muslim.uz
Рамазон ойи муборак!
Мана яқин кунларда ҳижрий йил ҳисоби бўйича 1442 йилнинг Рамазон ойи кириб келади. Рамазон ойи мўмин-мусулмонлар муштоқлик билан кутадиган ойдир.
Авваламбор, Рамазон ойи мўмин-мусулмонларга рўза тутиш фарз қилинган ойдир. Бу ҳақда Алоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчилик хоҳламас. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсангиз ” ( Бақара сураси, 185-оят).
Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да шундай дейилади: “ Рамазон ойи барча самовий китоблар, шу жумладан Қуръони карим нозил қилинган шарафли ойдир. Ким бу ойга етса, рўза тутишига монеъ сабаблари бўлмаган муқим киши рўза тутсин, чунки у Ислом рукнларидан биридир”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Рамазон ой кириши арафасида шундай марҳамат қилганлар: “ Эй инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик билан Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда бир фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгаларга меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, ўшанча ажр бўлади ( Имом Байҳақий, Ибн Ҳузайма ривояти).
Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар рўза тутиб Аллоҳнинг розилигини топадилар. Аллоҳнинг мағфирати, раҳматига сазавор бўладилар.
Рамазон ҳидоят, тақво, ихлос, сабр, ибодат, мағфират, раҳмат, дўзахдан нажот топиш, хайру-саховат, қаноат ойидир.
Умуман айтганда Рамазон ойи Аллоҳнинг биз мўмин-мусулмонларга берган катта неъматидир. Аллоҳнинг бизга берган неъматини ғанимат билиб қадрлашимиз ва унга шукр қилишимиз лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизга кириб келаётган Рамазон ойини муборак қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими
Сиз ўзи кимга эргашасиз?
Сохта салафийлар "Саҳобалар ақидаси" дейишади, ҳолбуки саҳобалардан битта ҳарф нақл қилишмайди. Балки Ибн Таймия ва Ибн Абдулваҳҳобдан нақл қилишади.
Қизиғи шуки:
Мен ҳижрий 194 йилда туғилиб 256 йилда вафот этган Имом Бухорийнинг "Аллоҳ таоло кулди..." деган ҳадисни (Имом Байҳақий "Асмо ва сифот"да нақл қилганидек) "Кулишнинг маъноси — меҳрибонликдир" дея таъвил қилганлигини зикр қилган эдим.
Битта "салафий" келиб:
"Бу саҳобалар ва салафларнинг мазҳабимас, балки салафларнинг мазҳаби зоҳирига кўра қабул қилишдир, Ибн Таймийя айтади: ..." деб ёзибди.
Яхшилар! Салаф ким? Иккинчи ҳижрий асрда таваллуд топган Имом Бухорийми ё еттинчи асрда туғилиб саккизинчи асрда вафот топган Ибн Таймиями?
Шайх Сайф Ал-Асрий ҳафизаҳуллоҳ
Муҳаммад Аюб Фахриддин таржимаси
Тошкентдаги олтита кўча таровеҳ намозлари вақтида транспорт ҳаракати учун тўлиқ ёпилади
Тошкент шаҳрида таровеҳ намози муносабати билан ҳар Рамазон оқшомида (13 апрелдан 12 майга қадар) — соат 18:00 дан 23:00 гача масжидлар яқинидаги йўллар транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилади , дея хабар бермоқда пойтахт ИИББ матбуот хизмати.
Жумладан,
Лутфий кўчаси (фақат масжид томони, қарама қарши томон ҳаракат учун очиқ бўлади) — Катта Қаъни кўчаси билан кесишмадан Катта Хирмонтепа кўчаси билан кесишган йўлгача («Абдуллоҳ ибн Масъуд» масжиди);
Кўкча Дарвоза кўчаси — Бешқайрағоч кўчасидан Нурафшон айланма кўчасигача («Шайх Зайниддин» (Кўкча) жоме масжиди);
Келес йўли — Норазтепа кўчасидан Гулсарой кўчасигача («Дўстжонбой ота» жоме масжиди);
Камолон кўчаси — Самарқанд дарвоза кўчасидан Бунёдкор шоҳ кўчасигача («Хўжа Аламбардор» (Камолон) жоме масжиди);
Ал-Хоразмий кўчаси — Катта Қаъни кўчасидан Катта Хирмонтепа кўчасигача («Убай ибн Каъб» (Бўрижар, Илонлик ота) жоме масжиди);
Қорақамиш-3 кўчаси — Қорақамиш-1 кўчасидан Келес йўлигача («Сирож-солиҳ» жоме масжиди) ёпилади.
«Ҳолатга қараб, намозхонлар сони кўпайиб кетган тақдирда, масжидларга туташган бошқа йўллар ҳам ёпилиши мумкин», — дейилади бош бошқарма ахборотида. Шаҳар расмийлари ҳайдовчилардан таровеҳ намозлари вақтида масжидлар атрофидаги кўчаларни четлаб ўтишни илтимос қилган.
daryo.uz
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар халқимизга ва динимизга хизмат қилиб келаётган Тошкент шаҳар Олмазор тумани «Имом Термизий» жоме масжидининг имом ноиби Иброҳимжон домла Узоқовнинг жуфти ҳалоллари вафоти муносабати билан у кишининг барча оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумани ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Иброҳимжон домла Узоқовнинг оила аъзолари, фарзандлари ва ёр-биродарларига, марҳума онахоннинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ОРЗИҚИБ КУТИЛГАН ОЙЛАР СУЛТОНИ, МАРҲАБО!
Муносабат
Халқимиз меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик сингари ўзига хос ззгу фазилатларни асрлар давомида қадрлаб келади. Айниқса, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашдек эзгу амаллар сўнгги йилларда янада ривожланиб, тараққий этиб, янгича маъмо-мазмун касб этиб бормоқда. Ана шу қадриятлар Рамазон ойида яққол намоён бўлади.
Рамазон ойи халқимизнинг маънавий-руҳий ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Бу ойни юртдошларимиз интиқлик билан, орзиқиб кутиб, муносиб ўтказишади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бу ойда бир ҳар бир қилинган амалнинг эвазига 70 тадан 700 тагача савоб берилиши ҳадиси шарифда баён этилган: “Ҳар бир хайрли амалга ўн баробардан етти юз баробаргача савоб берилади” (Имом Табароний ривояти).
Куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрида”ги Қарори матбуотда эълон қилингани барча мўмин-мусулмон юртдошларимиз сингари бизни ҳам беҳад қувонтирди.
Яна бир ҳолатни эслаб ўтиш янада кўпроқ шукр қилишимизга туртки бўлса, ажаб эмас. Авваллари Тошкент шаҳрида бармоқ билан санарли масжидларда Қуръони карим хатм қилинар, қорилар Миср, Туркия, Саудия Арабистони каби давлатлардан таклиф этилар эди. “Биров билмасин”, дея уч кунда Қуръони карим ўқиб тугатилар эди.
Ҳозир юртимизда 2085 та масжид фаолият юритаётган бўлса, бу йил шулардан 1367 тасида Қуръони карим хатм қилинади. Мустабид тузумдагидек, “уч кунда хатм қилиб, ҳеч ким билмасин” учун эмас, балки халқимиз, айниқса, ёши улуғ инсонлар қийналмаслиги, Қуръони карим тиловатидан завқ олишлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тавсиясига биноан хатми Қуръонлар 27 кундан кам муддатда ўтказилмаслиги белгилаб қўйилди.
Тошкент шаҳридаги 114 та жоме масжиднинг барчасида 27 кун давомида мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг каломини сел бўлиб тинглашади, иншоаллоҳ. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилди. Масжидларимиз Рамазонга шай ҳолатга келтирилди.
Ўтган йили коронавирус инфекцияси туфайли масжидларда таровеҳ намозларини ўқий олмаганимиз, Қуръони каримни хатм қила олмаганимиз туфайли бу йил Рамазонни ўзгача соғиндик, интиқ билан кутдик. Аллоҳга беадад шукр, яна эзгу анъаналаримиз давом этади: таровеҳларда, Қуръони карим хатмларидан сўнг барча масжидларимизда юртимизнинг янада равнақ топиши, халқимиз турмуши бундан-да фарвон бўлиши, жаннатмонанд юртимиз гуллаб-яшнаши учун Яратганга илтижолар қиламиз. Зеро, ҳадиси шарифда: “Рўзадорнинг дуоси то ифторлик қилгунича асло рад этилмайди”, дейилган (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Ёши улуғ кишилар яхши эслашади: мустабид тузум даврида Рамазон ойини муносиб кутиб олиш у ёқда турсин, ҳатто рўза ҳам яшириб тутилар эди. Лекин, шунга қарамай, халқимиз имонидан айрилмаган. Собиқ тузум мусулмонлар бошида қон томиб турган қамчисини ўйнатган бўлса-да, мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг қарзини адо этишган. Бир таниш отахон ўша пайтларда мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаганини, айнан Рамазон ойида рўзадорларни “текшириш учун келган” комиссия аъзолари кўз ўнгида писта чақиб, мағзини ютмасдан, тупуриб ташлаганини ҳалигача айтиб юради.
Бугун биз қанча шукр қилсак – кам. Чунончи, ҳар йили Рамазон ойи ҳамда иккала ҳайит – Рамазон ва Қурбон байралари арафасида муҳтарам Юртбошимизнинг махсус қарори қабул қилиниши динимизга, маънавий-маърифий соҳага қаратилаётган эътиборнинг амалдаги бир инъикосидир.
Таъкидлаш жоиз, ўтган йили пандемия туфайли масжидларимиз фаолият юритмади. Бу йил, Аллоҳга шукр, масжидларимиз очиқ. Таровеҳ намозларини карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқишимиз шарт. Шу билан бирга, ёши улуғ отахонлар, сурункали хасталиги бор кишилар ўзларини эҳтиёт қилишлари, таровеҳларни уйларида ўқишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Улар мунтазам равишда тиббий назоратдан ўтииб туришлари тавсия этилади. Чунки ҳали бу хавф, яъни коронавирус балоси тўлиқ чекингани, бутунлай бартараф этилгани йўқ.
Яна бир муҳим жиҳат. Айрим кишилар ифторлик қилишда дабдабага берилиб, исрофгарчиликларга йўл қўйиши кузатилади. Қорни очлар, яъни эҳтиёжманд кишилар бир четда қолиб, қорни тўқлар ифторликларга таклиф этилади. Бу ҳам динимизга мутлақо хилоф ишдир. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таомларнинг энг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир”, деганлар.
Ҳазрат Алишер Навоий ҳам: “Ўт иши – қовурмоқ, ел иши – совурмоқ”, деб, исроф қилувчиларни қаттиқ танқид этган.
Бунинг ўрнига Рамазонда қилинадиган хайрли ишларга кўплаб савоблар берилишидан унумли фойдаланиб, бойлар чақириладиган ифторликларга сарфланадиган харажатлар ўрнига етим-есирлар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга кўмак бериш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган “қўли калта” талабаларнинг ўқув-шартнома пулларини тўлашга кўмаклашиш, дори-дармон ололмаётган беморларга ёрдам беришнинг савоби жуда улуғ.
Бу эзгу ишлар Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган қиёмат куни Арш соясига олинувчи етти тоифанинг олтинчисига, яъни ўнг қўли берган садақани чап қўли сезмайдиган кишиларга жуда мос тушади.
Бундай хайрли ишларни қилиш мазкур қарорда ҳам алоҳида таъкидланган.
Мухтасар айтганда, орзиқиб кутилган Рамазон ойи ташриф буюрмоқда. Бу ой савоб, ажр жиҳатидан, йилларга, минг ойларга татийди. Шундай экан, ҳар биримиз Рамазонни ғанимат билиб, кўнгиллар эриган, қалблар юмшаган дамларда Яратгандан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, дуою илтижолар қилишимиз керак.
Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби