muslim.uz

muslim.uz

Маккадаги “Масжидул Ҳаром” зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун интеллектуал технологиялар, жумладан, сенсор экранли роботларни тақдим этмоқда, деб хабар бермоқда “Сауди Пресс” ахборот хизмати.
Тўрт ғилдиракли робот ҳожиларнинг ҳаж амалларини бажаришига ёрдам беради, йўл-йўриқ кўрсатади ва саволларига жавоб беради.

Роботлар тезкор таржимон бўлиши билан бирга, зиёратчилар билан масофавий алоқани амалга оширади.
Масофадан бошқариладиган сунъий интеллект 11 тилда, жумладан араб, инглиз, француз, рус, форс, турк, хитой, бангал ва ҳауса тилларида ҳаж амаллари ҳақида маълумотлар бера олади.

Мазкур ускуна 21 дюймли сенсор экранга эга бўлиб, у ташриф буюрувчиларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилишда ҳам қўлланилади.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Аждодларимиз оилага ана шундай таъриф беришган. Чунончи, инсоният­ тараққиёти давомида у энг муҳим ижтимоий ҳодиса, чинакам қадриятга айланган.

Бизга ҳеч ерда оиламиздагичалик интиқ бўлишмайди. Ҳеч бир маконда ўзимизни оила даврасидагидай хотиржам, хушвақт сезмаймиз. Ютуқларимиздан энг кўп севиниб, ғурурланадиганлар ҳам, аввало, яқинларимиз – ота-онамиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиздир. Йўлдан тойсак – йўллайдиган, қийналсак – кўмакка шошилиб, қўллайдиганлар ҳам шулар.

Оила – муқаддас даргоҳ. Биргина шу муқаддас сўзининг оилага нисбатан ишлатилишида чуқур маъно ва моҳият мужассам. Зотан, миллатнинг эртанги кунига дастлаб оилада пойдевор қўйилади, унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи авлод шаклланади, миллий маданият, урф-одатлар, ахлоқий-маънавий қадриятлар асраб-авайланади, жамият тараққиётининг иқтисодий фаровонлик ва маданий юксалишларига асос солинади, мустаҳкамланади.

Инсонга хос бўлган чинакам ҳаётни, фаровон ва бахтли турмуш шароитини мана шу амалларсиз тасаввур этиб бўлмайди, албатта. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор экан, биз кўзлаган мақсадларга эришишда ҳаётимизнинг таянчи ва суянчига айланган оиланинг ўрни бениҳоя каттадир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики: “сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.

Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада эркак кишининг масъулияти алоҳида қайд этилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир”, деган.

Эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

“...Улар билан тотув турмуш кечирингиз...”.

Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сизларнинг ичингиздаги яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.

Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсондан холи эмас. Шундай экан, эркаклар ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом бўлишлигини кўзда тутган ҳолда уларга панду насиҳат қилиб туришлик буюрилади.

Пайғамбармиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар.

“Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа хулқини ёқтириши мумкин”.

Маълумки, мамлакатимизда аёлларни ҳуқуқи тўла тўкис ҳимоя қилинади. Чекка-чекка қишлоқларимизда ҳам аёлларни соғлиғини тиклаш, шифохоналарни ташкил қилингани, барча ижтимоий сиёсий соҳаларда уларнинг фаол қатнашиб келаётгани бунинг ёрқин мисолидир. Аёллардан катта ва кичик раҳбарлар, тадбиркорлар, сиёсат арбоблари, фан докторлари ва ҳатто Ўзбекистон қаҳрамонлари мавжудлиги дилимизни қувонтиради, албатта.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-кўйга чиқариб, ҳатто мардикорчилик қилишга ҳам мажбур қилаётганликлари ҳам сезилмоқда. Бундай холатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳажжатул Вадоъ хутбасда эркакларга мурожаат қилиб шундай дедилар: “Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, дарҳақиқат, улар сизнинг ёрдамчиларингиз бўлиб, сизларнинг улардаги ҳаққингиз шундан иборатки, сизнинг уйингизга сиз ёқтирмаган бирорта кимса бостириб киришига йўл қўймаслик. Борди-ю, шундай қилсалар уларни жароҳат етказмайдиган қилиб уришиб қўйингиз! Ўз навбатида сизлар ҳам уларни яхшилик билан едириб, кийдирингиз”.

