muslim.uz
Имкониятни бой берманг: Рамазон!
Рамазоннинг фазилатларини ҳар қанча гапирсакда, шунча камдир. Айниқса, бу ойнинг таровати – рўза билан янада гўзалдир. Киши чин ихлос билан рўза тутишни ният қилар экан, бу ибодатини фақатгина Аллоҳ учун адо этаётганини аниқ англайди. Яратган розилиги учун қийинчиликларга бардош беради, сабрли бўлишни ўрганади. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда рўзанинг ажри улуғ эканини айтади: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”.
Эътибор беринг, рўза тутган киши, Аллоҳ таоло мукофотини Ўзи беришини билган ҳолда камчиликка йўл қўйиши мумкинми? Дарҳақиқат, рўзадор тутаётган рўзасини “Аллоҳ кўриб турибди” деган ихлос билан адо этади. Камчиликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилади. Руҳиятидаги хотиржамлик тафаккурининг тиниқлашиб боришига сабаб бўлади.
Ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай. Ифтор қилганда суюнгай ва қачон Роббисига йўлиққанда суюнгай”.
Қолаверса, бу ой буюклигининг омилларидан бири ушбу ҳадиси шарифда гўзал тарзда баён қилинади: “Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур”.
Ушбу ҳадис бу ойнинг нақадар улуғ мақомга эга эканини тасдиқлайди. Ҳадисдаги шайтонлар кишанланганлиги мўмин-мусулмонларни ушбу имкониятлардан фойдаланиб қолишга, китоб мутолаасига, эзгуликлар қилишга чорлайди.
Рамазоннинг фазилати бу ойда Қуръони карим нозил қилиниши билан боғлиқдир. Бу борада Бақара сурасининг 185-оятида шундай марҳамат қилинади:
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”.
Шунингдек, бу ой меҳр-мурувват ойи бўлиб, инсонлар бир-бирларига кўмак берадилар, муҳтожларга ёрдам қўллари узатилади, ўзаро яхшиликлар қилинади, беморлардан ҳол-аҳвол сўралади, аразлашган кишилар муборак ойнинг шарофати билан гиналарни унутадилар. Бу ойда бутун юртимизда ана шундай яхшиликлар билан, хотиржамлик ва хурсандчилик ҳукмрон бўлади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”.
Қолаверса, ушбу ойнинг шарофати билан гуноҳлар авф этилади, рўзадорларга кўплаб ажрлар берилади.
Бу ҳақда Набийимиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келтирилган ҳадисда шундай дейилади: “Рамазон ойининг биринчи кечаси Аллоҳ таоло айтади: “Ким бизни яхши кўрса, Биз ҳам уни яхши кўрамиз. Ким Бизни талаб қилса, Биз ҳам уни талаб қиламиз. Ким Биздан мағфират сўраса, Биз унинг гуноҳларини Рамазон ҳурматидан кечирамиз”.
Рамазон ўттиз кун давом этади. бу кунларни мазмунли ўтказишга ҳаракат қилиш ҳар бир мусулмоннинг улкан имкониятидир. Эзгуликларга шошилиш чексиз савобларга мушарраф этади. Бу ойда билим олиш, китоб мутолааси илмнинг зиёда бўлишига замин яратади. Баракали кунларнинг ҳар бир лаҳзаси қимматлидир. Улардан фойдаланиб қолинг!
Бинобарин, қуйидаги ҳадисда шаҳри султоннинг нақадар буюк экани таъкидланади: “Агар умматларим Рамазон ойининг шарафини билганларида эди, йил ўн икки ой Рамазон бўлишини орзу қилар эдилар, чунки уларнинг тоати мақбул, дуолари мустажоб, гуноҳлари мағфират этилиб, жаннат рўзадорларга муҳтож бўлади”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Ж.Кулбаев
Қадр кечаси: фазилатлари ва аломатлари
Рамазон хусусида биз бандаларга учта мағфират ваъда қилинди. Дастлабкисида “ким Рамазон рўзасини имон ва ажр умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган. Кейингисида “Ким Рамазон ойида имон ва ажр умидида қоим (тунда бедор) бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган ва охиргисида “ким қадр кечасида қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деб айтилган. Агар учинчи жумлага эътибор қаратадиган бўлсак, фақат бир кечани ибодатда ўтказишлик учун шунчалик кўп савоб ваъда қилиняпти. Қуръони каримда эса уни минг ойдан афзаллиги айтилган. (Қадр сураси). Бу қадар фазилатга эга кечани қайси эканлигини билиш ҳаммамиз учун ҳам аҳамиятлдир.
Имом Бағавийнинг таъкидлашларича, Аллоҳ таоло жума кунги ижобат онларини, гўзал исмлари орасидаги “исми аъзам”ни ва бошқаларни яширгани каби ибодатда зўр ғайрат қилмоқликлари учун қадр кечани ҳам ўз бандаларидан махфий тутган. Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар”, деганлар. Бу маънода ва хоссатан охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларида эканлигини тасдиқловчи ривоятларни кўплаб топиш мумкин.
Шундай бўлсада, уни Рамазоннинг 27-кечасига тўғри келишлик эҳтимоли каттароқ эканлигига ишора қилувчи ривоятлар ҳам талайгина. Жумладан, ибн Умар (р) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимда-ким уни изламоқчи бўлса, 27-кечада изласин”. (Имом Аҳмад ривояти). Ибн Аббос (р) дан ривоят қилинади: бир киши пайғамбар (с.а.в.) олдиларига келиб деди: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, мен кекса, касалманд чолман. Менга (ҳар кечада) қоим бўлишлик оғирлик қилади. Шунинг учун мени Аллоҳ таоло қадр кечасига муваффақ қилиши мумкин бўлган бир кечада қоим бўлишга буюр. Ул зот: сен еттинчи кечани маҳкам тутгин, дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти).
Қуйидаги ҳадисларда эса унинг аломатлари ҳам зикр қилиниб ўтилган. Зирр ибн Ҳубайшдан ривоят қилинади: “Убай ибн Каъбга бундай дейилди: Абдуллоҳ ибн Масъуд: ким йилнинг ҳаммасида қоим бўлса, қадр кечасини топади, деганлар. Шунда Убай деди: Унда ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, у албатта, Рамазонда (истисносиз қасам ичди). Аллоҳга қасамки мен уни қайси кеча эканлигини биламан. У 27-кечадир ва аломати унинг тонгида (кечадан кейинги тонгда) қуёшни шуласиз чиқишидир”. (Аҳмад, Муслим ва Абу Давудлар ривояти).
Бухорий Абу Саиддан ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикоф қилдик. Улар бизнинг ҳузуримизга йигирманчи куннинг тонгида чиқиб мурожаат қилдилар: “Мен қадр кечасини кўрдим ва сўнг унутиб қўйдим. Уни охирги ўн кунликда, тоқ кечаларда изланглар. Мен ўзимни сув ва лойда сажда қилаётганимни кўрдим. Ким Расулуллоҳ (с.а.в.) билан эътикоф қилган бўлса, қайтсин”. Сўнг бизлар қайтдик ва осмонда бирор доғни кўрмадик. Шунда бирдан бир булут келди ва ёмғир ёғиб масжид томидан (хурмо шохидан қилинган эди) оқа бошлади. Намозга иқомат айтилди ва мен Расулуллоҳ (с.а.в.) ни сув ва лой устида сажда қилаётганларини кўрдим. Ҳаттоки ул зотнинг пешоналарида лойнинг изини кўрдим”.
Минг ойлик ибодатдан афзал бўлган қадр кечасининг фазилатини топишликни Аллоҳ таоло барчаларимизга муваффақ қилсин!
Саййид Жамол
Рўзадорнинг дуоси
Юртимизда меҳмон бўлган муборак Рамазон ҳам охирлаб бормоқда. Солиҳ амалларни етарлича қила олмаган мўмин бандалар учун имконият тугади дегани эмас экан. Чунки амаллар хотимасига қараб белгиланиши маълумдир. Шунинг учун ҳам азиз юртдошлар, қолган мана шу оз миқдордаги саноқли кунларни ўзгача ғайрат-шижоат билан ўтказишга ҳаракат қилайлик. Бу борада бизга мўминнинг асосий қуроли бўлган дуо ёрдам беради.
Аллоҳ таоло мусулмонларга рўзани фарз қилган оятларининг сўнггида мана бундай марҳамат қилади: “Бандаларим қачон сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен яқинман, дуо қилувчи қачон дуо қилса, ижобат қиламан”. (Бақара сураси). Рўзадорнинг дуоси шаксиз қабул қилиниши ҳақида Пайғамбар (с.а.в.) ҳам бир неча ҳадисларда таъкидлаб ўтганлар. Жумладан, ибн Умар (р.) ривоят қилган ҳадисда “Рўзадорнинг оғиз очиш даврида қабул қилинадиган дуоси бор”, (Насоий ривояти) деган бўлсалар, Абу Ҳурайра (р)дан ривоят қилинган ҳадисда “уч кишининг дуосини қайтармаслик Аллоҳнинг зиммасидадир: рўзадорни оғиз очгунча (қилган дуосини), мазлумни ғолиб келгунча (қилган дуосини) ва мусофирни қайтиб келгунча (қилган дуосини)”, деганлар (Баззор ривояти). Яна бир ҳадисда ул зот марҳамат қиладилар: “Рамазонда Аллоҳни кўп ёд этувчи мағфират қилинади ва бу ойда Аллоҳдан сўровчи қуруқ қолмайди”. (Табароний ривояти). Булардан кўриниб турибдики, биз дуо орқали катта-катта фазилатларга эришишимиз мумкин экан. Айниқса, сизу-бизлар ўтказаётган дамларда Аллоҳ таоло илтижоларни қайтармаслигини унтмаслигимиз керак экан.
Диёримиздаги кўплаб масжидларда Рамазон шарофати билан бошланган Қуръон хатмлари давом этмоқда. Бу ҳам бизлар учун яна бир фурсат демакдир. Чунки Имом Байҳақий Анас (р) дан ривоят қилган ҳадисда Набий (с.а.в.): “Ҳар бир хатмнинг мустажоб дуоси бор”, деганлар. Ушбу ҳадис бошқа ўринда мана бундай лафз билан келади “Қуръон хатмида мустажоб дуо ва жаннатда бир дарахт бор”. (Байҳақий ривояти).
Хуллас, азиз ака-ука ва опа сингиллар, модомики Рамазон ҳали тугамаган экан, биз учун мустажоб дуолар имконияти бордир. Келинглар, гуноҳларимизни кечирилиши, фарзандларимизни бахту-саодати, диёримизни гуллаб-яшнаши учун туну-кун дуоларда бўлайлик, шоядки Аллоҳ таолонинг бахтли бандалари қатори Раййон эшигидан жаннатига кирсак.
Саййиджамол Масайитов
Ислом банклари фаолияти
Бугунги кунда ислом банкларида анъанавий банк операцияларининг деярли барчаси, яъни депозит, кредит, аккредитив, ҳисоб-китоб, тўлов операциялари амалга оширилади.
