www.muslimuz

www.muslimuz

АЗИЗ ва МЕҲРИБОН УСТОЗЛАР, ҚАДРЛИ ва ҚИММАТЛИ ҲАМКАСБЛАР, МУҲТАРАМ ва ҲУРМАТЛИ АКА-УКА, ОПА-СИНГИЛЛАР! 

 

Муборак ҳаж ойлари ва Қурбон ҳайити билан бирга сизларга соғлик, омонлик, беҳисоб хурсандчиликлар, қувончли, бахтли кунлар, улкан омадлар, дастурхонингизга тўкин-сочинлик, хонадонингизга файзу барака ато этсин! 

 

МУБОРАК ҲАЖ ойлари, МУБОРАК ДАҲА, МУБОРАК ҚУРБОН ҲАЙИТларининг файзу илоҳий, хайр-баракаларидан, инсоннинг ақли ожизлик қиладиган ХУДОИ ТАОЛОНИНГ барча беқиёс, улуғ неъматларидан халқимизни, юртимизни, ҳаммаларингизни хонадонларингизни баҳраманд қилсин! 

 

Ўтганларимизга ЎЗИНИНГ раҳматидан, қолганларимизга офиятидан, беморларимизга шифосидан, хожатмандларимизга ёрдамидан ато этиб, икки дунёда ҳам ишларимизни ўнгидан қилсин!

 

ИЛОҲО доимо юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин, танимиз соғ, ибодатларимиз қабул, дуоларимиз ижобат бўлсин! ИЛОҲО халқимиз фаровон, турмушимиз обод, хирмонимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, фарзандларимиз салоҳиятли, илмларимиз зиёда, диёнатимиз гўзал, маънавиятимиз юксак бўлишини насиб этсин!

 

Жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халкимизнинг фаровонлиги, масжидларимизнинг ободлиги учун Юртбошимиз бошчиликларида олиб бораётган барча хайрли, чиройли ишларингизда ПАРВАДИГОРИ ОЛАМ ҳамиша ЎЗИ мададкор булсин! 

 

Сизларга камоли эҳтиром ва чексиз ҳурмат ила

 

Иброҳим ИНОМОВ, 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари,

 

 Сиз ва Сиз орқали барча юртдошларимизни Ислом динининг энг улуғ байрами — Қурбон ҳайити муносабати билан муборак ҳаж ибодатини чин ихлос ва катта мамнунлик ила адо этаётган ҳожиларимиз номидан самимий муборакбод этамиз.

Аллоҳ таоло бутун халқимизга ушбу қутлуғ айёмни файзу баракотли қилсин, юртимиздаги тинчлик, осойишталик неъматини бардавом айлаб, халқимиз фаравонлигини янада зиёда этсин.

Биз, ўзбекистонлик ҳожилар бугунги саодатли кунлар учун шукроналар айтиб, Яратгандан юртимизга қут-барака, халқимизга бахт-саодат, эртанги умидимиз бўлган фарзандларимизга нурли келажак сўраб дуолар қилмоқдамиз.

Ҳар йили минглаб фуқароларимизнинг ҳаж ибодатини юксак савияда, барча қулай шарт-шароитлар яратилган ҳолатда адо этаётганлари, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда виждон эркинлигини кафолатлаш, миллий-диний қадриятларимизни қайта тиклаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг ёрқин ифодасидир.

Сизнинг саъй-ҳаракатингиз билан дунё илм-фани, маданияти, хусусан, муборак ислом таълимоти ривожига бемисл ҳисса қўшган азиз аллома-авлиёларимизга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатил-моқда, уларнинг бой илмий мероси ўрганилмоқда, қадамжолари халқимиз ардоғидаги табаррук манзилларга айлантирилмоқда.

Янгидан барпо этилган масжидлар, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро ислом академияси ва Ҳадис илми мактаби юртимизда миллий-диний қадриятларимизга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ифодасидир. Ушбу муаззам мажмуалар халқимизга илм-маърифат тарқатиш, ёшларимизни тўғри йўлга бошлашда йўлчи юлдуз вазифасини бажаришига ишонамиз. 

Мазкур маърифат кошоналарига қадам қўйган киши улуғ алломаларимиз, бой тарихимиздан ибрат олиши, руҳий-маънавий олами бойиб чиқиши шубҳасиз. 

Шу кунларда имон нури зиёдалашиб, қалби мусаффо бўлган етти мингдан ортиқ ҳожиларимиз Маккаи мукаррама, Арафот ва Мино водийсида Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб дуои хайрлар қилмоқдалар.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида Яратганнинг розилиги йўлида, риё ва гуноҳлардан холи бўлган, ҳусни хулқ ила адо этилган мабрур ҳажнинг мукофоти жаннат экани ва гуноҳлардан пок бўлиши баён қилинган.

Дарҳақиқат, ҳаж улуғ мукофотларга ноил қилиши билан бирга инсон ҳаётида яхшилик сари бурилиш ясайдиган ибодатдир. Шундай экан биз — ўзбекистонлик ҳожилар ишонтириб айтамизки, Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатиб, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ҳудудларни обод этиш ва эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзишдек савобли ишларда бор куч-ғайратимизни аямаймиз.

Муҳтарам Президент Жаноблари, биз ҳожилар Арафотда туриб, Сизнинг раҳнамолигингизда юртимиз ҳамиша омон, элимиз доимо тинч, турмушимиз янада фаровон бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан илтижо қилиб сўрамоқдамиз.

Аллоҳ таолодан Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат тилаймиз, халқимиз ва азиз диёримизни ҳамиша Ўз паноҳида асрашини сўраб дуолар қилиб қоламиз. Жонажон Ўзбекистонимизда бошланган улкан ислоҳотларнинг ёруғ юз билан амалга ошишида Аллоҳ таолодан тавфиқ ва мадад сўраб қоламиз.

 

Ўзбекистон ҳожилари

Макка шаҳри, Арафот водийси,

2019 йил 10 август

Тожикистон расмийлари Қурбон ҳайити байрамида аҳоли уйларида дастурхонлар тузалишини текшириш юзасидан огоҳлантирди. Ким аямасдан дастурхон ёзган бўлса, 5 минг сомоний (500 доллардан кўпроқ) жаримага тортилади.

ЎзА хабарига кўра, бугун Душанбедаги озиқ-овқат бозорларига яқинлашиб бўлмайди, расмийларнинг ҳайитда “камтар дастурхон” борасида рейдлар ўтказиш ҳақидаги огоҳлантиришига қарамай, маҳсулотлар нархи оддий кунлардагидан кўра қимматроқ.

“Меҳргон” бозорида муҳбирлар суҳбатлашган пойтахтлик Исломиддин Ражабов ҳар йили ҳайитларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қимматлашиб кетишига ўрганиб қолганини айтади.

“Ҳатто камтарин дастурхон учун Қурбон ҳайитида 300-400 сомоний сарфлашга тўғри келади. Тўкин дастурхон 1000 сомоний ва ундан каттароққа тушади. Ўйлайманки, сотувчиларни назорат қилиш керак – улар одамларнинг байрам арафасида ҳар қандай нархда маҳсулот сотиб олишидан фойдаланиб қолади”, – дейди Исломиддин.

Айни пайтда, дин, миллий қадриятлар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш қўмитаси матбуот котиби Афшин Муқимнинг хабар беришича, Қурбон ҳайити байрами куни қўмита ходимлари мамлакатнинг айрим ҳудудларида рейдлар ўтказиб, аҳоли уйларида дастурхон ёзилишини текширади. Камтарона дастурхон ёзиш ҳақидаги огоҳлантиришни рад этадиганларга жарима солинади.

Қўмита вакиллари оддий байрамона дастурхон ёзишни, экзотик мевалар ўрнига маҳаллийларини қўйиш, дастурхонни уй бекалари пиширган ширинликлар билан безашни тавсия этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Oʻztemiryoʻlyoʻlovchi” АЖ маъмурияти Қурбон ҳайити байрами кунларида кўпроқ йўловчиларга хизмат кўрсатиш мақсадида Тошкент-Урганч-Тошкент йўналишида 556/555 сонли қўшимча поездлар қатновининг йўлга қўйилганлигини маълум қилади. ЎзА билдиришича, бу ҳақда “Oʻztemiryoʻlyoʻlovchi” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент-Урганч йўналишида ҳаракатланадиган 556 – сонли қўшимча поезд 2019 йил 9, 11, 13 август кунлари Тошкент жанубий вокзалидан кундузи соат 14:22да, Урганч-Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган 555-сонли қўшимча поезд эса 2019 йил 10, 12, 14 август кунлари Урганч вокзалидан эрталаб соат 10:10да жўнайди.

Шунингдек, 9 августдан бошлаб Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналишида қўшимча 764/763 сонли “AFROSIYOB” юқори тезликда ҳаракатланувчи поездининг қатновлари ҳам йўлга қўйилади.

Қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳрида 1005 рақамига қўнғироқ ёки жойлардаги темир йўл вокзалларидаги маълумотхоналарга мурожаат қилиш орқали билиб олишингиз мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top