Фарзандларни одатда оналар эмизиб тарбия қиладилар. Моддий таъминот бўйича аёл эридан унинг тоқати етмайдиган нарсаларни талаб қилиш мумкин эмас. Уламоларимиз айтадиларки, эрининг топганига қаноат қилмасдан, ундан янада кўпроқ нарсалар талаб қилган аёллар гуноҳкор бўладилар.

Жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, юртимиздаги маънавий ўзгаришлар асосида ривожлантириш, нуфузини оширишга доир режалаштирилган дастурларни бажаришда жамиятнинг барча институтлари, айниқса, ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар ҳам ўз имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда фаол иштирок этмоқда.

Оила фаровонлиги маҳаллада ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашда ва жамият тараққиётида муҳим омил ҳисобланади. Қолаверса, минг йиллар давомида маҳаллаларда ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, кам таъминланган, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабар олиш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам елкадош бўлишдек халқимизга хос урф-одат ва анъаналар шаклланган ва ривожланган. Бир сўз билан айтганда, маҳалла оиланинг асосий таянчи ва суянчи бўлиб келган.

Мустақиллик туфайли халқимизнинг бу анъаналари яна ҳаётга қайтди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи – маҳалла институтини ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш, мавқеини мустаҳкамлаш, нуфузини ошириш учун барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилди. Натижада фуқаролар йиғинлари қошида оилалар аҳволи билан яқиндан таниш, уларга ўз вақтида моддий-маънавий кўмак бера олувчи, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаровон турмуши, маънавий-маърифий дунёқарашига самарали таъсир кўрсатувчи ўзига хос демократик дарсхона шаклланди.

Инсон табиатидаги энг яхши фазилатлар, дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезонлар аввало оила, маҳалла, қолаверса, мактаб бағрида куртак ёзади. Ҳар бир боланинг эртага қандай инсон бўлиб вояга етиши, иқтидорининг шаклланиши мана шу уч муҳим бўғин ҳамкорлиги ва таълим-тарбиясига боғлиқ. Барчамизга яхши маълум, таълимни тарбиядан, тарбияни таълимдан айро ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Эртанги кунимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етишида нафақат ота-она ёки ўқитувчи, балки қўни-қўшни, маҳалла-кўй ҳам бирдек жавобгар.

Оиладаги унча-мунча катта-кичик гаплар, баъзи кечирса бўладиган хатоларга кўп хам эътибор бермаслик, ундан улкан иш ясамаслик лозимдир. Шунда, иншоаллоҳ, фарзандларимиз одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли бўлиб тарбияланадилар. Ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиздир.

Хуллас, оила бошлиқлари, яъни ота-оналар намунали, аҳил оила қурсалар, фарзандларнинг тарбияси ҳам осон бўлади. Бинобарин, оиланинг муқаддас даргоҳ эканини ҳеч қачон унутмаслик лозим.

 

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар имом-хатиби ўринбосари

Бугун, 18 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ таниқли уламолар пойтахтимиз масжидларига ташриф буюриб, пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этгандан сўнг мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб беришади.

Қуйида уламолар пешин ва хуфтон намозларига борадиган масжидлар рўйхати билан танишишингиз мумкин:

Шайхонтоҳур туманидаги “Фирдавс” масжидига пешинга, Олмазор туманидаги “Мунаввар қори” жомесига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи ўринбосари Аброр домла Мухтор Алий;

Яшнобод туманидаги “Холид ибн Валид” масжидига пешинга, тумандаги “Аҳмад Яссавий” жомесига хуфтонга Яшнобод тумани бош имом-хатиби Фазлиддин домла Аллаёров;

Яккасарой туманидаги “Усмон ибн Мазъун” масжидига пешинга, тумандаги “Яккасарой” жомесига Чилонзор тумани бош имом-хатиби Эргаш домла Рустамов;

