Дунё янгиликлари

Ўзбекистон зиёратгоҳлари Индонезияда тобора танилиб бормоқда

Индонезиянинг «Liputan» ахборот порталида Индонезия парламент делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи якунларига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.


“Liputan” – Индонезиядаги таниқли электрон нашр бўлиб, унинг материалларини бир ойда қарийб 400 миллион марта ўқишади.
Мақола муаллифи Томми Курнианинг ёзишича, «Индонезия парламенти вакиллари Ўзбекистонга ташрифи давомида афсонавий, деярли 3 минг йиллик тарихга эга бўлган кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандга ташриф буюрди. Шаҳарда ислом меъморчилигининг ноёб ва бетакрор тарихий ёдгорликлари - жаҳон маданий меросининг асори-атиқалари жамланган".


Хабарда Индонезия делегациясини Вакиллар палатаси Парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси раисининг ўринбосари Мардани Али Сера бошқаргани таъкидланган.


“Мардани бошчилигидаги делегациянинг кўҳна Самарқандга ташрифининг асосий мақсади шаҳарнинг сайёҳлик имкониятлари ва тарихи билан яқиндан танишиш бўлди. Хусусан, улар Имом Бухорий мажмуаси, Амир Темур мақбараси (Амир Темур ва темурийлар хилхонаси), Регистон майдони, Шоҳи-Зинда мажмуаси ва Мирзо Улуғбек расадхонасида бўлди. Ушбу меъморий ёдгорликлар делегация аъзоларида унутилмас таассурот қолдирди. Улар Самарқанднинг тарихий ва маданий ёдгорликларининг улуғворлиги ва бетакрор гўзаллиги ҳақида зўр иштиёқ билан ҳикоя қилмоқда”, - деб қайд этган “Liputan”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1359 times

Янгиликлар

Top