www.muslimuz

www.muslimuz

Июль ойи ўрталарида Германиянинг кўп миллионли томошабинларга эга бўлган биринчи телеканалида “ прайм-тайм” вақтида Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Фильм жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси ташаббуси билан мазкур давлат телеканали тасвирга олиш гуруҳининг юртимизга ташрифи давомида тайёрланган.

Ижодий асар муаллифлари кўплаб немис томошабинларига мамлакатимизнинг бой ресурслари ва иқтисодий салоҳияти, халқимизнинг маданияти ва анъаналари, сайёҳлик учун диққатга сазовор жойлари, шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни ҳақида батафсил маълумот берди.

Фильм сюжетидан Марғилондаги “Yodgorlik” ипакчилик фабрикаси фаолияти мисолида республикада хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол ва тенг ҳуқуқли иштироки учун яратилаётган шароитлар ҳақида ҳикоя қилувчи репортажлар ҳам ўрин олган.

Маълумот учун: “Das Erste” (“Биринчи“) – энг йирик немис телеканалларидан бири бўлиб, “Deutsche Welle” дан ташқари ARD таркибига кирувчи минтақавий телерадиокомпанияларнинг қўшма маҳсулидир. Канал 1952 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

jeudi, 25 juillet 2019 00:00

У қоқилмас уловдир

Инсон комиллиги унинг фазилатларига боғлиқдир. Фазилатлари ортган сари камолотга эришиб боради. Инсон камолига боис фазилатлардан бири сабрдир. Сабр нафснинг буйруқларига эргашишдан тийилишдир, динимиз амрларини нафс майлларидан устун қўйишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сабр ҳақида бундай деганлар: “Бош тана учун қанчалик керак бўлса, сабр ҳам иймон учун шунчалик кераклидир”.

Иймон тақозо қилган иффат, ўзини босиш, шижоат, ҳилм, бағрикенглик, қаноат каби яхши хулқлар сабрда мужассамдир. Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида жуда кўп ўринларда сабрга чақиради ва сабр қилганларга юксак мукофотлар борлигини баён қилади. Жумладан: Аммо сабр қилганлар ва яхши амаллар қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор”, дейди (Ҳуд сураси 11-оят).

Сабр доим керак. Яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар-камчилик пайтида ҳам, фойда – борчилик пайтида ҳам. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилик, тўқчиликка ҳамма ҳам сабр қила олмайди. Аслида эса, банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганида эса шукр ва яхшилик билан сабр қилиши керак. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган хадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, Аллоҳ мўмин банда учун нимани қазо қилса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, унга яхши бўлади. Бу фақат мўминларгагина бўлади”, деганлар.

Аллоҳ таоло яна: “Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир”, дейди (Бақара сураси, 153-оят).

Банда Аллоҳга тоатда ҳам, гуноҳдан сақланиш, йўлдаги тўсиқларни ва ҳаётдаги қийинчиликларни енгиб ўтиши учун ҳам, заифлик келиб қолганда ҳам, ҳавои нафсни жиловлаши учун ҳам сабрли бўлиши керак. Уламоларимиз сабрни учга бўлганлар:

Биринчиси: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ва гуноҳлардан сақланишга сабр.

Иккинчиси: тоат ва қурбат ҳосил қилиш учун сабр.

Учинчиси: етадиган мусибат ва қийинчиликларга сабр.

Инсонга заррача озор етса, билингки, буларнинг ҳаммаси бошга келган мусибат ҳисобланади. Инсоннинг бошига тушадиган мусибат ва мушкулотлар эса Аллоҳ томонидан синов тариқасида, бандасининг иймонини имтиҳондан ўтказиш учун юборилади. Масалан, уйда чироқнинг ўчиб қолиши ёки табиий газнинг маълум вақтгача келмаслиги ҳам мусибат. Бундай пайтларда шошма-шошарлик  билан  оҳ-вой қилишни ўрнига, сабр-қаноат ва чидам билан туришлиги керак бўлади. Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): “Сабр қоқилмас уловдир, қаноат қайрилмас қиличдир”, деганлар.

Ҳадиси шарифда “Сабр ёруғликдир” дейилади. Зеро, сабр нур каби қийинчилик зулматини кетказади ва ҳақиқатни намоён қилади. Яна бошқа ҳадиси шарифда  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган”, дедилар. Сабр ҳақида ҳикматли сўзлар жуда кўп. Улардан бирида бундай дейилади: “Ким боқийликни истаса, мусибатларга сабрли қалб ҳозирласин”. Чунки Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради. Бунинг учун киши иродали бўлмоғи, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам неьмат деб билиб, Парвардигорнинг хукмларига сабр билан собит туришлиги мақсадга мувофиқдир. Сабр ва чидам йўлини тутган одам гуноҳ қилишдан қўрқади, ёмон ишлардан юз ўгиради, саботли бўлади, ғафлатда қолмайди, ризқ бўлмиш ноз-неъматлар қадрини билади, яхшилик қилиш, ёмонликдан узоқ бўлиш ҳаракатига тушиб, тавба қилиш бахтига эришади. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳамма ишларимизда сабр ва қаноатли бўлишлигимизни насиб айласин!

Абдуҳалим ТЎХЛИЕВ,
Ёзёвон тумани бош имом-хатиби

Саудия Арабистонига 101 ёшли Атар Биби Ҳаж зиёратини адо этиш учун етиб келгани маълум қилинди. Бу ҳақда Saudi Gazette нашри хабар берди. Ушбу улуғ ёшли зиёратчи Мадина аэропортида Саудия Арабистонининг Ҳаж вазирлиги вакиллари томонидан кутиб олинган. Атар Бибига унинг 60 ёшли ўғли ва қизи ҳамроҳлик қилаётгани айтилган. Атаар Биби Ҳаж-2019 мавсумининг энг ёши улуғ зиёратчиси экани қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркияда ном қозонган блогер Юсуф Оқтош ўзининг янги клипидан олинган барча даромадни хоспис ва хайрия жамғармаларига топширади.

Юсуф Оқтош ( Reynmen сифатида машҳур бўлган) Туркиядаги энг ном қозонган блогерлардан бири ҳисобланади. Унинг биринчи хити «Derdim Olsun» («Бу менинг муаммоим бўла қолсин») ни ярим йил ичида 228 миллион марта кўришган, деб ёзмоқда Yeni Şafak.
ansar.ru маълумотларига кўра, «Ela» («Оч кулранг» – гап кўз ранги ҳақида бормоқда) қўшиғи Юсуфнинг иккинчи композицияси бўлди. Бор-йўғи ўн кун ичида видеороликни деярли 60 миллион марта кўришган ва икки миллиондан ортиқ лайк йиғган. Айни дамда клипдан тушган даромад 20 минг долларни ташкил этди.

«Ela» клипидан топилган маблағларни мен хоспислар ва хайрия жамғармаларига бераман», - таъкидлайди Оқтош.
YouTube каналидаги Юсуфнинг видеоси икки йил ичида жами 500 миллион марта томоша қилинган. Шунингдек унинг Instagram ижтимоий тармоғида 6 миллионга яқин обуначиси бор.

Таъкидлаш лозимки, шу йилнинг баҳорида Оқтош Саудия Арабистонида Умра амалларини бажариб келди. Юсуф фаол равишда хайрия ишлари билан шуғулланмоқда ва ўз аудиториясига намуна бўлмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Нурсултон шаҳридаги “Ҳазрат Султон” масжиди имоми Мақсатбек Қаирғалиев навбатдаги ҳаж мавсумига бағишланган матбуот анжуманида нима учун қарз-ҳавола қилиб ҳаж амалини бажариб бўлмаслигини изоҳлаб берди.

“Ислом динининг шартларидан бири бўлмиш ҳаж амалини бажариш учун бировдан қарз ёки кредит олиб бўлмайди. Негаки, ҳаж сафари харажатларига ва сафарга бориб келгунича фарзандларини харажатларига етадиган маблағга эга бўлган кишигагина ҳаж фарз бўлади. Яъни, шу харажатларни қоплашга имконияти бор кишигина ҳаж амалини бажариши мумкин”, - деди имом.

Унинг фикрига кўра, бунга у ҳам моддий, ҳам руҳий, ҳам соғлиқ жиҳатдан тайёр бўлиши керак.

“Ҳозир шундай имкониятга эга эмас экан, у кейинги йилгача пул тўплаши ва ҳаж амалини бажарса бўлади. Ташқаридан маблағ жалб қилиш, кимдандир қарз олишга эҳтиёж йўқ”, деди Мақсатбек Қаирғалиев.
Айтилишича, шу йилнинг 31 июлидан 20 августга қадар Қозоғистондан ажратилган квота бўйича 3200 нафар инсон ҳаж амалини бажаради. Бўлажак ҳожиларга қозоғистонлик «Scat» ва саудиялик «FlyNas» авиакомпаниялари хизмат кўрсатишади. Биринчи рейс Оқтов ва Чимкент шаҳарларидан бўлиши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top