Юнусобод туманидаги “Мирза Юсуф” масжидига пешинга, Яккасарой туманидаги “Раҳимжон ҳожи ота” жомесига Учтепа тумани “Маҳкам ота” масжиди имом-хатиби Муҳаммадбобур Йўлдошев;

Мирзо Улуғбек туманидаги “Тўра бува” масжидига хуфтонга, Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби Исмоил домла Муҳаммад Содиқ;

Мирзо Улуғбек туманидаги “Доруломон” масжидига пешинга, тумандаги “Оққўрғон” жомесига хуфтонга Яккасарой туманидаги “Ракат” масжиди имом-хатиби Роббимқул домла Муҳаммадиев;

Олмазор туманидаги “Масжидус-салом” масжидига пешинга, тумандаги “Абу Бакр Қаффоли Шоший” жомесига хуфтонга Шайхонтоҳур тумани “Доруссалом” масжиди имом-хатиби Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров;

Яшнобод туманидаги “Али Ибн Абу Толиб” масжидига пешинга, тумандаги “Ал-Худайбия” жомесига Тошкент шаҳридаги "Камолиддин Ориф ал-Бухорий" масжиди имом-хатиби Закариё домла Ҳафизуллаев;

Олмазор туманидаги “Сафабой ота” масжидига пешинга, тумандаги “Ҳофиз Кўҳакий” жомесига хуфтонга Тошкент шаҳар “Ал-Ҳудайбия” масжиди имом-хатиби Муродулла домла Хуназаров.

Аллоҳ таоло уламоларимизнинг суҳбатини манфаатли ва давомли қилсин!

 

 

АҚШнинг Техас штатидаги Хьюстон шаҳри шу йил 12 декабрь куни VIII ислом санъати фестивалини ўтказишга мезбонлик қилади. Унда Техас шаҳридаги “Ас-Салом” масжидида жонли равишда бўлиб ўтади. Барча хоҳловчилар фестивалга масофадан туриб иштирок этиши мумкин.

Фестивалда АҚШнинг турли вилоятларидаги ҳунармандлар томонидан ишланган санъат асарлари намойиш этилади. Унда ташриф буюрувчилар ўзлари ёқтирган асарларни сотиб олиши мумкин.

Техас штатининг Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтадиган VIII ислом санъати фестивали доирасида болаларга хаттотлик ва бошқа ислом санъатларини ўргатиш бўйича махсус дарслар ташкил этилади.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

"Дуода қўлларни юқорига кўтариш бандаликка оид хусусиятдир. Кўзлар осмонга қаратиш ҳикматини Аллоҳнинг ўша тарафда эканлиги билан боғлиқ эканлигига ишонган киши, намозда ва шунга ўхшаш (сажда) вақтида назарини ерга қаратганда Аллоҳнинг Ернинг остида эканлигига ишонган киши кабидир.


Яна у намозда Қиблага юзланиш учун тўғрига ёки ғарбга, ёки ҳаж ибодати учун Маккага юзланган киши Аллоҳнинг ўша тарафда эканлигига ишонган кишига ўхшаб қолади.
Аллоҳ таоло эса бу нарсаларнинг барчасидан покдир. Аллоҳ таоло наздида ҳеч бир тараф бошқа тарафдан янада яқин ёки илми билан қамраб олишга қулайроқ эмас. Махлуқотлар Унга етишиши учун бирор тарафни танлаш қудратига эга эмаслар... Ҳеч бир кишининг зеҳнида тарафларнинг бири ёки бошқаси орқали Унга етишиш фикри келмайди, фақатгина Аллоҳни тўғри танимаган кишигина (бундай адашиши мумкин)"

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг "Ат-Тавҳид" китобидан

Изоҳ: Сохта салафийлар Аллоҳ таолонинг юқори тарафда эканлигини исботлаш учун "дуоларимизда қўлимизни осмонга кўтарамиз" деб ақлий далил келтирмоқчи бўлади. Ваҳоланки, уларнинг ўзлари динда ақлий далилларга суянмаслик кераклигини даъво қиладиган кишилар эди.
Ана шундай кишиларнинг "ақлий" далилларига Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ юқоридагидек фикрлар билан раддия берадилар.

manba

Top