muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, юртимиздаги масжидлар сони яна биттага кўпайди. Бугун Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида "Жўра Хатиб бобо" номли янги жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят бош имом-хатиби Тоҳир домла Рўзиев, Навбаҳор тумани ҳокими Л.Облоқулов, туман бош имом-хатиби Ф.Тошев ва маҳалла фуқаролари, нуроний отахонлар қатнашди.

Навоий аҳли ушбу янги масжидда илк жума намозини адо этдилар. Янги қурилган жоме барча намозхонларнинг қалбига чексиз қувонч, ўзгача кўтаринки хурсандчилик бағишлади.

Замонавий дизайн ва миллий услуб уйғунлигида бунёд этилган муҳташам масжидда мўмин-мусулмонлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Айниқса, масжид хонақоҳи ёруғ ва кенг, таҳоратхонаси эса шинам ва барча қулайликларга эга. Жоме 500 дан ортиқ намозхонни сиғдира олади.

Масжид хонақоҳи ўртасидаги гумбазнинг ички тарафи анъанавий нақшлар билан безатилган ҳамда Қуръони каримнинг учдан бирига тенг "Ихлос" сураси битилган. Меҳробнинг атрофига "Оятул Курси", ўнг томонига "Аллоҳ", чап томонига эса "Муҳаммад" лафзи туширилган.

Маълумот учун, эндиликда юртимиздаги масжидлар сони 2099 тага, Навоий вилоятидаги масжидлар сони эса 81 тага етди.

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

 

vendredi, 05 novembre 2021 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти Чуст тумани "Саид Насимхон тўра" жоме масжиди имом-хатиби Ҳафизуллоҳ қори домланинг вафотлари муносабати билан уларнинг яқинлари ва оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.
Устоз Хафизуллоҳ қори домла 1959 йил Наманган вилояти Чуст туманида таваллуд топган. Чуст шаҳридаги "Мавлоно Лутфуллоҳ" жоме масжидида бир неча йиллар имом-хатиб вазифасида хизмат қилган. Кейинчалик "Саид Насимхон тўра" жоме масжидида дин йўлидаги хизматини давом эттирди. Ўнлаб қори ва муллаларни тарбия қилган улуғ устоз эди.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган марҳумнинг дин хизмати йўлида қилган барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Аллоҳ таоло марҳумнинг аҳли-аёли, фарзанду набираларига сабр бериб, бу мусибатга ажру мукофотлар ато этсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муқаддас динимизнинг соф исломий таълимотини юртимиз мўмин-мусулмонларига асл ҳолича етказиш, Ислом маърифатини кенг ёйиш, буюк аждодларимизнинг бебаҳо дурдонларини ёшларимизнинг онгу шуурига сингдириш, халқимиз, айниқса, навқирон авлод вакилларини муқаддас қадриятларимизга зид турли ёт ғоялардан асрашда имом-хатибларнинг ўрни бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этиб боряпти.

Бугун чет давлатларга таълим олиш, саёҳат қилиш ва ишлаш учун бораётган ватандошларимизни огоҳликка чорлаш, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда ўзларининг радикал чиқишлари билан кишини чалғитувчи ғаразли кимсалар даъватларидан эҳтиёт бўлишга ундашда имом домлаларнинг хизматлари таҳсинга сазовор.

Ана шу жабҳаларда фаоллик кўрсатган, Тошкент вилояти имом-хатибларининг бошини қовуштириб, улар билан ҳамжиҳатликда ишлаётган, кўплаб масжидларнинг обод бўлишига хизмат қилаётган Жасурбек домла Рауповни куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров мақтов ёрлиғи билан тақдирлади.

Албатта, бу Жасурек домланинг камтарона хизматларига муносиб рағбатдир.

Меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Тошкент вилояти бош имом-хатибининг мақтов ёрлиқ билан тақдирланиши яна бир қувончли воқеанинг дебочаси бўлди.

Гап шундаки, бугун, яъни, 2021 йил 4 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ўртасида “Йил имоми – 2021” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўти.

Кўрик-танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган имом-хатиблар баҳслашдилар.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасга кўра, энг юқори балл тўплаган Тошкент вилояти Пискент тумани “Собирхон ота” жоме масжиди имом-хатиби Суннатилла домла Эрназаров биринчи ўринни қўлга киритди.

Бу ютуқ нафақат “Собирхон ота” масжиди жамоасининг ёки Пискент тумани мўмин-мусулмонларининг, айни пайтда Тошкент вилоятининг ҳам муваффақиятидир.

Суннатилла домла 2000 йилдан бери Пискент туманидаги “Собирхон ота” жоме масжиди имоми бўлиб ишлаб келмоқда. Ўтган давр мобайнида у жума мавъизаларида, иккала ҳайит ва бошқа турли тадбирларда халқимизга соф Ислом таълимотини етказишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги жамоаси ҳамда вилоятдаги шаҳар ва туманлар бош имом-атиблари, масжидлар имомлари, отинойилар номидан Жасурбек домла Раупов ҳамда Суннатилла домла Эрназаровни қўшалоқ мукофот блан самимий муборакбод этамиз.

Аллоҳ таоло Ўзининг дини йўлида хизмат қилаётган барча азизларимизнинг ажрларини кўпайтириб берсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

— Тўрт нафар қизим бор. Эрим қиз туққаним учун бизни ташлаб уйдан чиқиб кетган. Ҳозирда умуман хабар олмайди. Шу фарзандларнинг уволи тутади-ми? Динимизда бундай оталар ҳақида нима дейилган?

— Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади:

﴿لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ الذُّكُورَ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَنْ يَشَاءُ عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ﴾

“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир” (Шуро сураси, 49-50 – оятлар).

Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини ҳис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилган бўлса ва уларнинг ҳаққида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

Қиз кўргани учун аёл айбдор-ми?! Кимга қандай фарзанд ато этишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Саволда кўзда тутилган эркак пасткашлик қилган, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлмаган, аёлини масъулликда айблаб, унга туҳмат қилган, ўзининг зиммасидаги оталик масъулиятини ҳис қилмаган, нафақа деган муҳим вожиб амални тарк этган кимса ҳисобланади. Агар у ўзини тузатиб, тавба қилиб, оиласини қайтариб олиб келмаса, дунёда ҳам, охиратда ҳам оғир аҳволда қолади. Валлоҳу аълам!

Top