Бугунги кунда жаҳоннинг 40 дан зиёд мамлакатида ислом банклари фаолият юритмоқда. «СарИа...» халқаро банклар рейтинг агентлигининг 2000 йил маълумотларига кўра, ҳозирда ислом банкларининг активлари 160 млрд. доллардан ошиб кетган. Классик ғарб банк тизими ўзига хос инқирозни бошидан кечираётган бир пайтда шариат аҳкомлари асосида муваффақият билан иш юритаётган нисбатан ёш банклар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Банкир ва олим Крис Барлтон ўзининг «Ривожланаётган бозорлардаги банклар» асарида ислом банклари фаолиятини ҳар томонлама таҳлил қилган. Унинг таҳлилига кўра ислом банклари капитали йилига 10—15 фоиз суръат билан ўсмоқда. Бу эса молия соҳасида жуда юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Кузатилаётган яна бир тенденция хусусида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Сўнгги пайтларда кўпгина ғарб банклари дунёнинг турли мамлакатларида ўзларининг исломий шўъбаларини очмоқдалар. «Чейз Манхэттен», «Голдмэн Сакс», «Ай — Эн — Джи», «Номура Секьюритиз», «Джей Пи Морган» ва бошқалар шулар жумласидандир. Американинг машҳур банкларидан «Ситибанк» махсус ислом фондлари учун 1 млрд. доллар маблағ ажратиши ҳам молия бозорида ислом банкларининг роли тобора ошиб бораётганлигидан далолатдир.
Бугунги кунда ислом банкларида анъанавий банк операцияларининг деярли барча операцияларини амалга оширмоқда. Улар саноат, аграр сектор, тижорат ва хизмат кўрсатиш соҳаларига катта маблағлар инвестиция қилмоқда.
Мазкур банклар қуйидаги тамойиллар асосида фаолият юритади.
- Мушорака— шерикчилик асосида, яъни банк ва тадбиркор томонидан лойиҳани биргаликда амалга ошириш.
Ислом банкларида амалга ошириладиган банк операцияларининг мушорака турида банк молиялаштиришдан кўзлаган мақсад муайян фоиз олиш эмас, балки олиниши керак бўлган фойдада иштирок этишдир.
Мушоракада олинган фойда қуйидагича тақсимланади:
— фойданинг бир қисми иш ҳақи, бошқарув ёки лойиҳани амалга
оширишдаги бошқа иштироки учун шерикка ажратилади;
— фойданинг қолган қисми эса шериклар, яъни банк ва тадбиркор ўртасида лойиҳага тикилган маблағнинг нисбатига кўра пропорционал равишда тақсимланади,
Бироқ, шуни таъкидлаш жоизки, иш натижаси зарар билан якунланса, у ҳам шериклар ўртасида молиялаштиришдаги иштирокига кўра пропорционал равишда тақсимланади.
Тадбиркор лойиҳа ташаббускори бўлгани боис, менежментни ўз қўлига олади. Банк эса шартномага қатъий риоя қилган ҳолда лойиҳанинг бажарилишини назорат қилиб боради. Бу билан у ўзи ва шериги томонидан иш учун тикилган капитални ҳимоя қилади.
Мушорака бўйича капитал, албатта, икки томондан қўйилмоғи лозим. Лекин, шуни таъкидлаш жоизки, томонлар капиталининг тенг бўлиши шарт эмас. У турли нисбатда қўйилиши мумкин. Инвестиция қилинаётган маблағ эркин айланадиган бўлиши ва энг муҳими, унинг манбаи маълум бўлмоғи лозим. Мушорака шартномаси шерикларнинг бир-бирига бўлган тўлиқ ишончига асосланади. Ширкат маблағини бегона - учинчи шахс манфаатига ишлатиш ёки пул маблағларини бошқаришни учинчи шахсга, топшириш, шунингдек, компания маблағларини ўзининг шахсий маблағлари билан аралаштириб юбориш, умумий маблағни қарзга бериш ёки кафолат сифатида қўйиш мумкин эмас.
Банк талабгор тадбиркорлар ичидан шерик танлашда унинг нафақат профессионал маҳорати, балки унинг ахлоқий жиҳатларини ҳам инобатга олади.
