muslim.uz

muslim.uz

jeudi, 03 août 2017 00:00

Комиллик мақоми

Сатр қатидаги хазина

Камол эт касбким, олам уйидин

Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмақ.

Жаҳондин натамом ўтмак биайниҳ

Эрур ҳаммомдин нопок чиқмак.

 

Бир қарашда ушбу қитъанинг мазмун-моҳиятини тушунишда мураккаблик йўқдек. Зоҳиран олганда, Алишер Навоий панд-насиҳат қилиб, бу дунёда яшашдан мақсад комилликка интилиш ва чин инсоний хулқ-атворни шакллантиришни вазифа қилиб қўяётгандек. Бу оламга келган инсон дастлаб ота-онаси парваришида бўлиб, меҳр-муҳаббати ва ардоғида вояга етади. Қуш уясида кўрганини қилади, деган халқ мақоли бежиз тўқилмаган. Чунки ота-она қандай инсон бўлса, бу оилада ўсиб-улғайган бола ҳам шу ота-она тарбияси ва таълимини ўзлаштиради. Муайян маънода камолот касб этади. Аммо бу инсон учун етарли эмас. Бора-бора бу оламни ўзи идрок этиб, ўз ақл-фаросати билан танийди. Энди у бир устоз ва мураббийга муҳтожлик сезади. Устоз ва мураббий ўз билим даражаси ва қувватига суянган ҳолда ақли тўлишган боланинг ақлига хитоб қилиб, турли илм соҳаларидан хабар беради, олам ва борлиқ сирларидан воқиф этади. Аммо бу камолот касб этишда дастлабки мартаба ва даража сирасига киради. Аммо шуни аниқлаб олиш лозимки, мазкур қитъада Навоий назарда тутган комиллик мақоми нимаю ва унинг даражаси қандай? Мўътабар манбаларга мурожаат қилинганда, инсонийлик мақоми пастки ва юқори мақом – ҳайвонийлик ва малакийлик мақоми ўртасида жойлашган. Агар инсон қалби ва руҳини поклаш йўлини тутса, малакийлик мақомига қараб юксалиб боради. Агар қалби ва руҳини покламаса, омонат умрини фақат айш-ишрат ва роҳат-фароғатда яшаб ўтишга сарфласа, ўз-ўзидан ҳайвонийлик мақомига тушади. Мазкур қитъада кўзланган мақсадни очиб беришда ана шу жиҳатни аниқлаб олиш керак. Бу қитъа дарслик ва қўлланмаларда келтирилиб, ўз вақтида навоийшунос олимлар томонидан шарҳланган. Жумладан, Иброҳим Ҳаққул “Камол эт касбким...” деб номланган мўъжаз рисоласида бу қитъага батафсил тўхталиб шундай фикрни билдириб ўтади.” Киши ўзини ҳирс, тама, нафс, ғафлат, нодонлик сингари майлларидан покламаса, у ҳеч пайт комил бўлолмайди. Комиллик учун улкан инсоний қалб, уни нурлантирувчи сўнмас ишқ ва кенг қамровли тафаккур зарур. Буларсиз маънавий-руҳий мукаммаллик ва ақлий балоғат хусусида сўз айтиш мумкин эмас” . Шу фикр-мулоҳазаларни давом эттирган ҳолда унга қўшимча қилиш мумкинки,  камолотни мавҳум нарса деб қарамаслик керак. Комиллик инсон забт этиши мушкул ҳисобланган хаёлий чўққи ҳам эмас. Аммо инсон зотига шу чўққини забт этиш ва бутун куч-қувватию салоҳиятини шуни эгаллашга қаратиш тақдир қилинган. Оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, одамзотнинг комилликка эришиши, худди талаба топширадиган синов-имтиҳонга ўхшайди. Кимдир бу имтиҳонни муваффақиятли топширса, кимдир яхши тайёргарлик кўрмаганидан имтиҳондан йиқилади. Бунинг учун унга муайян вақт, имконият, куч-қувват ва турли нарсалар ато этилган. Соддароқ тушунтирадиган бўлсак, инсон умри ва ҳаёти, унга ато этилган улуғ неъмат ва шарт-шароитлар. Бу оламда яшаш насиб этганлар шундай имкониятлардан фойдаланиш ҳақига эга. Бироқ, бу имкониятдан оқилона фойдаланмас экан, бу олам уйидан “ғамнок” ҳолда чиқиши тайин. Бу ақли расо инсон наздида катта ютқизиқ эмасми?

Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида айнан инсоний комиллик қандай бўлиши ва бу мақом чўққисига қандай тарзда кўтарилиб бориш тасвирлари асосий ўрин тутади. Фарҳод муайян илм ва касб-ҳунар эгаллаш ниятида қанча машаққат чекди. Буни Навоий шундай таърифлайди:” Қуёш янглиғ ёруғ райи мунири, Вале андин ёруқ мофиззамири”. Ваҳоланки, бу машаққатлари унинг комиллик мақомига кўтарилишида восита бўлиб хизмат қилганини унутмаслик керак. Фарҳод ўзи эгаллаган илм ва касб-ҳунарлар доирасида чекланиб қолган эмас. У ўзида муайян илм ва маҳорат ҳосил қилгандан кейин комиллик пиллапояларидан янада юксалишни қасд этади. Чунки у ўзи етиб келган комиллик мартабасидан қониқиш ҳис этмайди. У устози Суқрот таълимини олиб, Юнон сафарига отланади, бу сафари чоғида тўсиқ ва ғов бўлиб турган аждаҳо, Аҳриман дев ва темир пайкарларни маҳв этиб, комиллик чўққиси сари илгарилашда давом этади. Бунинг оқибатида басират – қалб кўзи очилиб, бу олам ва борлиқни олдингига нисбатан бошқача идрок этади, бу оламнинг сир ва жумбоқлари моҳиятини англайди. Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳод образи орқали комиллик даражаси ва мартабаларини бадиий бўёқ ва тимсолллар воситасида маҳорат билан тасвирлаб берган.

Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, мазкур қитъа мўъжаз ва оддий бўлиб кўринса-да, аммо жуда катта салмоқ ва қамровга эга. Навоий одамзот ақли ва тафаккурига хитоб қилган ҳолда унинг қаршисида икки йўл, яъни покланиш ёки покланмаслик масаласига жиддий қараш кераклигини уқтирмоқда. “Лайли ва Мажнун” достонида Мажнуннинг изтироби ва дардчил нолаларига аҳамият берилса, ўзини поклана олмасликдан қийналиши, бунинг учун етарли даражада ҳаракат қилмаётганидан зорланиш ва арз-шикоят кўзга ташланади. Агар теранроқ назар ташланса, Навоий Мажнун образи мисолида ҳайвонийлик мақомидан малакийлик мақомига кўтарилиш осон эмаслиги ва бу мақомга юксалишда дуч келинадигна тўсиқ ва ғовларни босқичма-босқич чизиб кўрсатади. Мажнун хатти-ҳаракати, атрофидаги одамларга бепарво ва лоқайдлиги “пессимистлик” туфайли унда пайдо бўлмаган, балки одамзот эгаллаши лозим бўлган комиллик чўққисин забт этишга қаратилган. Ҳатто саҳрога отланиб, у ерда ваҳший ва ёввойи ҳайвонлар билан улфат тутинади. Чунки ҳайвонлар Мажнун қалби ва дилига озор етказмайди, уни маломат қилмайди ва ўзлари ўйлаб чиқарган яшаш тарзи ва урф-одатлари доирасида яшашга мажбурламайди.  Яъни комиллик сари интилишига халақит беришмайди. Чунки Мажнун бу оламдан “ғамнок” ҳолда чиқиш қай даражада оғир эканини теран англайди. Шулардан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак, Фарҳод ва Мажнун умумлашма ва тўқима образлардир, бу олам яралганидан бери инсоният забт этишга интилаётган, аммо улардан қанчадан-қанчаси бу йўлнинг бошида, қанчадан-қанчаси унинг ўртасида қолиб, оламдан ўтаётган инсонларга юксак намуна ва ибрат. Шу вақтга қадар ҳали ҳеч ким бу оламга келиб комиллик чўққисини забт этганини иддао қилган эмас. Бундан одамзот комиллик сари интилиб яшашидан фойда йўқ дегани эмас. Чунки ҳамма ютуқ ва фойдалар бу оламда ҳал бўлмайди. Шу боис, бу оламда яшаган инсон худди ҳаммомга кириб, ювиниб покланмасдан чиққанидек,  бу оламда комиллик сари интилмай, яъни  лоақал ўзининг Одам эканлигини англамай ҳаёт кечириб, бир куни афсус-надомат билан бу дунёни тарк этиши ҳеч бир ақлга сиғадими?    

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Навоий ушбу қитъада одамзот мақсади ва диққат-эътиборини улуғ мақом ва даражани эгаллашга қаратиб, бу оламдан ўтмасдан олдин турли иллат ва ярамас феъл-атвордан покланиб олиш кераклиги, бундан покланмаслик ёки уларга беэътибор яшаб ўтиш аслида ҳаммомга ювиниб, покланиб олишни мақсадида кириб, лекин ундан ювиниб-покланмасдан чиққан кишига  қиёсламоқда. Бу руҳий-маънавий покланиш йўли демакдир. Зеро, Фариддин Атторнинг “Мантиқут тайр” ва Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарлари бевосита одамзот қалбини поклаш, хулқ-атворидаги турли иллат ва айб-нуқслардан халос бўлиш орқали комиллик мартабасига етиш баёнига бағишланган. Ушбу қитъа ана шу покланиш босқичларини ғоят содда ва лўнда қилиб ифода этмоқда. 

Бобомурод ЭРАЛИ

 

 

Абу Молик Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Поклик имоннинг ярмидир. “Алҳамдулиллаҳ” мезон (тарози)ни тўлдиради. “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” ер ва осмон ўртасини тўлдиради. Намоз нурдир. Садақа ҳужжатдир. Сабр зиёдир. Қуръон фoйда ёки зарарингизга далилдир. Барча инсонлар ўзлари ҳаракат қиладилар, сўнгра нафсларини сотиб, уни озод қилади ёки ҳалокатга учратади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).  

“Поклик имоннинг ярмидир”

Имоннинг хислатлари икки қисмга бўлинади. Биринчи қисмда банданинг қалби покланади. Иккинчи қисмда эса инсоннинг ташқи кўриниши гўзаллашади. Покликдан таҳорат, ғусл, нажосатни кетказиш, кийим ва баданни тозалаш каби маънолар тушунилади. Муқаддас динимизда кўплаб ибодатларда поклик шарт қилинган. Аллоҳ таоло бандаларни покликка чақириб бундай марҳамат қилади: “Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!” (Моида,6) Бошқа оятда кийимни поклашга амр қилинади: “Либосларингизни покланг” (Муддассир, 4).

Поклик Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлишда муҳим омил ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло покиза кишиларни яхши кўради. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара, 222).

Покликнинг ажри беқиёс. Имон инсоннинг ботиний дунёсини ширк, нифоқ ва шунга ўхшаш маънавий иллатлардан поклайди. Таҳорат эса инсоннинг зоҳирини поклайди. Покликнинг савоби кўпайиб, ҳатто имон савобининг ярмига етади. Чунки имон олдинги катта-кичик хатоларни ўчиради. Шунингдек, поклик, хусусан, таҳорат олдинги кичик хатоларни ўчиради. Шунинг учун, поклик имоннинг ярми дейилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким таҳорат олса ва уни гўзал қилса, бу одамнинг хатолари жасадидан чиқиб кетади…”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

“Алҳамдулиллаҳ” тарозини тўлдиради

Ҳадиснинг бу қисмида Аллоҳ таолога ҳамд айтиш нақадар ажри улуғ амал экани баён қилинмоқда. “Алҳамдулиллаҳ” берилган неъматлар шукронаси сифатида Аллоҳ таолога гўзал тарзда мақтов айтишдир. Ҳадисда бу лафзнинг савоби ирода қилинган. Яъни “Алҳамдулиллаҳ” деб Аллоҳни зикр қилишнинг савоби қиёмат куни амаллар ўлчанадиган тарозини тўлдиради.

“Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ” ер ва осмон ўртасини тўлдиради

“Субҳаналлоҳ” сўзининг маъноси Аллоҳ таолони улуғлаш ва айбу нуқсонлардан поклашдир. Бу икки калимани ажр-савобини жисм деб фараз қилинса, ер ва осмон орасини тўлдиради. Чунки зикрда Аллоҳ таолони поклаш ва оламлар Роббисига мақтов айтиш бордир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло каломдан тўртта сўзни танлаб олди. Улар: “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” сўзларидир. Ким: “Субҳаналлоҳ” деса унга йигирма яхшилик ёзилиди ва унинг йигирма ёмонлиги ўчирилади. Ким: “Аллоҳу акбар” деса юқоридаги каби савоб берилади ва ёмнликлар ўчирилади. Ким: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса юқоридаги каби бўлади. Ким: “Алҳамдулиллаҳ” деса ҳам худди шундай. Ким: “Алҳамду лиллаҳи роббил аламин” деса, унга ўттизта яхшилик ёзилиб, ўттизта ёмонлик ўчирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Мазкур зикрларни қалби ишончга лиммо-лим тўлиб, сўзларнинг маъноларини тафаккур қилиб, ихлосу муҳаббат ва чин эътиқод билан айтган банда Аллоҳ таолонинг ҳузурида улуғ савобга эришади ҳамда олий даражаларга кўтарилади. Шунингдек, Аллоҳ таолони зикр қилган инсоннинг қалби хотиржам бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “…Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур) (Раъд, 28).

“Намоз нурдир”

Намоз буюк ибодат. Барча шартлари билан, ихлосу муҳаббат ва хушу ила адо этилган намоз нур бўлади. Шунингдек, намозни мукаммал адо қилиш билан мўминнинг қалби нурга тўлади. Шу билан бирга намоз қиёмат зулматларида ҳам мўминга нур бўлади. Намоз Исломнинг асосий арконларидан биридир. Банда намоз ўқиб Роббисига боғланади, Унга муножаат қилади. Намозни чин ихлос билан адо этувчилар роҳат, сакинат ва омонлик топади. Намоз ўқиган банда яхши йўлда юриб, гуноҳлардан тийилади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “…Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур…” (Анкабут, 45).

Намоз маънавий нур. Банда намоз ўқиб, ҳидоят ва ҳақ йўлни топади. Намознинг нури қиёматда ҳам банданинг юзида порлаб туради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир…” (Фатҳ, 29). Бошқа оятда бундай дейилган: “…Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: «Эй Роббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан», дерлар” (Таҳрим, 8).  

“Садақа ҳужжатдир”

Садақа берувчи қиёмат куни мукофот олишига ишонади. Шунинг учун, банда дунёда садақа беришга ошиқади. Берилган садақа банданинг қалбидаги ишончга ҳужжат бўлади. Мунофиқ садақа бермайди. Чунки у садақанинг эвазига ажр-савоб берилишига ишонмайди. Садақа банда қалбида имон борлигининг далилидир. Мусулмон доимо сахий ва очиққўл бўлиши керак. Банда бахиллик сабаб хайру эҳсон қилмайди. Садақа эса бахилликдан халос бўлишда алоҳида ўринга эга. Ким бахилликни енгса қиёмат куни нажот топади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар” (Ҳашр, 9).

 

“Сабр зиёдир”

Сабр динимизда мақталган амалдир. Ҳадисдаги сабрнинг маъноси умумийдир. Шунинг учун, тоат-ибодат, гуноҳлардан сақланиш, ғам-алам, касаллик ва турли мусибатларнинг барчасига сабр қилинса, у зиё бўлади. Банда нафсини орзу ҳаваслардан тийиб, матонат билан туриши сабрдир. Зиё нурдан кучли бўлади. Шунинг учун, ҳадисда сабр зиё дейилмоқда. Инсон сабр билан қийинчиликлар ва машаққатларни барчасини енгиб ўтади.

“Қуръон фoйда ёки зарарингизга далилдир”

Қуръони карим банданинг дунё ҳаётида дастурул амал, охиратда эса нажот ва саодатга эришишида муҳим омил. Инсон ҳаётлик чоғида Қуръони каримга амал қилса, нажот топади. Қуръондан юз ўгирса, ундаги қайтариқлардан сақланмаса ва буйруқларни бажармаса бахтдан мосуво бўлиб, аламли азобга дучор бўлади. 

 

“Барча инсонлар ўзлари ҳаракат қиладилар, сўнгра нафсларини сотиб, уни озод қилади ёки ҳалокатга учратади”

“Нафсларини сотиб, уни озод қилади” жумласидан бандалар тоат-ибодат қилиб, гуноҳ-маъсиятлардан сақланиб, нафсни дўзахнинг аламли азобидан озод қилиш маъноси тушунилади. Шунингдек, банда шайтонга эргашиб, ҳалол бўлмаган ишлар билан машғул бўлиб, ўз нафсини ҳалокатга учратади ва жаннатнинг бебаҳо неъматларидан бебаҳра қолади.       

Манбалар асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли

тайёрлади.

Шу кунларда Мадинаи мунаввара шаҳрида “Масжидун Набавий”нинг шундоққина рўпарасида дунёдаги энг катта Мусҳаф деб ҳисобланаётган 154 килограммлик Мусҳафи шариф кўргазмага қўйилди. 

“Қуръони Каримнинг ушбу муборак ва оғир нусхаси бундан 200 йил аввал афғонистонлик хаттот Ғулом Моҳиддин томонидан кўчирилган бўлиб, Мусҳафни Мадинага 4 та туяда олиб келишган”, деди кўргазманинг кузатувчи-мутахассиси Ҳамза Абдулкарим маҳаллий “Сабақ” газетасига берган интервьюсида.

Ҳамза Абдулкаримнинг сўзларига кўра, ушбу Мусҳафнинг оғирлиги 154 килограммдан оғирроқ бўлиб, унинг бўйи – 1 метр, узунлиги эса – 1,5 метрни ташкил қилади. Ҳар бир саҳифанинг пастки қисмида сураларнинг форс тилидаги таржималари ҳам ёзилган.

Ҳамза Абдулкарим хаттот Ҳофиз Усмоннинг қўлёзмалари ҳақида батафсил тушунтириб, хаттотнинг Қуръони каримнинг 106 та қўлёзмасини ёзганини ва навбатдаги қўлёзма устида ишлаётганида вафот этганини айтиб ўтди.

Ушбу кўргазмадаги экспонатлар 12 та катта хоналарда намойиш этилмоқда ва ташриф буюрувчилар учун араб, инглиз, француз, форс, турк, урду, пушту ва индонез тиллари бўйича таржимонлар хизмат кўрсатмоқда.

 

Халқаро алоқалар бўлими

Макка ва Мадинага келган биринчи ҳожиларга булутли ва ёмғирли ҳаво пешвоз чиқди. Ёз фаслида бундай ҳаво бўлиши жуда ҳам кам учрайдиган ҳодиса.

Эслатиб ўтамиз: бу йил ҳажга келувчилар сони ўтган йилдагидан 40 фоиз кўп бўлади. 2016 йилда 1.9 миллион  мусулмон муборак ҳаж амалини адо этган эди; 2017 йилда ҳожиларнинг сони 2.6 миллионга етади. 

 

Ҳолливуд актёри Жорж Клунининг хайрия жамғармаси суриялик қочоқлар учун мактаблар қуришга икки миллион доллар ажратмоқчи. 

Ўқув муассасалари Ливан ҳудудида барпо этилади.  Натижада уч мингдан ортиқ суриялик болалар ўқишини давом эттириши мумкин бўлади.

ЮНИСЕФ тарқатган маълумотга кўра, ҳозирги вақтда Ливанга 200 мингга яқин бола уруш бўлаётган жойлардан ота-оналари билан қочиб келган.

Ўз-ўзидан аёнки, бундай болалар мактабларга бора олмайди. Актёрнинг рафиқаси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Амал Клуни илгарироқ Ироқ ҳукумати ва БМТдан ИГИЛ жангариларининг жиноятлари устидан тергов ишларини олиб боришни талаб қилган эди.

Аммо жиноятчилар ҳали ҳам жазоланмасдан юрибди. 

 

Page 98 sur 264

Янгиликлар

Top