muslim.uz

muslim.uz

Бутунжаҳон мусулмонлар лигаси Expo 2020 Dubai кўргазмасидаги павильонида пайғамбарлар ҳаётига бағишланган кўргазма очди, деб хабар бермоқда ArabNews.

“Гўё сиз пайғамбарларни кўраётгандек” деб номланган кўргазмада пайғамбарлар ва набийларнинг таржимаи ҳоллари, шунингдек, улар инсониятга олиб келган ғоялар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш учун энг сўнгги технологиялардан фойдаланилди. 

Қуръонда зикр қилинган 25 нафар пайғамбар ва набий ҳақидаги маълумотлар араб, инглиз, француз, иброний ва индонез тилларида тақдим этилади.

Кўргазмадан ўрин олган “Инсониятга сизнинг номангиз” номли интерактив светодиод девор ирқий тафовутларни олиб ташлаш, салбий маданий зиддиятларни бартараф этиш ҳамда одамларнинг эркинликда яшаш ҳуқуқи тушунчасини чуқурлаштиришга қаратилган бўлиб, ҳамжиҳатликда яшашнинг муҳимлигини таъкидлайди.

 

azon.uz

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла Холиқназаров

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти – ISESCO бош директори доктор Салим бин Муҳаммад ал-Малик ва Марокаш Қироллигидаги Ёшлар, маданият ва коммуникация ишлари вазири Муҳаммад ал-Маҳди Бинсаид ISESCO нинг ислом дунёси маданий пойтахтлари дастури доирасида 2022 йили араб минтақасидан Марокаш пойтахти Работ шаҳрига ислом маданий пойтахти мақоми берилгани муносабати билан келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида суҳбат олиб борди.

Вазирликнинг Работдаги қароргоҳида бўлиб ўтган йиғилишда 2022 йилда ушбу муносабат билан тантанали халқаро анжуманни ташкиллаштириш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Мазкур анжуманга ҳозирлик кўриш мақсадида шу йил 22 ноябрида ўтказилаётган йиғилишда Марокаш ҳукуматидаги барча вазирлик секторлари вакиллари ва Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти – ISESCO вакиллари қатнашади.

Учрашувда Марокаш Қироллигидаги маданият вазирлиги томонидан энг йирик маданий тадбирлардан бири ҳисобланган китоб ва нашр ишларига оид халқаро кўргазмани Работ шаҳрида ўтказиш таклифи муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар ISESCO халқаро ислом ташкилоти томони билан Марокаш Қироллиги Ёшлар, маданият ва коммуникациялар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириладиган маданият ва меросга оид қатор лойиҳалар, халқаро ташкилот ва вазирлик ҳамкорлигида бир неча маданий тадбирларни ўтказиш масалалари тўғрисида ҳам келишиб олинди.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Абдусамад домла ЖЎРАҚУЛОВ

Тошкент тумани "Ҳамд" жоме масжиди имом-хатиби 

Кун тарихи

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган кун.

Бугун давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири – мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 30 йил тўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.

Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз.

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муборак белгидир. Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.

Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.

Байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир. Байроқдаги оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.

Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.

Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.

Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шарт.

Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!

Муҳаммади ҚОРАЕВ

Top