- Мудораба— ишонч асосида молиялаштириш. Ушбу банк операцияси турининг моҳияти шундаки, бунга кўра томонларнинг бири сармоя қўювчи ва иккинчи тараф иш юритувчи сифатида фаолият юритади. Демак, банк лойиҳани тўлиқ молиялаштирувчи бўлса, тадбиркор лойиҳани бевосита амалга оширувчи ҳисобланади.
Ислом банкларида амалга ошириладиган операцияларнинг мудораба тури мусулмон аҳоли ўртасида кенг тарқалган асосий хўжалик юритиш тамойилини ўзида акс эттиради. Муомаладан холи ёки бўш сармояга эга бўлган шахс уни ўзи хоҳлаган соҳага ёки бир пайтнинг ўзида турли соҳаларга йўналтириши мумкин. Бунда иккинчи тараф сармояни тасарруф этувчи, яъни лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бўлган барча ташкилий ва бошқарув ишларига мутасадди шахс сифатида муомалага киришади.
Мудораба шартномасига кўра фойда тарафлар ўртасида олдиндан келишилган нисбатда тақсимланади.
Шариат нуқтаи назаридан мудораба молиявий воситаларни ишлаб чиқариш омилларига айлантиришнинг ҳалол ва қонуний йўли ҳисобланади. Бунда турли имкониятга эга бўлган хўжалик субъектлари бирикиб, ижтимоий фойда келтирувчи хайрли амал билан шуғулланадилар.
Мудорабада 3 та иқтисодий категория амал қилади: капитал, меҳнат, фойда. Бунда капитал пул ёки натурал шаклда бўлиши мумкин. Шартнома тузилаётган вақтда капиталнинг ҳажми ва манбаи маълум бўлиши, шунингдек, у бошқа банк операцияларига жалб этилмаслиги лозим.
Лойиҳани амалга ошириш учун сарфланган меҳнатга ҳақ фойда ҳисобидан тўланади. Мехнатга ҳақ тўлаб бўлингандан сўнг қолган маблағ соф фойда бўлиб, у шериклар ўртасида шартномада келишилган нисбатда бўлинади.
Худди мушорака сингари мудораба шартномасида ҳам лойиҳа банк томонидан синчковлик билан босқичма — босқич ўрганилади. Ушбу шартнома турида ҳам талабгорнинг нафақат молиявий аҳволи, балки унинг ахлоқий жиҳатларига ҳам асосий эътибор қаратилади.
Банк томонидан лойиҳанинг бажарилиши устидан доимий ва қаттиқ назорат ўрнатилади. Агар лойиҳани амалга оширувчи томонидан йўл қўйилган хато ёки эътиборсизлик оқибитида зарар кўриладиган бўлса сўзсиз, ушбу зарарни қоплаш иш юритувчи зиммасига юклатилади. Ана шундай вазиятларни назарда тутган ҳолда ислом банклари талабгордан маълум қийматга эга бўлган мулкни гаров сифатида қўйишни талаб қилиши мумкин.
- Муробаҳа— тижорат операцияларини молиялаштириш. Ислом банклари опрецияларининг ушбу турида банк муайян тижорат операциясини молиялаштиради ва шартномада кўрсатилган фойдага эга бўлади. Бунда мижоз буюртмасига кўра товар банк томонидан харид қилинади. Сўнгра банк ушбу товарни шартномада кўрсатилган устама нарх билан мижозга сотади. Ушбу устама нарх банкнинг фойдаси ҳисобланади.
- Ижор— Ижара операцияси. Банк операциясининг ижор турига асосан тадбиркор кўчмас мулк ёки ишлаб чиқариш воситасини банкдан ижарага олади. Ислом банкларининг ушбу операцияси бугунги кундаги анъанавий банкларнинг лизинг операцияларига ўхшаш бўлиб, у банк ва тадбиркор ўртасида тузилган шартномага асосан амалга оширилади.
