muslim.uz
Қимматли асарларни сақлаш қийин ва серхаражат иш
Қадим замонларда ҳукмдорлар ўз саройларида «Ёзув девони» ёки «Котибхона» номли бир бўлим очган, уларда котиблар қўлёзма материалларни ёзиш ёки кўчириш билан шуғулланишган.
– Қўлёзма асарлар яратиш Шарқда узоқ тарихга эга, – дея фикр билдиради Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наййирободий.
– Полиграфия саноати вужудга келгунига қадар бўлган даврда олимлар, шоирлар, санъаткорлар ва ёзувчиларнинг кўплаб асарлари вақт ўтиши билан йўқолиб кетарди. Албатта, айрим узоқни кўзлаб иш тутувчи ҳукмдорлар ҳамда истеъдодли ёзувчилар ва олимлар яратилган интеллектуал асарларни чиройли ёзувда келажак авлодларга эсдалик ва мерос сифатида қолдиришга уринишган. Ушбу муҳим ишда Султонали Машҳадий каби хаттотларнинг роли ва ўрни алоҳида бўлган.
ЎзА хабарига кўра, бугунги кунда қўлёзма асарлар номи билан машҳур бўлган мероснинг бир қисми жаҳондаги турли музейлар, тадқиқот марказлари ва олий ўқув юртлари кутубхоналарида, бошқа бир қисми эса шахсий кутубхоналар ва коллекцияларда сақланмоқда.
Маълумки, ушбу қимматли асарларни сақлаш қийин ва серхаражат иш бўлиб, уларни келажак авлодларга тўла-тўкис етказиб беришнинг энг яхши йўли уларни нашр қилиб, тадқиқотчилар ва бошқа қизиқувчилар эътиборига ҳавола этишдир.
Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳам адабиёт, шеърият, тарих, фалсафа, математика, мусиқа, астрономия, тиббиёт, фармацевтика, география ва турли санъат соҳаларига оид қўлёзма асарларнинг бой ва қимматли коллекцияларига эга бўлган давлатлар сарасига киради. Ушбу мамлакатларда сақланаётган қўлёзма асарларнинг катта қисми форс тилида эканлиги икки мамлакат халқлари ўртасидаги чуқур маданий ва тарихий муштаракликлардан дарак беради.
Қўлёзма мерос Эронда китоб, мактуб, ҳужжат ва хариталар шаклида Миллий архив ташкилоти, Парламент кутубхонаси, Малик музейи, Теҳрон университети кутубхонаси ва бошқа таълим ва тадқиқот муассасаларида сақланади. Уларнинг катта қисми китоб ҳолида нашр қилинган ёки уларнинг электрон нусхалари яратилган бўлиб, тадқиқотчилар ва бошқа қизиқувчилар эътиборига ҳавола этилган.
Бугунги кунга қадар Эронда уч юз минг нусхадан ортиқ қўлёзма асар миллий даражада рўйхатдан ўтказилган.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, Ўзбекистонда мавжуд бўлган қўлёзма асарлар ҳам Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона, Мусулмонлар идораси кутубхонаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кутубхонаси ҳамда бошқа таълим ва тадқиқот муассасаларида сақланмоқда. Маълумотларга кўра мазкур қўлёзма китобларнинг аксарияти форс тилида.
Форс тилида битилган қўлёзма асарлар Эрон ва Ўзбекистондан ташқари Афғонистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон, Туркия ва Россия, Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари, шунингдек, дунёнинг бошқа кўпгина мамлакатларида мавжуддир.
Шубҳасиз, ушбу қўлёзма асарлар инсониятнинг умумий мероси, бойлиги, аждодлардан ҳозирги ва келажак авлодларга қолдирилган қимматли хазина бўлиб, уларни кўз қорачиғидек авайлаб-асраш ҳамда тадқиқотчилар ва олимлар эътиборига ҳавола этиш барчамизнинг вазифамиздир.
Албатта, ушбу машаққатли ва шарафли ишни амалга ошириш қўлёзмалар билан ишлаш бўйича замонавий билим ва тажрибага эга бўлган ҳамда ушбу қўлёзмалар яратилган тилни мукаммал биладиган мутахассисларни тайёрлаш, Шунингдек, бу соҳада кенг халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни талаб қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Пайғамбаримиз алайҳиссалом авлоди – буюк устоз Маҳдуми Аъзам ҳақида биласизми?
Декабрь ойида Ўрта асрнинг буюк мутафаккири, нақшбандийликнинг йирик назариётчиси Маҳдуми Аъзам Даҳбедий таваллудининг 560 йиллиги нишонланади.
"Самаркандский вестник" нашрига кўра, Оқдарё тумани "Бозоржой" фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган ёдгорлик мажмуаси бугунги кунда нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳлар томонидан вилоятдаги энг кўп зиёрат қилинадиган жойлардан бири ҳисобланади.
Нима учун буюк мутафаккирнинг мероси ҳозирги даврда зиёратчилар орасида бу қадар катта қизиқиш уйғотмоқда?
Биринчидан, объектнинг қулай географик ўрни, "Самарқанд-Бухоро" марказий автомагистрали бўйлаб жойлашганлиги;
Иккинчидан, қулай иқлим; Учинчидан, бу ердан 10 километр узоқликда жойлашган Имом Ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасининг вақтинча ёпилганлиги сабабали бу жой ўзига кўплаб зиёратчиларни жалб этмоқда.
– Ўрта асрнинг йирик дин арбобларидан Саййид Аҳмад ибн Саййид Жалолиддин Хожагий Косоний – Даҳбедий Маҳдуми Аъзамнинг мақбараларига ҳар куни уч юздан ортиқ зиёратчи ташриф буюради, – дейди мажмуа раҳбари Насрулло Исломов. – Ўз устозлари ёнига қўйишни васият қилган турли давлатларнинг ўттизга яқин ҳукмдор ва генераллари буюк дин арбобининг қабри ёнига дафн этилган. Мутафаккирнинг этагида 9 та қабр тоши бўлиб, улардан бири Регистон ансамблидаги Шердор ва Тиллакори мадрасалари каби жаҳонга машҳур меъморий ёдгорликларни бунёд этган Самарқанд ҳукмдори Ялангтўш Баҳодурга тегишли.
– Ўз даврининг кўплаб машҳур кишилари, жумладан, ҳукмдорлар Маҳдуми Аъзамни ўзларининг маънавий устози деб ҳисоблаганлар, – дейди тарихчи Комилхон Каттаев. – Улар орасида Амир Темур авлоди – шоир ва ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам бор эди. Мирза Муҳаммад Ҳайдарнинг "Тарихи Рашидий" китобида Бобур ва Маҳдуми Аъзам алоқалари ҳақида ёзувлар бор. Маҳдуми Аъзам Бобур ҳақида "Рисолаи Бобурия" асарини ёзган.
Суҳбатдошимизга кўра, машҳур мутафаккир ва диний арбоб шахсига бундай катта қизиқиш тасодифий эмас. Маҳдуми Аъзам ислом назариясини ўрганибгина қолмай, фалсафа, тарих ва адабиётга оид ўттизга яқин асар ҳам ёздики, улар бугунги кунгача ўз аҳамиятини йўқотмайди.
"Биз Маҳдуми Аъзам Даҳбедий каби улуғ аждодларимиз билан нафақат фахрланишимиз, балки унинг бебаҳо меросини ҳам ўрганишимиз ва тадқиқ этишимиз шарт, - дейди "Бозоржой" МФЙ раиси Шаҳодат Бобомуродова. – Шу мақсадда бу ерда ёшларнинг таниқли олимлар, маданият ва санъат намояндалари билан учрашувлари тез-тез ташкил этилмоқда.
Маълумот учун, Маҳдуми Аъзам 1461 йилда Наманган вилоятининг Косонсой туманида туғилган. Маҳдуми Аъзамнинг келиб чиқиши шахсан пайғамбаримиз Муҳаммад (сав.)нинг ўзларига бориб тақалади.
Маҳдуми Аъзам 1533 йилда Фарғона вилоятидан Қашқарга келган. Бу ерда у ислом ва нақшбандия тариқатини фаол тарғиб қилиш билан шуғулланган.
Маҳдуми Аъзам "халқ томонидан ҳурмат билан қабул қилиниб, Қашқар хонларидан бой мулклар берилган". Ўрта Осиёга қайтиб, 1542 йилда Самарқандда вафот этган.
Ўрта аср манбаларига кўра, йирик ҳарбий арбоб, шайбонийлар наслидан бўлмиш Жонибек Султоннинг ташаббуси билан у Миёнқол (Дарёлар орқалиғи) водийсига кўчиб ўтади. Бу ерда у умрининг охиригача, то 1542 йилга қадар яшайди. Ўрта аср манбааларида ёзилишича, янги жойга кўчиб келгач, Маҳдуми Аъзам биринчи навбатда ўнта мажнунтол дарахтини (“дахбет” сўзининг форс тилидан таржимаси “ўнта мажнунтол” маъносини англатади) ўтказади. Кейинроқ у 20 гектардан кўпроқ ерга жуда йирик боғ барпо этади. Зироатчи ва деҳқон бўлиб, у жуда камтарона ҳаёт кечирган.
1994 йил декабрь ойининг охирида Самарқандда буюк мутафаккир меросига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Шу муносабат билан Даҳбедда Маҳдуми Аъзам мажмуаси тўлиқ таъмирланди.
Маҳдуми Аъзам нинг машҳур замондош авлодлари орасида Ўзбекистон халқ шоири, драматург, ёзувчи, тарихчи, таржимон, тележурналист Хуршид Даврон ва машҳур олим, тарихчи-тадқиқотчи, тасаввуф тарихи бўйича етакчи мутахассислардан Комилхон Каттаев бор. Шунингдек марҳум муфтий Усмонхон Алимов ва "Алпомиш", "Гўрўғли" эпик мавзуларида полотнолар цикли ва Ўзбекистонни мадҳ этувчи бир қатор ажойиб картиналарни яратган Ўзбекистон Халқ рассоми Муборак Йўлдошевлар Маҳдуми Аъзамнинг авлодлари ҳисобланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Малайзия илмий муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон халқаро ислом академияси (ЎХИА) биринчи проректори – Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Давронбек Мақсудов ва Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти (МИЦИ) директори Фариза Шам ўртасида видео-мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни режалаштириш масалалари, МИЦИ директорининг жорий йил октябрь ойидаги Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалга ошириш механизми муҳокама қилинди.
Хусусан, диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантиришга йўналтирилган қўшма илмий тадқиқотлар амалга ошириш, тадқиқот натижалари ва илмий ишларни нашр этиш, Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, туризм, ахборот технологиялари ва бошқа ўзаро қизиқиш бўлган йўналишларда профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, конференция, семинар ва маърузалар ташкил этиш, адабиёт ва рақамлаштирилган қўлёзмалар алмашинувини йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида томонлар ишлаб чиқилаётган Ҳамкорлик меморандуми лойиҳасини муҳокама қилиб, унинг мазмундорлиги ва амалий аҳамияти билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқди.
Жумладан, ҳар йили ўтказилиши кўзда тутилаётган “Марказий Осиёлик мусулмон алломалар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияни Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, ЎХИА ва МИЦИ ҳамкорлигида ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Шунингдек, Малайзия вакили тарихий қўлёзмаларни ўрганиш, уларни қайси даврга оидлигини аниқлашда радиокарбон усулини қўллаш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва классификация қилишда “Big Data” (катта ҳажмли маълумотлар) имкониятларидан фойдаланиш каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этди.
Музокаралар якунида экспертлар даражасида ишчи гуруҳ тузиш, 2022 йилнинг биринчи чорагида Ҳамкорлик меморандумини имзолаш ва пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашганидан сўнг ўзаро ташрифларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Мазҳабсизлик
Ҳозирги кунда Ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг шуҳрати янада кенг ёйилаётганлиги ҳаммага маълум. Aммо буни кўра олмайдиганлар томонидан бунга қарши турли найранглар ўйлаб топилаётганлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Мусулмонлар орасида фитна қўзғаб, ўзаро келишмовчиликларни келтириб чиқариш ва жамият ҳаётида барқарорликни издан чиқаришда исломни нотўғри талқин қилиб, унинг номидан турли нотўғри ғоя ва оқимларни пайдо қилиш энг сермаҳсул қуролга айланиб қолди. Aйни шу асосда мазҳабсизлик муаммоси ҳам пайдо бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас.
Халқимиз бир неча асрлардан бери ҳанафийлик мазҳабига амал қилиб келади. Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган. Мазҳабсизлик ҳақида Рамазон Бутий “Мазҳабсизлик - Ислом шариатига таҳдид солиб турган энг катта бидъат” деб айтганлари бежиз эмас эди. Ҳозирги кунимизда ҳали ҳам юртдошларимиз ичида билиб-билмай ушбу ғоянинг таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд бўлиши бу ғояни диний-маърифий асосда чуқур ўрганиб, унинг асл моҳиятини очиб бериш, уни одамларга, халқимизга тўғри тушунтириб бериш ва шу йўл билан мазҳабсизлик салбий оқибатларини олдини олиш бугунги кундаги муҳим ва долзарб вазифалардан бўлиб қолмоқда.
Мазҳабсизлик жамият ҳаётида ихтилоф ва жанжалларни келтириб чиқаради ва бунинг натижасида турли радикал оқимларга мойил “кадрлар” етишиб чиқади. Бирдамлик ва барқарорликка салбий таъсир етади. Бугунги кунда мазҳабсизликнинг олдини олишнинг маънавий, диний ва маърифий асосларига алоҳида аҳамият бериш лозим.
Чортоқ туман бош имом-хатиби
Абдуғофур Фозилов
Етимга меҳрибонлик қилиш қалбдаги қаттиқликни кетказади
“Меҳрнинг тафтини туйганмисиз”, “Бирор марта меҳрдан тўйганмисиз?”
Табиийки, кўпчилигимиз бу саволларни ўқиб ҳайрон бўламиз. Чунки ҳаммамиз ота-онамиз, яқинларимиз меҳрига тўйиб, жаннатмонанд Ватанимиз тафтини туйиб яшаяпмиз. Яъни бизларга меҳр бегона эмас. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин.
Динимизда етимларга ёрдам бериш қадрлаган шарафли ва ниҳоятда савоби улуғ амаллардан. Уларга таом бериш, кийим-кечак улашиш, таълим ва тарбия бериш энг хайрли ишдир.
Ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмакка муҳтож, ота-онасидан айрилган етимларга икки карра кўпроқ меҳр улашиш динимизнинг асосий кўрсатмаларидан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:“Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир”, дедилар(Имом Ибн Можа ривояти).
Бежиз Саҳл розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ва етимни кафиллигига олган киши жаннатда мана шундай бўлади”, дедилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларига ишора қилиб, бу бармоқлари орасини бир-бирига яқин тутдилар”, демаганлар(Имом Бухорий ривояти).
Шу ўринда айтиш жоиз, Самарқанд тумани “Хўжа Аҳрори Вали” жоме масжиди имом-хатиби Ёқубжон домла Мансуров бошчилигида бир гуруҳ саҳоватпеша инсонлар “Самарқанд Мурувват” номли жамоага бирлашди. Бундан мақсад эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, етим болалар ва ногиронларга моддий ёрдам кўрсатиш, сахий инсонларни ушбу хайрли ишга даъват этишдир.
Ҳозирги кунга қадар жамоа минглаб оилалар камчиликларини бартараф этиб келмоқда.
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги билан вилоят ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда Самарқанд туманидаги Пулмуғоб маҳалласида 12 нафар етим болаларга янги қурилган уй ўз эгаларига топширилди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло етимни кафилликка олишни яхшиликлар қаторида санаб бундай деган: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга... яхшилик қилинглар” (Нисо сураси, 36-оят).
Етимнинг бошини силаш, унга меҳрибонлик қилиш қалбдаги қаттиқликни кетказади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга қалби қаттиқлигидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Агар қалбинг юмшашини хоҳласанг, мискинга таом бер ва етимнинг бошини сила!”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти.
Азиз юртдошлар, ниятимиз сахий инсонларнинг хайрли ишларини ўрнак сифатида кўрсатишдир. Асло уларнинг савобли амалларини кўз-кўз қилиб, риёга йўйиш эмас.
Аллоҳ таоло барчамизни эҳсон қилувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кишилардан бўлишимизни насиб этсин!
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати