muslimuz

muslimuz

mercredi, 24 janvier 2024 00:00

Табиатни асранг!

  1. Ерни ифлос қилманг

“Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилманг!” (Аъроф сураси, 56-оят).

 

  1. Аллоҳ покликни яхши кўради

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ покизадир – покизаликни севади”.

 

  1. Ахлат ташламанг!

Набий алайҳиссалом: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, деганлар.

 

  1. Аллоҳ кечириб юборади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда юриб кетаётиб тиканли бир шохни кўриб, уни олиб ташлади. Шунда Аллоҳ уни тақдирлади ва мағфират қилди”, дедилар.

 

  1. Бу ҳам – садақа

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашингиз ҳам – садақадир”, деганлар.

 

  1. Қанча мева бўлса шунча савоб

Набий алайҳиссалом: “Ким бир ўсимлик экса ва мева берса, Аллоҳ таоло унинг меваси ададича (савоб) беради”, дедилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчи, илмий ходим ва талабалари фойдаланиши учун Ахборот-ресурс марказига 2023 йилда китоб дўконларида энг кўп сотилган ва китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан мутолаа қилинган 20 дона жаҳон адабиётининг бестселлер асарлар олиб келинди.

Мазкур тўпламдан қўйидаги китоблар жой олган:

1. Атом одатлар; 2. Латте омили. Молиявий мустақиллик ва эркин ҳаёт сари; 3. Стив Жобс; 4. Зукколар ва ландавурлар; 5. Нолдан бирга. Стартаплар ҳақида қайдлар ёхуд келажакни қандай қуриш мумкин; 6. Катта ўйин. Икки империя тўқнашуви; 7. Яланғоч иқтисодиёт. Мураккаб соҳанинг содда қиёфаси; 8. Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари; 9. 1984;

Шунингдек, 10. CОC! Савол ортидаги савол; 11. Молхона; 12. Бепарволикнинг нозик санъати; 13. Бир кун. Бир муҳаббат тарихи; 14. Қўрқма; 15. Рақамлар учун яралган идрок. Математика ва табиий фанларни қандай қойиллатса бўлади; 16. Factfulness; 17. Тўртинчи саноат инқилоби; 18. Япон зобити. Ютаро Тоданинг асирликда бошдан кечирганлари; 19. Сармоядор; 20. Фаренгейт бўйича 451º.

Китобсеварларда мазкур китоблардан қизиқарли ҳикоя ва воқеалар, унутилмас саргузаштлар дунёсини кашф этиш имкони бор. Шунингдек, тўпламдан жаҳон адабиёти шедеврлари билан бирга бугунги замон ёзувчиларининг энг яхши асарлари ўрин олган.

Абдулазиз Қодиров,  

Ахборот-ресурс маркази мудири

Мисрнинг “Aл-Ватан ал-Мисрий” ахборот агентлигида “Миср ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасини ривожлантириш истиқболлари” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Нашрнинг қайд этишича, Ўзбекистон ўзининг қадимий тарихи, бой мероси, обидалари, ноёб маданий-цивилизацияси ва диққатга сазовор жойлари билан бутун дунё сайёҳлари учун жозибали ва қизиқиш манбаи ҳисобланади.

Портал ёзганидек, мамлакатнинг қадимий тарихи унинг меъморчилиги, санъати ва халқ амалий санъатининг ранг-баранглиги, шунингдек, урф-одатлари, анъана ва қадриятлари, ўзбек ошхонасининг бетакрорлигида намоён бўлади. Ўзбекистон замини зиёратгоҳлардан ташқари ислом ва жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб аллома ва мутафаккирлар ватанидир.

Масжидлар, фируза гуллар билан безатилган бинолар, карвонсаройлар Ўзбекистонни қадимий Ипак йўлидаги энг муҳим савдо ва маданият марказига айлантирди, дейилади нашр. Бу диққатга сазовор жойларнинг барчаси ҳали ҳам қалбларни забт этувчи ва завқлантирадиган сеҳрга эга.

“Иккала давлатда турли ойлар сайёҳлик ойлари ҳисобланади ва бу ҳамкорлик учун янада кенг имкониятлар яратади”, – дейилади мақолада.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида истиғфор айтишни кўпайтиринг. Чунки бу ойнинг ҳар бир соатида дўзахдан озодлик бор” (Дайламий ривояти. Ал-Фирдавс (81/1. 247).

