muslim.uz

muslim.uz

Саудия Арабистони Макка ва Мадина шаҳарларини боғловчи “Ал-Ҳарамайн” йўналиши бўйича тезюрар поездни биринчи маротаба синовдан ўтказди. Унда Макка шаҳри амири ўринбосари шаҳзода Бандар ибн Абдуллоҳ ибн Абдулазиз ҳам қатнашди. Подшоҳ оиласи вакилидан иборат делегация Жиддада йўловчилар терминали орқали Робиғга борди, у ердан Мадинага, сўнг яна Жиддага қайтди. Поезд соатига 300 километр тезликда ҳаракатланади. Темирйўл узунлиги 450 километрни ташкил этиб, унда ҳаракатланадиган янги тезюрар поезди 2018 йилнинг биринчи чорагида ишга тушиши режалаштирилган. Йил давомида ундан 60 миллионга яқин йўловчилар фойдаланадилар. Макка ва Мадина ўртасида 35 та шу каби тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади.

Халқаро алоқалар бўлими

Моҳира Зуфарова тайёрлади

Марокашда Африка ҳудудидаги энг баланд бино қурилади. 2014 йил ҳукумат томонидан таъсис этилган “Работ – чироқлар шаҳри, Марокашнинг маданий пойтахти” номли лойиҳа доирасида осмонўпар бино барпо этилади.  Қурилиш ишлари билан Хитойнинг “China Railway Construction Corporation” компанияси шуғулланади. Лойиҳага кўра бино 55 қаватдан иборат бўлиб, баландлиги 250 метрни ташкил этади. Унда люкс хоналар, меҳмонхона, офислар ва савдо дўконлари жой олади.

 Халқаро алоқалар бўлими
Моҳира Зуфарова тайёрлади

Татаристон пойтахтида 5 – 11 cентябр кунлари бўлиб ўтадиган ХIII Қозон исломий фильмлар фестивалида қатнашувчи фильмлар рўйхати, шунингдек ҳакамлар ҳайъати ва ҳайъат раиси маълум бўлди. Бу хақида фестивал ташкилотчиларининг расмий сайти www.kazan-mfmk.com хабар бермоқда.

Айтиб ўтиш лозимки, ушбу фестивал 2005-йилдан буён ўтказилиб келинади ҳамда мусулмон оламида ўзига хос обрўга эга бўла бошлади. Бу йил Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган исломий фильмлар фестивалида қатнашиш учун жами 61 давлатдан 782 та фильм режиссёрлари ариза берган.
Мусобақа дастурида ҳакамлар ҳайъатини Россия халқ артисти, режиссёр ва сценарийчи Николай Досталь бошқаради. Шунингдек, ҳакамлар ҳайъатига АҚШлик продюсер Ларри Джексон, Россия халқ артисти Виктор Вержбицкий, ФИФОГ Женева кинофестивали директори Тахар Хоучи (Швейцария) ҳамда режиссёр ва сценарийчи Салават Юзеевлар (Россия, Татаристон) киритилган.

Ҳакамлар ҳайъати таркибида дунёнинг 11 мамлакатидан келган 20 та мутахассис турли йўналишларда иш олиб боради. Фестивалга келган алоҳида асарлар Россия ва хориждан келган экспертлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан тузилган мустақил комиссия томонидан баҳолаб борилди хамда 5-сентябр куни бошланадиган мусобақа дастурига саралашдан ўтган 27 та давлатдан 60 фильм киритилди.

Бу давлатлар ичида Ўзбекистоннинг ҳам борлиги қувонарли ҳол. Ўзбекистондан ташқари фестивалга Россия, Озарбайжон, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қатар, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Канада, Шветсия, Дания, АҚШ ва Франция каби давлатларнинг фильмлари ҳам киритилди.

                                                                                          Халқаро алоқалар бўлими

 

 

 

 

Ҳамма нарсани тажриба қилиб кўришга инсоннинг умри етмайди. Шунинг учун  инсон азиз умрини аллақачонлар тажрибадан ўтиб бўлган нарсаларни қайта бошдан тажриба қиламан деб бой бериб қўймасдан, ўтган аждодларнинг ҳаётий тажрибаларидан, билимларидан фойдаланиб дарҳол тўғри йўлга тушиб олгани маъқул.

Тажрибадан ўтган ишларни такрор тажриба қилишга уринган киши кўплаб хато ишларга йўл қўйиб бошига ташвиш орттириб олиши ҳам мумкин.  Шундай экан, тажрибадан ўтган тўғри ишларни қабул этмоқ ва уларни келажак авлодларга етказмоқ фойдалидир. Тарихда ибрат олшга арзийдиган мисоллар кўп.  Уларни ўқиб тўғри хулоса чиқарилса, инсонга кўп нафи тегади. Ана шундай мисоллардан бири Хорун ар-Рашид ва боғбони ўртасида бўлиб ўтган  “Излаган топади” воқеасидир.

Излаган топади

Аббосий ҳукмдорлардан Хорун ар-Рашид  боғбонини бир куни ёнига чақирибди ва боғдаги бир гулни унга кўрсатиб: “Бунга қара, мана шу гул мен боғда энг яхши кўрадиган гулдир. Бу гулни кўзингнинг қорасидек эҳтиёт қил. Агар шу гулга бир зарар етса, унинг бадали жуда оғир бўлади”, дебди.

Кунлар ўтаверибди. Боғбон ҳам парваришни энг аъло шаклда бажариш учун ҳаракат қилаверибди ҳамда ҳукмдор кўрсатган гулга ғамхўрлик қилишда давом этибди.   Фақат бир куни бир булбул келибди-да айнан ўша гулнинг шохига қўниб япроқларини битта-битта юла бошлабди. Боғбон бу ҳолни кўрса ҳам, ҳеч нарса қила олмасдан қараб туришга мажбур бўлибди. Бечора боғбон қўрқса ҳам воқеадан ҳукмдорни хабардор қилишга мажбур бўлгани боис булбулнинг қилган ишини Хорун ар-Рашидга бирма-бир айтиб берибди. Унинг гапларини диққат билан тинглаган ҳукмдор ғоят хотиржам оҳангда “Қани, индамай турайлик-чи, нима бўлар экан, излаган топади”, дебди.

Бу гапни эшитган боғбон боққа қайтиб ишини давом эттирибди. Аммо орадан бир неча кун ўтиб ўша булбул яна келиб бошқа бир гулнинг шохга қўнибди ва гулнинг япроқларини уза бошлабди. Шу вақтда бир илон пайдо бўлиб булбулни ютиб юборибди. Бу ҳолни ҳайратлар ичида кўрган боғбон боғдан югуриб чиқиб халифанинг олдига борибди ва бўлиб ўтган воқеани гапириб берибди. Ҳаётда кўп нарсани кўрган, тажрибали ҳукмдор сокинлик ила: “Бўпти, излаган топади”, дебди.

Бу жавобни эшитган боғбоннинг ҳайрати икки баробар ортиб боққа қайтиб келибди. Боғбон ишларини аъло даражада бажаришга уринар экан, “гул”, “булбул” ва “излаган топар” деган сўзларни хаёлидан чиқара олмабди. Яна бир куни хаёл суриб сарой боғчасини тозалаб юрар экан, ўша илон пайдо бўлиб унга ташланиб қолибди. Боғбон илоннинг ҳужумидан ўзини ҳимоя қилиб, ғайритабиий тезликда унинг бошини қўлидаги анжоми билан мажақлаб ташлабди.

“Булбул”, “гул”, “илон” “излаган топади” ва “ҳодисаларнинг давомийлиги”дан ҳайратини яшира олмаган боғбон яна ҳукмдорнинг олдига бориб: “Ҳукмдорим, сарой боғида куймаланиб юрган эдим, дафъатан, ўша булбулни еган илон пайдо бўлиб менга ташланиб қолди. Қўрққанимдан ўзим сезмаган тарзда тез ҳаракат қилиб унинг бошига уриб ўлдирдим”, деди. Ҳукмдор яна мутлақо хотиржам оҳангда: “Бўпти. Бўлар иш бўлибди, ваҳимага тушадиган ҳеч нарса йўқ, излаган топади, ишингни давом эттиравер”, дебди.   

Боғбон яна боққа қайтиб келиб ишини давом эттирибди. Фақат бу орада нимадир бўлиб иши қозига тушиб қолибди. Қози боғбонни қатл этиш ҳақида ҳукм чиқарибди. Ҳукмни султон тасдиқлаши керак экан. Боғбон қатл этиладиган кун келибди ва қатл олдидан унга сўнгги сўзни берибдилар. Боғбон: 

“Ҳукмдоримга ва буюк давлатимга узоқ йиллар хизмат қилдим. Қўлимдан келганини аъло даражада бажаришга астойдил ҳаракат қилдим. Охирги дамларда ҳукмдоримдан ва унинг тимсолида миллатимдан розилик олишни истайман”,  дебди.  Унинг бу тилаги ҳақида Хорун ар-Рашидга хабар беришибди. Ҳукмдор кўп йиллар давлатга хизмат қилган кекса боғбоннинг сўнгги истагини бажо келтиришга ҳаракат қилибди. Қатлгоҳдаги боғбон ҳаяжонланибди, фақат ўзини тутиб олиб:  “Ҳукмдорим, ўзингизга маълум: булбул гулни еди, илон булбулни ютди, илон менинг қўлимда ўлди, менинг қатлимни эса сиз тасдиқламоқдасиз...” дебди. 

Бу сўз қаршисида ҳукмдор нима қилишни билмай ҳайратга тушибди. Бир тарафда қатл столида йиллар давомида хизматини қилган боғбони; бир тарафда эса адолат талаби; яна бир тарафда афу этишнинг буюклиги. Буларнинг барчасини адолатнинг ҳассос чизгисига тортган султон гуноҳига тавба қилган боғбонни афу этибди. Унинг кечиримлилигидан  халқ миннатдор бўлибди. Албатта, бу билан у ўз бошига келаётган бир мусибатнинг ҳам олдини олибди.

Аҳли суннат йўлидан оғишмаган аждодларимиз ҳаёти бизлар учун ҳаёт синовларидан ўтган ибрат мактабидир. Улар қилган тўғри ишлардан бизлар дарслар оламиз.  Ўрнак олганимиз инсонларнинг қилган яхши ишлари каби келажак авлодларга  фақат яхшиликларни мерос қилиб қолдиришимиз керак. Ана шунда ўзимизни ва авлодларимизни ёмонликлардан ҳимоя қилиб яхшиликлар эшигини очиб қўйган бўламиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади. 

 

Донишмандлар умр мазмуни ҳақида кўп ўйлагани, турли фикрлар баён этгани сабабини, жилла қурса, англашга уриниб кўрамизми?..

Ўқиган, эшитганларимизга асосланиб билганимиз шуки, гоҳида гуркираган тараққиёт, гоҳида жангу жадаллар, баъзида эса сокинлик билан кечган башарият тарихида бир қонун ҳамиша амалда бўлган: одамлар яхши яшашга, турмуш шароитини енгиллаштиришга, тўкинликка  имкону қудратлари етиш-етмаслигига қарамай, ҳаракат қилаверадилар.

Зеро, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирганлар: “Агар одам боласида икки водий (тўла) мол-дунёси бўлса, учинчисини талаб қилади. Одам боласининг қорни фақат тупроққа тўяди. Аллоҳ тавба қилгувчиларнинг тавбасини қабул қилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ана шу ҳаракатлар, интилишлар асносида хонадонлардан тортиб юртларнинг қиёфасигача ўзгаради; либослар янгиланаверади; ҳаёт тарзи гоҳи енгиллашиб, гоҳи мураккаблашади... Кимлардир бу натижалардан қувонади, шукр қилади, кимлардир бошқача. Яна бир аччиқ ҳақиқат шуки, бошимиздан моддий бойликлар, имкониятлар, тану жонга роҳатдек туйиладиган шароитлар ёғилиб турганда ҳам, улардан келадиган қувончу роҳат ўткинчи... қалб муқим, кунлар уммонига чўкиб кетмайдиган ниманидир соғинаверади. Таърифига сўз топмадим, айни ўринда “ниманидир” деганим – бу ҳаётдан изланган асл маъноми, мақсадми... яна ҳам аниқроғи – икки дунё саодатига элтувчи йўл!

Гап шундаки, кўз билан кўриб, аниқ рақаму маълумотлар билан далиллаб эътироф этиладиган кундалик эврилишлар аро фақат қалб зиёси билан кўриш, англаш, ҳис этиш мумкин бўлган яна бир олам бор: унинг кўрки, бойлиги – зумрад нурлар таратувчи бир дарахтки, унга на дунё табиатининг ва на инсон тийнатининг жазиралари, изғиринлари, бўронлари, селу дўллари таъсир эта олади. Бу – ҳаётининг энг саодатли кунларида инсон ўз қалбига эккан эзгулик дарахтидир. Ажабки, ўзинг ва ўзгалар наздида жуда кичик ва арзимасдай туюлган яхшиликдан ҳам бу дарахт яшнаб, гуркираб кетади. Ундан қалбингизга таралган бир қатим нур ҳам борлиғингизни ёритади, роҳатланасиз, руҳиятингиз таскин топади. Бу фароғат нафақат ҳозирингизга ҳузур бағишлайди, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам хушхабарини берибдиларки: “Аллоҳга тақво қил. Яхшиликлардан бирортасини паст санама. Сув талаб қилиб келган кишига челагингдаги сувингни қуйиб беришинг ҳамда биродарингга йўлиққанингда очиқ чеҳра билан кўришишинг ҳам яхшиликдир... (Таёлисий ривояти).

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар:  “Бир киши йўлда кетаётган эди, ногаҳон йўл устида тиконли шохни кўриб, уни четга суриб қўйди. Аллоҳ унинг бу қилган ишидан рози бўлиб, гуноҳларини мағфират қилди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бировга яхшилик қилганингизда, ҳаттоки, кимнингдир кимгадир эзгулик илингани, улашганини кўрганда ҳаяжонланганмисиз, кўзингиз ёшга тўлиб қувонганмисиз? Бу кўз ёши, назаримда, қалбдаги яхшилик дарахти таратаётган нурлар оқими. Шу оқимга ғарқ бўлиб яшамоқ учун “кимлардандир ортда қолмаслик”, “ўткинчи дунёга бир келарканмиз, бир яшаб қолайлик” деган ҳою ҳаваслар етагида беҳаловатликка банд бўлмай, ён-атрофга, жондошу қондошлар, юртдошларга меҳр-мурувват билан қарасак, уларни англашга уринсак, кифоя. Яхшиликлар ҳам мисоли занжирга ўхшайди, бир-бирига боғланиб, бир-бирини тўлдириб келаверади. Ҳаётнинг бу ҳикматли дастурини ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам банди-банди билан тузиб қўйибдилар. Кўзимиз очиқ, қалбимиз уйғоқ экан, ҳар қадамда бу муборак насиҳатлар бизга яхшилик қилиш йўлларини кўрсатаверади:

“Ҳожатини амалга оширишга қодир бўлмаган кишиларга ҳожатини амалга оширишда ёрдамлашинглар. Ким арзини етказишга қодир бўлмаган кишилар ҳожатни бошлиққа етказса, Аллоҳ таоло уни қиёмат куни сирот кўпригида собитқадам қилади” (Имом Табароний ривояти).

“Қалбинг мулойим бўлиб, ҳожатинг бароридан келишини яхши кўрасанми? Унда етимга раҳм қилиб, бошини сила ва унга ўз таомингдан едир. Шунда қалбинг юмшаб, ҳожатинг бароридан келади” (Имом Табароний ривояти).

“Фазилатларнинг энг афзали сен билан алоқани узган киши билан алоқа боғлашинг, сени маҳрум қилганга беришинг ва зулм қилганни афв этишингдир” (Имом Табароний).

“Касалнинг ҳолидан хабар олувчи раҳматда сузиб юради. Агар унинг ҳузурида ўтирса, раҳмат уни ўраб олади” (Имом Аҳмад ривояти).

Яна ва яна, яна... ҳадиси шарифлар ундайди, далиллайди.

Вақт шиддатига таслим бўлиб бораётган энг бебаҳо бойлигимиз – умр сарҳисоби қандоқ бўлишидан хавотир, қўрқинч булутларини эритувчи, ҳайдовчи мўъжиза – қалбимиздаги яхшилик дарахтининг нури, иншааллоҳ.  “Яхшиликлар кўп, уни амалга оширувчилар оз” (Имом Хатиб ривояти), дея ҳушёр бўлишга чақирадилар Сарвари олам соллалоҳу алайҳи васаллам. Тирик эканмиз, шу озчиликни кўпайтиришга ҳар лаҳза, ҳар қандай вазиятда имконимиз бор. Яхши ниятларимизни Ўзи қўллаб-қувватласин, омин.

Муҳтарама УЛУҒОВА

 

 

Page 100 sur 264

Янгиликлар

Top