muslim.uz
Албанияда Рамазон
Муборак Рамазон ойини кутиб олишда халқларнинг ҳар бирининг ўзига хос урф-одатлари ва анъаналари мавжуд. Европа қитъасида жойлашган Албания давлати мусулмонлари ҳам Рамазон ойини шоду-хуррамлик билан қаршилашади. Албан халқи Рамазон ойи келиши билан қайси дин вакили бўлишига қарамай, қўшниларига таомлар тарқатади, меҳмонлар учун зиёфат дастурхони ёзади. Бу муборак ойда қилинадиган одат тусига кирган энг яхши расм-русумлардан бири – қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш, борди-келди зиёратларини уюштириш ва жамоат учун ифторлик дастурхонларини ёзишдир.
Албаниялик мусулмонлар Рамазон ойида ифторлик дастурхонига гўшт билан тухум қўшилган таомлар, узум ва олхўри шарбати, ловия, карам, картошка ва ҳар хил зираворлардан тайёрланган суюқ таомлар тортиқ қилишни хуш кўришади.
Рамазон ойига ҳозирлик кўриш учун қуруқ гўштлар, ловия олдиндан сақлаб қўйилади. Сут маҳсулотлари бу муборак Рамазон ойида кўп миқдорда истеъмол қилинади. Шунингдек, албанлар қўй, бузоқ ва эчки гўштларини сут ва картошка билан аралаштириб тайёрланган таомларни ҳамда товуқ гўштини қайнатилган гуруч ва сутли патир билан тановул қилишни ёқтиришади.
Шунингдек, Рамазон ойида албанлар “Симс”, “Кадоиф”, “Шакарбаря” ва “Паҳлава” каби махсус ширинликлар тайёрлашади.
Муҳими улар рўза ибодатини кишининг ўзини ҳар қандай ёмон хулқ ва фаҳш сўзларни гапиришдан узоқ бўлиши деб билиб, бу салбий иллатлардан нафсини тийишга ҳаракат қиладилар. Масжидларда таровеҳ намозида қатнашади, Қуръонни хатм қилишади. Айниқса, албан халқи “Лайлатул қадр” кечасини ўзгача тароват билан қаршилайди. Унда махсус “Ҳосуд” номли ширинлик тайёрлаб, қариндошлар ва қўшниларга тарқатадилар, бир-бирларига эзгу тилаклар билдиришади.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
Сахийлик – инсонийлик мезони
Аллоҳ таоло карами кенг, саховати чексиз Зотдир. У Ўз хазинасидан бандаларига ҳар қанча инъом қилса ҳам, ундан ҳеч бир нарса камайиб қолмайди. Роббимиз бандаларини доимо саховатли бўлишга буюради. Аллоҳ таоло муҳсин бандаларини севишини баён этиб, “Оли Имрон” сурасининг 134-оятида: “Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) кечирадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”, деб марҳамат қилган бўлса, шу суранинг 92 – оятида шундай марҳамат қилади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”.
Мўъмин банда саховат билан ризқим камайиб қолмайди, балки барака киради, деб ишонган ҳолда саховат кўрсатиши шарт. Чунки, Аллоҳ таоло ва расули (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ваъдаларига ишонади. Аллоҳ таоло айтади: “Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39 оят). Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, садақа билан мол камаймайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Қолаверса, саховатнинг фазилати унинг кўп ёки озлиги билан белгиланмайди. Бой садақа қилган юз минг сўм пулнинг савоби билан камбағал берган минг сўм пулнинг савоби бир хил бўлиши мумкин. Чунки ҳар иккиси ўз имкониятидан келиб чиқяпти. Эҳсоннинг савоби ихлос-эътиқодга кўрадир.
Ҳазрат Жобир (разияллоҳу анҳу) айтадилар: “Бизга Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба қилиб айтдилар: “Эй инсонлар! Ўлишингиздан олдин Аллоҳга тавба қилингиз, машғул бўлиб қолишдан олдин яхши амалларни қилишга шошилинглар, сизларнинг ва Раббиларингизнинг орасидаги нарсани (яъни, мағфиратни) у зотни кўп зикр қилиш билан ўзларингизга васила қилинглар! Ошкор ва пинҳон садақа беришни кўпайтиринглар, шунда сизлар ризқланасизлар, музаффар бўласизлар ва қувватланасизлар” (Ибн Можа ривояти).
Биз яхши билишимиз керакки, саховат дунёда ҳам барака келтиради, охиратда ҳам улкан ажрларга сабаб бўлади. Ойиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахтдир, унинг томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради" дедилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бандалар тонг оттирган кун борки, унда икки фаришта тушиб, улардан бири: “Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин” дейди, иккинчиси: “Аллоҳим! Мумсикка (баднафс, бахилга) талафот бергин”, дейди”.
Саховатпеша бўлиш энг олий фазилатдир. Зеро, банданинг ризқига барака кириши, зиён-заҳматлардан омонда бўлиши ва ризқининг ҳамда умрининг зиёда бўлишида айнан унинг ўрни беқиёс. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Эй одам боласи, эҳсон қил! Шунда Мен ҳам сенга эҳсон қиламан”, – деб марҳамат қилган. Демак, инсон аслида еганинг эмас, берганинг сеники бўлади. Чунки, қиёмат кунида Аллоҳ садақа қилинган молнинг ажрини зиёда қилиб қайтаради. Бермай ўзи еган мол-мулкни эса ҳисоб китобини қилади”, деган ақидага кўра ҳаёт кечириши шарт.
Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал садақа ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Муҳтожга махфий қилинганидир”, – дедилар ва қуйидаги оятни ўқидилар: “Садақаларингизни ошкора берсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар камбағалларга пинҳона берсангиз, ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”(Бақара сураси, 271 - оят) (Имом Аҳмад ривояти).
Хайру саховат инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ва оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қилинадиган хайру эҳсоннинг кўпи ва озида чегара йўқ. Бор борича, йўқ ҳолича эҳсон қилса, унинг ҳимматига яраша Яратган ўз хазинасидан ажр-мукофот ато этади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ўзларингиз ва ўликларингиз учун бир қултум сув билан бўлса ҳам садақа қилинглар! Агар бунга қодир бўлмасангиз, Аллоҳнинг Китобидан бўлган бир оят билан, яъни, уни ўқинглар, унга амал қилинглар, бошқаларга ҳам етказинглар. Бас, агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз, раҳмат ва мағфират сўраб, Аллоҳга дуо қилинглар! Чунки У зот дуони ижобат қилишга ваъда бeргандир”.
Сахийлик — ҳаммага маълумки, хасислик иллатининг акси, аниқроғи, кишининг ўзида борини бировдан аямаслигига асосланган фазилат. Зубайр ибн Аввом ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Эй Зубайр! Аллоҳ таоло айтади: “Инфоқ-эҳсон қилсанг, Мен ҳам сенга эҳсон қиламан; берсанг, Мен ҳам сенга бераман; қиссанг, Мен ҳам сенга қисаман. Тилантирсанг (ялинтирсанг), Мен ҳам сени тилантираман (ялинтираман). Ризқ эшиги етти осмондан Аршга қадар очиқдир, кечаю кундуз ёпилмайди”. Аллоҳ таоло ризқни ҳар бир кишига унинг нияти, берган ҳадяси, садақаси ва инфоқ-эҳсонига яраша туширади, ким кўпайтирса, кўпайтиради, ким озайтирса, озайтиради, ким қисса, қисади. Эй Зубайр, еб-ич ва бошқаларни ҳам едириб-ичир... Аллоҳ таоло инфоқни яхши кўради, хасисликни ёмон кўради. Саховат аниқ ишончдан, бахиллик гумон (ишончсизлик)дан бўлади, ишончи комил (имонли) одам дўзахга кирмайди, гумон қилган эса жаннатга кирмайди. Эй Зубайр, Аллоҳ таоло сахийлик қилишни, бир бўлак хурмо билан бўлса ҳам саховат кўрсатишни яхши кўради...” (Ҳаким Термизий, “Наводирул усул”).
Тотувликнинг асосий омилларидан бири сахийликдир. Кимгадир мурувват кўрсатиш, шу йўл билан савоб олиш инсонийликнинг бош мезонларидандир. Ҳақиқий обрў учун бойлик асос бўлолмайди. Аксинча, инсоннинг мартабасини сахийлик улуғ қилади, охиратда юқори даражага етишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундай инсонларнинг гуноҳларини кечиши ҳадисда айтилган. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларидан бирида айтилади: “Кимки бир мўминни шу дунёдаги бирор ташвишидан халос этса, Аллоҳ уни охиратдаги ташвишларидан халос этади. Кимки бечораҳол кишига ёрдам берса, Аллоҳ унга икки дунёда ёрдам беради. Кимки бир мўминнинг айбини ёпса, Аллоҳ унинг икки дунёдаги айбларини ёпади. Банда бировнинг ёрдами учун ҳаракат қилар экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлаверади” (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).
Шу ўринда саховат кўрсатишнинг шу дунёдаги фойдалари ниҳоятда кўп бўлишлиги билан бирга биз улардан баъзиларини мисол тариқасида келтириб ўтамиз: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф қилади”, − деганлар.
Ибн Абу Жаъд: “Садақа етмишта ёмонлик эшикларини ёпади. Ошкор садақадан кўра махфийси яна етмиш марта зиёдадир”, – деган.
Одатда сахийликни кўпроқ бадавлат одамлардан кутамиз. Аслида, ҳар биримизнинг қурбимиз етганича, имконият даражасида саховат кўрсатишимиз - бизнинг инсоний бурчимиздир.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
Қораев Муҳаммади
Бир йилда бир меҳмон
Рамазон! Айтилиши осон, муддати нақадар оз, бир йилда бир меҳмон.
Рамазон! Бир йилда бир келасану, лекин биз гуноҳкор, осий бандаларнинг бир йил ичида йиғилиб қолган қанчадан-қанча гуноҳларимиз, хатоларимиз ва камчиликларимизни кечирилишига сабабчи бўласан.
Рамазон! Сенга таъриф бериш менинг қўлимдан келмайди, чунки сенинг тарифингни Аллоҳ таоло берган: «Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...» (Бақара, 185).
Рамазон! Қадринг шунчалар баландлигидан икки дунёимиз саодати бўлган Каломуллоҳ сенинг бағрингда нозил бўлди. Даражангни юксаклигидан бизни гуноҳлар хорлигидан, дўзах оловидан ҳимоя қилувчи, шайтони-лаъиннинг устидан ғалаба гарови, жисмимиз закоти, жаннатга элитувчи кўприк, ибодатини фақатгина Ўзига хослаган, мукофотини ҳам фақат Ўзи бергувчи амал, яъни рўза айнан сенга хосланди.
Рамазон! Сенга қандай таъриф берайки, суюкли ҳабибимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга хабарини берган гўзал таърифлардан ортиқ. Узот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон рўзасини имон, ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Рамазон! Сенинг ҳурматингдан жаннатлар жилоланади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Қадрингни баландлигини мадҳ этувчи ҳадислар, хушхабарлар шу қадар кўпки, улардан ортиб қандай таъриф беришни билолмай хайронман. Агар менга сен учун бир дона таъриф бериш керак бўлганда сенга “мўминнинг мавсуми” деган таърифни берган бўлардим. Чунки суюкли пайғамбаримизнинг қуйидаги биргина ҳадиси шарифлари сенга бундай таъриф беришимга сабаб бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким Рамазон ойида зикр мажлисларида ҳозир бўлса, Аллоҳ таоло унинг хар бир қадамига бир йиллик ибодатнинг савобини ёзади ва қиёмат куни Аршнинг соясида мен билан бирга бўлади. Кимки Рамазон ойида жамоат намозларида бардавом бўлса, Аллоҳ таоло ҳар бир ракатига нурдан бўлган бир шаҳарни беради. Ким бу ойда ота-онасига қўлидан келганча яхшилик қилса, Аллоҳ таоло у бандага мулойимлик ва раҳмат назари билан қарайди ва мен унинг кафили бўламан. Қайси бир аёл Рамазон ойида ўз эрининг розилигини талаб қилса, у учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида Марям ва Осиё (розияллоҳу анҳум)ларнинг савобига эга бўлади. Ушбу ойда кимки бир мусулмоннинг бир ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло унинг минг-минглаб ҳожатларини раво қилади. Кимки Рамазон ойида муҳтожга хайру саховат қилса Аллоҳ таоло унга мингта яхшилик ёзади, унинг минглаб гуноҳларини ўчиради ва унинг даражотини минг пағона кўтаради” (“Нузхатул-мажолис” китоби).
Яна қанчадан-қанча таърифларинг, сифатларинг, рахматларинг ва биз билмаган сирларинг борки, уларни зикр қилишга забонимиз, ёзишга қаламимиз, санашга саноқларимиз, ўзгаларга етказишга илмимиз етмайди. Қўлимиздан келгани шу озгина ибодат, Роббимизга итоат, яхшиликларингдан умидворлик, сенинг дунёларга сиғмас ҳурматингни сақлаш ҳамда Роббимизнинг бизга юборган бир ойлик меҳмони олдида мезбонлик бурчимизни чиройли адо этиш холос.
Рамазон! Хар йилгидек бу йил ҳам сенинг ифорингга чанқоқ бўлган дўстларингни суюнтир, қалбларига ором бер. Сенинг ҳурматингни сақлаган, сендан унимли фойдаланган, сен туфайли ўзига жаннатни вожиб қилиб олган ҳар бир инсон икки дунёда азиз бўлсин. Кимки сенга етсаю, сенинг қадрингни билмаса, ҳурматингни сақламаса, сен буюрган амалларни қилиб, сен қайтарган маъсиятлардан қайтмаган ҳолда, ўзига жаннатни вожиб қилолмасдан сени ўтказиб юборса, унинг бурни ерга ишқалансин.
Маматқулов Жалолиддин
Учкўприк тумани “Шох муқаддам” жоме масжиди
имом-хатиби
Исломов Ёрбек
Учкўприк тумани “Шох муқаддам” жоме масжиди
имом ноиби
Рўзадорлар (шеър)
Келинг эй рўзадорлар, бирга ифтор этайлик,
Беҳуда сўзни ташлаб ширин гуфтор этайлик.
Ўлтириб дастурхон атрофида ёронлар,
Шукрони неъмат айлаб, қуллик изҳор этайлик.
Саҳар туриб Худога тавба тазарруъ айлаб,
Нури имонимизни соф, беғубор этайлик.
Рўзани амр этибдур Исломга Ҳақ таоло,
Адо этиб бу фарзни талаб дийдор этайлик.
Сабр ила бу кечирган очлик ва ташналикдан,
Ибрат олиб муҳтожлар кўнглин шуккор этайлик.
Моҳи шариф келганда журму-хатодин ўзни,
Сақлаб қилиб ибодат, таввоб саййор этайлик.
Рўза билан баробар нафс йўлини беркитиб,
Гуноҳ лойига ботмай элни ҳушёр этайлик.
Рўзани ажрини хос Тангри Ўзи берармиш,
Дамни ғанимат айлаб, тоатни ёр этайлик.
Бир кечани бу ойда пинҳон этибдур Субҳон,
Истаб ани ёронлар ўзни бедор этайлик.
Фазилати бу кечани қадри минг ойга тенгдир,
Муборак хислатини хўп эътибор этайлик.
Аллоҳнинг изни бирла фаришталар тушарлар,
Алар билан баробар тасбеҳ такрор этайлик,
Ҳушнудни ҳам қаторда соҳиб асрор этайлик.
Зарифа Маҳкам қизи оққа кўчирди.
Болалик Рамазонлари
Рамазон – ўзи билан боғлиқ ширин-ширин хотираларни ҳар дамгидан ҳам ёрқинроқ ёдга соладиган ажиб фурсат.
Қўлчаларидан бирида пул, биттасида идишни маҳкам ушлаб, кўча бошига нишолда олишга кетаётган бола қалбидаги қувончдир Рамазон.
Нимагадир қоқиниб, қўлидаги нишолда ер билан битта бўлган гўдакни турғизиб, уст-бошини қоқиб, яна бошқа косага нишолда тўлдиртириб берган бобо ҳақидаги хотиралардир.
“Бирпасда тугаб қолди-я рўза”, деб кўзёш тўкаётган бувисини кўриб: “Эртага ҳайит бўладиган кунда ҳам йиғлайдими?” дея ўйланаётган кичкинтой кўзидаги ҳайратдир Рамазон.
Катталарнинг мурғак кўнгил иштиёқини сўндирмаслик учун “Ёш болалар рўзани иккига бўлиб тутади”, деган гаплари сабаб тушда қорнини тўйғазиб, ифтор пайтида ҳамма билан бирга оғиз очаётган кичкинтой қалбида кўз очган ибодатга муҳаббатдир.
Ифторлик дастурхонига тайёрланган таомларнинг ёқимли иси димоғини қитиқласа ҳам, бобоси гапига кириб одоб сақлаб ўтирган болакайда шаклланаётган сабр кўникмасидир Рамазон.
Бир ой давомида ифторликка тансиқроқ нарса пишириш учун эринмай супра очадиган онаси, опалари қаватида кичкина жўвасида жиддият билан сомсага хамир ёяётган қизчанинг уринишларидир.
Қадр кечаси ухламай чиқиш яхшилигини ўзича тушуниб, эрталабгача ўтиришга қарор қилган, бироқ ифтордан кейиноқ ухлаб қолган, тонг отганида уйғониб ўксинаётган сабийни қучиб тасалли бераётган онанинг жонга малҳам сўзларидир Рамазон.
Бобоси, дадаси, амаки-тоғаси, акалари берган ҳайитлик пулларига орзу қилган қўғирчоғини олиш учун шошаётган, эгнидаги янги атлас кўйлагининг шитирлашига қувониб чопаётган қизалоқнинг шодликларидир...
Аслида шулар эмасми ҳали жуда кичкиналигимиздан мурғак кўнгилларимизда Рамазонга муҳаббат уйғотган? Ана шу хотиралар эмасми бизга Рамазонни янада азиз, янада севимли қилган? Боболаримиз, бувиларимиз, ота-оналаримиз, ёши улуғларимизнинг энг катта хизматларидан биттаси шу экани рост-ку!
Энди ўзимиз ҳам катталар қаторидамиз. Фарзандларимиз қалбида Рамазонга, рўзага иштиёқ, муҳаббат, шавқни шакллантириш, улар ёдида энг гўзал хотираларни қолдириш бизнинг зиммамизда. “Бунинг учун ундай қилишимиз керак, бундай қилмоғимиз лозим”, дейишга эса ҳожат йўқ. Болалигимиз Рамазонлари билан боғлиқ хотираларни, катталарнинг хатти-ҳаракатларини эсласак, кифоя.
Рамазонни ҳурматига муносиб ўтказиш, жажжи кўнгилларда бу ой билан боғлиқ энг гўзал таассуротларни қолдириш барчамизга насиб қилсин!
Зумрад Фозилжон қизи