muslim.uz

muslim.uz

Ҳурматли юртдошлар, Қуръон мусобақасида қатнашувчиларни рўйхатга олиш жараёни давом этмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Матбуот хизмати Ташкилий қўмита билан боғланиб, иштирокчиларни рўйхатга олиш жараёни билан қизиққанда, қуйидагилар маълум қилинди: “Иштирокчиларни рўйхатга олиш жараёнини кўздан кечирар экансиз, у ерда ўзгача бир маънавий муҳит юзага келганини ҳис қиласиз. Қуръон ҳофизлари ва мухлисларининг юзларидаги қувонч ва тинимсиз, чин ихлос билан юртимиз, Юртбошимиз ҳақларига қилаётган дуолари қалбингизни титратади. Албатта, Аллоҳ таоло жонажон диёримизга уларнинг дуо-ю илтижолари сабаб яна ҳам кўплаб неъматлари ва баракасини беради, иншоаллоҳ, дейди Ташкилий қўмита раиси Абдулҳаким қори Матқулов.
Ташкилий қўмита берган маълумотга кўра, 11 январь санасигача 2255 нафар иштирокчи ҳужжат топширган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу кўрсатгич:
8 январда 733 нафар;
9 январда 1101 нафар;
10 январда эса 2079 нафарни ташкил этган эди.

Иштирокчиларни рўйхатга олиш Январь ойининг 15 санасига қадар давом этади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Болаликнинг беғубор туйғулари ила ўсмирликка қадам ташлаган ёшларларнинг Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилмагани бўлмаса керак. Негаки, бу муқаддас туйғу шарафли аждодларимиз Широқнинг, Томир онанинг, Жалолиддин Мангубердининг, Амир Темурнинг... қонидан, севикли Пайғамбаримизнинг муборак ҳадисларидан ўтиб келган, Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан Мадинага кўчиб кетишга мажбур бўлганларида она шаҳри – Маккага қараб: “Сен қандоқ пок Ватансан! Мен сени севаман. Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, сендан бошқа ерни маскан тутмасдим”, деганлар.

Ваҳоланки, Сарвари оламга Мадина ҳам бегона эмас – волидаи муҳтарамаси туғилган, она тарафдан қариндошлари яшаётган, қиблагоҳи мангуга қўним топган шаҳар эди. Шунда ҳам у зот киндик қони тўкилган Маккани пок Ватан билиб оташин муҳаббат билан севар эдилар.

Имом Табаронийдан ривоят қилинган бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш, бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир», деб марҳамат қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдан Ватан ҳимояси ҳам мукаммал бир ибодат экани аён бўлади. Зеро, туни билан мижжа қоқмасдан чегарада посбонлик қилиб турган муҳофизлар неча миллионлаб юртдошимизнинг ибодатларини ўз вақтида бехавотир адо этишини таъмин этади. 

Ирсиятдан ва тарбиятдан ўтган ана шундай ватанпарварлик туйғуси ила Ватан ҳимоячиси бўлишни, юртимизни ва халқимизни аллақаёқларда пайдо бўлган қандайдир душманлардан ҳимоя қилишни дилига тугиб олган жасур фарзандларимиз бугун Ватанимиз ҳимоячиси.

Ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, уларнинг жисмонан соғлом ва маънан баркамол бўлиб етишиши, энг замонавий техникаларни пухта ўзлаштиришига жиддий эътибор қаратиш ниҳоятда муҳим масала. Улуғ аллома ва сиёсат арбоби Алихонтўра Соғуний: «Кераклигича дин илмини ўқиш ҳаммага фарз бўлганидек, ўз ҳукуматини, Ватанини ва миллатини сақлаш учун замонавий фан илмини ўқиб билишлик ҳам фарздир», деб биз авлодларга таълим бергандир. Чунки замонавий илм-фан ютуқларини ўзлаштирмасдан туриб, Ватан ҳимоясига отланиш хомхаёлликдан ўзга нарса бўлмайди. Бунинг учун эса ёшлардаги илмга муҳаббатни, аскарликка бўлган шижоатни рағбатлантириб, уларга барча шароитлар яратиб берилмоғи даркор. Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаб айтганидек, “Ўзининг армиясини боқишни истамаган халқ бошқаларнинг армиясини боқади”.

Ҳарбий соҳа ёшларимиз олган илми, ўзлаштирган технологиялари, давлатимизнинг талаблари асосида замон талаблари даражасида модернизация қилиниб бораверади.

Кеча давлатимиз раҳбари  Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги арафасида Чирчиқ шаҳрида янгидан қуриб битказилган Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюрди.

Бутунлай замонавий қиёфа касб этган Академияда  таълим жараёнига энг янги усул ва технологиялар жорий этилган.  Ўқув аудиториялари замонавий тренажёрлар, ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозланган. 

Академияда яратилган шароитлар билан танишиб, ўқув хоналари, ошхона, курсантлар ётоқхоналарида бўлиб, уларнинг таълим олиши, ҳарбий амалиётларни бажаришини кўздан кечирган давлатимиз раҳбари курсантлар билан суҳбатлашди. Уларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги билан  табриклади. Аждодларимизга муносиб авлод бўлиб, ҳарбий, дунёвий билимларни пухта эгаллаши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, муносиб хизмат қилган ҳарбийларни уй-жой, автомашина билан таъминлаш бўйича топшириқ берди.

Давлат раҳбарининг бу эътиборидан, самимий суҳбатидан, нафақат, курсантлар, балки биз ҳам ғоят тўлқинландик. Зотан, Ватан ҳимоячиларининг, содда ифодада айтганда, иссиқ-совуғи, ҳатто кийим-кечагигача давлат раҳбарининг эътиборида экан, бундай давлат ҳеч қачон завол топмайди, иншоаллоҳ.

ЎМИ матбуот хизмати

ЖАННАТ (араб. جَنَّة – боғ, беҳишт, бўстон) – имон келтириб, яхши амаллар қилган, тақводор, ғазабини ютадиган, кечиримли, оғир синов ва мусибатларга сабр қилган инсонларга охиратда насиб этадиган жой. Қуръони каримда нариги дунёда эришиладиган роҳат-фароғат макони, ажр-мукофот ва “боғ” маъноларида 73 суранинг 147 жойида келади. Жаннат тилла ва кумуш ғиштлардан, лойи мушкдан, тупроғи заъфардан, тошлари марварид ва ёқутдан бино қилинган, дарахтларнинг томирлари олтин ва кумушдан, шохлари марварид ва забаржаддан, деб таърифланади. Жаннатнинг анҳорлари мискдан бўлган тоғдан отилиб чиқади. Бу анҳорларда тиниқ ва соф шароб оқади, ранги сутдан ҳам оппоқ, таъми асалдан ҳам ширин. Бу шаробнинг ҳеч бир зарари йўқ, уни ичган одам маст ҳам бўлмайди.

Тақволи зотлар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (сифати будир): Унда айнимас сувдан иборат анҳорлар ҳам, таъми ўзгармас сутдан иборат анҳорлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли (ақлдан оздирмайдиган) майдан бўлмиш анҳорлар ҳам ва мусаффо асалдан иборат анҳорлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (у жойда) Парвардигорлари (томони)дан мағфират бордир” (Муҳаммад, 15);

Улар остидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатларга кирурлар. Улар учун у ерда хоҳлаган нарсалари бордир. Тақводорларни Аллоҳ мана шундай мукофотлагай” (Наҳл, 31).

Қуръони каримда жаннат аҳли қуйидагича васф этилади: “У (жаннат) Аллоҳга ва Унинг расулларига имон келтирганлар учун тайёрлангандир” (Ҳадид, 21);

Имон келтириб, яхши амалларни қилганлар, ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар” (Бақара, 82).;

Гўзал амал қилганлар учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир. Уларнинг юзларини қаролик ҳам, хорлик ҳам қопламас. Ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар” (Юнус, 26).

Улар Жаннат эшикларига яқинлашганларида қўриқчи фаришталар уларни: “Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Унга мангу қолувчи ҳолингизда киринг” (Зумар, 73) дея олқишлар билан кутиб оладилар. Жаннат аҳли усти ва атрофига гўзал пардалар тутилган сўриларда, астарлари шойидан бўлган кўрпачалар, яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ўтирадилар, олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанадилар, либослари эса ҳарир-ипак бўлади. “Айнан улар учун остиларидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатлар бор бўлиб, улар у жойда олтин билакузуклар билан безанурлар ва яшнаб турувчи шойи либослар кийиб, сўриларда суяниб ўтирурлар. Нақадар яхши мукофот у, нақадар гўзал жой у!” (Каҳф, 31). Шунингдек, улар доимо қуюқ соя жойларда бўладилар: “Уларни қуюқ сояларга киритармиз” (Нисо, 57). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда бир дарахт бор, унинг соясини улов минган одам минг йилда кесиб ўтади. Бу – абадийлик дарахтидир”, деганлар. Қуръони каримда зикр этилган Жаннатдаги мевалар бу дунёдаги меваларга ўхшаш. Аммо бу ўхшашлик фақат исми ва шаклида, таъми эса ўзгача. Банда бу дунёда истеъмол қилган неъматларни жаннатда кўрганида севинади, таъмини тотганида кутганидан зиёда лаззат экани аён бўлади. Жаннатда инсонлар қаримайди ва касал ҳам бўлмайди, ғам-ғусса чекмайди. Жаннатда юзта даража бор. Ҳар бир даража осмон билан ер орасича. Энг баланди Фирдавсдир. Фирдавснинг устида Арш бор. Жаннат дарёлари ўша ердан оқиб чиқади. Аллоҳ таоло Жаннат аҳлига Ўзининг жамолини намоён қилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади: Жарир ибн Абдуллоҳ Бажлий дейди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида ўтирган эдик. Ой тўлишган кечаси ойга қараб, шундай дедилар: “Мана шу ойни қандай кўриб турган бўлсангиз, албатта Раббингизни ҳам шундай (аниқ ва тиниқ) кўрурсиз”. Жаннат аҳли Аллоҳ таолони кўрган вақтида, Унинг тасвирлаб бўлмайдиган даражада улуғлигидан бошқа неъматларни унутиб, Унга маҳлиё бўлиб қоладилар. У зот жамолини тўсганидан кейин эса, кўрилган нарсани тасвирлаб, тушунтириб бера олмасликлари, қандай эканини идрок эта олмасликлари сабабли яна Жаннат неъматларидан роҳатланиб яшайверадилар. Жаннат аҳлининг пок ва хушсурат хизматкорлари бўлади. Жаннатни қўриқловчи фаришталар эса “Ризвони жаннат” деб аталади. Қуръони каримда Жаннат Фирдавс, Адн, Наъим, Хулд, Маъво, Дорус салом номлари билан ҳам аталади.

ЎМИ Матбуот хизмати

jeudi, 11 janvier 2018 00:00

Силаи раҳм

Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш Исломда «силаи раҳм» дейилади ва динимиз мусулмонларни доимий равишда силаи раҳмга буюрган. Аллоҳ таоло қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолайди.

Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур» (Наҳл, 90).

Аллоҳ таборака ва таоло қариндошчилик ришталарини маҳкам боғлашга чақирар экан, бунда қариндошларга ва қариндош қўшниларга алоҳида эътибор қаратишга буюради, ҳатто буни ибодат даражасига кўтаради ва ота-онага яхшилик қилиш билан тенглайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам умматларини силаи раҳмга чақирганлар ва қариндошлик алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  марҳамат қиладилар: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.

Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, одам ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади.

Қавм-қариндошлар билан алоқани боғлаш имондандир, бу алоқаларни узиш эса кофир-фосиқларга хос хислатдир. Уламолар айтишадики: «Киши қариндошлари орасида бўлса, ўзаро ҳадя ва зиёрат ила боғланиб туриши вожиб бўлади. Мол билан марҳамат кўрсатишга қодир бўлмаса, зиёрат қилиш, ишларига ёрдам бериш билан боғлансин. Агар бунинг ҳам иложи йўқ бўлса, улар билан хат орқали боғланиб турсин. Боришга имкони бўлса, боргани афзал».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлар билан боғланиш савобидек тез келадиган яхшилик йўқ. Дунёда тезгина азоб бериб, охиратда ҳам азоб бўладиган гуноҳ қариндошлардан алоқани узишдир»; «Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар жаннатга кирмайди»; «Ким ризқи мўл бўлишини, ажали орқага сурилишини истаса, қариндошлик алоқаларини узмасин»; «Қариндошга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳм ҳисобланади. Уларга икки ажр берилади: бири – қариндошлик ажри, иккинчиси – садақа ажри», дедилар.

Қариндошлик алоқаларини боғлаш вожиб бўлган қариндошлар ака-укалар, амаки, тоғалар, холалар, аммалар ва уларнинг фарзандларидир. Қариндошлар билан алоқани узиш тез орада жазоланишнинг, уқубатга учрашнинг асосий сабабларидан биридир. Силаи раҳмда ўнта мақталган хислат бор: 1.Аллоҳ таолонинг розилиги бор, чунки Аллоҳ таоло шунга буюради. 2.Мўминларга хурсандчилик етказиш бор – бу ҳақда хабар келган. 3.Силаи раҳм билан фаришталар хурсанд бўладилар. 4.Силаи раҳмда мусулмонларга яхши мақтов бор. 5.Иблисга ғам етказиш бор. 6.Силаи раҳмда умр узаяди. 7.Ризқда барака бўлади. 8.Марҳумлар хурсандлиги бор, чунки ота-она ва боболар ортларида қолганларнинг силаи раҳмидан мамнун бўладилар. 9.Дўстлик кучаяди, чунки бир сабаб билан қавм-қариндошлар тўпланишиб, қувонч ёки ғамда бир-бирларига шерик бўладилар ва бу ҳол уларда дўстликнинг кучайишига сабаб бўлади; 10.Ўлгандан кейин ҳам ажрининг кўпайиши бор. Чунки қариндошлар ортидан дуо қиладилар, ҳамма вақт яхшиликларини эслаб юрадилар.

Ривоятларда келтирилганидай, ака синглиси ҳолидан хабар олиш учун кетаётганида қаршисидан буғдойзор дала чиқиб қолса, йўлни қисқартириш учун уни пайхонлаб ўтишига ижозат берилганининг ўзи ҳам акаларнинг ўз сингилларига қандай муносабатда бўлишлари кераклигини кўрсатиб турибди.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узишдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ», деганлар». 

 Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг отаси яхши кўрган одамларга силаи раҳм қилиши яхшиликларнинг яхшисидир», деганлар. Изоҳ: ота вафотидан кейин у яхши кўрган кишилар билан алоқани узиб юбормаслик (силаи раҳм) яхшиликнинг энг аълоси, дейилмоқчи.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ораларида қариндошлик алоқасини узувчиси бор қавмга раҳмат тушмайди», деганлар».

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», деганлар».

Ким ўзи бой бўлсаю такаббурлик ортидан камбағал қариндошларидан алоқасини узса, уларга хайр-эҳсон қилмаса, Яратганнинг ғазабига учраб, мукофотидан маҳрум бўлади. Фақат тавба қилиб, эҳсонини кўпайтирса ва уларнинг кўнглини олсагина гуноҳи кечирилади. Қариндошлар билан алоқани боғлаш ризқнинг зиёда, умрнинг узун ва ёмон ўлимдан сақланиш сабабларидандир.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Хотира

У илк шеърини бутун вужуди билан ҳайқириб, юрагини тўлдириб, фахр ва меҳр билан Минораи Калонга айтди. Бу шеър садолари Лабиҳовузга ҳам етиб келди. Қадим Бухоро кўчалари бу ўтли мисралардан ёришиб кетди: 

Ҳар бир ғунча аввал менинг  юрагимда гуллайди,

Кейин гулга бурканади баҳор келиб кенг жаҳон.

Тонгда олам аввал менинг юрагимда куйлайди,

Мен шоирман, онажон... 

Онаси қайта-қайта дуолар қилиб, шеърни кўзларига суриб, унга “оқ йўл” тилади. Лабиҳовузнинг кекса тутлари ҳам бу қутлуғ дуога қўшилдилар. У ҳайрат тўла кўзлари билан ҳовузга узоқ термулди. Хаёлига шундай мисралар қуйилди: “Ҳовуз бетидаги ажинлар аждодларим дардларимикин?”

Айниқса, онасининг “Ўзга ерларда осмондан нур ёғилса, Бухоро еридан осмон нур эмар экан”, деган ҳикматли сўзлари унинг қалбидан мустаҳкам ўрин олди. У ана шу муборак нурнинг абадий ошноси бўлиб қолди. Қалбига Бухоро меҳрини солди, Бухоро мавзуини муҳрлади. Бухоро заминидан ҳамиша ҳикмат излади. Шу боис қалби ёришиб, ўзи ҳам, қалами ҳам чархланиб борди. 

Бухоро тунлари сернур, пурзиё,

Заминдан осмонга гоҳо сузар нур... 

Садриддин Салим шўролар давридаги Бухорони кўриб куюнди, юраги йиғлади. Устоз Неъмат Аминов билан матбуотда “Бухорони қутқаринг!” деб бонг уриб чиқишди. Бухоронинг бу икки забардаст фарзанди она шаҳарларини қутқариш, тарихий ёдгорликларни тезроқ таъмирлаш масаласида қайта-қайта чиқиш қилишди.

Мустабид тузум даврида фақат одамлар эмас, балки шаҳарлар ҳам, юртлар ҳам қатағонга учради. Қадимдан илм-фан маркази бўлган, улуғ алломалар юрти Бухоронинг тарихий ёдгорликлари ҳам қатағон сабаб ташландиқ аҳволда эди. Бухородаги бундай оғир манзараларни кўриб, юраги йиғлаганлардан бири, шубҳасиз, шоир Садриддин Салим бўлди.

Ўша йиллари Хожа Баҳоуддин Нақшбандни зиёрат қилмоқчи бўлганлар яширинча бориб келишарди. Садриддин Салим ўша мураккаб даврларда ҳам бу улуғ зиёратгоҳдан қадамини узгани йўқ. Садриддин Салим Ватан мустақиллигини катта қувонч ва кўзда севинч ёшлари билан кутиб олди. У мустақиллигимизнинг илк кунларида қувонч билан ушбу ёниқ мисраларни ёзди: 

Ватан фахрим, Ватан ғурурим,

Унинг шони – шонимдир, илло!

Она Ватан бахтим, сурурим,

Мустақилмиз, алҳамдулиллоҳ! 

Мустақиллик туфайли орзу-армонлари ушалганидан бениҳоя хурсанд бўлган Садриддин Салим “Бухорога Бухоро келди” шеърлар туркумини яратди. Унинг ёниб ёзганларининг шеърхонлар қайта-қайта такрорлаб, давраларда айтиб юрадиган бўлишди: 

Бухорога нур-зиё келди,

Имон келди, шарм-ҳаё келди.

Бухорони зулмат этди тарк,

Бухорога Бухоро келди... 

Ёки: 

Ким сени ёр этди, ёр бўлди оқибат,

Ким сени зор этди, зор бўлди оқибат.

Эй Бухоро, бу не ҳикматдир, ажаб,

Ким сени хор этди, хор бўлди оқибат. 

Мустақиллик шоирнинг илҳомига илҳом қўшди, журъатига журъат, ғайратига ғайрат бағишлади. Кўз ўнгимизда гўё Садриддин Салим қайта туғилиб, қайта ижод қилаётгандай бўлди. У ижодий фаолиятини ва илмини, умрини Бухорога бағишлади. Бухоро билан ҳамнафас яшади. Унинг сўнгги йигирма йиллик ижоди ва ҳаёти бевосита Бухоро билан, Бухорода рўй берган улкан ўзгаришлар, ободончилик ва улкан бунёдкорлик ишлари билан бевосита боғлиқдир.

У энди оддий шоир Садриддин Салим эмас, балки исм-шарифига Бухорий тахаллусини ҳам қўшиб олган эди. Энди у ҳам буюк Бухорийлар каби Бухорони севиш, Бухорони озод ва обод қилишга бел боғлаган чинакам фидойилардан эди. Бухорийлар каби маърифатпарварлик йўлини танлади.

Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан Бухорода бошланган улкан ўзгаришлар, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини таъмирлаш, қайта қуриш ишларида Садриддин Салим олдинги сафда бўлди. У унутилган тарихий жойлар, номларни тиклашда жонбозлик кўрсатди. Унинг журъатли қадамлари тегмаган Бухоро маҳалласи, гузари ва кўчалари қолмаган. Айниқса, ёдгорликлар тарихини, бухоролик авлиёлар ҳаётини изчил ўрганди. Махсус илмий экспедицияга бош бўлиб, Бухоро атрофидаги ҳамда Навоий вилоятидаги тарихий-маданий ёдгорликлар, қадамжолар тарихини тадқиқ этди, улар ҳақида  туркум мақолалар, китоблар ёзди.

У тасниф этган “Дилда ёр”, “Табаррук зиёратгоҳлар”, “Ҳазрати Азизон Рометаний”, “Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир”, “Чор Бакр ёки Жўйбор авлиёлари”, “Ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний”, “Авлиё шоҳ Ахсавий Файзиободий Бухорий”, “Хожаи Жаҳоним бор”, “Икки юз етмиш етти пир” номли китоблар қўлма-қўл бўлиб ўқилаётир. Шунингдек, Садриддин Салим Бухорий сценарийси асосида беш қисмдан иборат “Имом Бухорий” видеофилми, “Абу Ҳафс Кабир”, “Хожаи Жаҳон” телефилмлари суратга олинган.

У Бухорога келган меҳмонларга кундан-кун обод бўлаётган,  гўзаллашиб бораётган шаҳар, унинг тарихи ҳақида, қадимий ёдгорликлар тўғрисида соатлаб мароқ билан гапирарди. У Бухорони таъриф-тавсиф этишдан асло чарчамасди.

– Бу тарихий воқеа умрбод қалбимда яшайди, – дейди шоирнинг яқин дўсти таниқли олим Самад Азимов. – 2010 йил 30 августда Бухоро шаҳрида “Қадимий ва боқий Бухоро” мажмуасининг очилиш маросими бўлди. Унда  қатнашган муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов улкан мажмуанинг бунёд этилишида сидқидилдан хизмат қилганларни эслаб, жумладан, Сад­риддин Салим Бухорийнинг ҳам номини тилга олиб, бу улкан ишларда унинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаганларида, биз, бухороликларнинг қалбимиз бу меҳрли сўзлардан янада ёришиб кетди. Аслида бу Садриддин Салим фаолиятига берилган энг юксак баҳо бўлди. Садриддин Салим Бухорий “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган эди.

Садриддин Салим Бухорий 1972 йили Бухоро Давлат университетининг чет тиллар факультетини битириб, умрининг охиригача ушбу илм даргоҳида самарали ва ҳалол ишлади. Юзлаб шогирдлар етиштирди. Умрини эзгу, хайрли ва ибратли ишларга бағишлади. Шоир бир умр Бухоронинг Чўпбоз гузарида яшади.

У 2010 йил 10 мартда 64 ёшида юрак хуружидан вафот этди. Яқинда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижоди уйи Садриддин Салим Бухорийнинг “Ҳикматдир дунё” сайланмасини чоп этди. Шоир ушбу сайланмани ўзи тайёрлаган эди. Афсус, китобни кўриш унга насиб этмади. Ушбу китобни ўқиб чиққач, шоир ижодининг янги-янги саҳифаларини кашф этасиз, самимий шеър мухлисига айланасиз. Китобга филология фанлари доктори Нажмиддин Комилов сўзбоши ёзган. Сайланманинг биринчи қисми – “Бухорога Бухоро келди” шоирнинг турли китобларига кирган ва янги шеърларидан иборат. “Шариф манзаралар” бўлимида қадим Бухоро тарихи билан бирга мустақиллик йилларида Бухорода амалга оширилган улкан ўзгаришлар, бунёдкорликлар ҳақида ҳикоя қилинади. “Таржималар” бўлимидан шоир таржималари ўрин олган. Айниқса, немис мутафаккири Ҳётенинг “Ғарбу Шарқ девони”ни немисчадан ўгиргани эътиборлидир. “Етти авлиё” бўлимида улуғ авлиёлар ҳақидаги теран мақолалар жамланган. Китобнинг ҳар бир боби, бўлими завқ билан ўқилади. Китобдан ўрин олган катта-кичик асарлар мазмун-моҳияти билан ёш авлод баркамол инсонлар бўлиб вояга етишувида катта аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу китоб ёшларга “Ҳар қаричи муқаддас, ҳар тоши зиёратгоҳ, Сени севмай бўлурми, эй авлиё Ватаним!” деб Ватанни Садриддин Салимдек юракдан севиш, ардоқлаш ва уни ҳамиша кўз қорачиғидек асраб-авайлашдан бебаҳо сабоқлар беради. У бизга Бухорони севиш билан бирга Ўзбекистонни севишни ўргатади. Зеро, шоир Бухоронинг, мустақил Ватаннинг чинакам дилбанди эди. Ўзи ёзганидек: 

Мени излаб мозорларга борманг зинҳор,

Қалб риштаси шу Ватанга бойлангандир.

Бухорога келиб қаранг такрор-такрор,

Садриддин ҳам Бухорога айлангандир.

 

Ашурали ЖЎРАЕВ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Янгиликлар

Top