muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари Мадина ислом университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мулоқот чоғида мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Хусусан, диний соҳадаги эркинлик ва шаффофлик, бағрикенглик тамойилларига асосланган давлатимиз сиёсатига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, талабаларга Бош консулхона тақдим этаётган хизматлар кўлами кенгайгани, хусусан, хорижга чиқиш учун биометрик паспорт расмийлаштириб бериш имконияти мавжудлиги ҳақида қамровли маълумот етказилди.

Суҳбат ниҳоясида талабаларни қизиқтирган масалалар бўйича савол-жавоб ўтказилиб, консуллик-ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Сўнгги кунларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали "Саудия Aрабистони Рамазон ойида COVID-19 га қарши эмланган зиёратчиларга ҳаж сафари учун рухсат беради" каби мазмундаги хабарлар тарқалмоқда.

Аввал хабар берилганидек, ҳозирда Саудия Арабистонида коронавирус пандемияси сабабли қатъий карантин чекловлари жорий этилган.
Шу ўринда, Ҳаж ва Умра тадбирлари борасидаги янгиликлар ҳамда ташкилий ишлар масаласида Дин ишлари бўйича қўмита Саудия Арабистони расмийлари ҳамда Ҳаж ва Умра ишлари бўйича Атташе билан мунтазам алоқа ўрнатган.

Шундан келиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қиламиз:

Аслида, 2021 йил РАМАЗОН ойида Умра қилиш, намоз ўқиш ва зиёратга келиш учун рухсатнома олиш тартиби ва соғлиққа қўйиладиган талаблар эълон қилинган, унга кўра, вакцинация қилинган ва тўлиқ иммунитетга эга бўлган фуқаролар мазкур амалларни бажариш учун Байтуллоҳга киришлари мумкин;

Мазкур чекловлар Рамазон мавсумига тааллуқлидир.

Эслатиб ўтамиз, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича Саудия Арабистони ҳукумати томонидан ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий қарор эълон қилинмаган.

Ҳурматли юртдошлар!
Ҳаж ва умра зиёратлари билан боғлиқ асосли маълумотлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали эълон қилинади.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

Эртага, чоршанба куни Миср ҳукумати Covid-19 инфекциясининг олдини олиш учун муқаддас Рамазон ойида фуқаролар бажаришлари керак бўлган хавфсизлик чораларини муҳокама қилади. Унда камбағаллар учун хайрия ифторлари ёки узоқ вақт давомида масжидларда бўлиб туриш каби баъзи тадбирлардан воз кечиш масаласи кун тартибига қўйилади.

Islam.ru маълумотларига кўра аввалроқ коронавирус инқирозини бошқариш бўйича Олий қўмита йиғилишида бош вазир Мустафо Мадбули эҳтиёт чораларига кучли талаб қўйилганини таъкидлаган.

Жумладан, 13 апрелдан ёпиқ хоналарда катта йиғин, марака, тўй ва бошқа оммавий тантаналарни ўтказиш маън этилади. Мусулмонлар масжидларда ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб кийиш, шахсий жойнамозлардан фойдаланиши керак.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги сурункали касаллиги ва болалари бўлган одамларнинг уйда намоз ўқишини сўради.

Бироқ қоидалар 2020 йилга қараганда анча мослашувчан бўлади. Бу сафар оммавий тунги намозлар (таровиҳ) ўтказилади, кафе ва ресторанлар эрталаб соат биргача, дўконлар эса кечки соат 11 гача очиқ бўлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Британиянинг Оксфорд шаҳридаги Марказий масжид Рамазон ойи мобайнида эҳтиёжмандлар учун иссиқ таом тарқатишни режалаштирмоқда.

Масжид кўнгиллилари ҳафтада бир марта таом тарқатишни йўлга қўйишган. 12 апрел – Рамазондан бир кун аввал эса ушбу хайрли амални ҳар куни бажаришга киришишади ва бу иш муқаддас ойнинг охиригача давом этади.

Марказий масжид бошқаруви аъзоси Файсал Азизнинг айтишича, кампанияга жамиятнинг турли қатламларига оид кишилар ўз ҳиссасини қўшди.

“Севимли шаҳримизни бирлаштирганимиз жуда ажойиб бўлди, – дейди у. – Барча зарурий нарсаларни сотиб олишга, таомларни манзилларга етказиб беришга ёрдам берадиган жамоатимиз аъзолари борлиги учун жуда омадлимиз. Масжидимиз ушбу хизматни Рамазон ойи давомида амалга ошириши ҳақида хабар беришдан хурсандмиз”.

Янгиликлар

Top