Дунё янгиликлари

Дубай шаҳрида БААдан мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди

Дубай шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонасида Амирликларда фаолият юритувчи “SYSTEM HOLIDAYS” LLC сайёҳлик ширкати мудири Равшан Закиров билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тарғиб этиш, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби кўҳна шаҳарларда саёҳатчилар учун яратилган шарт-шароитлар, республикамизнинг бой маданий ва маънавий мероси тўғрисида маълумотлар бериш, ўзбек халқининг тарихи, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини кенг тарғиб этиш, оммалаштириш ва мамлакатимизга хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш билан изоҳланади.

Учрашув давомида хорижий сайёҳларга янада кўпроқ  қулайлик яратиш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббусси билан Самарқанд вилоятида йилига 2 миллион сайёҳга хизмат кўрсатувчи кўп тармоқли «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази барпо этилгани ва унинг таркибидаги «Боқий шаҳар» мажмуаси, Конгресс холл, 8 та замонавий беш юлдузли меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектларга эътибор қаратилди. Самарқанд халқаро аэропортининг қайта таъмирланиши ва «Очиқ осмон» режими йўлга қўйилиши натижасида хорижий давлатлардан сайёҳлар оқимини оширишга имконият яратилгани айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, “SYSTEM HOLIDAYS” LLC сайёҳлик ширкати мудири билан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш ва уларнинг талабларидан келиб чиқиб, янги туризм хизматларини ўз ичига олган махсус турпакетлар ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилди.

Музокаралар якунида “SYSTEM HOLIDAYS” сайёҳлик ширкати билан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига сайёҳларни жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати


Read 839 times

Янгиликлар

Top