- Ижор ва иқтино— сотиб олиш ҳуқуқи бўлган ижара. Банк ва мижоз ўтрасида тузилган ушбу шартномага кўра, банк томонидан ижарага берилган кўчмас мулк ёки ишлаб чиқариш воситаси ижара муддати тугагач мижознинг мулкига айланади. Албатта, бунга қадар ижара объектининг келишилган нархи белгиланган муддат ичида тўлаб бўлинган бўлиши керак. Анъанавий банклар ҳам лизинг операцияларини амалга оширишда мижозга ижара муддати тугагач, сотиб олиш ҳуқуқини беради.
- Закот— Моли нисобга етган давлатманд мусулмонлардаги камбағаллар ҳақи.
Банк томонидан закотларни жамлаш учун Закот уйи ташкил этилади. Ўз навбатида банк Закот уйига тушган маблағларни камбағаллар турмуш аҳволини яхшилашга, уларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилишга ва бошқа жамоат манфаатидаги ишларга сафарбар қилади. Закот уйлари закот тўловчилардан ташқари барча турдаги хайрия ва эҳсонларни қабул қилиб, уларни аҳолининг муҳтож қатламларига етказиш учун хизмат қилади.
- Ал-Қард ал-Ҳасан— фоизсиз қарз.
Ислом банклари жисмоний ва юридик шахсларга маълум муддатга фоизсиз қарз бериши мумкин. Ушбу қарз асосан ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун (масалан, завод, фабрика, йўл ва кўприклар қуриш) учун ажратилади. Айрим ҳолларда, маълум объектив сабабларга кўра қарздор шахс ёки ташкилот олинган маблағни қайтара олмаса, банк уни закот фонди ҳисобидан қоплаб бериши мукин.
Шундай қилиб ислом банклари ўз мижозларига юқоридаги операцияларни амалга ошириш учун уч хил фоизсиз ҳисоб (счёт)ни таклиф қилади:
- Жорий ҳисоб.Бу фоиз ставкаси қўйилмайдиган чек ва жамғарма ҳисоби бўлиб, бунда банк мижозлардан қўйилма ва депозитлар бўйича хизмат кўрсатгани учун муайян тўлов олишга ҳақлидир. Агар мамлакатда инфляция жараёни кузатилаётган бўлса, ҳисоб рақамидаги пул маблағларига индексация асосида муайян миқдордаги пул компепсация сифатида тўланади.
- Инвестицион ҳисоб.Ушбу ҳисоб тури бўйича мижозлар турли операциялар воситасида ўз маблағларини истиқболли лойиҳаларга инвестиция қилишлари мумкин. Албатга, бунда фойда ва зарар, юқорида айтиб ўтилгандек, банк ва мижоз ўртасида шартномага кўра тақсимланади.
- Кредит хисоби.Ислом банклари мазкур ҳисоб орқали талабгор тадбиркорларга ҳамда аҳолининг муҳтож қатламларига фоизсиз қисқа муддатли ёки узоқ муддатли қарз (кредит) беради.
Бунда давлатманд мусулмонлар ўз эҳтиёжларидан ҳоли бўлган бўш маблағларини банкнинг кредит ҳисобига қисқа ёки узоқ муддатли депозит сифатида қўядилар. Банк ушбу маблағларни келишилган муддатда тўлиғича қайтаришни кафолатлайди.
«Исломий банк ва молиялар китоби» асосида
Андижон вилояти Марҳамат туманидаги
“Бозор боши” жоме масжиди мутаваллиси
Музаффархон ШОЖАЛИЛОВ
тайёрлади
Андижонда имом-хатиблар билан йиғилиш ўтказилди
Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларида бўлиб, юртдошларимиз билан муқаддас ойда елкама-елка туриб нишонлашга киришган эдилар.
Ташриф доирасида Андижон вилояти имом-хатиблари билан ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлаш бўйича йиғилиш ўтказилди. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси, Муфтий ҳазратлари ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раиси ҳам иштирок этдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати