muslim.uz

muslim.uz

Абдулқодир Абдурраҳим

Тошкент ислом институти

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси

Ақоид фани катта ўқитувчиси

«Гринпис» ташкилотининг янги ҳисоботида айтилишича, Яқин Шарқ, Африкa, Осиё ва Европадаги 10 та йирик масжидларда қуёш панелларини ўрнатиш ҳар йили минглаб тоннагача карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтиришга олиб келиши мумкин.

«Гринпис» ҳисоботида энг йирик масжидларда, жумладан, Маккадаги Масжид ал-Ҳаром ва Мадинадаги Набавий масжидида қуёш энергетикасини жорий этишнинг техник томони батафсил таҳлил қилинган.

Экологлар Глазго Марказий масжиди ва Дамашқдаги Уммавийлар масжидига қуёш панелларини ўрнатишнинг потенциал таъсирини ҳам таҳлил қилдилар.

The National News хабарига кўра, Набавий масжидига қуёш панелларини ўрнатиш учун сарф-харажатларни тежаш йилига 375 000 долларни ташкил этади ва Дамашқ масжиди учун йилига 373 000 доллардан ошади.

Қуёш энергетикасига ўтиш натижасида Набавий масжиди ўз атмосферага ташламаларини йилига 3 199 тонна карбонат ангидридига камайтиради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, аслида қуёш панелларини ўрнатиш арзон нарса эмас, хусусан, Набавий масжиди учун қуёш энергетикасига ўтиш қиймати 3,1 млн долларни ташкил қилади, яъни бу 8 йил ичида масжид учун кетган сарфини қоплаб беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Туризм ва спорт вазирлигининг Зиёрат туризмини ривожлантириш департаменти ҳамда Сурхондарё вилоят Туризм ва спорт Бош бошқармаси ташаббуси билан биргаликда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган зиёрат объектлари ҳудудида 40 дан ортиқ арча кўчати ўтказилди.

Бу борада 2-ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишда аниқ вазифалар белгилаб олинган. Шунингдек, 10-декабрга қадар дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» эълон қилинган.

Давлат раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтарилиши ушбу лойиҳада белгиланган вазифаларни пухта тайёргарлик билан бажаришни тақозо этади.

Биринчи навбатда, мавжуд ва янгидан барпо этиладиган яшил майдонларга туман ёки шаҳар ҳокими томонидан тайинланган мутасадди дарахтларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод сақлашга ҳам масъул ҳисобланади.

"Зиёратгоҳларда ташриф буюрувчилар сонини оширишнинг асосий йўлларидан бири бу- зиёратгоҳлар атрофини ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратишдир. Шу ўринда кўчатлар ўтқазиш атроф-муҳит ландшафтининг ривожланишига, пировадида эса туристлар сони ошишига хизмат қилади",- дейди Зиёрат туризми департаменти директори Ж.Сайидов.

Таъкидлаш жоизки, зиёрат туризмини ривожлантириш департаменти томонидан Сурхондарё вилоятидаги Зиёрат туризми ҳамда маданий мерос объектларида маҳаллий ва хорижий туристлар учун яратилган имкониятлар ҳамда зиёратчилар сонини ошириш юзасидан аниқ таклифлар тайёрлаш мақсадида мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1. Жаннатда жаннат аҳли учун фақат роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлади, у ерда ўлим, касаллик, мусибату ғам-ташвиш бўлмас: «Албатта, жаннат аҳли у кунда (роҳат ва фароғат) иш(лари) билан шоддирлар» (Ёсин сураси, 55-оят).

2. Жаннат аҳли оч ҳам, ялонғоч ва ташна ҳам бўлмаслар: «Шубҳасиз, сен у жойда (жаннатда) оч ва яланғоч ҳам қолмайсан. Шунингдек, сен у жойда ташна ҳам бўлмайсан ва иссиқда ҳам қолмайсан» (Тоҳо сураси, 118-119-оят).

3. Жаннат аҳли салқин сояларда ўтирадилар: «Улар ўз жуфтлари (хотинлари) билан бирга сояларда, сўриларда суяниб ўтирурлар» (Ёсин сураси, 56-оят).

4. Жаннат аҳлига Аллоҳ таолонинг саломи бўлади: «(Уларга) раҳмли Парвардигор (томони)дан салом (айтилур)» (Ёсин сураси, 58-оят).

5. Жаннат аҳли Аллоҳни кўрадилар: «У кунда баъзи юзлар яшнаб турувчи, Парвардигорларига боқувчидир» (Қиёмат сураси, 22-оят).

6. Жаннат аҳли жаннатда хурсандчиликлар қиладилар: «Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равза (жаннат)да хурсандчилик қилурлар» (Рум сураси, 15-оят).

7. Жаннат аҳли беҳуда гап-сўзларни эшитмаслар, уларга ўзлари истаган ризқлар пайдо бўлади: «У жойда улар беҳуда сўз эшитмаслар, балки «салом» (сўзини эшитурлар). У жойда улар учун эртаю кеч ризқлари ҳозирдир» (Марям сураси, 62-оят).

8. Жаннат аҳли жаннатда безаниб оладилар: «...Улар у жойда олтин билакузуклар ва марваридлар билан безалурлар, либослари эса ҳарир (ипак) бўлур» (Ҳаж сураси, 23-оят).

9. Жаннат аҳли турли хил ширин мевалар истеъмол қиладилар: «...Ризқ этилган мевалардан ҳар гал тановул қилганларида: «Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!» – дейдилар. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди...» (Бақара сураси, 25-оят).

Жаннатдаги ноз-неъматларнинг ташқи кўриниши худди бу дунёдагига ўхшаш бўлиб, мазасининг тотлилиги билан фарқ қилар экан. Жаннат аҳли тановул қилмай туриб: “Бу олдин (дунёда) тановул қилган нарсаларимизнинг ўзи-ку!” дер эканлар. Еб кўрганларидан кейин эса, жаннат меваларининг мислсиз тотли эканига амин бўладилар.

10. Жаннат аҳли баланд кўрпачалар устида ўтирадилар: «(Улар) тикансиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, ёйиқ соя (ости)да, оқизиб қўйилган сув (бўйи)да, кўплаб мева (узра)ки, (улар) туганмас ва ман этилмасдир. Шунингдек, (улар) баланд тўшалган кўрпачалар (усти)дадирлар» (Воқеа сураси, 28-34-оят).

11. Жаннат аҳли пок шароб ичадилар: «Устиларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безанган бўлурлар ва Парвардигорлари уларга пок шароб ичирур» (Инсон сураси, 21-оят).

12. Жаннат аҳли сут, май ичадилар, асал ва мевалар ейдилар: «Тақволи зотлар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (сифати будир): Унда айнимас сувдан иборат анҳорлар ҳам, таъми ўзгармас сутдан иборат анҳорлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли (ақлдан оздирмайдиган) майдан бўлмиш анҳорлар ҳам ва мусаффо асалдан иборат анҳорлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (у жойда) Парвардигорлари (томони)дан мағфират бордир» (Муҳаммад сураси, 15-оят).

13. Жаннат аҳли кўрпачалар устида, ёстиқлар узра ястаниб ўтирадилар: «(Жаннат аҳли) астарлари шойидан бўлган кўрпачалар узра ястанган ҳолда (ўтирурлар)» (Раҳмон сураси, 54-оят). (Жаннат аҳли) яшил ёстиқлар ва гўзал гиламлар узра ястанган ҳолларида (ўтирурлар) (Раҳмон сураси, 76-оят).

14. Жаннат аҳли Аллоҳ таолога ҳамд айтадилар. ...(Шунда) айтурларки: «Ушбу (ҳидоят)га бизни бошлаган Аллоҳга ҳамд (айтамиз). Агар бизни (Ўзи) бошламаганида, тўғри йўлни топа олмаган бўлур эдик. Раббимизнинг пайғамбарлари ҳақиқатни келтирган эканлар». Уларга нидо қилинурки: «Мана шу – жаннат. Қилган (савобли) амалларингиз сабабли у сизларга мерос қилиб берилди» (Аъроф сураси, 43-оят).

 

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни жаннат боғларида тақводор ва солиҳлар билан бирга қилишини, Ўз раҳмати билан ўраб олишини ҳамда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шафоатларига ноил  қилишини сўраб, дуолар қиламан. Омин Я Роббал Аъламийн.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Top