muslim.uz
Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш Миср ОАВнинг диққат марказида
"Ал-Масаи Ахбар ал-Йаум" араб тилидаги кундалик газетаси "Ахбар ал-Йаум " нашриёт мажмуасининг халқаро воқеалар бўлими раҳбари Фотима Бадавийнинг "Ўзбекистон хорижий сайёҳ ва зиёратчиларни жалб этишда дунёдаги етакчи давлатлардан биридир" номли мақоласини чоп этди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
"Ўзбекистон ўзининг бой тарихи, ноёб маданий мероси билан жаҳон цивилизацияси ривожига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб олим ва мутафаккирлари, қадимий меъморий ёдгорликлари, ноёб пазандалик ва халқ ҳунармандчилиги билан хорижликлар, сайёҳлар ва зиёратчилар эътиборини тортмоқда", - дейилади мақолада.
Нашрда таъкидланганидек, республика ҳудудида турли динларга мансуб маданий мерос объектларининг мавжудлиги Ўзбекистонда зиёрат туризмининг кенг ривожланишига, хорижий сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилувчи муҳим омиллардан биридир.
Нашрнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда туризм соҳасини янада ривожлантириш ва бу борада тажриба алмашиш мақсадида 2019 йилнинг 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум бўлиб ўтган. Анжуманда дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатидан туризм ва дин соҳасидаги олим ва мутахассислар иштирок этди. Форум дунё бўйлаб 20 дан зиёд оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоқлари томонидан кенг ёритилди. Тадбир якунида қабул қилинган Бухоро декларациясида Ўзбекистон зиёрат сафари марказларидан бири сифатида эътироф этилади.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон бутун дунё сайёҳлари учун муҳим манзил ҳисобланади. Мамлакат ўзининг жозибадор муҳити билан меҳмонларни ҳайратга солади. Турли оҳангларда безатилган қадимий масжидлар, мадрасалар, карвонсаройлар ҳар қандай сайёҳни, албатта, забт этади. Республиканинг сайёҳлик салоҳияти билан бир қаторда ташриф буюрувчилар эътиборини асрлар оша эъзозлаб келинаётган миллий анъана ва қадриятлар ўзига жалбэетмоқда, деб ёзади нашр.
Ўзбекистон туризмнинг барча соҳаларини ривожлантириш ва хорижий сайёҳларни жалб этиш борасида дунёда етакчи давлатлардан бирига айланиб бормоқда. Туризм соҳаси доимий изланиш, инвестиция ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланишни талаб этади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон учун бу стратегик муҳим йўналишни янада ривожлантириш, республиканинг тарихий ва маданий меросини пухта сақлаб қолиш ғоят муҳимдир, дея хулоса қилинади "Ал-Масаи Ахбар ал-Йаум" газетасида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга муносабат (аудиохабар)
“Мўминалар” журналининг йиллик тақдимоти ўтказилди
Кеча, 27 октябрь куни Пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” масжидида “Шамсуддинхон Бобохонов” матбаа ижодий уйи жамоаси «Аёлларнинг маънавиятли ва маърифатли бўлишида “Мўминалар” журналининг аҳамияти» мавзусида тадбир ўтказди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходималари Марямхон Абдуллаева ва Мунирахон Абубакирова, шаҳар, вилоят отинойилари ҳамда журнал мухлислари ҳам қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан нотиқлар журналнинг ташкил топиши, бугунги кундаги аҳамияти, тарғиботни янада кенгайтириш ҳақида сўзлаб бердилар.
Маърифий учрашув давомида "Шамсуддинхон Бобохонов" НМИУ томонидан Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва туманлардаги фаол отинойилар, журнал ривожига ўз ҳиссасини қўшган ходималар ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди.
Табдир сўнгида Мавлуд ойи муносабати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловотлар айтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
"Такфир" – хатарли маънавий таҳдид!
Бошқа мусулмон мамлакатлар қатори бизнинг мамлакатимизда ҳам ҳозирги пайтда ичимиздан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади.
Усмон ибн Аффон (р.а.) ва Али ибн Абутолиб ( р.а.) каби зотларни ҳам куфрда айблаган хорижийлар каби ҳозирги кунда ўзларига қӯшилмаган ва эргашмаган мусулмонларни кофирга чиқараётган экстремистик ташкилотлар муқаддас динимиз аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда, мусулмонларнинг моли ва жонларини ӯзларига ҳалол санашмоқда. Бу билан мусулмонларни асоссиз "кофир" деб ҳукм чиқариб, ӯзларининг жамият ва давлатга қарши бӯлган фитналарини оқлашга уринишмоқда.
Мусулмон кишини кофирга чиқариш ӯта хатарли эканлигидан, динимиз бундан қайтарган. Бу иш мумкин эмаслиги ҳақида ҳадисда: " Расулуллоҳ (с.а.в.): "Бирор киши ӯз биродарига: " Эй кофир!",- деса, бу сӯз иккаласидан бирига тегишли бӯлади" , дедилар ( яъни, агар кофирликда айбловчи ҳақ бӯлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бӯлмаса, у ҳолда ӯзи кофир бӯлади) (Имом Бухорий ривояти).
Ҳанафий уламолардан Ибн Нужайм: "Агар кофир дейиш учун тӯқсон тӯққизта далил бӯлса- ю, кофир демаслик учун биргина далил бӯлса, тӯқсон тӯққизни қӯйиб, ӯша бир далилни олиш керак ",- дейдилар.
Пайғамбаримизнинг: "Бузуқ ва кофир бӯлмаган одамни бузуқ ва кофир деган одамнинг ӯзи кофир ва бузуқдир" , - деган ҳадисларидан огоҳ бӯлиб, сизу биз мусулмонлар, айниқса, ёшларимиздан ижтимоий тармоқлар орқали тинч ва осуда яшаб келаётган ва диний ибодатларни қилаётган, айниқса, диний уламоларимизни, имомларимизни кофирга чиқариб обрӯсизлантиришга уринаётган, тинч юртимизни барбод қилиб, нотинч қилиш каби гуноҳ ишларга чақираётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бӯлишлари талаб этилади.
Аллоҳ таоло юртимиз мусулмонларини, мусулмон уммати бирлигига раҳна солувчи маънавий таҳдид бӯлган "такфир "дан сақласин.
Абдуллахон Мирзаев,
Денов туман "Муҳаммадқул" жоме масжиди имом хатиби
Даврий нашрларда: Бизни нега ғийбат қилишади?
Агар тўғри йўлдан юрсангиз, ҳеч ким сизга эътибор бермайди. Мабодо, йўлдан чиқиб, ўт-ўланларни босиб ёки гоҳ ўнгга, гоҳ чапга чайқалиб юра бошласангиз, одамларнинг диққатини торта бошлайсиз.
Демак, киши ўзининг баъзи ножўя хатти-ҳаракати билан ўзгаларнинг гап-сўзига сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳар ким ўз юриш-туришига эътиборли бўлиши кераклигига далолат қилади.
Энди мавзуга тўхталсак.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир» (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Ушбу ояти каримага кўра, ғийбат қилиш мутлақо ҳаром амалдир. Уни ҳалол санашга ҳеч қандай баҳона йўқ. Аммо инсонлар нега ғийбат қилаверишади? Бунга асосий сабаб, аввало, илм ёки тақвонинг йўқлиги бўлса, иккинчидан, ҳасад ва ўзаро гина-кудуратнинг мавжудлигидир.
Агар ғийбатлар энг кўп учрайдиган жойларга назар солсак, бу маҳалла-гузар, иш жойи ва ижтимоий тармоқлар бўлиб чиқади. Чунки ушбу жойлар инсонлар ҳамда манфаатлар кўп тўқнаш келадиган масканлар ҳисобланади.
Маҳалла. Кўча-кўйда баъзи инсонларнинг анъанавий ва диний қадриятларни ҳурмат қилмасликлари, масалан, аёл-қизларнинг ҳаддан зиёд бе ҳаё кийинишлари, “унаштирилган” деган баҳонада айрим йигит-қизларнинг (бир-бирига номаҳрам бўлатуриб) кўчада қўл ушлашиб юришлари ёки кимларнингдир спиртли ичимликларни ичиб, жанжал кўтаришлари ҳамда уятсиз қилиқларни қилишлари ўз-ўзидан маҳаллада ғийбатларнинг кўпайишига сабаб бўлади.
Иш жойи ёки корхона. Баъзи раҳбарларнинг корхона даромади ва мукофот пулларини ноҳақлик билан ўзлаштириб олишлари ҳам қўл остидагиларнинг ғийбатига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг» (Бақара сураси, 188-оят). Бундай ҳолларда корхонанинг зулм кўрган оддий ходимлари “юракларини бўшатиб олиш” баҳонасида ғийбатга берилишади. Раҳбарлар эса, буни билишса ҳам, ўзларини ўнглаш ўрнига уларни ичи қоралик ва кўра олмасликда айблашади.
Ижтимоий тармоқлар. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ривожланиб, инсонларнинг ахборот алмашинуви осонлашгани, кўпгина қийинчиликлар бартараф бўлгани айни ҳақиқат. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор: ҳали ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини кўпчилик ўзлаштирмагани баъзи ножўя хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳақиқий ҳаётимизда ножоиз саналадиган ғийбат, жосуслик, бировнинг обрўсини тўкиш, уятсизлик, ҳақорат ижтимоий тармоқда ҳам ҳаром саналади. Аксарият одамлар кўз-кўзга тушиб турганда айта олмайдиган сўзларни ижтимоий тармоқ орқали бемалол айтиб юбораверишади.
Кўриб турибмизки, орқамиздан ғийбатларнинг урчишига фақатгина ичиқоралик ва ҳасадгўйлик эмас, балки ўзимизнинг баъзи ножўя хатти-ҳаракатларимиз ҳам сабаб бўлар экан. “Унвонул баён” китобида: “Кимнинг айби кўпайса, ғийбати узун бўлади”, дейилган. Баъзилар эса ғийбат қилинганда кишининг гуноҳи ғийбатчига ўтиши тўғрисидаги ҳадисни нотўғри талқин қилиб: “Орқамдан гапирса – гапираверсин, гуноҳларим тўкилади”, деб ўйлайди. Ваҳоланки, Исломда гуноҳдан бу йўл билан фориғ бўлинмайди. Мусулмон киши бундай гуноҳга сабаб бўладиган ҳолатларга ўзи тугул бошқаларнинг ҳам тушиб қолишига асло рози бўлмаслиги керак . Қуръони карим оятларида: «Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ этинг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз» (Ҳужурот сураси, 10-оят) ва «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир», дейилади (Моида сураси, 2-оят).
Аллоҳ таоло барчамизнинг зоҳиримизу ботинимизни ислоҳ қилсин!
Аъзамжон МУСАЕВ
“Ислом нури” газетасининг 14-сонидан