www.muslimuz

www.muslimuz

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

أَيْنَمَا تَكُونُواْ يُدْرِككُّمُ الْمَوْتُ وَلَوْ كُنتُمْ فِي بُرُوجٍ مُّشَيَّدَةٍ

“Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топадир” (Нисо сураси, 78-оят).

Ҳа, ўлим келиши ҳақ бўлган нарсадир. Банда бу ҳақиқатни доим эсида сақлаб, бир кун келадиган ўлимга гўзал амаллар билан ҳозирлик кўриб юриши керак.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига ўлимни кўп эслаб туришимизни тавсия этганлар. Зеро, ўлимни кўп эслаш солиҳ амалларни кўпроқ қилишга сабаб бўлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларидан бирида: “Лаззатларни вайрон қилувчи ўлимни кўп эсланглар!” деб марҳамат қилганлар. Имом Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Нега баъзи кимсалар ўлим ҳақида гаплашишни ёқтиришмайди? Ўлим мавзусини очсангиз, «Ўлимдан гапирманг. Бошқа мавзуда гаплашайлик» дейишади. Чунки, улар дунёни обод қилишга қаттиқ берилиб, қабрни обод қилишни унутиб қўйишган. Шунинг учун обод уйдан хароба уйга боришни ёқтиришмайди. Агар дунёга эътибор берганчалик қабр ҳаётига ҳам эътибор қаратганларида, ўлим деган ҳақиқатга гўзал тайёргарлик кўрганларида, ўлимни ва у ҳақидаги суҳбатни ёмон кўришмаган бўларди.

Ўлимга тайёргарлик деганда кафанлик, атир, совун олиб қўйиш, қабр кавлатиб қўйиш, ғассолни гаплашиш кабиларни эмас, балки, солиҳ амалларни кўпроқ қилиб, маънавий таёргарликни тушунамиз. Чунки, моддий нарсаларни бошқалар олиб, барибир, бизни кафанлашади, дафн этишади.

Бизга қабримизда ас қотадиган нарса кафан эмас, балки, солиҳ амалларимиздир. Мана шу солиҳ амалларни қилиб, қабримизни обод қилишга уриниб, ўлимни доим ёдимизда тутсак, обод уйдан обод уйга кўчиб ўтишимизни англаймиз ва ўлим ҳақида гаплашишдан қочмайдиган, аксинча, ўлим ҳақида кўпроқ гаплашишни хоҳлайдиган ва шунга яраша чиройли амалларни қиладиган бўламиз.

Аллоҳ таоло барчамизнинг хотимамизни гўзал айлаб, иймон билан вафот этишимизни насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Биринчи воқеъа.
Бугун Қурбон ҳайитининг илк куни. Дойимо кеч туришни одат қилган ўғил ҳам бомдод вақтида уйғониб дадаси билан таҳорат олди.
- Ўғлим, эгнинггизга қалинроқ кийининг, бугун масжидда одам кўп бўлади, эҳтимол ҳовлида ўтирармиз.
- Кийяпман дадажон. Бугун менга совға олиб берасизми?
- Албатта, сизга ҳам, онанггизга ҳам!
Аёл, эрининг эгнига кастюмини ташлаб:
- Сиз ҳам қалинроқ кийининг. Масжидгача анча юрасизлар. Кўча салқин, ахир.
- Қўйсангчи онаси, масжидга кетаётган мошиналарнинг бирортаси олиб кетар. Ҳамма масжидга боради-ку. Қўй шуни киймай қўя қолай.
- Дадаси...
Ота ўғли билан йўлга тушди. Хотини рост айтган экан, ҳаво анча салқин бўлиб қолибди.
- Дада, ҳали анча юрамизми?
- Йўқ, унча кўп эмас.
Ўғил бугун илк бор масжидга бормоқда. 10 дақиқача йўл юришди. Ёнидан деярли мошиналар узилмасдан, ота-болага кўз ташлаб ўтиб борарди. Ҳозиирча ҳеч бири тўхтагани йўқ. Ҳали тўхтаб қолар деган фикр ўтди отанинг ҳаёлидан.
- Дадажон, оз қолдими? Яна сўради болакай.
- Ҳа болам. Совқотмаябсанми?
- Йўқ. Қалин кийинганманку .
Даданинг бироз кайфияти тушгандек бўлди. Ўзи юпин кийинганига афсусланди. Қанча қўл кўтармасин бирорта мошина тўхтамади.
- Дадажон чарчадим...
- Кел кўтариб оламан. Ўғлини кўтарганча ярим соатга яқин вақтда масжидга етиб келди. Афсуски, масжидга келаётган мошиналарнинг аксарияти бўш келган бўлсада ота-болани олиб келишни ҳаёлига ҳам келтиришмади.
Масжидда эса имом маруза қилмоқда: "Азиз биродарлар, мусулмонлар бир-бирига биродар, оға-инидир. Мусулмон ўзига раво кўрган яхшиликни биродарига раво кўрмагунича иймони комил бўлмайди..."

Иккинчи воқеъа

Қурбон ҳайитининг иккинчи куни. Иссиқжон, дўхтирга бордим. Навбатда мендан олдин икки киши бор экан. Бироздан сўнг бир, бир ярим ойлик чақалоқни кўтарган бир эркак кириб келди. Юзидан сокинлик ва самимийлик сезилиб туради. Паст ва ёқимли овозда "охирги ким" дея сўради. Мен. Аммо, сиз мендан олдин кира қолинг - дедим. Раҳмат айтди жилмайиб. Бироздан сўнг чақалоқ безовталаниб йиғлай бошлади. Ёнимизда ўтирган рус кампир ўзининг тилида онаси қани, боланинг қорни очди деди. Эркак эса онаси кела олмайди деб жавоб қилди. Боланинг йиғиси кучайди, еҳтимол бирор жойи оғриётгандир. Навбати келган 35-40 ёшлар атрофидаги аёлга юзландим - синглим шу чақалоқни биринчи қўйиб юборайлик. Аёл қовоғини солганча ЙЎҚ деб жавоб қилди ва ичкарига кириб кетди. Бола ҳамон йиғлашда давом этмоқда. Кекса аёлни аравачага солиб бир йигит келиб қолди ва биз навбатсиз кирамиз деди. Бола ҳамон йиғламоқда. Мен дўхтиирни олдига кирдиму:
- Дўхтир опа бизнинг ёшимиз катта, нима бўлса ҳам чидаймиз. Аммо, ташқарида бир эркак турубди, қўлида чақалоғи бор. Илтимос шуларни кўриб қўйинг, дедим. Ўтирганларнинг ҳаммаси менга ёмон қаради. Ичкаридаги аёл эса - мени навбатимку деди. Ортимдаги аравача суриб келган йигит ҳам менга бақира кетди - мени навбатимку нимага кириб кетяпсиз, чақалоқ бўлса менга нима, йиғласа йиғлайверсин деди. Ҳар тугул шифокор инсофли экан. - Чақалоқларни навбатсиз қабул қиламан деди. Ота-болани ичкарига таклиф қилди. Менинг эса асабларим тобора таранглашди. Ўтирганларга овозимнинг энг баланд тонида гапирдим - оқибатсиз виждонсиз, инсофсиз бўлиб кетдикми? Ахир бу чақалоқ-ку, отаси ёлғиз олиб келган. Наҳотки, мусулмонликни, иймонимизни нафсимизга бой берган бўлсак. Бу аканинг ўрнига ўзинггизни, чақалоқнинг ўрнига боланггизни қўйиб кўринг. Камига бугун ҳайит байрами бўлса. Хайф сенларга, эркагу аёлингга. Шу пайт бир чеккада ўтирган рус кампир ўзбек тилида бир амаллаб - "сизлар ямон сизлар, чакалок жуда кичкина, наҳотки сизлар мусилман" - деди. Йўлакчада чуқур сукунат чўмди.

Саидаброр Умаров

Бир куни лицейдаги устозимиз бизга шундай деди: “Эртага ҳаммангиз биттадан халта ва беш кило картошка олиб келинг”.

Эртасига барчанинг партаси устида картошка ва халталар турарди. Устоз: “Энди бугунгача ўзингиз кечирмаган ҳар бир одам учун биттадан картошка олинг ва унинг исмини картошканинг устига ёзиб, халтага солинг!”

Баъзи ўқувчилар 3-4 та картошка олган бўлса, баъзиларнинг халтаси тўлиб кетди. Устоз: “Бир ҳафта мобайнида қаерга борманг, халталарингизни ёнингиздан қўйманг. Ҳатто ётадиган ётоқда, юрган автобусингизда, мактабда ҳам олиб юринг”, деди.

Орадан бир ҳафта ўтгач, ўша устознинг дарсига кирдик. Устозимиз синфга кирар-кирмас, барчамиз ўзимизча шикоят қилишга тушиб кетдик: “Устоз, оғир халтани ҳамма жойда кўтариб юриш қийин экан…”, “Устоз, картошкалар айний бошлади, одамлар ғалати қарашяпти. Жонга тегди, чарчаб кетдик…”

Устоз меҳр билан жилмайди: “Кўрдингизми, бировни кечирмай аслида ўзимизни қийнаймиз. Руҳимизни оғир юк кўтариб юришга мажбур қиламиз. Кечиришни қаршимиздаги инсонга қилинадиган илтифот деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, кечиримли бўлиш, аввало, ўзимизга қилинадиган яхшиликдир”.

 

манба: irfon.uz

Ҳар бир мусулмон киши умрини ғанимат билиб, намозларини қолдирмай, ўз вақтида адо этиб бориши керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَاباً مَّوْقُوتاً

“Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир” (Нисо сураси, 103-оят).

Намозга эгилмай, масжидга кирмай юрган одам барибир бир кун намоз учун масжидга киради. Аммо унда ўзининг жанозасига, тобутда олиб кирилади. Мусулмон одам учун ўз жанозаси пайтидагина масжидга олиб кирилгунича намоз ўқимай, масжидга кирмай юришидан ортиқ мусибат йўқдир!

Қиёмат куни банда илк сўраладиган нарса – намоздир! Ҳа, қиёмат куни банданинг аввал намози ҳақида сўралади. Агар намоз ҳақидаги саволларга жавоби осон бўлса, қолган амалларга берадиган жавоби ҳам осон бўлади. Бордию намоз борасидаги саволларга жавоб беролмаса, унда бошқа саволларга ҳам жавоб беролмайди.

Бизни намоздан чалғитаётган, намозни қолдиришимизга сабаб бўлаётган иш қандай иш экан ўзи?! Шунчалик намоздан ҳам зарурми?! Агар биз учун намозимиз азиз ва қадрли бўлмаса, у ҳолда яна нима биз учун азиз ва қадрли?!

Нега намозга бепарволик қилиб, вақтида ўқимаймиз?! Ахир қўлдан кетган пулни яна топиш мумкин-ку! Аммо бой брилган вақт бошқа қайтиб келмайди, уни дунё тўла олтинга ҳам топиб бўлмайди!

Азизлар, намозларимизни вақтида ўқийлик!

Аллоҳ таоло бу борада бизга ёрдам берсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Айни кунларда ҳожиларимиз Жамарот майдонидаги шайтон рамзига тош отиш амалини адо этмоқдалар. Ҳажда тош отиш амали, шайтон Иброҳим алайҳиссаломга қутқу солганда уни қувганлари учундир. Бунда шайтонга қарши курашнинг рамзи бордир.
Тарихдан маълумки, Иброҳим алайҳиссаломнинг шайтонга тош отиб музаффар бўлган жойлари Мино банданинг ҳар қандай ҳолда Роббисига таслимият қилган бир макондир.
Шайтонга тош отиш, аввало ичдаги шайтонни тош бўрон қилиш ила бошланади. Ҳажнинг вожиб бир рукни бўлган шайтонга тош отиш, бир жиҳатдан уни лаънатлаш маъносидадир. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бунда шакл эътибори билан отилган тош, аслида гуноҳга отилгандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам шундай дедилар: “Шайтонга тош отиш ва Сафо билан Марва орасида сайъ қилмоқ, фақат Аллоҳнинг зикрини қоим қилмоқ учун амр қилингандир”.
Яна тош отишдан мақсад, шайтонни ёмон кўришдир. Тош отилар экан, шайтон қалбга васваса солганида “Аъузубиллаҳи минашшайтонир рожим” (тошбўрон қилинган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман) ифодаси билан бартараф этиш лозим.
Шу жиҳатдан мўминнинг зиммасига тушган шайтоннинг ҳар турли фасодларига қарши ўйғоқ бўлишга ҳаракат қилиш зарур. Ҳаж сафари асносида эса васвасаларга енгилмаслик, сабр қилиш ва имтиҳон эканини тушуниб, ҳаж ибодатини мукаммал адо этишдир.
Ҳожиларимизнинг амалларини Ҳақ таоло даргоҳида қабул айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top