muslim.uz

muslim.uz

Фатво ҳайъатига келган саволлар (16-қисм)

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Ассалому алайкум! Одамлар саҳарликка туролмасалар ўтар тутишади, шу тўғрими?

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Имкон қадар саҳарликка туриш керак. Туролмаса, ҳеч нарса емасдан рўза тутаверадилар. Бу ўтар рўза дейилмайди. Ўтар рўза деб ифторлик ҳам, саҳарлик ҳам қилмасдан бир неча кун рўза тутишга айтилади.

Савол: Ассалому алайкум фатво ҳайъати! Мани саволим закот ҳақида. Биламизки закот 5 та фарзнинг биттаси. Мол мулкни нисобини ҳисобламай қўлдан келганча имкон етганча қийналган, муҳтожларга ёрдам берамиз бу закот демасдан ёрдам деб берамиз. Бунда биз закот фарзини бажарган бўламизми?

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Закот деб ният қилиб бериш керак. Ва қирқдан бири миқдоридан кам бўлмаслиги керак. Ҳисоб-китоб қилиб юриш керак. Намозга қай даражада эътибор қилинса закотга ҳам шу даражада эътибор қаратиш керак.

Савол: Ассалому алайкум азиз устозлар! Аллоҳ сиздан рози бўлсин, менинг саволим шундан иборатки аёллар сочларини калта қилиб кесиши, пардоз-андоз қилиб ўзини-ўзи кўз кўз қилиб юриш жоизми? Динимизда бу ҳақда нима дейилган жавоб учун олдиндан рахмат

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Эридан бошқага зийнатланиши мумкин эмас. Соч кесиши эса зийнат ҳам эмас. Эри учун ҳам соч кесиш йўқ. Зарурат (бирор касаллик) бўлмаса, бесабаб, соч кесишга рухсат йўқ. Ўзини қанча кўз-кўз қилса, ётоғида эрига кўз-кўз қилсин. Шунда оиласи фаровон бўлади. Кўчага чиқиб кўз-кўз қилиш ножоиз иш бўлиб, Аллоҳ таоло қаттиқ қайтаргандир. 

Барча жавобларга ўтиш

 

 

Бугун, юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, муҳтарам устоз Анвар қори Турсунов фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имом-хатиблар ва мударрислар Анвар қори Турсуновнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. Аллоҳ таоло у кишининг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Қолдирган илмий мерослари, мавъизаи ҳасаналаридан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар айласин. Анвар қори Турсуновнинг охиратлари обод бўлсин.

Улуғ олим Анвар қори Турсуновнинг жанозалари Минор жомеъ масжидида аср намозидан сўнг ўқилади ва Минор қабристонига дафн қилинадилар.

Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Украина мусулмонлари диний идораси таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Иброҳим ота” масжиди имом-хатиби Худойберди қори Саидов Украинанинг Киев шаҳрида жойлашган “Ар-раҳма” жоме масжидида мусулмонларга хатми Қуръон ўтказиб бераётганлари ҳақида хабар берган эдик.

Қори домланинг бизга хабар беришларича, 22 кун давомида Қуръонни тўлиқ хатми қилинди. Аллоҳ бу натижани муборак қилсин ва Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин. Қадр кечасида ўтказилган маросимда вакилимиз Украина мусулмонлари идорасининг махсус Ташаккурномаси билан тақдирландилар. Бу ҳақда ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати хабар берди.

Айни пайтда қоримиз яна бир нуфузли тадбирда иштирок этмоқдалар. Украина мусулмонлари идораси ҳузуридаги “ал-Моҳир” Қуръон ёдлаш бўлими талабалари ўртасида ўтказилаётган Қуръон тиловати мусобақаларида ҳакам сифатида, қориларнинг чиқишларини баҳолаб бормоқдалар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Роббимизнинг Каломида космонавтикага ишора бор. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

يَا مَعْشَرَ الْجِنِّ وَالْإِنسِ إِنِ اسْتَطَعْتُمْ أَن تَنفُذُوا مِنْ أَقْطَارِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ فَانفُذُوا لَا تَنفُذُونَ إِلَّا بِسُلْطَانٍ

«Эй жин ва инс жамоалари, агар сиз осмонлару ер чегараларидан чиқиб кетишга қодир бўлсаларингиз, чиқаверинглар. Фақат Султон ила чиқа олурсиз, холос» (Роҳман сураси, 33-оят).

Аслида, космосга кўп чиқувчилар, сайёраларни ўрганувчилар биз мусулмонлар бўлишимиз керак! Чунки, Қуръони Каримда бунга ишоралар, осмонга ибрат назари ила боқишга тарғиблар бор. Лекин космосга чиққан мусулмонлар бор-йўғи ўн киши экан. Қуйида улар билан танишамиз. 

  1. Саудия шаҳзодаси Султон ибн Салмон. У 1985 йилда Дискавери космик кемасида космосга парвоз қилган. 

 

 

  1. 1987 йилнинг июлида космосга Форис Муҳаммад Аҳмад парвоз қилди. У «Союз ТМ-3» космик кемаси ва «Мир» орбитал илмий-тадқиқот комплексида космонавт-тадқиқотчи сифатида фаолият олиб борган. У суриялик илк космонавтдир. 

 

 

  1. Келиб чиқиши доғистонлик бўлган Мусо Хираманович Манаров 1987 йилнинг 21 декабридан 1988 йилнинг 21 декабригача бортинженер сифатида космик парвозни амалга оширди. У «Союз ТМ-4» космик кемасида парвоз қилиб, «Мир» орбитал комплексида бир йил фаолият олиб борди. 

 

 

  1. 1988 йилда космосга «Союз ТМ-6» космик кемасида космонавт-тадқиқотчи сифатида Моманд Абдул Аҳад парвоз қилди. У Афғонистон Республикасининг биринчи космонавтидир. 

 

 

  1. 1991 йилда космосга Абубакиров Тўхтар Онгарбаевич парвоз қилди. У қозоқ миллатига мансуб илк космонавтдир. 

 

 

  1. 1994 йилда Мусабаев Талъат Омонкелдиевич космосга парвоз қилди. 

 

 

  1. Шарипов Солижон Шокирович 1998 йилда космосга парвозни амалга оширди. Ўзбек миллатига мансуб илк космонавт бўлиб, Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида туғилган. 

 

 

  1. Ансари Ануше 2006 йилда космосга парвоз қилди. Келиб чиқиши эронлик. 

 

 

  1. Шайх Музаффар Шукор малайзиялик космонавт бўлиб, 2007 йилнинг 10 октябрида ХКС да фаолият олиб борган 13-экспедиция аъзоси бўлган. Унинг парвози муборак Рамазон ойига тўғри келди. 

 

 

  1. Айдин Аканович Аимбетов қозоғистонлик космонавт бўлиб, 2015 йилда «Союз ТМА-18М» космик кемасида ХКС га парвоз қилган.

 

  

Islamnews.ru сайти материаллари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Бугун, 12 июнь куни Тошкент шаҳридаги иккита масжидда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:

1. “Муҳаммад Умар ўғли Зокир” жоме масжиди.
(Манзил: Учтепа тумани, “Нишабариқ” маҳалласи, Ҳамкор кўчаси 18-уй. Тел. :+998 71 228-63-32, +99 873-48-08, +93 576-77-47)
Масжид имом-хатиби: Оҳунжонов Зокиржон
Қорилар: Азимбаев Алихон Зохидхоновичч, Зоҳидхонов Абдулборийхон Алихон ўғли

2. “Коҳ ота” жоме масжиди.
(Шайхонтоҳур тумани, Коҳ ота кўчаси 105а-уй. Тел.: +998 97 711-36-22, 170-79-03)
Масжид имом-хатиби: Пирназаров Абдуҳаким
Қорилар: Ғоибов Шамсиддин Муйиддинович, Жалилов Аббосқори Неъматуллоҳ ўғли.

Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг азизлар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Top