Бу ойда солиҳлар истиғфор айтишни кўпайтирардилар. Улар айниқса ушбу истиғфорни кўп такрорлардилар:

أَسْتَغْفِرُ اللّهَ ذَاَ الْجَلالِ وَالإكْرَامِ مِنْ جَمِيعِ الذُّنُوبِ وَالآثَامِ

Ўқилиши: “Астағфируллоҳа зал Жалаали вал Икраам мин жамийъиз зунууби вал асаам”.

Маъноси: Зул Жалол вал Икром – Аллоҳдан барча гуноҳ ва хатоларим учун мағфират сўрайман.

Ҳофиз Камолиддин Дамирий раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан марфуъ ривоят қилинган ушбу хабарни келтиради: “Ким ражаб ва шаъбон ойида

اَسْتَغْفِرُ اللهَ الْعَظِيْمَ الَّذِى لَااِلَهَ اِلاَّ هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّوْمُ وَاَتُوْبُ اِلَيْهِ تَوْبَةَ عَبْدٍ ظاَلِمٍ لَايَمْلِكُ لِنَفْسِهِ ضَرًّا وَلَانَفْعًا وَلَامَوْتًا وَلَاحَيَاةً وَلَانُشُوْرًا

 “Астағфируллоҳал аъзийм аллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи тавбата ъабдин зоолимин лаа ямлику линафсиҳи зорран ва лаа нафъан ва лаа мавтан ва лаа ҳайаатан ва лаа нушуурон” дуосини етти марта такрорласа Аллоҳ таоло икки вакил қилинган фариштага унинг гуноҳ саҳифаларини ўчириб юборишни буюради”.

Қисқа истифғор калималари:

أَسْتَغْفِرُ اللهَ

Ўқилиши: “Астағфируллоҳ”.

أَسْتَغْفِرُ اللهَ وَأَتُوبُ

Ўқилиши: “Астағфируллоҳа ва атуубу илайҳ”.

أَستغفِرُ اللهَ الَّذي لا إلَهَ إلَّا هو الحيُّ القيُّومُ وأَتوبُ إليه

Ўқилиши: “Астағфируллоҳаллазий лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи”.

رَبِّ اغْفِرْ لِي وَتُبْ عَلَيَّ إِنَّكَ أَنْتَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ.

Ўқилиши: “Роббиғфир лий ва туб ъалаййа иннака антат тавваабур роҳийм”.

سُبْحَانَكَ وَبِحَمْدِكَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ

Ўқилиши: “Субҳаанака ва биҳамдика астағфирука ва атуубу илайк”.

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ

Ўқилиши: “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва атуубу илайк”.

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака афуввун кариймун туҳиббул афва фаъфу ъанний”.

أَللَّهُمَّ مَغْفِرَتُكَ أَوْسَعُ مِنْ ذُنُوبِي وَرَحْمَتُكَ أَرْجَى عِنْدِي مِنْ عَمَلِي

Ўқилиши: “Аллоҳумма мағфиротука авсаъу мин зунуубий ва роҳматука аржаа ъиндий мин ъамалий”.

أسْتغفرالله ربي من كلّ ذنبٍ وأتوبُ إليه

Ўқилиши: “Астағфируллоҳа Роббий мин кулли занбин ва атуубу илайҳ”.

Даврон НУРМУҲАММАД

Шу йил 22 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида 2023-2024 ўқув йилининг 1-семестр якуни бўйича талабаларга назорат синовлари бошланди.

Мазкур имтиҳонлар ҳар бир фанлар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ёзма, оғзаки сўров ва тест синови шаклда олиб борилади. Икки ҳафта, яъни 3 февралга қадар давом этадиган синовларда талабаларнинг семестр давомида эгаллаган билимлари синовдан ўтказилади.

Ҳар бир таълим муассасасида ташкил этилган Якуний назорат комиссиялари имтиҳонларнинг шаффоф, очиқ ва ошкора бўлишини таъминлайди.

Эътиборлиси, мазкур синовлардан муваффақиятли ўтган талабалар кўрсатган натижаларга кўра “аъло”, “яхши”, “қониқарли” каби табақалаштирилган стипендиялар белгиланади. Маълум сабабларга кўра имтиҳонларда қатнашмаган ёки ўтолмаган талабаларга қайта топшириш учун бир ой қўшимча муддат берилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top