muslim.uz
Динда саволим бор: Иш топишда ўртакашлик қиладиганларнинг иши жоизми?
— Ҳозирда ўртакашлик қиладиганлар кўпайган, яъни бир иш берувчи билан шартнома тузади, унга ишловчи одамларни топиб бериб, эвазига пул олади. Ишловчи одамларга эса кам маош беради. Бундай ишлар шариатимизда мумкин-ми?
— Шуни айтиш лозимки, одамларга иш топиб бериб, шу орқали тирикчилик қилиш – жоиз. Бунинг шарти топилган иш – шариат томонидан ҳаром ёки шубҳали, деб ҳукм қилинмаган покиза иш бўлиши керак. Яна бажариладиган ишнинг ва тўланадиган ҳақнинг тафсилотлари низога ўрин қолдирмайдиган даражада аниқ бўлиши шарт. Иш берувчи томон билан шартномани тузган одам, кўрсатилган хизмат учун бериладиган ҳақни олиши ва ишчилар орасида тақсимлаши жоиз. Келишувдан ортиқча тўланган пулларнинг учдан бир қисмини ўзига олиб қолиб, қолган қисмини ишчиларга бергани тўғри бўлади. Валлоҳу аълам.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Оксфорд Ислом тадқиқотлар маркази директори Фарҳан Низомий: "Ҳамкорлик алоқаларимизни янада кучайтирамиз"
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кеча юртимиздаги муҳим сиёсий жараён — Президент сайловида кузатувчи сифатида қатнашган Оксфорд Ислом тадқиқотлар маркази директори Фарҳан Низомий билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Фарҳан Низомий Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, мамлакатимизда юқори савияда ташкил этилган сайлов жараёнига юксак баҳо берди. У, шунингдек, кенг кўламли ислоҳотлар очиқлик ва ошкоралик тамойилларини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мулоқотда сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар, жорий йилги Президент сайлови янги Сайлов кодекси асосида ўтказилгани ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Сиёсий жараёнда янги технологиялардан самарали фойдаланилгани, имконияти чекланган сайловчилар учун яратилган шарт-шароитлар қайд этилди.
Учрашувда диний соҳадаги ўзгаришлар, Марказий Осиё буюк олимларининг илмий меросини ўрганиш ва оммалаштириш масалалари хусусида ҳам фикр алмашилди.
Бундан ташқари, томонлар халқаро майдонда «Маърифатли Ислом» ғояларини тарғиб қилиш, Оксфорд маркази ва Ўзбекистоннинг тегишли тадқиқот марказлари ўртасида илмий-тадқиқот йўналишидаги ҳамкорликни кучайтириш ва бошқа масалаларни кўриб чиқди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати