф қилади.
Мазкур ўқув муассасасида туризм соҳасининг энг яхши мутахассислари дарс бериши, барча аъзо мамлакатлардан талабалар таҳсил олиши мумкин бўлади", дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.
ЎМИ Матбуот хизмати
Вашингтон суди ҳибсдагиларга Рамазонда таом улашишга қарор қилди
Вашингтон ахлоқ тузатиш департаменти федерал суди ҳибсхоналарда сақланаётган махбусларга РАмазон ойида рўза тутсалар, саҳарлик учун таом тарқатилиши бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда "arabnews.com" нашри хабар берди.
Америка-Ислом алоқалари кенгаши айрим ҳибсхоналарда сақланаётган маҳбуслар Рамазон бошланганидан буён 9-10 килограмм вазн йўқотганлар. Бунга эса саҳарлик ва ифторлик қилиш имкониятининг мавжуд эмаслиги сабаб сифатида келтирилган.
Суд қарорига кўра маҳбусларган рўза давомида 2600 калориядан кам бўлмаган миқдордаги таомлар тарқатилиши белгиланган.
Маълумотларга кўра, АҚШда Рамазон ойи жума куни тугаши айтилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Кўргазма: Қуръони каримнинг қадимий нусхаси намойиш этилди
Бундан 13 аср муқаддам араб алифбосида кўчирилган Қуръони каримнинг қадимий нусхаси Россияда намойиш этилди
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида Ўзбекистондан келтирилган ёхуд ўзбек халқининг бой маданий меросига тааллуқли бўлган ўнлаб бебаҳо қўлёзмалар сақланади. Улардан бири милодий VIII асрда араб алифбосининг кўфий-ҳижозий хатида кўчирилган Қуръони карим нусхасидир. Қўлёзманинг бир нечта саҳифаси Ўзбекистонда, хусусан, Қашқадарё вилояти, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида сақланмоқда. Қолган саҳифалар қаерда экани айни пайтгача номаълумлигича қолмоқда.
Маълумотларга кўра, бу китоб бир пайтлар Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғида, тасаввуфдаги Ишқия тариқати шайхлари хонақоҳида сақланган. Шу боис, ушбу қўлёзма илмий жамоатчилик орасида “Катта Лангар Қуръони” номини олган. Китобнинг катта қисми, яъни 81 саҳифаси қандай қилиб Россияга бориб қолгани ҳақида ҳам турли-туман тахминлар мавжуд. У Шарқ қўлёмалари институтига ўтган асрнинг 30-йиллари охирида келтирилган.
Кейинги йилларда бир қатор олимларнинг илмий изланишлари, замонавий текширувлар натижасида Ўзбекистон ва Россияда сақланаётган саҳифалар айнан битта қўлёзманинг таркибий қисмлари экани, улар чиндан ҳам бундан 13 аср муқаддам кўчирилгани аниқланди. Мутахассислар фикрича, у Қуръони каримнинг Ислом оламидаги энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири ҳисобланади.
2017 йилда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида Европа технологияари асосида “Катта Лангар Қуръони”нинг факсимиле нусхалари яратилди. Мазкур нусхалар ўтган вақт давомида мамлакатимиздаги бир қатор илмий ва диний муассасаларга тарқатилди.
Ушбу нусхалардан бир нечтаси 6-8 июнь кунлари бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий меоси – Халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси доирасида Санкт-Петербургга келтирилди. Улардан бири қўлёзманинг асл нусхаси сақланаётган Шарқ қўлёзмалари институтига совға қилинди.
— Аввало, ушбу нодир қўлёзмадан нусха олиш имконини берган институт раҳбариятидан миннатдормиз - дейди лойиҳа раҳбари, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов. — Қолаверса, мазкур қўлёзмани тадқиқ қилмоқчи бўлган олим ва мутахассислар учун факсимиле нусхаси жуда қўл келади. Асл нусха эса институтнинг бебаҳо ҳазинаси сифатида дахлсизлигича қолиши лозим.
Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директор Ирина Попова қўлёзмалар ҳақида шундай дейди:
— Ўзбекистонга оид қўлёзмаларни, ҳақиқий маънода, институтимизнинг фахри деб айта оламиз. Ўзбекистон ҳукумати ва илмий жамоатчилигининг ўз халқи маданий меросини тадқиқ этишга қаратилган ташаббус ва ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Бизнинг институтимиз эшиклари ўзбекистонлик меҳмонлар, тадқиқотчилар, олимлар учун ҳамиша очиқ. Сизлар билан ҳамкорлик қилишдан ҳамиша мамнуният ҳиссини туямиз.
Муаллиф Рустам Жабборов
Сахалиндаги қоримиз Қадр кечасида хатм килди
Аввал хабар берилганидек, хориж давлатларидан келган таклифларга кўра, бир қанча қориларимиз АҚШ, Россия ва Украина каби давлатларда Рамазон ойида давомида диний – маърифий суҳбатлар ўтказиш ҳамда таровеҳ намозини адо этиб бериш учун юборилган эди.
Ана шундай қориларимиздан бири Тошкент шаҳридаги “Тўлқин Акром ўғли” масжиди имом ноиби Жамолиддин қори Қодиров жорий йил Рамазон ойида Россиянинг Сахалин шаҳрида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, маърифий тадбирларни ўтказиб бераётганини маълум қилган эдик.
Жорий йилнинг 11 июнь куни ўзбекистонлик қори Қадр кечасида Қуръони карим хатмини ниҳоясига етказди.
Таровеҳ намозлари ва Қуръон хатмида Сахалин шаҳрида вақтинча яшаб, меҳнат қилаётган юртдошларимиз иштирок этаётганлари айтилган эди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Президент Фарғонага жўнаб кетди
9-10 июнь кунлари Хитойда бўлиб қайтган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 июнь куни Фарғона вилоятига сафар қилади.
ЎзАнинг хабар беришича, ташрифдан мақсад жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилишдан иборат.
Шавкат Мирзиёев ўтган ойлар давомида Ўзбекистоннинг барча вилоятларида бўлиб улгурди - Фарғона охирги бекат.
ЎМИ Матбуот хизмати