www.muslimuz

www.muslimuz

Ислом никоҳ ва талоққа адолатли, инсофли ва пурҳикмат низомни муқаррар қилди. Ушбу низом бошқа динларда мавжуд ифрот, яъни ҳаддан зиёд бўш қўйишдан ва тафрит, яъни ҳаддан зиёд маҳкам тутишдан покдир. Ислом шариати талоқни бутунлай ҳаром қилиб ҳам қўймади ва унга ҳеч қандай сабабсиз, оммавий тарзда рухсат ҳам бермади. Балки талоққа ижозат бера туриб, шундай деб таъкидлаб қўйди: عَنْ ابْنِ عُمَرَ أن النَّبِيِّ قَالَ : «أَبْغَضُ الْحَلالِ إلَى اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ الطَّلاقُ» . رَوَاهُ أَبُو دَاوُد وَابْنُ مَاجَةْ. Ибн Умардан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла наздида ҳалол нарсаларнинг энг ғазаблиси талоқдир» (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти). Ҳадисдан кўзланган мақсад шуки, талоқ қўйишга ўйлаб, фикр қилиб, энг охирги, мажбурий ҳолатдагина қадам қўйиш керак. Чунки талоқ никоҳ воситасида юзага келадиган улуғ бир риштани узиш ҳисобланади. Шунинг учун никоҳ битимини бекор қилишни арзимаган гап деб билмаслик лозим. Зеро, никоҳ бошқа муомала ва битимлар каби шунчаки муомала ёки битимгина эмас, балки никоҳ шаръий ибодат ва набийларнинг суннатидир. Никоҳда бошқа битимларда топилмайдиган шартлар мавжуддир. Бундан ташқари, никоҳга хос баъзи қонунлар ҳам бор, жумладан, баъзи эркаклар баъзи аёлларни ўз никоҳларига олишлари мумкин эмас. Шу билан бирга, никоҳдан бошқа битимларни тузиш учун гувоҳ шарт эмас. Лекин никоҳ дуруст бўлиши учун албатта гувоҳ шарт ҳисобланади, яъни икки гувоҳ олдида ийжоб («Ўзимни сизга бағишладим») ва қабул («Сизни жуфти халолликка қабул қилдим») бўлмаса, никоҳ ҳисобланмайди. Шу боис ҳам никоҳдан кўпчиликнинг кўз ўнгида ўтиш суннат ҳисобланади. Никоҳ умр савдоси бўлиши билан бир қаторда, Аллоҳ таолонинг ажиб мўъжизасики, ийжоб ва қабул сўзларини айтиш билан эр-хотинлик ришталари пайдо бўлиб, икки хонадон бир-бири билан қариндошга айланади. Никоҳ ришталарини чиройли, пухта боғлаш учун битим аввалида бир неча кўрсатмалар берилган. Уни сақлаб қолиш учун бир неча босқичга эга бўлган тавсиялар берилиб, охирги босқичда талоққа рухсат берилган.

Иззатулло Турғунов

Шаҳрихон туман

«Сулаймонбек»

жоме масжиди имом-хатиби

Нуриддин домла Холиқназаров

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи Ислом динига эътиқод қилади. Юртимизда мўмин-мусулмонлар учун диний аҳкомларни адо этиш учун кенг имконият яратилган. Сўнгги йилларда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар нафақат юртимиз аҳолиси, балки бутун мусулмон дунёси томонидан эътироф этилмоқда.

Таассуфки, мўмин-мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларига катта эътибор берилаётган бир даврда уларнинг эътиқодларига тааллуқли масалаларда кенг жамоатчилик орасида салбий руҳдаги, кескин баҳс ва мунозараларга сабаб бўладиган фикр-мулоҳазаларни эълон қилиш ҳолатлари бизни ташвишга солмоқда.

“Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги “Сафар Каттабоев” номли профил эгаси томонидан Ўзбекистонда Қуръони каримнинг айрим оят ва сураларини тақиқлаш кераклиги юзасидан билдирган қарашлари оммавий муҳокамага сабаб бўлаётганидан хабарингиз бор.

Аслида, Ислом динининг муқаддас манбаи ҳисобланган Қуръони каримдаги оятлар жамиятда тинчлик ва барқарорликни асраб-авайлашга, одамлар орасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлашга, илм-маърифат тарқатишга, эзгу ва савобли ишларга чақиради. Аллоҳнинг каломини англаган киши борки, аждодларимиз буюк мутафаккир бўлиб камолга етишишида Қуръони карим асосий манба бўлганига амин бўлади.

Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг муқаддас китоби. Ундаги сура ва оятларни банда томонидан таъқиқланиши мантиқсизлик. Қуръони каримга нисбатан бундай фикр айтиш ортида дин душманларининг яширин нияти бор. Ғарб давлатларидаги шундай хатти-ҳаракатлар оқибатида, норозиликлар келиб чиқиб, талафотлар бўлгани барчага аён. Ислом тарихида эса шундай ишларнинг якуни қандай аянчли якун топгани кўпчиликка маълум.
Қуръони каримни таъқиқлаш даъвосини қиладиганлар тарих мобайнида ҳам ҳар замонда чиқиб турган. Бундай беҳуда ҳаракат янгилик эмас, ваҳий замонида ҳам бўлган, айни таклиф ваҳийни қабул қилиб турган Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам берилган ва ҳамиша муваффақиятсиз якун топган.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида миллатлараро адоват уйғотиш ва фуқаровий тотувликни бузишда, вазиятни беқарорлаштирувчи маълумотларни тарқатиш учун ҳам жавобгарлик белгиланганлигини сира унутмаслик керак.

Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний соҳа ходимлари томонидан Ислом дини аҳкомларини ўз манфаати йўлида талқин қилаётган, ёмон ниятли кучларнинг фитналаридан огоҳ этувчи тушунтириш ишларини мунтазам олиб бормоқда.

Шу ўринда айтиш керакки, Қуръони каримни Қиёматга қадар ўзгаришсиз сақлашни Аллоҳ таоло ўз зиммасига олган: «Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз сақлагувчимиз» (“Ҳижр” сураси, 9-оят). Бошқа ояти каримада "Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ" (Юнус, 64), дея таъкидланган. Демак, Аллоҳ таолонинг ўзи Қуръони каримни муҳофаза қилар экан, унга бандаси дахл қила олмаслигини англаб етиш керак.

Яна бир муҳим жиҳатни ёдда сақлаш зарур. Биз Интернет тармоқларидаги воқеа-ҳодисаларга фикр-мулоҳаза билдириш асносида эҳтиросларга берилмасдан, донишмандларча вазмин ва оғир-босиқ бўлишимиз лозим. Мўмин киши бундай вазиятда қалб ва ақл амри билан иш тутади. Ҳиссиёт ва фитнага солмоқчи бўлганларга имкон бермайди. Ҳадиси шарифда айтилганидек “Мўмин киши оқил, зийрак ва ҳушёр бўлади”.

Сўзимиз якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиз мўмин-мусулмонларини Ислом динининг мўътабар манбалари ва қадриятларига тааллуқли мавзуларда салбий баҳс-мунозаралар келтириб чиқарадиган фикрларни тарқатишдан сақланишга, бу каби турли фитна ва тушунмовчиликларга сабаб бўладиган ҳолатларга аралашмасликка чақиради. Зеро, бу каби ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилотлар қонунчилигимизда белгиланган талаблар асосида чора кўришга ваколатлидир.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

-Мен, салафийман!

-Ҳа, сен аввалги уч аср вакиллариданмисан? Ёшинг ҳам 1400 да а, шундайми?

-Йўқ, мен бошқа нарсани назарда тутяпман.

-Сен салафий деганда салафларни эмас, уларнинг тутган йўлларини айтмоқчимисан?

-Ҳа, шундай.

-Салафлар кечани икки ракат намоз билан ўтказарди ёки бир, уч, етти кечада Қуръони хатм қилардилар. Сенчи, сен қанча хатм қилдинг? Қанча рўза тутдинг (Рамазондан ташқари)? Қанча садақа қилдинг? Ва, ва, ва…?

-Йўғ-е, мен у даражада эмасман. Мен сен айтган нарсаларни назарда тутмадим.

-Бўлмаса, уларнинг манҳажига тақлид қилишни назарда тутдингми?

-Ҳа, мен айни шуни айтмоқчи эдим. Мақсадим шундай эди.

-Лекин улар бир қанча масалаларда ихтилоф қилишганку? (Бу сўзимга бир қанча мисоллар келтирдим). Шунда сен уларнинг қай бирига тақлид қиласан?

-Мен Китоб ва Суннатдан оламан.

-Барча мусулмонлар ҳам Китоб ва Суннатдан оладилар. Хўп, сен ўзингни улардан қандай ажратасан?

-Мен бидъат ҳисобланган мазҳабларнинг бирортасига тақлид қилмайман.

-Бўлмаса, фиқҳий ҳукмларни қаердан оласан? Ёки сен мужтаҳидмисан?

-Йўқ, мен салафлардан оламан.

-Қайси салафлардан оласан? Очиқла?

У ўзининг ҳозирги вақтдаги «шайхларини» номларини санаб кетди.

-Тўхта, улар салафлардан эмаску.

-Қандай улардан бўлмасин?

-Ундай бўлса, биз киммиз?

-…?

-Сен ва мана булар ҳижрий 14 асрда яшаётган кишилардансан. Салафлар эса учинчи аср эгаларидир.

-Сизлар қандай қилиб, салафга айланиб олдингиз? Табиийки, анавилар ҳам сен бидъат деб айтаётган мазҳабларнинг биридан илм олган, уларга тақлид қилади, улардан олади.

-Қандай? Бизни бошқа мусулмонларга ўхшаш деб ўйлаяпсанми?

-Ҳа. Чунки бирор киши Китоб ва Суннатни тўғридан-тўғри тушинишга қодир бўлмайди. Илло, ўша киши ўтган имомларни илмларини ўрганса, далил ва нассларнинг маъноларини тушунса ва улардан истинбот (ҳукм олиш) кайфиятини билса, ижмо, қиёс ва, ва, ва …ларни билса, кейин бўлади. Илм толиби ҳеч қачон ўтганларнинг илмидан беҳожат бўла олмайди.

-Лекин, мен салафийман!

-Сен салафий эмассан! Сен кимсан, биласанми?

-Кимман?

-Шофеъийлар кимлар?

-Улар фиқҳда имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъийга эргашганлар.

-Ашъарийлар кимлар?

-Ақоидда имом Абулҳасан Ашъарийга эргашганлар.

-Хўп, ундай бўлса, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Наждийга эргашлар нима дейилади?

-Агар юқоридаги гапга қарасак, уларни ваҳобий, дейилади.

-Ана, сен ваҳобийсан! (Салафий эмассан).

-Бу бешинчи ёки олтинчи мазҳабми?

-Улар ўша вақтда инглизлар ёрдамида Усмонийларга қарши чиққан, усмонийларни ва уларни кофир демаганларни куфрда айблаган, улар билан уришган, қон тўккан, вайрон қилган, ҳажни тўхтатган, ҳожиларни ўлдирган ва …лардир. Ҳижоз, Яман, Миср, Шом, Миср ва Тунислик ҳамаср олимлар улар ҳақида гапирган ва раддиялар берганлар.

-Бунга далилинг борми?

-“Ад дурар ас сания”, “Тариху ибн Ғоннам” ва “Тариху ибн Бишр” китобларини ўқи. Булар ваҳобийларнинг китобларидир. У ушбу китобларни ўқиди.

-Ажиб! Қандай қилиб, “Лаббайкаллоҳумма”ни айтиб турган ҳожини кофир дейди? Нима учун, кофир деган даъвода уларнинг молларини олиб, ўзларини ўлдиради? Ахир буларни террорчидан нима фарқи бор?

-Сен қандай қилиб, ўзинг тарихини, фикрларини, ишларини ўқимаган, билмаган кишиларга ўзингни мансубман, дейсан?

-Улар ўз фикрларини ҳамма жойда эълон қилгани, телвединия, радио ва оммавий ахборот воситаларида шайхлари машҳур бўлгани ва китоблари бепул тарқатилгани мени алдабди.

-Бўлмаса, умматнинг аксари ҳисобланувчи жамоага қайтиб, уларнинг бирига айланмайсан?

-Ахир, мен салафийманку!

-Яхши, суҳбатни бошидан бошлаймиз. Ёшинг 1400 дами?…

Уринбаев Равшанбек
Манба: islaminstitut.uz

Сўнги вақтларда ижтимоий тармоқ саҳифаларида динга оид мавзуларда турли чиқишлар кўпайиб бормоқда.

Аввало диний таълимот ўта нозик ва ҳассос бўлгани туфайли муайян дин номидан ва унинг моҳияти ҳақида фақатгина мутахассислар муносабат билдиришлари мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистон фуқароси (у ким бўлишидан қатъий назар) Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдир.

Юртимиз ҳудудида диний манбалар, қадриятлар, муқаддас туйғулар ҳурмат қилиниши шарт. Уларга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатиш, ёмон муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи Ислом динига эътиқод қилади. Юртимизда мўмин-мусулмонлар учун диний аҳкомларни адо этиш учун кенг имконият яратилган. Сўнги йилларда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар нафақат юртимиз аҳолиси, балки бутун мусулмон дунёси томонидан эътироф этилмоқда.

Таассуфки, мўмин-мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларига катта эътибор берилаётган бир даврда уларнинг эътиқодларига тааллуқли масалаларда кенг жамоатчилик орасида салбий руҳдаги, кескин баҳс ва мунозараларга сабаб бўладиган фикр-мулоҳазаларнинг ифода этилиши ташвишланарли ҳол.

“Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги “Сафар Каттабоев” номли профил эгаси томонидан Ўзбекистонда Қуръони каримнинг айрим оят ва сураларни тақиқлаш кераклиги юзасидан билдирган қарашлари оммавий муҳокамага сабаб бўлмоқда.

Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг муқаддас китоби. Ундаги сура ва оятларни инсонлар томонидан таъқиқлашга уриниш, Қуръони каримга нисбатан бундай фикр айтиш мантиқсизлик. Жамият мавжуд устувор ғояга қарши фикрлар ташлаш оқибатида, норозиликлар келиб чиқиши, ихтилофлар юзага келиши мумкинлиги воқеъликда маълумдир. Тарихда эса шундай ишларнинг якуни қандай аянчли якун топгани кўпчиликка маълум.

Бугунги Ўзбекистон бутун дунёга ўзининг ҳақли равишда бебаҳо тарихи ва маданиятини тақдим этар экан, албатта ислом таълимотига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган аллома аждодлари ва уларнинг асарлари билан фахрланади. Дунёни ўзига жалб этаётган ислом меъморчилиги ва санъати билан зиёрат туризмини кучайтирмоқда. Сўнги йилларда айнан ислом дини билан боғлиқ бўлган диний-маърифий муассасалар – Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Абул Муъин Насафий илмий маркази, Халқаро ислом академияси ташкил этилгани халқимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Буларнинг барчаси халқимиз тарихини тўғри англатиш ва эътиқодини тўғри шакллантиришга қаратилган.

Яна бир муҳим жиҳатни ёдда сақлаш зарур. Интернет тармоқларидаги воқеа-ҳодисаларга фикр-мулоҳаза билдириш асносида эҳтиросларга берилмасдан, донишмандларча вазмин ва оғир-босиқ бўлиш лозим. Соф эътиқодли, кенг дунёқарашли киши бундай вазиятда қалб ва ақл амри билан иш тутади. Ҳиссиёт ва фитнага солмоқчи бўлганларга имкон бериш ақлдан эмас. Шу ўринда, муқаддас Қуръони каримни ўзгаришсиз сақланиши ҳақидаги Ҳижр сурасидаги: «Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз сақлагувчимиз» оятини эслаган ҳолда, ҳадиси шарифда айтилганидек “Мўмин киши оқил, фаросатли, зийрак ва ҳушёр бўлади”.

Сўзимиз якунида “Сафар Каттабоев” номли профил эгаси ва Интернет фойдаланувчиларини Ислом динининг мўътабар манбалари ва қадриятларига тааллуқли мавзуларда салбий баҳс-мунозаралар келтириб чиқарадиган фикрларни тарқатишдан сақланишга қатъий чақирамиз.

Зеро, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, амалдаги қонун ҳужжатларида миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатиш ифодаланган хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланганлигини сира унутмаслик кераклиги тўғрисида огоҳлантириб ўтамиз.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top