muslim.uz

muslim.uz

2017 йил 31 октябрь куни Малайзия Республикаси Жоҳор штати Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Яҳё Аҳмад бошчилигидаги 20 кишидан иборат делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.

Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров қабул қилди.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов меҳмонларини ташриф билан қутлаб, Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ишлар, турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик тўғрисида гапирди. Шунингдек, у ўз сўзида мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қилинаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар тўғрисида алоҳида тўхталди. Малайзия делегацияси раҳбари Яҳё ибн Аҳмад жаноблари ҳам ушбу ташрифдан кўзланган мақсад, дўстона алоқаларни ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш эканини билдирди.

Шунингдек, меҳмон ўз сўзида, Ўзбекистон замини қадим-қадимдан азиз авлиёлар, олиму уламолар ватани экани, бу диёрдан Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ зотлар етишиб чиққанини сўзлади. Шу нуқтаи назардан, Яҳё ибн Аҳмад малайзияликлар доимо руҳий озуқа оладиган ва инсон қалби таскин топиб, кишини маънавий юксалишига хизмат қиладиган Ўзбекистондаги мана шундай табаррук қадамжоларнинг зиёратига ошиқишларини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ўз навбатида Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов муҳтарам Президентимиз томонларидан мусулмон давлатлари, айниқса, Малайзия, Индонезия каби мамлакатлардан Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишлар жадал кетаётганини алоҳида қайд этди. О.Юсупов сўзида давом этиб, туризм йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича, ўзи қўмита раиси сифатида, Малайзия давлати бўйича Ўзбекистон томонидан масъул эканини таъкидлаб, ҳозирги кунда ушбу диёрдан юртимизга 5000 сайёҳ зиёратга келиши, келгуси йилларда бу кўрсатгични икки бараварга ошириш режаси борлигини маълум қилди. Шу нуқтаи назардан Малайзия томони билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ва бу борада жуда кўп имтиёзлар борлигини изоҳлади.

Шунингдек, малайзиялик умра ва ҳаж зиёратчиларига ўз сафарларини Ўзбекистон давлати орқали амалга ошириб, диёримиздаги исломий обидаларни зиёрат қилиш таклифи тақдим этилди.

 Мулоқотда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров сўз олиб, республикамиз аҳолиси Малайзия давлатини жуда яхши билиши, унинг шаҳарлари ва диққатга сазовор ерларига жуда кўп фуқароларимиз саёҳат уюштиришларини сўзлаб берди. Марказ директори Малайзия халқи меҳмондўст ва бағрикенг экани, бу давлатда бир неча  миллат ва дин вакиллари дўст-иноқ бўлиб яшаши кўпчиликнинг ҳавасини келтиришини алоҳида таъкидлади. Ҳозирги кунда Ўзбекистондан Малайзия давлатига бир ҳафтада иккита рейс амалга оширилаётгани, келгусида худди шундай иккита рейс Малайзиядан Ўзбекистонга амалга оширилиши мақсадга мувофиқ эканини, - Ш.Минаваров қўшимча қилди.

Учрашувда Президентимиз ташаббуси билан туризм йўналишига катта эътибор қаратилаётгани, Малайзия билан туризм йўналиши очилаётгани, диний обидаларга зиёрат қилиш борасида ҳамкорлик қилиш жуда яхши натижалар бериши ҳақида ҳам сўз борди. Шу жумладан, бу борада барча зарур тадбирларни уюштириш, чартер рейсларни ташкил этиш, зиёрат қилиш мақсадида келаётган сайёҳлар учун виза ва рўйхатдан ўтиш тартибларини соддалаштириш борасида Ўзбекистон томони тайёр экани маълум қилинди.

Малайзия делегация раҳбари Яҳё ибн Аҳмад самимий қабул, дўстона учрашув ва зиёрат туризми бўйича амалий таклифлар учун ўз миннатдорлигини билдирди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Бугун 31 октябрь куни Америка Қўшма Штатларининг Халқаро диний эркинликлар комиссияси раиси Даниель Марк, комиссия аъзоси Джон Рускай, комиссия тадқиқотчиси Эндрю Коран Блюз ва Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен хоним Ўзбекистон мусулмонлари идорасига келадилар. Уларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қиладилар. Учрашувда билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва ташаббуслар ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, 2017 йил 29–31 октябрь кунлари Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган “Ислом ақидаси ва академик исломшунослик: ҳамкорлик ва ривожланиш истиқболлари” номли илмий-маърифий анжуманда Ўзбекистон вакиллари иштирок этишмоқда. Вакилларимиз чиқишларидан фотолавҳаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 Маккаи мукаррамадаги Масжидул Ҳаром масжиди махсус хавфсизлик хизмати вакили Самиҳ Суламининг айтишича, Зам-зам қудуғига туташган минтақалардаги янги объектларни ишга тушириш лойиҳасини бошлаш ва тавоф майдонидаги кенгайтириш ишларини якунига етказиш доирасида тавоф майдонининг катта бўлаги қисқартирилди. Натижада ҳаж ва умра хавфсизлик хизмати лойиҳани бажариш жараёнида тавоф майдонида издиҳомнинг олдини олиш ҳамда зиёратчиларнинг хавфсизлиги ва соғлигига аҳамият қаратиш мақсадида бир қатор зарур чораларни кўриб, режа тузишди. Ушбу режага кўра, тавофга кириш йўли Подшоҳ  Фаҳд эшигига олиб келувчи ер ости йўлларидан эскалатор воситасида Ҳарами шарифга кириш йўли орқали амалга оширилади. Зиёратчилар тавоф майдонидан саъй майдонига Фатҳ эшигидаги йўлак орқали ўтишади. Тавоф майдонидан  фойдаланишга фақат умра зиёратчилари учун рухсат берилади. Ҳозирда ер қавати ва биринчи қаватдаги тавоф айланаси майдончаси  умра зиёратчилари учун тайёрлаб қўйилди.

   Самиҳ Сулами байтуллоҳ зиёратчиларини ўз саломатликларини муҳофаза этишлари учун хавфсизлик масъуллари билан ҳамкорлик қилишга ва тегишли кўрсатмаларга риоя этишга чақирди.

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёс АҲМЕДОВ

тайёрлади

lundi, 30 octobre 2017 00:00

«Сарҳисоб» танлови

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қў­мита, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўз­бе­­кис­­тон Миллий телерадио­компа­нияси, Ўзбекистон му­сул­мон­лари идораси, Тошкент ислом уни­вер­си­тети би­лан ҳам­­­корликда мустақил­лик йиллари Ўзбекистонда ди­ний-маърифий соҳада амалга ошири­лаётган ислоҳот­ларни кенг тар­ғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадр­лаш, динлараро бағрикенглик ва ҳам­корлик ғоя­ларини омма­лаш­­ти­­риш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаёт­ган ёш авлодни ёт ғоя­лардан ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган ижодкор­лар­ни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақ­са­ди­да «Сар­ҳисоб» тан­ловини ўтказади.

Танловнинг ҳудудий босқичида 2017 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг
1 октябргача газета ва журналларда босил­ган, радио орқали эфирга узатилган, телевидениеда кўр­са­­­тилган ва Интернет тармоғида эълон қилинган материал­лар 2017 йилнинг 20 ноябрга қадар қабул қилинади. Ҳу­­­дудий босқич ғолиблари республика босқичида қат­на­шиш ҳуқуқини қўлга киритишади.

Танловнинг ҳудудий босқичи 1 декабргача ўтказилиши кўзда тутилган.

Танловнинг республика босқичи «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори остида ўтказилади. Республика босқичи ғо­либлари ҳудудий босқичда ғолиб чиққан иштирокчилар ора­­сидан танлов асосида сараланади. Танловнинг ўтка­зи­лиш вақти ОАВда эълон қилинади.

Танловнинг республика босқичида ғолиб, деб то­пил­ган­лар қуйидаги мукофотлар билан тақдирланади:

Бош мукофот: «Жаҳолатга қарши – маърифат» мавзусидаги энг яхши ижодий иш.

Fолиб махсус диплом ва ташкилотчиларнинг қимматбаҳо сов­­ғалари билан тақдирланади.

Асосий мукофотлар:

энг яхши ижодий иш учун мукофот (телевидение – I, II, III ўринлар);

энг яхши ижодий иш учун мукофот (радио – I, II, III ўринлар);

энг яхши ижодий иш учун мукофот (даврий матбуот – I, II, III ўринлар);

энг яхши ижодий иш учун мукофот (Интернет – I, II, III ўринлар);

"Энг фаол тарғиботчи" (I, II, III ўринлар);

Fолибларга асосий мукофотларга қўшимча тарзда таш­ки­лот­чиларнинг қимматбаҳо совғалари ҳам топширилади.

Танловга теле-, радио-, босма материаллар ҳамда Интер­нет­да эълон қилинган ишлар тақдим этилади (3 тадан кам бўл­маслиги керак).

Телевидение бўйича видеоматериаллар, ахборот ташувчи во­ситанинг қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, 5 ми­нутдан 30 минутгача бўлиши керак.

Радиоэшиттиришлар (аудиокассета ёки системали диск) 5 минутдан 30 минутгача бўлиши керак.

Матбуот ва Интернет материаллари даврий нашрнинг асл нус­­хаси ёки кўчирма нусхасида тақдим этилиши лозим. 

Танловга юборилган материалларга қуйидагилар илова қи­линади:

– муаллифнинг исми-шарифи, ўз соҳасида олиб бо­раёт­ган фаолияти тўғрисида қисқача маълумот;

– муаллифнинг тураржойи, уй ва иш телефонлари;

– паспорт нусхаси.

Танловда иштирок этувчиларнинг материаллари Ўзбе­кис­тон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликларига топ­ширилади. 

Ташкилий қўмита.

Янгиликлар

Top