Дунё янгиликлари

Саудия Арабистони Тадқиқот марказлари вакиллари билан учрашув ўтказилди

Мамлакатимизнинг Ар-Риёддаги элчихонаси Саудия Арабистонининг Тадқиқотлар ва маърифатни ривожлантириш маркази билан биргаликда Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган давра суҳбатини ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда элчихона ходимлари, Тошкент давлат шарқшунослик университети араб тили кафедраси мудири Шорустам Шомусаров, Саудия Арабистонининг Тадқиқотлар ва маърифатни ривожлантириш маркази директори Яҳё бин Жунаид, Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқотлар ва исломшунослик маркази вакиллари ва илмий таълим муассасаларининг тадқиқотчилари иштирок этди.

Элчи Улуғбек Мақсудов сўнгги йилларда икки давлат ўртасида барча соҳаларда, жумладан, иқтисодиёт, инвестиция, маданият ва туризм йўналишларида ўзаро алоқалар ривожланиб, мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Саудиялик компаниялар томонидан амалга оширилаётган тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳаларини икки мамлакат учун бирдек хизмат қилишини билдирди.

Шунингдек, саудиялик иштирокчиларга Ўзбекистонда таълим соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун яратилаётган имкониятлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Шорустам Шомусаров Тошкент давлат шарқшунослик университетининг кўплаб давлатлар университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганлиги, хориж университетларининг мамлакатимизда ўз филиалларини очаётганлигини айтиб ўтди.

Ўзбекистонда талабаларнинг араб тилини ўрганишга бўлган қизиқишини инобатга олиб, университетда араб давлатлари тарихи, ташқи сиёсати ва араб тили бўйича факультет фаолият олиб боришини маълум қилди. Университетнинг араб давлатлари олий билим юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ўзаро илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистонда етакчи хорижий университетларнинг филиалларини очишга интилиши алоҳида таъкидланди.

Яҳё бин Жунаид охирги беш йилда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни катта қизиқиш ва диққат билан кузатиб бораётганлиги, мазкур саъй-ҳаракатлар дунё мамлакатлари томонидан ижобий баҳоланаётганини мамнуният билан таъкидлади.

Шунингдек, марказ тадқиқотчилари Ўзбекистондан буюк мутафаккир шахслар етишиб чиққани, диёримиз бой маданий-маърифий меърос эга эканини алоҳида таъкидлади. Саудиялик сайёҳларнинг мамлакатимизга бориш истаги ортиб бораётганига эътибор қаратилди.

Ҳозирги кунда икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри йўлга қўйилган авиақатновларни юқори баҳолаб, ушбу саъй-ҳаракатлар ўзаро алоқарни ривожлантиришга хизмат қилаётгани билдирилди.

Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқотлар ва исломшунослик маркази тадқиқотчиси Авад ал-Бади Ўзбекистонда таълим сифатини баҳолаш жараёнида замонавий АКТдан фойдаланиш, инсон омили таъсирини камайтириш ва жараёнларни соддалаштириш чоралари кўрилаётгани, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш мақсадида таълим муассасаларини лицензиялаш, хорижий давлатларда берилган дипломларни тан олиш, педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш, таълим муассасалари аттестацияси ва аккредитация жараёнларини тўлиқ электронлаштириш йўлидаги ислоҳотларни кузатиб бораётганини таъкидлади.

Суҳбатдош Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Тошкент давлат шарқшунослик университетида Саудия Арабистони ҳақида маърузалар ва тақдимотлар ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Тадбирда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий илмий-тадқиқотлар маркази ва Саудия Арабистони Тадқиқотлар ва маърифатни ривожлантириш маркази ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш таклифи илгари сурилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1199 times

Янгиликлар

Top