muslim.uz
Юсуф Даврондан савол: Агар сизлар Аҳли сунна бўлсангиз, нега Ашъарий ва Мотуридийга ажралгансизлар?
Пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
“Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари” китобининг араб ва инглиз тилларидаги таржимаси тақдим этилди
Ўзбекистоннинг Қоҳира шаҳридаги элчихонаси томонидан Миср Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, ливанлик ижодкор Тағрид Фаёд ва дипломатия ваколатхонага бириктирилган Қашқадарё вилояти фаоллари билан ҳамкорликда мамлакатимиздан ташриф буюрган ёш ёзувчи ва шоирлар учун бадиий кеча ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Тағрид Фаёд ва “Inside Kashkadarya” журнали муҳаррири Асрор Аллаёров шериклигида ўзбек ижодкорларининг араб ва инглиз тилларига ўгирилган шеърларидан иборат “Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Элчихона вакиллари томонидан мустақиллик йилларида, хусусан, сўнгги 5 йил давомида юртимизда турли соҳаларда эришилган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг очиқ ва дўстона ташқи сиёсати, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани, иқтисодий-ижтимоий соҳаларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган қатор йирик қўшма лойиҳалар тўғрисида маълумот етказилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишга катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Мисрлик ижодкорлар Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, мамлакатимиз заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, жумладан, Қоҳирада Нил дарёси сув ҳажмини аниқлайдиган махсус ўлчагични яратган Аҳмад Фарғоний хизматлари юксак эъзозланиши ва чуқур ҳурмат билан тилга олинишини алоҳида мамнуният билан кўрсатиб ўтди.
Тағрид Фаёд ушбу тадбир шукуҳи ва мазмунига кўра аввалгиларидан тубдан фарқ қилганини таъкидлаб, бундан кейин ҳам биргаликда ўзбек адиблари асарларини араб тилига таржима қилиш ҳамда адабиёт орқали араб ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида фаол саъй-ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирди.
Анжуманда ўзбекистонлик адабиёт соҳаси вакиллари ўртасида баҳру-байт мусобақаси ҳам ташкил этилди.
Шунингдек, бадиий кеча давомида ўзбек халқ мусиқаси ва рақслари ижро этилди, миллий тансиқ таомлар тақдим этилди.
Тағрид Фаёд Миср Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, таржимон:
- Ушбу адабий-маърифий кечада берилган маълумотлар мени жаҳон адабиёти намуналари орасидан ҳақли равишда муносиб ўрин олган ўзбек мумтоз адабиёти дурдоналарини араб тилига таржима қилишга ундамоқда. Айни пайтда “Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари” китобига киритилган асарларни араб тилига таржима қилиш жараёнида халқингизнинг бетакрор маданияти, маърифати ва меҳмондўстлигини ич-ичимдан ҳис қилганлигимни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Шунингдек, ушбу шеърлар орқали Қашқадарё, Хоразм, Андижон каби ҳудудларнинг ўзига хос табиати, гўзал манзаралари бутун вужудимни ўзига чорлади.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан биргаликда ўзбек мумтоз адабиёти дурдоналарини араб тилига таржима қилишга тайёрлигимни билдирмоқчиман. Зеро ушбу ҳамкорлик орқали халқларимиз бир-бирларини яқинроқ ўрганади, мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ришталари эса янада мустаҳкамланади.
Маҳрус Амир, “Kеnooz Arabia” газетаси бош муҳаррири, ёзувчи:
– Ўзбекистондан Мисрга келган ижодкорлар делегацияси аъзолари ўзбек халқи маданияти ва бой илмий-маърифий мероси ҳақида маълумотлар тақдим этди. Мен ўзбек адабиёти нақадар юқори чўққиларга эришганини ҳис қилдим.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон бой ва қадимий тарихга эга буюк давлатдир. Ўзбекистон араб мамлакатларидан географик жиҳатдан олисда жойлашган бўлсада, бугунги тадбир сингари турли маърифий-бадиий анжуманлар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган бадиий китоблар таржимасини амалга ошириш тажрибасини бундан кейин ҳам давом эттиришга тайёрмиз. Шубҳасиз, таржима йўналишидаги ҳамкорлик маданий-гуманитар соҳалардаги мавжуд алоқалар кўламини янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Тақводор бўлишга интилайлик
Аллоҳ таоло Мўминун сурасининг 17-оятида: “Биз устингизда етти йўлни пайдо қилдик. Биз (яратишда) махлуқотдан ғофил бўлган эмасмиз”, деб марҳамат қилган. Муфассирлар бу оятдаги “етти йўл” иборасига етти қават осмон деб маъно беришади. Тариқат машойихлари эса уларга маънавий камолотга эришиш йўллари, босқичлари сифатида изоҳ берадилар. Жумладан, мазкур йўллардан бешинчиси “ториқи амсалукум”, яъни мўминларга намуна бўладиган солиҳлар йўли деб айтилади. Яъни, мусулмонлар имон-эътиқодда, тоат-ибодатда бошқаларга намуна бўладиган (солиҳлар)дан ибрат олишлари лозимдир.
