muslim.uz

muslim.uz

“Вақф” хайрия жамоат фондининг “Ғамхўр бўлайлик!” хайрия акцияси Қорақалпоғистоннинг олис ва чекка ҳудудларида ўтказилди. Хайрия тадбирлари Орол денгизи атрофида яшайдиган ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олиш ва уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилди.
2 декабрь куни Фонд раҳбари Яҳё домла Абдураҳманов Қорақалпоғистонда бўлди. Сафар давомида “Ғамхўр бўлайлик!” тадбири доирасида Фонднинг закот маблағлари ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда 62,5 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари 500 нафар моддий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган, ногирон, етим-есирлар ва боқувчисини йўқотган оилаларга улашилди.
“Ғамхўр бўлайлик!” тадбирини чекка ҳудудлардан бири бўлган Мўйноқ туманида ҳам давом этди. Яҳё Абдураҳманов ушбу туманда яшовчи Хожабаев Азаматнинг холидан хабар олди. Ушбу фуқаронинг уйига ўт кетиб, ёнғин оқибатида уй-рўзғор буюмлари ва турар жойига талофат етган эди. Табиий офатдан зарар кўрган оила аъзоларига турар жойни қайта таъмирлаш учун Фонд ва қозиёт томонидан 30 млн. сўмлик қурилиш материаллари олиб берилди.
3 декабрь куни Фонд раҳбари Яҳё Абдураҳмонов Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал Беруний ўрта махсус ислом билим юртида бўлди. “Вақф” хайрия жамоат фонди аъзолари, билим юрти ўқитувчилари ва талабалар иштирокида мулоқот ўтказилди. Унда “Вақф” хайрия жамоат фонди тамонидан юртимизда амалга оширилаётган хайрия тадбирлари ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди. Фонд томонидан билим юртидаги ахборот ресурс марказини бойитиш мақсадида, 30 турдаги 700 га яқин китоб тақдим этилди.
Билим юрти мудири Ш.Бауатдинов меҳмонларга яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари, кутубхона, ошхона ва спорт заллари билан таништирди. Фонд раҳбари шундай кенг имкониятларга эга бўлган ва барча қулайликлар яратилган мазкур мадраса фаолияти билан танишар экан, аввало бу неъматларга шукроналик билдириш кераклигини таъкидлади. Келажакда ушбу маскандан илмига риоя қиладиган, юртига, халқига, динига манфаат келтирадиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий сингари аждодларимизга муносиб толиби илмлар етишиб чиқишини тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилди.
Шу куни “Вақф” фонди ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти вакиллари Хўжайли ва Чимбой туманларида бўлишди. Туманда яшовчи аҳолининг кундалик ҳаёти билан танишиб, ҳомийларни жалб қилган ҳолда хайриялар қилинди. Хусусан, Хўжайли туманидаги табиий газ босими паст ҳудуддаги бир нечта хонадонларга 5 млн. сўмлик ўтин ва 9 тонна тошкўмир олиб берилди. Шунингдек, халқаро ногиронлар куни муносабати билан Чимбой туманидаги 10 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларга 3 млн. сўм, 20 нафар кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга 4 млн. сўм миқдоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Қилинган хайру эҳсонларни Аллоҳ Ўз даргоҳида қабул қилсин.

 

vaqf.uz
vaqf.uz

 

vaqf.uz

 

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сайёрамиз аҳолисининг 15 фоизи (бир миллиарддан ортиқроқ инсон) ногироликнинг у ёки бу туридан азият чекади. 60 ёшдан ошганларнинг 46 фоизини ногиронлар ташкил қилади. Ер юзидаги ногиронлиги бор инсонларнинг 10 фоизи эса болалардир. Дунёда бундай инсонларнинг 80 фоиздан ортиқроғи ривожланаётган мамлакатларда яшайди.

Уларнинг ҳаёт тарзини яхшилашга дунё миқёсида эътибор қаратиш мақсадида БМТ томонидан 1983–1992 йиллар Халқаро ногиронлар ўн йиллиги деб белгиланган эди. Мазкур ўн йиллик якунида (1992 йилнинг 14 октябрь куни) БМТ Бош Ассамблеясининг 37-ялпи мажлисида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, 3 декабрь Халқаро ногиронлар куни деб эълон қилинган.

Мазкур халқаро ҳужжатга мувофиқ, БМТга аъзо барча мамлакатларга, шунингдек, тегишли ташкилотларга ногиронлиги бор шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечириши, ишлаши, таълим олиши ва саломатлигини тиклаши учун мунтазам тарзда зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, мазкур кунни кенг миқёсда нишонлаш тавсия этилган.

Кейинги пайтларда дунё миқёсида айниқса араб дунёсида айрим мўмин-мусулмонларни кофирга чиқариш, уларга муртадлик тамғасини босиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Табиийки, бу каби ҳодисалар ҳар бир иймонли одамни безовта қилади. Бундай маломатларга нишон бўлаётган одамлар эса ўзларига қўйилаётган бундай таъналар қаршисида ҳайрон бўлиб қолмоқдалар. Мазкур ҳолат одамлар орасида тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Бир танишимга “биродар, пешиндан кейин жаноза бор экан. Жанозада ҳам қатнашамиз”, десам, у одам “йўқ мен жанозада қатнашмайман. Чунки унинг мусулмонлигини қаёқдан биламан”, деди. Мен “ахир у ҳам аҳли қибла-ку” (Каъбани қибла деб тан одамларни аҳли қибла дейилади) десам, у одам менга зарда билан “унинг намоз ўқиганини қаёқдан биласан” деб жавоб берди.

Аслида ҳам шундайми! Шаръий далиллар тақозосига кўра иймон асосларини инкор қилмаган, ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол деб эътиқод қилмаган бирорта мўмин-мусулмонга куфр нисбатини бериш асло мумкин эмас. Шариатни кўрсатмасига амал қилмаса у одам фосиқ, гуноҳкор ҳисобланади. Аммо кофир дейилмайди. Келинг, яхшиси бу масалани уламоларимиз томонидан асослаб берилган далиллар асосида муҳокама қиламиз.

Куфр сузини луғавий ва истилоҳий таърифи: 

Куфр сўзи луғатда бир неча маъноларга далолат қилади. Бу хақида Ибни Форс  “бу сўз луғатан бир нарсани ёпиб, беркитиб туришга далолат қилади. Масалан совутини кийим билан ўраб қўйган одамга ҳам “кафара диръаҳу” дейилади. Мана шу гапда “кафара” сузи “ўраб, ёпиб қўйди” маъносида ишлатилмоқда. Шунга биноан “мукаффир” дейилганида бирор нарсани ёпиб турган одамни тушинамиз. 

Суви билан барча нарсаларни ёпиб турган улкан дарёни ҳам, ҳосили тупроқ тагида бўладиган экинларни ҳам кофир дейилади. Чунки уларнинг ҳосилини тупроқ ёпиб турибди”.

Ибну Асир эса “куфр сўзи луғатда бир нарсани ҳалок бўладиган даражада ёпиб туришни тушунамиз”, дейди.    

Шариатдаги каффорат (қасамини бузган ёки беихтиёр, билмасдан бировни ўлдириб қўйган пайтдаги молиявий тўлов) ҳам шундан олинган. Чунки у ҳам қилинган гуноҳларни ёпиб, яшириб туради.

“Куфр” сўзининг истилоҳий таърифига келсак луғат, усул ва бошқа барча уламоларининг тадқиқ қилишларича шаръий далилларнинг далолатидан келиб чиқиб бир неча маъноларда келади. Жумладан: “бу сўз умумий маънода Аллоҳ таолонинг ваҳдониятини, пайғамбарликни, шариатни ёки мазкурларнинг барчасини бир йўла инкор қилишдир”.

Роғибул Исфаҳоний

“Аллоҳ таоло куфр атамасини, ўз ваҳдониятини инкор қилганлар, Қуръонда пайғамбарлиги баён қилинган пайғамбарларни инкор қилган одамлар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган саҳиҳ хабарларни инкор қилган ёки ўзлари амал қилганлари ҳақида далили бўлган суннатларини инкор қилган одамларга нисбатан ишлатади”.

Ибнул Ҳазм.

“Куфр чегарасини белгилаб олиш мутакаллим уламоларнинг назарида анча оғир ишдир. Шариатнинг собит қоидаси шуки, бу каби ишлар (бировга куфр ҳукмини бериш) лафзнинг маънолари устигагина бино қилинмайди. Балки бунинг учун шаръий ҳукмларга замин бўладиган очиқ-равшан аломат ва асослар талаб қилинади. Белига зуннор (мажусийлар белига боғлайдиган белбоғ) боғлаш каби амаллар бировнинг куфрига далолат қилмайди”.

Имом Фахриддин ар-Розий

Кўриниб турибдики бировга кофирлик нисбатини бериш учун асосли далиллар бўлиши керак.  Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларда ворид бўлган куфр лафзи ва уларнинг тафсирлари алоҳида илмдир. Омма орасида муҳокама қилинадиган масала эмас. Балки ўта ҳассос ва нозик жабҳа бўлиб уни мутахассисларгина муҳокама қилишлари керак.

Бугун айрим мусулмонларни куфрда айблаётган билағонлар юқоридаги таъриф ва лексик маъноларни фарқига борармикан?! Ишониш қийин. Чунки ҳақиқий илм соҳиби бундай чаламуллалик қилмас эди.   

Айни масала борасида имом ибни Обидийн шундай дейди:

“Бирорта мусулмон устида, модомики унинг сўзини имкон қадар мусулмонликка ҳукм қилишнинг иложи бўлар экан унга куфр ҳукмини бермаймиз. Гарчи бу ишда куфрнинг хилофи бўлган заиф ривоят бўлса-да қабул қилинади”

Бугунги мутаассиб жамоаларга бу каби асосли жавоблар етарлича мавжуд. Аммо биз сўзимизни мухтасар қилиш назаридан шу айтганларимиз билан кифояланамиз.

 

Тоҳир Воҳид, “Умар ибн Хаттоб” масжиди имом ноиби

Уммон ихтисослашган "Вижҳат" газетаси сайтида "Ўзбекистонда "Ислом энциклопедияси" нинг биринчи жилди чоп этилди "сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Мақола муаллифи Юсуф Ал-Балушийнинг ёзишича, нашр Ўзбекистонда умуминсоний қадриятларни сақлаб қолиш, ўзбек халқининг илмий-маданий меросини тиклаш ва Ислом ҳақ динининг моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан далолат беради.
Нашр Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Халқаро ислом Академияси ташкил этилганига газетхонлар эътиборини қаратмоқда. Кўп жилдли Ислом энциклопедияси ушбу муассаса томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан биридир.
"Ислом энциклопедияси" 20 жилддан иборат бўлади, унда 60 мингдан ортиқ мақола чоп этиш режалаштирилган. Энциклопедиянинг дастлабки версияси ўзбек тилида яратилмоқда ва келажакда бошқа тилларга таржима қилинади. Энциклопедияни яратишда тажрибали хорижий олимлар, жумладан, Осиё, Араб Шарқи, Европа мамлакатлари ва Туркиядан келганлар олимлар иштирок этмоқда.
Нашрдан кўзланган пировард мақсад илмий билимларни тўплаш ва ўзбек халқининг Ислом дини билан боғлиқ маънавий меросининг тегишли жиҳатларини, уларнинг ижтимоий-сиёсий, маданий ва маънавий жараёнларга таъсирини бирлаштиришдан иборат, дея хулоса қилади Уммон газетаси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутишни; икки ракат чошгоҳ – зуҳо ва ухлашимдан олдин витр намозларини ўқишни” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).

Америкалик бир гуруҳ тадқиқотчилар Ойда инсон томири ва пешобида тўпланиб қолган сувни шимиш хусусияти борлигини аниқлашди. Ой инсон танасидаги бу сувни айнан 13, 14 ва 15 кунлик бўлганида шимиб олар экан. Тадқиқотчилар қамарий ойнинг 13, 14, 15 кунлари еб-ичишни камайтиришни тавсия этадилар.

Зуҳо намози икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

Қуёш чиққандан таҳминан ўн беш дақиқа ўтгач ушбу намозни ўқиш мумкин. Унинг энг афзал вақти бомдод намозини адо этгандан сўнг, ўша жойда қуёш чиққунча зикр билан машғул бўлиб, қуёш чиққандан кейин ўқишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тўрт ракат зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини баъзан узлуксиз ўқир эдилар. Биз энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Гоҳида эса ўқимас эдилар, энди бу намозни ҳаргиз ўқимасалар керак, деб ўйлардик” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Янгиликлар

Top