muslim.uz

muslim.uz

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон делегациясининг Қирғизистон давлатига ташрифи доирасида Қирғизистоннинг Баткен шаҳрида “Диний ва миллий муносабатлар уйғунлиги ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликнинг долзарб масалалари" мавзусидаги семинар бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари йилдан-йилга ривож топиб бораётгани, муборак динимизда қўшничилик ришталарига алоҳида эътибор берилгани ҳамда қўшнига яхшилик қилиш ҳақида қўплаб тавсиялар келгани ҳақида Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар асосида баён қилиб бердилар. Шунингдек, бугунги мураккаб даврда зиддиятли масалаларни ҳал этишда турли фитналарга берилмаслик, гап-сўзларга учмаслик ва ҳар қандай вазиятда оғир-босиқ бўлиш муҳимлигига муфтий ҳазратлари алоҳида урғу қаратдилар.
Семинарда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Мақсадбек Токтамушев, Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ва бошқа мутасаддилар ўз чиқишлари билан қатнашдилар.
Сўзга чиққан нотиқлар узоқ йиллик тарих давомида халқларимиз ҳамжиҳатликни ҳамиша қўллаб-қуватлаб келгани, юзага келган қалтис вазиятларда оқиллик ва вазминлик билан иш тутиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Мана шундай паллаларда қўшқанот бўлиб, биргаликда иш юритиш, барча муаммоларни очиқ муҳокама қилган ҳолда ҳал этиш ҳар қачонгидан ҳам зарур эканини маълум қилдилар.
Шунингдек, икки давлат ўртасидаги диний-маърифий соҳадаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, чегарадош ҳудудларда фаолият юритувчи имомларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва мулоқотини ривожлантириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида аҳиллик, ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик тамойилларини тарғиб қилиш, ўзаро ҳамжиҳатликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикрлар алмашдилар.
Сафар давом этмоқда, жараёнларни сайтимиз орқали кузатиб боринг.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 25 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Қирғизистон давлатига сафари бошланди. Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Мақсадбек Токтамушев бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар Ўзбекистон делегациясини кутиб олдилар.
Ҳозирги кунда мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда кенг қулоч ёймоқда. Айниқса, минтақа мамлакатлари диний идоралари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этиш керак. Ўтган Рамазон ойи ва ҳайит байрамлари кунини белгилаш ва намоз вақтларини аниқлашда олиб борилган уламолар ҳамкорлиги сўзимизга яққол мисол бўла олади.
Бугун бўлиб ўтаётган мулоқотлар мамлакатлар ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик муносабатларининг узвий давоми сифатида майдонга келди. Мулоқотларда қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, ҳозирги кундаги турли таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида урғу қаратилади.
Сафар жараёнларини сайтимиз орқали кузатиб боринг.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 Аллоҳ ва Унинг Расулидан  100 ўгит 

4-ўгит: Мутакаббир бўлманг!

Аллоҳ таоло шундай деган: “У Зот: “Бас, у(жаннат)дан туш! Сен учун унда мутакаббирлик қилиб юриш йўқ. Бас, чиқ! Албатта, сен хору зор бўлгувчилардансан”, - деди. (Аъроф сураси 13-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки ўзини бошқалардан афзал, деб билса, ёки кибр-ҳаво билан юрса, Аллоҳ таборак ва таолони ғазабланган ҳолда учратади», деганлар. (Имом Табароний ривояти)

Хулоса:

  1. Ушбу оятда шайтон алайҳи лаънанинг қиссаси зикр қилинмоқда.
  2. Шайтонни жаннатдан чиқарган нарса кибр бўлди.
  3. Иблис кибр сабаб роҳат ва фароғатдан маҳрум бўлди.
  4. Мутакабир киши учун албатта хору зорлик бордир.
  5. Ким ўз нафсига ҳаволанса ва кибрланса Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлади.
  6. Кибр ҳаттоки, жаннат ичида бўлса ҳам зарар берди.
  7. Жаннатда мутакаббирлар бўлмайди.
  8. Жаннат аҳлини дўзах аҳлига айлантирган гуноҳ бу кибрдир

 

Роббимиз биз ожизларни мутакаббирликдан асрасин ва тавозеъли бандаларидан қилсин. Зеро, кибр Улуғлик ва Қудрат соҳиби бўлган Аллоҳгагина ярашади. 

 

Олмазор туманидаги    “Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Ёрбек Исломов

Аллоҳ ва Унинг Расулидан  100 ўгит 

3-ўгит! Яхшилик қилинг!

Аллоҳ таоло айтади: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчиларни ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас”. (Нисо сураси, 36-оят) 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин.  Агар биродарингга очиқ юз билан йўлиқиб бўлса ҳам”, дедилар. (яъни, биродарингга очиқ юз билан йўлиқиш ҳам яхшиликдир).   (Имом Муслим ривояти) 

САВОЛ: Яхшилик нима? 

Ан-Наввос ибн Самъон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот: «Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир», дедилар».  (Имом Муслим ва Термизий ривояти)

Хулоса:

  1. Аллоҳ таолони буйруқларини бажариш билан у Зотга ибодат қилинг.
  2. Ҳох амалда ва ҳох тилда бўлсин, Аллоҳга ширк келтирманг. Яъни, ҳар бир ният ва амалингизингиз фақат Аллоҳни розилиги учун бўлсин.
  3. Яхшилик қилишни аввало Аллоҳ таоло зикр қилган тартибда бошланг.
  4. Аллоҳ таоло кибрли ва мақтанчоқ кишиларни ёмон кўради.
  5. Яхшиликни энг кичик кўринишига ҳам эътиборли бўлинг. Зеро, зарра яхшилик ҳам мукофотсиз қолмайди.
  6. Лоақал, кишилар юзига табассум билан боқиб қўйинг. Бу ҳам яхшиликдир.
  7. Яхшилик гўзал муомаладир. Ўзгалар билан бўладиган ҳар қандай чиройли хулқ яхшиликдир.
  8. Яхшиликнинг йўллари кўп. Уни ҳар қандай киши қила олади. Муҳими, ҳохиш ва ишонч бўлса бас. 

Аллоҳ таоло барчамизни яхшилик қилувчи бандаларидан қилсин. Дунё ва охиратда яхши инсонлар билан жам қилсин!

 

Олмазор туманидаги    “Мевазор” масжиди имом ноиби:           

Ёрбек Исломов

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж вазирлиги 2020 йил 22 июнь душанба куни “Ҳаж – 2020” мавсуми юзасидан ўз баёнотини эълон қилди. Ушбу Баёнотда:

  • Ҳаж ибодатини соғлиқ жиҳатидан хавфсиз ва эҳтиёткорлик талабларига мувофиқ, ижтимоий масофага риоя қилиб, инсонлар саломатлигини сақлаш ва коронавирус пандемияси хатаридан ҳимоялаган ҳолда ўтказишга қарор қилдик.

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж вазирлиги кеча 22 июнь душанба куни 1441 йил ҳаж ибодатини Саудия Арабистони ичкарисида мавжуд бўлган турли миллат вакилларидан иборат жуда чекланган сонли гуруҳ учун ўтказилишини маълум қилди.

Шунингдек, вазирлик ўз баёнотида ҳаж ибодатини соғлиқ жиҳатидан хавфсиз ва эҳтиёткорлик талабларига мувофиқ, ижтимоий масофага риоя қилиб, инсонлар саломатлигини сақлаш ва коронавирус пандемияси хатаридан ҳимоялаган ҳолда, шариатнинг инсон жонини сақлаш мақсадини амалга оширган ҳолда ўтказишга қарор қилинганини маълум қилади.

Дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатида коронавирус пандемияси юз бераётгани, ярим миллиондан ортиқ инсон вафот этгани, 7 миллиондан зиёд одам ушбу касалликка чалингани, Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бу касалликка чалиниш хавфи давом этаётгани, бу хасталикка қарши вакцинанинг йўқлиги, касалга чалинганларни даволаш учун дори воситалари етарли бўлмаганини эътиборга олиб, соғлиқ хавфсизлигини сақлаш мақсадида шундай қарорга келинган.

Саудия Арабистони Ҳарами шариф ва Масжиди Набавий зиёратчиларини ҳаж ва умра ибодатларини эмин-эркин ва хавфсиз адо этишларига имкон туғдиришга бўлган доимий истагидан келиб чиққан ҳолда, коронавирус пандемияси бошланиб, дунёнинг бир қанча давлатларида тарқала бошлаганидан бери Аллоҳнинг меҳмонлари ва муқаддас диёрда яшаб турган умра зиёратчилари соғлиғини ҳимоя қилишга бўлган катта эътиборини намойиш қилиб келмоқда, деб қайд этилган.

«Ҳаж – 2020» мавсумига оид мазкур якуний қарор юзасидан Саудия Арабистони Уламолари Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Бутун жаҳон ислом уюшмаси, Форс кўрфази давлатлари (БАА, Бахрайн, Қувайт ва Уммон Султонлиги), Саудияга қўшни давлатлар (Миср, Судан, Яман, Ироқ ва Иордания) муносабат билдириб, унда зиёратчиларнинг саломатлигини эътиборга олинган ҳолда ҳаж бўйича энг тўғри хулоса қилинганини қўллаб-қувватланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top