Солиҳлар аввало фойдали илм эгаллаганлари, илмларига ихлос ва самимият, яхши хулқ билан амал қилганлари фазилатлидир. Демак, мусулмонлар илм талаб қилишда, чиройли хулқ касб этишда солиҳ кишиларга эргашмоқлари, улардан ўрганмоқлари керак. “Билмаганларингизни зикр аҳлидан сўранг”, деган мазмундаги ояти каримада ана шу маъно назарда тутилган (Анбиё сураси, 7-оят). Солиҳ зотларнинг энг юксак фазилати тақводорликдир. Оддий мусулмонлар тақводорларга эргашишлари керак. Ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг". Улуғларга кўра, ушбу оятни: “То ҳаёт экансиз, албатта тақводор бўлишга интилинг, тақводор бўлмасдан ўлманг” (Оли Имрон сураси, 102-оят), деб таъвил қилиш жоиздир. Кейинги оятда эса: Ҳаммаларингиз Аллоҳнинг арқонига боғланингиз”, дейилган. (Оли Имрон сураси, 103-оят). Яъни, оятга тақводор бўлиб, “Аллоҳнинг арқонини (Қуръонни) маҳкам тутсангиз, ҳалокатдан сақланиб қоласиз”, деб маъно бериш мумкин. Бу оятлар замирида тақводорларга берилган ваъда ҳам яширин.
Ушбу оятлар таъкидланган амр-буйруқлардир. Уларни бажарсаларингиз, жазоланмайсизлар. Бу маъно оятдаги ваъдадир. Аллоҳу таоло ваъдасини ҳеч қачон бузмайди. Ушбу “арқон”нинг асосида Аллоҳ таолонинг илми, охирида инсонлар, ўртасида эса пайғамбарлар турибди.
Муддассир сурасида зикр этилишича, бузғунчи Муғийра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга зўравонлик қилиб, у зот ушлаб турган арқонни узишга уриниб кўради. Шунда Аллоҳ таоло унинг шох томирларидан бирини узишининг хабарини беради. Шунинг учун кимки бу арқонни узаман деса, унинг шох томирларидан бири узилади.
Абдулҳаким БОТИРОВ,
Чироқчи тумани
Муфтий ҳазратлари Андижондаги “Бурҳониддин Марғилоний” масжиди янги биноси қурилишини кўздан кечирдилар
Андижон вилояти сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров Бўстон туманидаги “Бурҳониддин Марғилоний” жоме масжиди янги биноси қурилиши билан яқиндан танишдилар.
Маросимда уламолар, имом-хатиблар, ҳожи отахонлар, масжид қавми, уста-муҳандислар иштирок этди.
Муфтий ҳазратлари маросим давомида охирги йилларда юртимизда кўплаб масжидлар очилиб, обод бўлётгани, мўмин-мусулмонларга барча шароит яратилаётгани ҳақида сўзлаб, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг давоми сифатида ана шундай хайрли ишлар амалга оширилаётгани, айниқса, ёшларнинг таълим-тарбияси, илм олиши бугунги кунда алоҳида эътибор қилинаётганини таъкидладилар. Шунингдек, мутасадди вакилларга масжид қурилиши бўйича зарур тавсия бердилар.
Маълумот учун, Андижон вилояти Бўстон туманидаги “Бурҳониддин Марғилоний” жоме масжидининг қурилиши 1988 йили бошланиб, 1990 йилда ҳашар йўли орқали битказилди. Эски масжид хонқоси 250 ўринли, умумий масжид сиғими 400 ўринли сиғимга эга бўлган.
Янги масжид биноси қурилиши 2021 йил 15 майда бошланиб, келгуси 2022 йили якунланиши режа қилинган. Унинг хонқоси сиғими 2000 нафар, умумий сиғими 3500 нафар намозхон бир вақтнинг ўзида ибодат қилиши мумкин бўлади.
Шунингдек, масжидда масжидда аёллар учун алоҳида намоз ўқиш учун бино бор. Бундан ташқари, имом хатиб, имом ноиби, мутавалли, қоровулхона учун алохида бино мавжуд.
Масжиднинг янги таҳоратхонасида 2021 йил март куни битказилиб бир вақтнинг ўзида 50 нафар одам фойдаланиши мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати